Кутубхона

Ислом тарихи: ЎТРОҚ АРАБЛАРНИНГ ПОДШОҲЛИКЛАРИ

БОҚИЯ АРАБЛАР

Боқия араблар ҳозирги кунгача қолган араб қавмлар бўлиб, улар ҳам сулола жиҳатидан икки қисмга бўлинади:

  • қаҳтоний араблар;
  • адноний араблар.

Қаҳтоний арабларнинг асл ватанлари Арабистон яриморолининг жанубидаги Яман ўлкасидир. Улар Сабаъ ибн Яшжуб ибн Яъруб ибн Қаҳтондан тарқалган ва ўндан ортиқ қабилаларга бўлиниб, улардан иккитаси – Ҳимяр ибн Сабаъ (ҳимярийлар) билан Каҳлон ибн Сабаъ (каҳлонийлар) машҳур бўлишган. Шунинг учун улар “сабаъийлар” ҳам дейилади.

Адноний арабларнинг асл ватанлари Маккаи мукаррамадир. Аднон Исмоил алайҳиссаломнинг авлодлари бўлиб, адноний араблар ўз насаблари тарихини Аднонгача аниқ ёдда сақлаганлар. Аднон Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг йигирма биринчи боболари ҳисобланади.

 

АРАБЛАРНИНГ ИСЛОМДАН ОЛДИНГИ СИЁСИЙ ТАРИХИ

Аввал айтиб ўтганимиздек, араблар саҳро араблари ва ўтроқ араблардан иборат эди. Саҳролик арабларнинг сиёсий фикрлари ўтроқ арабларнинг сиёсий фикрларидан фарқ қиларди. Саҳроликлар кичик-кичик қабила ва уруғлардан иборат бўлиб, саҳронинг турли жойларида тарқоқ ҳолда яшашган. Қабилани бирлаштирадиган уларнинг қон бирлиги ва қариндошлик бирлиги ҳисобланган. Бирлик асосидаги давлатлар пайдо қилиш учун қабила-қабила бўлиб яшаган, табиатида ўзгаларга бўйсунмаслик, бир ерга жамланмаслик, тарқоқлик бор одамларни бирлаштириш осон бўлмаган.

 

ЎТРОҚ АРАБЛАРНИНГ ПОДШОҲЛИКЛАРИ

Ўтроқ араблар асосан уч минтақада – Яманда, Шимолда ва Ҳижозда истиқомат қилишган.

 

ЯМАН ПОДШОҲЛИКЛАРИ

Маъин подшоҳлиги (мил. авв. 1300-650 йиллар)

Бу давлат кенгайиб, сиёсий нуфузи Ҳижознинг шимолигача етиб борган. Пойтахти Сирвоҳ шаҳри бўлган. Бу давр мобайнида тахминан 22-26 нафар подшоҳлар ҳукмдорлик қилган дейилади. Маъин давлатининг шуҳрат қозонишига икки муҳим сабаб бор. Улардан бири Сабаъ маликаси Билқиc ва унинг Сулаймон алайҳиссалом билан бўлиб ўтган қиссасидир. Бу қисса Намл сурасида келган бўлиб, у билан юқорида, Сулаймон алайҳиссалом тарихи ўрганилган саҳифаларда танишдик. Иккинчи сабаб эса Маъриб шаҳридаги буюк тўғон бўлган. Яман давлатида сув чиқариб, ерларни суғориш ишлари мазкур тўғон ёрдамида амалга оширилган ва шу орқали кишиларнинг фаровон ҳаёти таъминланган.

Аллоҳ таоло бу ҳақда Сабаъ сурасида хабар берган:

«Батаҳқиқ, сабаъликлар учун ўз масканларида ояг белги – ўнг ва чапдан икки бог бор эди. «Роббингизниш ризқидан енг ва Унга шукр қилинг! Нақадар гўзал юрт ва мағфиратли Роббингиз бор», (дедик)» (15-оят).

Яманда яшаб ўтган бу қавм «Сабаъ халқи», «сабаъийлар» деб номланишган. Улар жуда ҳам ҳосилдор ерга эга бўлишган. Ўзлари ниҳоятда тараққий этган одамлар бўлиб, тўғонлар қуриб, сув йигиб, ўз фойдаларига ишлатиш йўлларини яхши билишган. Уларнинг қолдиқлари ҳозирда ҳам бор. Оятда мана шу қавм ҳақида хабар берилмоқца.

«Батаҳқиқ, сабаъликлар учун ўз масканларида оят-белги – ўнг ва чапдан икки боғ бор эди».

Яъни сабаъийларнинг юртларида Аллоҳнинг қудратига, ризқ ва неъмат берувчи Зот эканига далолат қиладиган оят-белги бор эди. Яъни

«...ўнг ва чапдан икки бог бор эди».

Бу боғларда уларга етарли неъматлар мавжуд эди. Биз уларга:

«Роббингизнинг ризқидан енг ва Унга шукр қилинг!» (дедик)».

«Ўша боғлардаги Роббингиз берган ризқдан енг ва Роббингизга шукр қилинг», дедик.

Уларга шу иш вожиб эди.

«Нақадар гўзал юрт ва мағфиратли Роббингиз бор» (дедик)».

Дарҳақиқат, уларнинг юрти ям-яшил боғлари кўп, кўр­ган кишининг ҳаваси келадиган даражада гўзал бир маскан эди. Робблари эса тавба қилиб, иймон келтириб, солиҳ ималлар қилган ҳар бир бандага мағфиратли Зотдир.

 

Сабаъ подшоҳлиги (мил. авв. 650-115 йиллар)

Сабаъ подшоҳлиги Маъин подшоҳлигининг устига тикланган бўлиб, унга Ҳазрамавт ҳам қўшилган. Бу давлатнинг пойтахти Маъриб шаҳри бўлган.

 

Ҳимяр подшоҳлиги (мил. авв. 115 йилдан милодий 340 йилгача)

Бy давлат Сабаъ подшоҳлигининг нуфузи сусайганидан кейин қурилган. Зуфор шаҳрини ўзига пойтахт қилиб олган. Сабаъ ва Ҳимяр давлатлари ўзларидан кейин бир қанча осори-атиқаларни қолдирган бўлиб, бу осори-атиқалар ўз даврида уларнинг улуғвор давлат ўлароқ ҳукм сурганидан, гуллаб-яшнаганидан, юксак тараққиётга эришганидан дарак бериб туради. Ушбу давлат ўз даврининг охирига келиб заифлашди. Бу ҳолат эса ўз навбатида Яманнинг дастлаб румликлар, сўнг ҳабашлар, кейин форсликлар томонидан мустамлакага айлантирилишига олиб келди.

 

Яманнинг румликлар томонидан эгаллаб олиниши

Румликлар Яманнинг жанубий қирғоғидаги Адан шаҳрига оёқ босишди. Ҳамдон ва Ҳимяр қабилалари ўртасидаги низодан фойдаланиб, милодий 340 йили ҳабашлар румликлар ёрдамида Яманни биринчи марта босиб олишди ва милодий 378 йилгача мамлакатни эгаллаб туришди. Сўнг Яман озодликка эришди.

 

Арим сели

Милодий V аср ўртасида Қуръони Каримда «Арим сели» деб айтилган улкан тошқин юз берди. Катта харсангтошларни оқизиб келган кучли сел улар қурган «Садди Маъриб» номли машҳур тўғонни бузиб кетди ва кўплаб аҳоли шимол томонга кўчишга мажбур бўлди.

Сабаъийлар Робблари айтган амрларни қабул этмадилар:

«Улар юз ўгирдилар. Устларига «арим» селини юбордик ва икки боғларини аччиқ мевали, юлғунзор ва бирозгина сидрли икки «боғ»га айлантирдик» (Сабаъ сураси, 16-оят).

Оятдаги «Улар юз ўгирдилар» жумласидан сабаъийларнинг Аллоҳ таолонинг амрига юрмай, У Зотнинг неъматларига шукр этмай, такаббурлик қилганлари тушунилади. Улар Аллоҳга шукр қилишдан юз ўгиришди. У Зот берган неъматларга ношукрлик қилишди.

«Устларига «арим» селини юбордик...»

«Арим» сўзи «катта тошларни оқизиб келадиган кучли сел» деган маънони билдиради. Бу оятда маънони тўлароқ англатиш учун бир хил маънодаги икки сўз бирикма ҳолида «Арим сели» шаклида ишлатилмокда. Бу сел улар қур­ган машҳур тўғонни бузиб юборди. Натижада асов оқим йўлида учраган ҳамма нарсани ювиб кетди.

«...ва икки боғларини аччиқ мевали, юлғунзор ва би­розгина сидрли икки «боғ»га айлантирдик».

Сабаъийларнинг ўнг ва сўл тарафидаги икки гўзал, турли-туман меваларга кон сўлим боғларини бебарака, аччиқ мева­ли икки боққа айлантирдик. Унда бирозгина сидр ҳам ўсади. Сидр бутасимон дарахт бўлиб, Арабистонда ўсади. Бир оз меваси ҳам бўлади. Аслида юлғунзор, бутазор ва сидрзорлар боғ дейилмайди. Лекин бу ерда киноя билан «боғ» деб аталмоқда. Сабаъийларнинг ношукрликлари сабаб мевали боғ­ларини сел олиб кетиб, кунлари бутазорга қолди. Ширин-шакар мевалар ўрнини аччиқ-тахир нарсалар олди. У ердаги энг яхши нарса бирозгина сидр бўлиб қолди.

«Уларни ношукрлик қилганлари учун ана шундай жазоладик. Биз фақат ўта ношукрларгагина жазо берурмиз» (17-оят).

«Сабаъийлар неъматларимизга ношукр бўлганлари учун Биз уларни мазкур офат билан «сийладик». Одатда Биз фақат ўта ношукрларгагина шундай жазо берамиз».

Улар гўзал масканда, нозу неъмат ичида, чиройли ва серҳосил боғларда роҳат-фароғатда ҳаёт кечиришаётган эди. Ўша гўзал ҳол бардавом бўлиши учун Аллоҳга шукр этишлари шарт эди. Аммо улар шу ишни қилишмади. Оқибатда гўзал юртлари хароб бўлди. Нозу неъматлар кетиб, ўрнига очлик, муҳтожлик келди. Чиройли ва серҳосил боғлар ўрнида эса кўримсиз, мевасиз бутазорлар пайдо бўлди.

 

Яманнинг ҳабашлар томонидан эгаллаб олиниши

Ҳимяр шаҳрининг подшоҳи Зу Нувос яҳудийликни қа­бул қилди ва милодий 523 йили Нажрон насронийларини яҳудийликни қабул қилиш, ёки ўлим – иккисидан бирини танлашга буюрди. Улар урушни афзал кўришди. Шунда Зу Нувос чуқур хандақлар қазитиб, уларни ана шу хандаклардаги ёниб турган оловга ташлатди.

Насронийларнинг баъзилари Ҳабашистон томонга қочиб кетиб, у ернинг насроний динидаги нажошийси – подшоҳидан ёрдам сўрашди. У эса насронийларнинг бош ҳомийси бўлган Рум подшоҳидан ёрдам сўради. Бунга жавобан Рум подшоҳи кемалар ва қурол-аслаҳа жўнатди. Шун­дай қилиб милодий 525 йили Ҳабашистон подшоҳи Яманни бўйсундирди. У ердаги аскарларга бошлиқ қилиб Арёт деган қўмондонни юборди. Милодий 549 йили Абраҳа исмли одам чиқиб, мазкур қўмондонга қарши бош кўтарди. У қўмондонни ўлдириб, Яманга ҳукмдор бўлиб олди.

Милодий 571 йилнинг бошида Абраҳа Маккага Каъбани вайрон қилиш учун қўшин тортиб келди. У ердан чалажон ҳолида Яманга қайтганидан кейин ўлди ва икки ўғли бирин-кетин ҳукмдор бўлди.

 

Яманнинг форслар томонидан эгаллаб олиниши

Сўнгра Ҳимяр подшохдаридан бирининг ўғли Сайф ибн Зу Язан Форс мамлакатига қочиб бориб, улардан ҳабашийларни ўз юртидан чиқаришда ёрдам сўради. Форсликлар унинг бу илтимосига ижобий жавоб беришди. Улар Яманга лашкар тортиб келиб, милодий 575 йилда румликлар устидан ғалаба қозонишди. Сўнг Форс подшоҳи Кисро Сайфга тож кийдириб, уни Яманга подшоҳ қилди. Сайф ўлдирилганидан кейин Кисро у ерга Ваҳриз деган одамни ҳоким қилиб юборди. Ваҳриз Форснинг одами сифатида Кисрога бўйсунган ҳолда Яманга волийлик қиладиган бўлди. Ваҳризнинг вафотидан кейин унинг фарзандлари ва набиралари Яманга ҳокимлик қилишди.

Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам пайғамбар этиб юборилган пайтда Яманга Ваҳризнинг зурриётидан бўлган, форслик Бозон ибн Сосон деган одам ҳокимлик қилар эди. Мазкур Бозон ҳижрий 7 (милодий 628) йилда Исломга кирди. Бозоннинг Исломга кириши билан форсларнинг Яманга ҳукмронлик қилиши ҳам ўз якунига етди.

 

АРАБИСТОН ЯРИМОРОЛИ ШИМОЛИДАГИ ДАВЛАТЛАР

Анбот (наботийлар) давлати

Бу давлат милоддан 400 йилча аввал қурилган ва мило­дий 106 йилда инқирозга юз тутган. Анботлар саҳровий қабилалар бўлиб, Шом ўлкасининг жанубий қисмида қарор топишган эди. Уларнинг давлати шимолда Ғазодан бошлаб, жанубда Ақабагача чўзилган эди. Батро шаҳри унинг пойтахти бўлган. Мазкур давлат шимол ва жануб ўртасидаги тижорат йўлининг энг муҳим нуқтасида жойлашган бўлиб, келаётган ва кетаётган тижорат карвонларидан мазкур дав­лат томонидан бож олинар эди.

Милодий I асрда Анбот давлати ўз тараққиётининг энг юқори чўққисига чиқди. Мазкур давлатнинг нуфузи Дамашққача, жануб томондан эса Солиҳ алайҳиссаломнинг Мадоин шаҳригача етиб борган эди. Улар бунёд этган меъморчилик обидаларининг осори-атиқалари ҳозиргача сақланиб қолган. Анбот давлатининг энг машҳур подшоҳлари Ҳориса III ва Убода II бўлган. Милоднинг 106 йили бу давлатни румликлар босиб олиб, унга ҳукмронлик қила бошлашган.

 

Тадмур (Палмира) давлати

Бу давлат қадимдан маълум ва машҳур ҳисобланади. Тадмур давлати милодий II-III асрларда ўз равнақининг энг юқори чўққисига эришди. У Форс ва Рум империяларининг ўртасидаги тижорат йўлида, стратегик муҳим ўринда жойлашган эди. Мазкур давлат румликлар билан яхши алоқалар ўрнатган бўлиб, шу сабабли форсларга қарши вайронгарчилик урушларида румликлар тарафида қатнашган ва форслар устидан жуда кўплаб ғалабалар қозонган эди. Бу воқеалар уларнинг Узайна деган подшоҳи даврига тўғри келади. Бу подшоҳ Суриянинг барча томонларида ўз нуфузига эга бўлган эди. У милодий 267 йилда вафот этгач, ҳукмронликни хотини Зинубия исмли аёл олди. Бу аёл бошчилигидаги давлат румликларга қарши жуда кўп шиддатли курашлар олиб борди ва ниҳоят енгилди. Аёл бошчилик қилган давлат вайронага айлантирилди. Анботлар ва тадмурийлар бутларга ва табиат кучларига сиғинувчи халқлар бўлган.

 

Ҳийра мамлакати

Бу давлат муҳожир қаҳтоний ва адноний араблардан иборат бўлиб, унга Арабистон яриморолининг шимолида, Ироқнинг жанубида асос солинган ва Форсга тобе бўлган. Форс­ликлар уларни ҳимоя килишар эди. Мазкур Ҳийра давлати­нинг энг машҳур подшоҳларидан бири – Амр ибн Адий Лахмий (мил. 268-288 йй.), иккинчиси – Мунзир ибн Моуссамо (мил. 512-554 йй.), учинчиси – Нуъмон ибн Мунзир (мил. 583-605 йй.) эди. Нуъмондан кейин Форс подшоҳи Ҳийрага Иёс ибн Қабиса Тоийни подшоҳ қилди ва унга шерик қилиб бир форс одамни ҳам бошқарувга қўйди.

Ҳижрий 12 йил (милодий 633) йили Холид ибн Валид бошчилигидаги мусулмонлар Ҳийрага келиб, у ерни фатҳ қилдилар. Ҳийраликлар жизя беришга рози бўлиб, мусул­монлар билан сулҳ тузишди. Кейинроқ мамлакат аҳолиси Исломга кирди.

 

Ғассон мамлакати

Бу мамлакат аҳолиси ҳам ҳижрат қилиб келган яманлик араблардан иборат эди. Улар милодий V аср ўртасида Маъриб тўғони қулаганидан кейин келиб, Шом чўлларига жойлашишди. У ерда Румга тобе бўлиб яшашди, Румни арабларнинг ҳужумларидан ҳимоя қиладиган бўлишди, Уларнинг ҳукми дастлаб қабилачилик асосида бўлган эди. Ғассоннинг машҳур подшоҳларидан бири Зиёд ибн Ҳабула эди. Сўнг Ғассонга Бану Жафна қабиласи ҳокимлик қилди ва Дамашқ шаҳрини ўзларига пойтахт қилиб олишди. Улар­нинг энг машҳур подшоҳларидан бири Ҳорис ибн Жабала, яна бирлари Мунзир ибн Ҳорис ва Жабала ибн Айҳам бўлган. Жабала ибн Айҳам ғассонийларнинг охирги подшоҳи бўлди. Унинг даврида мусулмонлар Шом юртларига кирдилар. Айтишларича, Жабала аввал Исломни қабул қилган, кейин диндан чиқиб муртад бўлган ва Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳунинг даврларида Румга қочиб кетган.

 

Мунзирийлар ва ғассонийларнинг тамаддундаги аҳамияти

Ушбу икки давлат Форс ва Рум тамаддунининг турли-туман таъсирларининг Арабистон яриморолида ҳам тарқалишида жуда катта рол ўйнади, чунки улар мазкур тамаддуннинг ёйилишида кўприк вазифасини бажарар, воситачилик қилишарди. Мазкур тамаддунларнинг энг муҳимлари динлap ва оммавий маърифатнинг турлари, ҳарбий билимлар ва бошқа керакли нарсалар мажмуасидан иборат эди.

 

ҲИЖОЗ

Ҳижоз Ислом даъватининг ватанидир. Айни шу диёрда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам туғилиб, вояга етдилар. Ҳижоз ваҳийнинг ватани, нурнинг таралиш жойидир. Ҳижоздан ислоҳ садоси, Ислом даъвати отилиб чиққан. Батаҳқиқ, Ислом Ҳижозни араб майдонидан дунё майдонига олиб чиқди.

 

МАККАНИНГ ПАЙДО БЎЛИШИ.

ИСМОИЛ АЛАЙҲИССАЛОМ ҚИССАСИ

Исмоил алайҳиссаломнинг қиссалари, у зотнинг ҳаётлари ҳақида юқоридаги саҳифаларда «Исмоил алайҳиссалом» сарлавҳаси остида батафсил сўз юритганмиз. Бу ерда эса ана шу воқеаларни қисқача эслаб ўтамиз.

Исмоил алайҳиссалом ҳақларидаги кўплаб хабарлар оталари Иброҳим алайҳиссаломнинг хабарлари ила чамбарчас боғлиқ. Иброҳим алайҳиссалом қариган чоқларида кўрган ўғилларини онаси билан бирга ўсимликсиз чўлда қолдириб кетдилар. Қайтиб кетаётиб Иброҳим алайҳиссалом ўзларининг машҳур дуоларини қилдилар...

«Роббимиз, ҳақиқатда мен ўз зурриётимни Байтул ҳароминг ёнига, гиёҳсиз водийга жойлаштирдим. Роббимиз, намозни тўкис адо этишлари учун. Бас, Ўзинг одамлардан баъзиларининг қалбларини уларга талпинадиган қилгин ва уларни мевалардан ризқлантиргин. Шояд, шукр қилсалар» (Иброҳим сураси, 37-оят).

Сувлари қолмаган Ҳожар онамиз ўғилларининг чанқаганини кўриб, чидаб туролмадилар, Сафо билан Марванинг орасида етти марта бориб-келдилар. Кейин Аллоҳ таоло Замзамнинг ўрнидан сув чиқарди. Бир неча йил ўтиб Ямандан келаётган бир гуруҳ журҳумлик йўловчилар мана шу жойга ўрнашиб қолишди.

Иброҳим алайҳиссалом ҳар замонда келиб, оилаларидан хабар олиб турдилар. Исмоил ҳам ўсиб-улғайиб борди.

Иброҳим алайҳиссалом кўрган тушларига биноан ўғилларини қурбонлик қилиш учун уринганларида, Исмоил алайҳиссалом юксак одоб билан бу ишга бош эгдилар. Аллоҳ таоло у кишининг ўринларига жаннатдан бир қўчқорни ато этди.

Исмоил алайҳиссалом Байтуллоҳни бино қилишда оталарига елкама-елка туриб ёрдам бердилар.

Аллоҳ таоло Марям сурасида айтади:

«...ва Китобда Исмоилни эсла. У ваъдасига содиқ эди ҳамда расул ва набий бўлган эди» (54-оят).

«Эй Муҳаммад, илоҳий китоб – Қуръонда Исмоилнинг қиссасини эсла». Исмоил, ҳеч шубҳасиз, ваъдасига содиқ зот эдилар. Содиқлик ҳар бир пайғамбарга хос сифатдир. Аммо Исмоил алайҳиссалом бошқа пайғамбарлардан ўзларининг ваъдага садоқатлари билан ажралиб турганлар.

«...ҳамда расул ва набий бўлган эди».

У зотнинг расул ва набий эканларига шак-шубҳа йўқ. Демак, Исмоил алайҳиссалом халойиқни ҳидоят йўлига чақирганлар.

«У аҳлини намозга ва закотга буюрар эди ва Робби ҳузурида рози бўлинган эди» (55-оят).

Маълум бўладики, Исмоил алайҳиссаломнинг шариатларида ҳам намоз ва закот ибодатлари бўлган. Бўлганда ҳам, алоҳида зикрга сазовор, юксак мақомли ибодатлардан эди.

«...ва Робби ҳузурида рози бўлинган эди».

Яъни «Роббининг розилигига сазовор бўлган эди».

Аллоҳ таоло Бақара сурасида қуйидагиларни айтади:

«Ҳамда Иброҳим ва Исмоилга: «Байтимни тавоф қилувчилар, муқим турувчилар, рукуъ ва сажда қилувчилар учун покланглар», деб амр этдик» (125-оят).

Яъни «Байтуллоҳни атрофдан келиб тавоф қилувчилар, муқим турувчилар, рукуъ ва сажда қилувчилар учун поклаб қўйишни буюрган эдик. Бу ҳам Иброҳим алайҳиссалом билан бир қаторда Исмоил алайҳиссаломнинг мақомлари улуғ эканига далолатдир.

Шунингдек, Анбиё сурасида:

«...ва Исмоил, Идрис ва Зулкифлни (эсла). Уларнинг ҳар бири сабр қилувчилардандир. Уларни Ўз раҳматимизга киритдик. Улар солиҳлардандир», дейди (85-86-оятлар).

Юқорида келтирилган ояти карималарда Исмоил алайҳиссаломнинг бир неча сифатлари зикр қилинмоқда:

  1. Сиддиқ.
  2. Набий.
  3. Олий мақом соҳиби.
  4. Сабрқилувчи.
  5. Аллоҳнинг раҳматига кирган.
  6. Солиҳ.

Аллоҳ таоло Сод сурасида қуйидагиларни келтиради:

«Исмоил, Ал-Ясаъ ва Зулкифлни ҳам эсла. Барчалари ахёрлардандир» (48-оят).

Исмоил алайҳиссалом ўзлари яшаб ўтган жойлардаги арабларга пайғамбарлик қилдилар.

У зот алайҳиссалом ўн икки ўғил ва бир қиз фарзанд кўрганлар. Ўғилларининг ҳар бири араб қабилаларига ота бўлганлари, Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламнинг насаблари ҳам Исмоил алайҳиссаломга туташиши ҳақида юқорида сўз юритилди.

Исмоил алайҳиссаломдан сўнг Маккани катта ўғилларидан Нобит ва Қайдорлар бошқаришди. Сўнг Макка ҳукмдорлиги уларнинг боболари, яъни Исмоил алайҳиссаломнинг қайноталари Музоз ибн Амр Журҳумий қўлига ўтди ва шу тариқа Макка бошқаруви журҳумликлар қўлида қолиб кетди. Сўнг бу қабила мазкур муқаддас шаҳарда фисқу фасод ишлар қилди. Милодий II аср ўрталарида Маккаи мукаррамада яманлик қабилалардан бири – Хузоъа қабиласи ҳукмдорлик қилди. Исмоил алайҳиссаломнинг авлодлари эса бетараф бўлиб туришди. Исмоил алайҳиссалом даврлари тахминан милоддан аввалги XX асрларга тўғри келади. Демак, журҳумийлар Маккада йигирма бир аср яшаб, йигирма асрга яқин вақт мобайнида у ерга эгалик қилиб келишган.

Бир ривоятга кўра, мазкур Хузоъа қабиласининг уч юз йиллик ҳукмронлиги даврида Маккаи мукаррамага бутларга ибодат қилишдек ширк амали кириб келди. Бутларни Шомдан Маккага Хузоъа қабиласининг раҳбари Амр ибн Луай олиб келган бўлиб, уларга ибодат қилган, Макка аҳли ҳам бу ишда унга эргаша бошлаган.

Вақт ўтиши билан Исмоил алайҳиссаломнинг авлодлари кўпайиб борди. Уларнинг ичида Кинона қабиласи машҳур бўлди. Қурайш қабиласи ўша Кинонанинг бир шохобчаси ҳисобланади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг бешинчи боболари Қусай ибн Килоб милодий 440 йили Ху­зоъа қабиласини Маккадан қувиб чиқарди ва шаҳарга ўзи раҳбарлик қила бошлади. Шундан сўнг Маккаи мукарра­мада раҳбарлик қилиш Қурайш қабиласига ўтди. Қусайдан кейин Маккада унинг тўнғич ўғли Абдуддор ҳоким бўлди. Ундан кейин лавозимларни унинг ва укаси Абдуманофнинг ўғиллари ўзаро тақсимлаб олишди. Тақсимотга кўра, сиқоя (ҳожиларни сув билан таъминлаш), рифода (муҳтож ҳожиларни таом билан таъминлаш) ва қиёда (карвонларнинг хавфсизлигини таъминлаш) лавозимлари Абдуманоф фарзандларига берилди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васал­ламнинг учинчи боболари Ҳошим ибн Абдуманоф вафотига қадар сиқоя, рифода мансабларининг эгаси бўлиб турди. Ҳошимдан кейин укаси Мутталиб ибн Абдуманоф, ундан кейин Ҳошимнинг ўғли Абдулмутталиб, ундан кейин Абдулмутталибнинг болалари бу шарафли хизматларга масъул бўлишди. Ислом келган пайтда бу вазифалар Аббос ибн Абдулмутталибда эди.

Абраҳа Ямандан келиб Маккага ҳужум қилганида, Аллоҳ таоло унинг ҳужумини қайтарди. Бу ҳодиса милодий 571 йилнинг бошида юз бериб, «Фил йили» номи билан машҳур бўлди. Бу воқеадан салкам икки ой ўтиб, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам дунёга келдилар.

 

КЕЙИНГИ МАВЗУЛАР:

Фил йили. Каъбани бузишга уриниш;

Фитрат замони – икки пайғамбар оралиғидаги давр;

Убувват ва рисолатнинг маъноси;

Пайғамбарликни Аллоҳ беради;

Набий ва расулларга иймон;

Пайғамбарлар башардир;

Пайғамбарлар маъсумдир;

Пайғамбар омонатдордир;

 

 

Read 4312 times
Top