Кутубхона

Қуръон илмлари: ҚУРЪОНИ КАРИМ ОЯТЛАРИНИНГ МАККИЙ ВА МАДАНИЙГА ТАҚСИМЛАНИШИ

 

Маълумки, Қуръони Карим оятлари маккий ва маданийга тақсимланади. Бу борадаги илм ҳам Қуръон илмларидан бири бўлиб танилган. Уламоларимиз бу илмга ҳам алоҳида эътибор қаратганлар. Бошқа Қуръон илмлари каби, оятларнинг Макка ёки Мадинада нозил бўлганлигини билиш илми ҳам фойда ва ҳикматлардан холи эмас. Улуми Қуръон мутахассислари бу илмнинг ҳикматлари ҳақида жумладан, қуйидагиларни айтганлар:

Маккий ва маданий оятлар илми Қуръони Карим оятларининг насҳ қилинмиши ҳамда насҳ қилувчисини аниқлашда ёрдам беради.

Фараз қилайлик, Қуръони Каримда бир мавзуда икки ёки бир неча оят нозил бўлган. Уларнинг бирининг ҳукми иккинчисиникига тўғри келмаяпти. Шундай ҳолатда улардан бири маккий, бошқаси маданий экани билинса, маданийси наҳ қилувчи, маккийси насҳ қилингани бўлади.

Маккий ва маданий оятлар илмининг фойдаларидан яна бири – шариатнинг тарихини ва унинг аста-секин йўлга қўйилганини билиб олишга ёрдам беради.

Маккий ва маданий оятлар илмининг фойдаларидан яна бири – Қуръони Каримга ишончни кучайтиради. Ушбу илоҳий Китобнинг бизгача бирорта ўзгаришсиз, бузилишсиз етиб келганини билишга ёрдам беради. Бу илмни ўрганиш мусулмонларнинг Қуръони Каримга қанчалик катта эътибор билан қараганларини, унинг оятларининг маккий ва маданийлигини ҳам қолдирмасдан ўрганиб, авлоддан-авлодга етказиб келганини билдиради.

 

МАККИЙ ВА МАДАНИЙ ОЯТЛАРНИНГ ТАЪРИФИ

Уламолар Қуръони Карим оятларининг маккий ва маданийлиги хусусида бир неча хил таъриф айтганлар.

Биринчи таъриф:

Маккий оятлар – Маккаи Мукаррамада нозил бўлган оятлар. Агар ҳижратдан кейин нозил бўлган бўлса ҳам.

Маданий оятлар – Мадинаи Мунавварада нозил бўлган оятлар.

Бунда Маккага яқин бўлган, мисол учун, Мино, Арафот ва Худайбияга ўхшаш жойларда нозил бўлган оятлар ҳам маккий оятлар ҳисобланади.

Маданий оятларга эса Мадинаи Мунаввара атрофидаги Бадр, Уҳудга ўхшаш жойлар ҳам киради.

Мулоҳаза қиладиган бўлсак, бу таърифда макон эътиборга олинган. Шунинг учун ҳам у мақсадни тўлиқ ифодалай олмаган. Чунки Қуръони Каримда Макка ва Мадина ҳамда уларнинг атрофларидан бошқа жойларда ҳам нозил бўлган оятлар мавжуд.

Мисол учун, Аллоҳ таолонинг Тавба сурасидаги қуйидаги қавлини олайлик:

لَوۡ كَانَ عَرَضٗا قَرِيبٗا وَسَفَرٗا قَاصِدٗا لَّٱتَّبَعُوكَ

«Агар ўлжа яқин, сафар осон бўлганида, сенга албатта эргашар эдилар» (42-оят).

Ушбу ояти карима Табукда нозил бўлган.

Аллоҳ таоло Зухруф сурасида марҳамат қилади:

وَسۡ‍َٔلۡ مَنۡ أَرۡسَلۡنَا مِن قَبۡلِكَ مِن رُّسُلِنَآ أَجَعَلۡنَا مِن دُونِ ٱلرَّحۡمَٰنِ ءَالِهَةٗ يُعۡبَدُونَ٤٥

«Сендан олдин юборган расулларимиздан сўра-чи: Роҳмандан бошқа ибодат қилинадиган илоҳлар қилган эканмизми?!» (45-оят).

Ушбу ояти карима Исро кечасида, Байтул Мақдисда но­зил бўлган.

Иккинчи таъриф:

Маккий оятлар Макка аҳлига хитоб бўлиб тушган оятлардир.

Маданий оятлар Мадина аҳлига хитоб бўлиб тушган оятлар.

Шу эътибордан баъзилар: «Йа айюҳаннас» лафзи билан бошланган оятлар маккийдир. «Йаа айюҳаллазийна аамануу» лафзи билан бошланган оятлар маданийдир», деганлар. Чунки Маккадаги одамларнинг кўпчилиги кофир бўлган. Шунинг учун уларга «Йаа айюҳаннаас» – «Эй одамлар!» дея хитоб қилинган. Мадинадаги одамларнинг кўпи эса мўминлар бўлган. Шунинг учун уларга «Йаа айюҳаллазийна аамануу» – «Эй иймон келтирганлар!» дея хитоб қилинган.

Бу таъриф ҳам аввалгисига ўхшаб, нуқсонлардан холи эмас.

Биринчидан, Қуръони Каримда мазкур икки лафздан бошқа лафзлар билан бошланадиган оятлар жуда ҳам кўп. Мисол учун:

Аллоҳ таоло Зухруф сурасида марҳамат қилади:

وَلَقَدۡ أَرۡسَلۡنَا مُوسَىٰ بِ‍َٔايَٰتِنَآ إِلَىٰ فِرۡعَوۡنَ وَمَلَإِيْهِۦ فَقَالَ إِنِّي رَسُولُ رَبِّ ٱلۡعَٰلَمِينَ٤٦

«Батаҳқиқ, Мусони Ўз оят(мўъжиза)ларимиз ила Фиръавнга ва унинг аъёнларига расул қилиб юбордик. Бас: «Албатта, мен оламлар Роббининг расулидирман», деди» (46-оят).

Аллоҳ таоло Талоқ сурасида марҳамат қилади:

يَٰٓأَيُّهَا ٱلنَّبِيُّ إِذَا طَلَّقۡتُمُ ٱلنِّسَآءَ فَطَلِّقُوهُنَّ لِعِدَّتِهِنَّ وَأَحۡصُواْ ٱلۡعِدَّةَۖ وَٱتَّقُواْ ٱللَّهَ رَبَّكُمۡۖ

«Эй Набий! Агар аёлларни талоқ киладиган бўлсангиз, иддаларида талоқ қилинг ва иддани ҳисобланг ва Роббингиз Аллоҳга тақво қилинг» (1-оят).

Иккинчидан, бу тақсим Қуръони Каримдаги воқеъликка тўғри келмайди. Барча «Йаа айюҳаннаас» – «Эй одамлар!» хитоби билан бошланган оятлар маккий эмас. Балки ушбу хи- тоб билан бошланган маданий оятлар ҳам бор. Мисол учун:

Аллоҳ таоло Нисо сурасида марҳамат қилади:

يَٰٓأَيُّهَا ٱلنَّاسُ ٱتَّقُواْ رَبَّكُمُ ٱلَّذِي خَلَقَكُم مِّن نَّفۡسٖ وَٰحِدَةٖ وَخَلَقَ مِنۡهَا زَوۡجَهَا وَبَثَّ مِنۡهُمَا رِجَالٗا كَثِيرٗا وَنِسَآءٗۚ

«Эй одамлар! Сизларни бир жондан яратган ва ундан унинг жуфтини яратиб, икковларидан кўплаб эркагу аёллар таратган Роббингиздан қўрқинглар!» (1-оят).

Аллоҳ таоло Бақара сурасида марҳамат қилади:

يَٰٓأَيُّهَا ٱلنَّاسُ ٱعۡبُدُواْ رَبَّكُمُ ٱلَّذِي خَلَقَكُمۡ وَٱلَّذِينَ مِن قَبۡلِكُمۡ لَعَلَّكُمۡ تَتَّقُونَ٢١

«Эй одамлар, сизларни ва сиздан олдингиларни яратган Роббингизга ибодат қилинг. Шоядки, тақво қилсангиз» (21-оят).

Барча «Йаа айюҳаллазийна аамануу» – «Эй иймон келтирганлар!» хитоби билан бошланган оятлар маккий эмас. Балки ушбу хитоб билан бошланган маданий оятлар ҳам бор.

Аллоҳ таоло Ҳаж сурасида марҳамат қилади:

يَٰٓأَيُّهَا ٱلَّذِينَ ءَامَنُواْ ٱرۡكَعُواْ وَٱسۡجُدُواْۤ وَٱعۡبُدُواْ رَبَّكُمۡ

«Эй иймон келтирганлар! Рукуъ қилинглар, сажда қилинглар ва Роббингизга ибодат қилинглар...» (77-оят)

Барча уламолар ушбу сура аввалидан охиригача маккий эканига иттифоқ қилганлар.

Учинчи таъриф:

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳижратларидан аввал нозил бўлган оятлар маккий ва у зотнинг ҳижратларидан кейин нозил бўлган оятлар маданийдир.

Ушбу таърифни барча уламолар иттифоқ ила қабул қилганлар. Унда замон омили эътиборга олинган. Бунда Маккаи Мукаррамада нозил бўлган оят ҳам, агар ҳижратдан кейин тушган бўлса, маданий бўлаверади.

Аллоҳ таоло Моида сурасида марҳамат қилади:

ٱلۡيَوۡمَ أَكۡمَلۡتُ لَكُمۡ دِينَكُمۡ وَأَتۡمَمۡتُ عَلَيۡكُمۡ نِعۡمَتِي وَرَضِيتُ لَكُمُ ٱلۡإِسۡلَٰمَ دِينٗاۚ

«Бу кун сизга динингизни мукаммал қилиб бердим. Сизга неъматимни батамом қилдим. Ва сизга Исломни дин деб рози бўлдим» (3-оят).

Ушбу ояти карима видолашув ҳажида, Арафотда жума куни нозил бўлгани ҳаммага маълум ва машҳур. Шу билан бирга, ҳижратдан кейин нозил бўлгани учун уни барча маданий оят деб билади.

Аллоҳ таоло Нисо сурасида марҳамат қилади:

۞إِنَّ ٱللَّهَ يَأۡمُرُكُمۡ أَن تُؤَدُّواْ ٱلۡأَمَٰنَٰتِ إِلَىٰٓ أَهۡلِهَا وَإِذَا حَكَمۡتُم بَيۡنَ ٱلنَّاسِ أَن تَحۡكُمُواْ بِٱلۡعَدۡلِۚ إِنَّ ٱللَّهَ نِعِمَّا يَعِظُكُم بِهِۦٓۗ إِنَّ ٱللَّهَ كَانَ سَمِيعَۢا بَصِيرٗا٥٨

«Албатта, Аллоҳ сизларга омонатларни ўз аҳлига топширишингизни ва одамлар орасида ҳукм қилганингизда адолат ила ҳукм қилишингизни амр қилур. Аллоҳ сизларга қандай ҳам яхши ваъз қилур! Албатта, Аллоҳ ўта эшитувчидир, кўриб турувчидир» (58-оят).

Ушбу ояти карима Макка фатҳи йили Маккада, Каъбанинг ичида нозил бўлганига қарамай, маданий ҳисобланади. Чунки у хижратдан кейин нозил бўлган.

Шунга ўхшаш Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг сафарларида, турли жойларда тушган оятларнинг барчаси ҳам ҳижратдан аввал ёки кейин нозил бўлишига қараб, маккий ёки маданий дейилаверади.

 

МАККИЙ ВА МАДАНИЙ ОЯТЛАРНИ БИЛИШГА ЭЛТУВЧИ ЙЎЛ

Қуръони Карим оятларининг маккий ва маданийсини билишга элтувчи бирдан-бир йўл саҳоба ва тобеъинлардан нақл қилинган ишончли ривоятлардир. Чунки Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан бу борада бирон нарса нақл қилинмаган. Зотан, у зотнинг даврларида мусулмонлар бу каби маълумотларга муҳтож бўлмаганлар. Улар ваҳий билан ҳамнафас яшаганлар. Қуръони Карим оятлари­нинг қачон, қаерда ва не сабабдан нозил бўлишини ўз кўзлари билан кўриб, қулоқлари билан эшитиб турганлар.

Абдуллоҳ розияллоҳу анҳу айтди:

«Ўзидан ўзга илоҳ йўқ Аллоҳга қасамки, Аллоҳнинг Китобида бирор сура йўқки, мен унинг қаерда нозил бўлганини билмасам. Аллоҳнинг Китобида бирор оят нозил бўлмаганки, мен унинг нима ҳақида нозил бўлга­нини билмасам. Агар Аллоҳнинг Китобини мендан яхшироқ биладиган бировни билсам-у, у туя ета оладиган жойда бўлса, унинг олдига албатта бораман».

Имом Бухорий ривоят илган.

Қуръони Каримни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васал­ламдан қабул қилган кўплаб кишиларнинг вакили бўлмиш Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳунинг гапларига эътибор берайлик.

«Ўзидан ўзга илоҳ йўқ Аллоҳга қасамки...»

Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳу ўз гапларининг аввалида Аллоҳ таолонинг сифати ила қасам ичмоқдалар. Бу эса кейин келадиган гапда заррача шак-шубҳа йўқлигини билдиради.

«Аллоҳнинг Китобида бирор сура йўқки, мен унинг қаерда нозил бўлганини билмасам».

Қуръони Каримни Набий соллаллоҳу алайҳи васалламдан қабул қилиб олган зотлар фақат унинг сўзларини ёдлашгагина аҳамият бермаган эканлар. Улар ҳар бир суранинг нозил бўлган вақтини ҳам, жойини ҳам очиқ-ойдин ва аниқ билар эканлар. Бу эса улар томонидан Қуръони Каримнинг ҳар бир сурасига нисбатан бўлган беназир эҳтимомнинг аломатидир.

«Аллоҳнинг Китобида бирор оят нозил бўлмаганки, мен унинг нима ҳақида нозил бўлганини билмасам».

Қуръони Каримни Набий соллаллоҳу алайҳи васалламдан қабул қилиб олган зотлар ҳар бир суранинг нозил бўлган вақтини ҳам, жойини ҳам очиқ-ойдин ва аниқ билиш билан кифояланиб қолмасдан, ҳар бир оятнинг нима ҳақида нозил бўлганини ҳам яхши билар эканлар. Бу ҳам улар томонидан Қуръони Каримнинг ҳар бир оятига нисба­тан бўлган беназир эҳтимомни кўрсатади.

«Агар Аллоҳнинг Китобини мендан яхшироқ биладиган бировни билсам-у, у туя ета оладиган жойда бўлса, унинг олдига албатта бораман».

Қуръони Каримни Набий соллаллоҳу алайҳи васалламдан қабул қилиб олган зотлар ўзлари билган нарса билан кифояланиб қолмаган эканлар. Улар Қуръони Каримдан ўзлари билмаган нарсанинг хабарини эшитишлари билан, ўша нарсани ўрганиш учун ҳамма имкониятларини ишга солганлар.

 

МАККИЙ ВА МАДАНИЙ ОЯТЛАРНИНГ АЛОМАТЛАРИ

Юқорида саҳоба ва тобеъинлардан нақл қилинган ишончли ривоятлар оятларнинг маккий ёки маданийлигини билиш воситаси экани таъкидлаб ўтилди. Лекин шу билан бирга, уламоларимиз уларни бир-биридан ажратиб олишда ёрдамчи омиллар – бир қанча аломатлар борлигини ҳам таъкидлаганлар.

Маккий сураларнинг аломатлари қуйидагилар:

  1. Сажда ояти бор суралар маккийдир.
  2. Ичида «Каллаа» лафзи бор суралар маккийдир.

Бу лафз Қуръони Каримнинг иккинчи ярмида ўн бешта сурада ўттиз уч марта келган.

  1. «Йаа айюҳаннасу» жумласи бор аксар суралар (ҳаммаси эмас) маккийдир.
  2. Анбиёлар ва ўтган умматларнинг қиссалари бор сура­лар маккийдир. Бақара сураси бундан мустасно.
  3. Одам Ато ва шайтон қиссаси бор суралар маккийдир. Бақара сураси бундан мустасно.
  4. «Алиф лаам мим»га ўхшаш муқаттаъот ҳарфлар би­лан бошланган суралар маккийдир. Бақара ва Оли Имрон бундан мустасно.
  5. Маккий сураларнинг оятлари одатда қисқа бўлади.
  6. Аллоҳнинг ягоналиги ва сифатлари, Қуръон ва пайғамбарнинг ҳақлиги, мушриклар танқиди, мусулмонларга хос одоб-ахлоқ, қиёмат куни, эътиқод масаласи каби мавзуларни баён қиладиган суралар маккийдир.

Маданий сураларнинг аломатлари қуйидагилар:

  1. Фарз ибодатлар ҳақидаги оятлари бор суралар маданийдир.
  2. Мунофиқлар ҳақидаги оятлари бор суралар маданийдир
  3. Аҳли китоблар билан тортишувлар зикр этилган оят­лари бор суралар маданийдир.
  4. Насоро ва яҳудийларга хитоб оятлари бор суралар маданийдир.
  5. Узун-узун оятлари бор суралар маданийдир.
  6. Муомалот, оила масалалари, мерос, уруш ва тинчлик каби мавзулардаги оятлари бор суралар маданийдир.

Яна уламоларимиз Қуръони Карим сураларини тўлиқ маккий, тўлиқ маданий ҳамда аралаш сураларга тақсимлаганлар. Мисол учун:

Муддассир сураси тўлиқ маккийдир.

Оли Имрон сураси тўлиқ маданийдир.

Аъроф сурасида бир қавлга қараганда, битта, бошқа қавлга қараганда, бир нечта маданий оят бор. Қолгани мак­кийдир.

Ҳаж сурасининг тўрт ояти маккий, қолганлари мада­нийдир.

Шунингдек, маккий ёки маданийлигида иттифоқ қилинган ва қилинмаган суралар ҳам бор.

Маданийлигига иттифоқ қилинган суралар йигирмата бўлиб, улар қуйидагилардан иборат:

Бақара, Оли Имрон, Нисо, Моида, Анфол, Тавба, Нур, Аҳзоб, Муҳаммад, Фатҳ, Хужурот, Ҳадид, Мужодала, Ҳашр, Мумтаҳана, Жума, Мунофиқун, Талоқ, Таҳрийм ва Наср.

Маккий ёки маданийлигида ихтилоф қилинган суралар ўн иккита бўлиб, улар қуйидагилардан иборат:

Фотиҳа, Раъд, Раҳмон, Саф, Тағобун, Мутоффифун, Қадр, Баййина, Залзала, Ихлос, Фалақ ва ан-Наас.

Қолган сураларнинг барчаси – саксон иккитаси маккийдир.

 

КЕЙИНГИ МАВЗУЛАР:

“Сабаби нузул” илми;

Сабаби нузулни билиш йўли;

Сабаби нузулнинг ифода турлари.

Read 3901 times
Top