Кутубхона

Ислом тарихи: МУҲАММАД СОЛЛАЛЛОҲУ АЛАЙҲИ ВАСАЛЛАМНИНГ ИМТИЁЗЛАРИ

ИККИНЧИ БОБ

МУҲАММАД СОЛЛАЛЛОҲУ АЛАЙҲИ ВАСАЛЛАМНИНГ СИЙРАТЛАРИ

Пайғамбарлар келиши бир муддат тўхтаб қолгач, Ийсо алайҳиссалом ва Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламнинг пайғамбарликлари орасида инсоният жуда катта бошвоқсизликка ва зоеликка юз тутди. Сўнг Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламнинг пайғамбарликлари бошланди. Ўзидан олдин ўтган барча пайғамбарларнинг таълимотларини ўзида жамловчи, уларнинг тугалловчиси бўлган бу пайғамбарлик ўзидан олдин ўтган барча рисолат ва шариатларни насх – бекор қилди. Шу билан бирга, бу пайғамбарлик башариятнинг барчаси учун умумий эди.

Аллоҳ таоло Сабаъ сурасида марҳамат қилади:

«Сени барча одамларга фақат хушхабарчи ва огоҳлантирувчи қилиб юбордик. Лекин одамларнинг кўплари билмаслар» (28-оят).

Расулуллоҳ алайҳиссалоту вассаломнинг пайғамбарликлари барча замонлар ва маконлар учун баробар эди. Шу боис бу пайғамбарликнинг соҳиби ҳам олий даражада бўлмоғи, ана шу буюк рисолатни, омонатни кўтаришга қодир бўлиши керак бўларди. Шунинг учун Аллоҳ субҳанаҳу ва таоло у зотга хос ажралиб турадиган сифатларни ихтиёр қилди.

Аллоҳ таоло яратган бандалари ичида энг афзали, пайғамбарларнинг охиргиси ва мукаммали бўлмиш Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламнинг муборак ҳаётлари барча инсоният учун ўрнак эканига, шунингдек, Аллоҳ таолонинг инояти ила йўғрилган ушбу муборак ҳаётнинг ҳар бир лаҳзаси ўта аниқлик ва диққат билан ўрганилганига ҳам заррача шубҳа йўқ.

Ҳа, бу улуғ ҳаёт қанчалик диққат билан ўрганилса, шунчалик яхши.

Чунки бу ҳаёт Одам Атонинг пуштидалигидан то охирги лаҳзасигача Аллоҳ таолонинг алоҳида иноятига сазовор бўлган бир ҳаётдир!

Чунки у энг афзал банданинг, энг сўнгги ва энг маҳбуб Пайғамбарнинг муборак ҳаётидир.

Чунки бу ҳаётнинг салкам йигирма уч йили осмон билан ернинг, яъни Роббул оламин билан оламларнинг бевосита боғланишига сабаб бўлган ҳаётдир.

Чунки бу ҳаёт унинг соҳиби илоҳий дастур асосида тўлақонли ва ер юзида жонли Қуръон бўлиб яшаган ҳаётдир.

Чунки бу ҳаёт барча учун гўзал ўрнак манбаи, мўмин-мусулмонлар учун илҳом чашмаси бўлган ҳаётдир.

Чунки бу ҳаёт уни диққат билан ўрганиб, ундан ўрнак олиб, эргашиб яшаган кишилар учун жаннат йўлига етакловчи ҳаётдир.

Чунки бу ҳаёт осмонлар малакутига кўтарилган, ҳар лаҳзаси Аллоҳ таолонинг ваҳийси ила йўлга солинган ва фаришталар ҳам ҳавас қилган ҳаётдир.

Шу билан бирга, бу ҳаёт ер воқелигидан ажраб қолмаган, оддий инсонлик табиатидан мутлақо четламаган, оддий ота-онадан туғилиб ўсган камтар бир банданинг ҳаётидир.

Қолаверса, бу ҳаёт дунёдаги барча эзгу фазилатларни ўзида мужассамлаштирган, барча разолатлардан йироқ зотнинг ҳаёти экани билан диққатга моликдир,

Чунки бу ҳаёт Аллоҳ таолонинг Ўзи томонидан етарли даражада мақталган ҳаётдир.

Чунки бу ҳаёт ошикдари ишқида ёниб, уни диққат билан ўрганган ва ундан имкони борича ўрнак олган ҳаётдир.

Чунки бу ҳаёт унинг душманлари камчилик топа олмай доғда қолган, унга туҳмат қилиб шарманда бўлган ва охири унинг буюклигига тан берган ҳаётдир.

Ана шундай васфига сўз ожиз ҳаётни ўрганишда, унга эргашишда бу муборак ҳаётнинг ҳамасрлари бўлмиш саҳобаи киромлар дунё халқларига намуна бўлганлар. Улар Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳаётларининг ҳар бир лаҳзасини ўта синчковлик ва диққат билан ўрганиб борганлар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг муборак оғизларидан чиққан ҳар бир сўз, у зот томонларидан содир этилган ҳар бир ҳаракату сакинат (ҳаракатсизлик) саҳобаи киромларнинг диққат-эътиборида бўлган.

Саҳобаи киромлар Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳаётларининг ҳар бир лаҳзаси ҳақидаги ўзлари билган ишончли маълумотларни тобеъинларга омонат ила ўргатганлар. Ўз навбатида, тобеъинлар бу маълумотларни ўзларидан кейинги мусулмонлар авлоди – табаъа тобеъинларга қолдирганлар.

Аста-секин Пайғгамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳаётларини ўрганадиган илм ва бу илмнинг кўузга кўринган уламолари юзага чиқа бошлаган.

Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳаётларини ўрганишга бағишланган илмга «Ас-сийратун-набавийя», бу илмда мутахассис бўлган олимларга эса «Сийрат уламо­лари» номи берилган.

«Сийрат» сўзини араб тилидан таржима қиладиган бўлсак, «бир инсон ҳаётининг тарихи, ҳаёт йўли», таъбир жоиз бўлса, «таржимаи ҳол» иборасига тўғри келади. Бинобарин, истилоҳда «Сийрат – Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳаётларининг тарихи, у зотнинг таржимаи ҳоллари», дея оламиз.

Бу борада сўз юритар эканмиз, Пайғамбаримиз соллал­лоҳу алайҳи васалламнинг сийратлари (тарихи баёни) бу дунёда ўтган барча пайғамбар алайҳиссаломларнинг сийратларига нисбатан энг тўғриси, энг мукаммали ва энг ишончлисидир. Инсоният тарихидаги ҳеч бир пайғамбарнинг ҳаёти илоҳий китобда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳаётларичалик ёритилмаган. Ҳеч бир пайғамбар ҳақида у зотнинг ҳаётлари ҳақида саҳобалар қилган ривоятларчалик узлуксиз ривоятлар келмаган. Бошқа пайғамбарларнинг сийратларида аниқланмаган, узилиб қолган ҳалқалар жуда кўп.

Аллоҳ таолонинг инояти ва ёрдами билан мусулмон уммати Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг муборак ҳаётларининг ҳар бир лаҳзасини катта аниқлик ва эътибор билан ўрганиб, авлоддан авлодга нақл қилиб келди. Муҳаддис уламоларимиз бу ривоятларни аниқ илмий йўл билан тадқиқ қилиб, китобларга битдилар. Улар ҳақида китобимизнинг аввалида, тарих илмининг ёзилиши ҳақидаги мавзуда сўз юритдик.

Юқорида ўтган маълумотлардан Муҳаммад мустафо соллаллоҳу алайҳи васаллам Аллоҳ таолонинг энг афзал бандаси ва пайғамбари эканларини ўргандик. Бу улкан ҳақиқатда заррача ҳам шубҳа йўқ. Шундай бўлганидан кейин ана ўша энг афзал зотнинг дунёга келишларига Алло таоло энг муносиб жамият, энг афзал макон ва замонни танлаганида ҳам заррача шубҳа бўлмаслиги керак.

Аллоҳ таоло Муҳаммад мустафо соллаллоҳу алайҳи ва­салламнинг дунёга келишлари учун араб жамиятини энг муносиб деб топди. Бу жамият ўша вақтдаги энг жоҳил жа­мият эди, чунки бу жамият асрлар давомида ўқиш-ёзиш, фан-маданият, илм-маърифат, дину диёнат, қонун-қоида, тартиб-интизом деган нарсаларни билган эмас.

Агар мазкур омилларни ўзида мужассам қилган халқ ичидан охирги замон пайғамбари танлаб олинганида, одамлар «Бу халқ эскитдан ҳамма нарсани билиб келган, бу динни ҳам ўзлари уйлаб, жорий қилишган», дейишлари мумкин эди. Бу нарсалардан холи бўлган араблардан ўзларига ўхшаган уммий шахснинг пайғамбар бўлиши ва у зотнинг раҳбарликларида қисқа муддатда бутун дунёни жаҳолат ботқоғидан Ислом нурига олиб чиқилиши эса илоҳий мўъжиза бўлар эди.

Арабларнинг сиртдан нуқсон бўлиб кўринган мазкур сифатлари Аллоҳ таолонинг иродаси билан Ислом хизмати йўлида фазилатга айланди, чунки мазкур омиллар туфали уларнинг фикрига бирор мафкура чуқур ўрнашмаган эди. Бу эса арабларнинг бутун вужудига Ислом таълимотларини таг-туби ила ўрнашиб кетишига ёрдам берарди. Уларни ҳеч кимга бўйсунмаганлари Аллоҳдан ўзгага ибодат қилмаслик ишида ёрдамчи бўлар, қолавсрса, ана шундай жоҳил халқнинг қиска муддат ичида инсониятга ҳидоят маёғи бўлиб қолишининг ўзи илоҳий мўъжизага айланарди.

Аллоҳ таоло Муҳаммад мустафо соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг дунёга келишлари учун дунёнинг энг муносиб ўлкаси - Арабистон яриморолини танлади. Бу ўлка қадимий пайғамбарлардан кўпларига ватан бўлган ўлка эди. Идрис, Нуҳ, Ҳуд, Солиҳ, Исмоил алайҳиссаломлар мана шу ўлкада яшаб ўтган, Иброҳим алайҳиссалом мана шу ўлкага Байтуллоҳни қурган эдилар. Мусо алайҳиссаломга мана шу ўлканинг Мадян номли жойида пайғамбарлик берилган эди. Фиръавн ва унинг қавмининг тазйиқига учраган яҳудийлар мана шу ўлкадан паноҳ топишганди. Шунингдек, румликларнинг душманлигига дучор бўлган насронийлар ҳам мана шу ўлканинг Нажрон номли жойидан (Яман би­лан Ҳижоз оралиғида) паноҳ топишди. Аллоҳ таоло бу ўл­канинг табиий, жуғрофий ва сиёсий ҳолатларини ана шун­дай ишлар учун жуда ҳам қулай қилиб қўйган эди.

Аллоҳ таоло Муҳаммад мустафо соллаллоҳу алайҳи васалламнинг дунёга келишлари учун дунёнинг энг афзал нуқтаси - Маккаи мукаррамани ихтиёр қилди. Аввало, бу муқаддас шаҳар ер шаридаги қуруқликнинг қоқ киндигида жойлашган эди. Дунёдаги энг охирги, энг мукаммал, ҳамма замон ва маконлар, ҳамма халқлар учун кўзланган шариатнииг маркази айнан ана шундай жойда бўлиши матлуб эди.

Энг муҳими, бу шаҳарнинг бағридан пайғамбарларнинг отаси бўлмиш Иброҳим алайҳиссалом ўғиллари Исмоил алайҳиссаломнинг ёрдамида Аллоҳ таолонинг амри ила қурган Каъбаи муаззама жой олган эди. Ўз навбатида, Байтуллоҳни ҳамма араблар муқаддас ҳисоблашар эди. Иброҳим алайҳиссаломнинг даврларидан буён одамлар у ерга ҳаж қилишарди. Хулоса қилиб айтадиган бўлсак, Ислом динини жорий қилиш учун бундан кўра афзалрок макон бўлиши ҳам мумкин эмас эди.

Замонга келадиган бўлсак, Аллоҳ таоло Ўзининг чексиз ҳикмати ила Ислом иайғамбари Муҳаммад мустафо сол­лаллоҳу алайҳи васалламнинг дунёга келишлари учун энг муносиб пайтни ихтиёр қилди.

Ўша пайт бутун дунёга, барча инсониятга аталган, барча замон ва маконларга салоҳияти бор, барчага қиёматгача икки дунёнинг бахтини таъмин эта оладиган дин жорий қилинишининг айни замони эди.

Анчадан буён самовий дин юборилмаётган, Аллоҳ тао­ло тарафидан юборилган самовий динларнинг барчаси одамлар томонидан бузилиб, ўз кучи ва таъсирини мутлақо йўқотган эди.

Бутпарастликнинг ҳам шармандаси чиқиб, ҳеч ким унга эътибор бермай қўйган эди. Унга фақат мутаассиблик учунгина ота-боболардан қолган мерос сифатида қараларди. Турли бутпараст халқларнинг раҳбарлари ўз имтиёзларини сақлаш учун халқларни мажбурлаб, бутпарастликда ушлаб туришарди.

Мажусийлик ҳукм сурган Форс, Хуросон ва уларга яқин бўлган ўлкаларда ҳаётнинг барча соҳаларида бебошлик ҳукм сурар, уларда подшоҳ ва ҳукмдорлар халқнинг қонини ичишар эди. Мажусийликнинг зардуштийлик, монавийлик (монийлик) ва маздакийлик оқимлари инсоннинг инсо нийлигини йўқотиши учун барча шароитларни таъминлаб берган эди. Уларда эр кишининг ўз онасига, синглисига ёки қизига уйланиши мақтовга сазовор иш ҳисобланарди. Шунинг учун насл-насабдан асар ҳам қолмаган, бундай тузум ва таълимотларнинг инсониятга бирор эзгулик ато қилиши ҳақида гап ҳам бўлиши мумкин эмас эди.

Ўша пайтдаги кенг тарқалган таълимотлардан бири – ҳиндуийликка келсак, аҳвол аввалгилардан ҳам баттар эди. Бу таълимотга биноан, кишилар турли табақаларга бўлинарди. Бир табақа шоҳ бошқаси гадо бўлиб яшаши муқаррар эди. Ибодат борасида эса ақл бовар қилмайдиган ишлар қилинарди. Ҳиндистондаги баъзи тоифалар орасида ҳаттоки эркак ва аёл кишиларнинг жинсий аъзоларига ибодат қилиш йўлга қўйилган эди. Бундай нарсалар инсон нима тақдим қила олиши мумкин?! Бундай нарсалар инсоният пешонасидаги ор эмасми?!

Арабистон яриморолидаги ширк ва зулму аҳмоқгарчиликлар ҳақида гапириб ўтирмасак ҳам бўлади. Бошқалар қатори, бу ерда ҳам пасткашлик ва разолат ўзининг энг авж нуқтасига чиққан, ҳаромхўрлик, зинокорлик, ароқхўрлик, зўравонлик, ўғрилик, қароқчилик ва бошқа разилликлар кенг тарқалган эди.

Одамлар нимани кўрсалар, нимани топсалар – ҳайвон сўйилганида оққан қонми, ҳаром ўлган ҳайвоннинг гўштими ёки ундан ҳам баттарроқ нарсами, зўр иштаҳа билан ер эдилар.

Зинокорлик қилмаган одам аҳмоқ ҳисобланар эди. Зинонинг турли-туман услублари кенг тарқалган, эр ўз хотинини  аслзода ҳисобланган бошқа бир эркакнинг олдига олиб бориб: «Сиздан болали бўлиши учун хотиним билан алоқа қилинг», деб илтимос қилиши эса мардлик ҳисобланар эди.

Ароқхўрлик фахрланишга арзигулик иш эди. Мардлик ва шижоати билан ном қозонган бирон киши ароқ ичиб ўтирганида, отасининг ўлдирилгани ҳақида хабар келиб қолса, «Бугун хамр – эртага амр», деб ароғини ичишда давом этаверарди.

Жоҳилият даврида арабларнинг ўз оиласида туғилган қиз болани тириклай кўмиб юбориши, бир қабиланинг шу қабиладаги кампирнинг хаста туясини ўлдириб қўйган бошқа қа­била ила юз йил уруш қилиши, ўз «худо»сини уйида унутиб қолдирганда, тўрвасидаги хурмо мевасини бир-бирига ёпиштириб «худо» ясаб олиши ва унга ибодат қилиши, қорни оч- ганда эса ўша «худо»ни еб қўйиши оддий бир ҳолат эди.

Гапнинг қисқасини айтадиган бўлсак, милодий VII асрнинг бошига келиб дунё жаҳолат ботқоғига тўла ботган, у шу ботқоқдан чиқишга жуда муҳтож эди.

Дунё турли тузум ва динларнинг зулмати ичида қолган бўлиб, у мазкур зулматлардан нурга чиқишга талпинарди.

Дунё кенг тарқалган зулм ва истибдоддан инграб, адолат нашъасини суришга орзиқарди.

Дунё бандаларнинг бандаларга ёки ўзлари қилиб олган сохта худоларга ибодати билан тўлганди. Мазкур ҳолатдан қутулишнинг вақти келган, барча халқ, барча уммат ягона Роббга ибодат қилишга жуда-жуда муҳтож эди.

 

МУҲАММАД СОЛЛАЛЛОҲУ АЛАЙҲИ ВАСАЛЛАМНИНГ ИМТИЁЗЛАРИ

Биринчи. Аллоҳ субханаҳу ва таоло у зотни араблар ичидан танлаб олди. Зотан, араб уммати ўртача уммат эди. Аллоҳ таоло у зотни Қурайш орасидан сайлади. Зотан, Қурайш араб қабилаларининг энг афзали эди. Аллоҳ таоло у зотнинг насаблари Қурайш қабиласининг Бану Ҳошим номли энг шарафли уруғидан бўлишини насиб этди.

Иккинчи. У зотнинг ватанлари ўртада жойлашган, бу ватан жойлашган ердан ҳамма тарафларга даъват отилиб чиқишининг имкони бор эди.

Учинчи. Аллоҳ таоло бу зотнинг қиймати улуғ бўлиши учун пайғамбарлари оз бўлган уммат ичидан танлаб олди.

Тўртинчи. Аллоҳ таоло у зотни пайғамбарлардан узоқлашиш даврида, инсонлар у зотни кутиб, тайёргарлик кўриб, интизор бўлиб турган бир пайтда юборди.

Бешинчи. Аллоҳ субҳанаҳу ва таоло Ўзининг самовий китобларида Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламнинг пайғамбар этиб юборилишлари тўғрисида хабар берган.

Олтинчи. Аллоҳ таоло у зотни саҳровий ҳаётдаги халқнинг ичидан танлаб олди. Зотан, уларнинг маданияти ва тамаддуни бузилмаган эди.

Еттинчи. Аллоҳ таоло у зотни ўқиш-ёзиш тарқалмаган халқ ичидан, фалсафалар ва турли илмларни билмайдиган халқ ичидан танлаб олди.

Саккизинчи. Аллоҳ таоло у зотнинг сийратларини ҳамма билишини, барча тафсилотлари очиқ-ойдин ва равшан бўлишини ирода қилди, токи у зот ўзларидан бошқаларга ўрнак бўлсинлар.

Туққизинчи. Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламнинг сийратлари жамловчи хусусиятга эга бўлиб, ҳаётнинг бар­ча соҳаларини қамраб олган.

Ўнинчи. У зотнинг сийратлари амалий ва воқеий сийратдир. Барча замонлардаги ва маконлардаги одамлар уни ўз ҳаётларига татбиқ қилиш имкониятига эгадирлар.

Ана шундай бир пайтда Аллоҳ таолонинг иродаси ила бир нур туғилди. У зотнинг сийратлари – ҳаётлари барчага ўрнак бўладиган бўлди.

 

КЕЙИНГИ МАВЗУЛАР:

Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг туғилишлари ва насаблари;

Эмиздирилишлари;

Ҳазрати Оминанинг вафотлари;

Боболари Абдулмутталиб қарамоғида;

Амакилари Абу Толиб қарамоғида;

Фузул битимида иштирок этишлари;

Хадийжага уйланишлари;

Макка аҳлининг диёнати;

Каъбани қайта қуриш;

Read 6821 times
Top