Кутубхона

Ислом тарихи: ВАҲИЙ, ҚУРЪОН ВА РИСОЛАТ

ҲИРО ҒОРИДА

(ҳижратдан аввалги 15 йил Рамазон ойи; милодий 608 йил август-сентябрь)

Бу пайтда Муҳаммад мустафо соллаллоҳу алайҳи васаллам қамарий ҳисобда ўттиз саккиз ярим ёшдалар. Дунё жар ёқасига келиб қолган эди. Турли разолатлар ботқоғига ботган инсоният ўзини ўзи ҳалок этишга уринмоқда, бутун атрофни жоҳилият зулмати қоплаган, қаёққа қараманг, ҳаром-хариш, зулм-истибдод, ёлғону туҳмат, душманлик ва жаҳолат ҳукм сурар эди.

Бутун дунё жоҳилона ҳаёт кечирарди. Инсоният бошдан-оёқ жаҳолат ботқоғига ботган, кишиларнинг барчаси бўлган-бўлмаган, бузуқ ва асоссиз ақийдаларга эътиқод қилар эди. Уларнинг оилавий, ижтимоий, иқтисодий, маданий ва сиёсий ҳаётларида жабр-ситам, зулму ноҳақлик ҳукм cyрарди. Қўйингки, инсон ҳаётининг ҳар бир соҳасида разолат, ҳақсизлик, жаҳолат ҳукмрон, инсоният жоҳилиятнинг қуюқ зулматида, қаттиқ ғафлат уйқусида ётар эди.

Ана шундай қуюқ зулмат, моғор босган қалблар ухлаган бир пайтда фақатгина бир инсоннинг пок қалби уйғоқ эди. Ўша ягона уйғоқ қалб мавжуд вазиятдан норози бўлиб мазкур қоронғиликдан нурга чиқиш йўлини ахтарар эди.

Мазкур муборак қалб Макка номли шаҳарда Абдуллоҳ исмли отадан, Омина исмли онадан туғилган, Аллоҳнинг инояти билан жоҳилиятнинг барча чиркинликларидан сақланиб қолган Муҳаммад исмли муборак инсоннинг қалби эди.

Мазкур ягона пок қалб эгаси жоҳилият зулматидаги ноҳақлик, фисқу фужур ва бошқа номаъқулчиликлардан четланиб, Макка шаҳри яқинидаги тоғда, Ҳиро номли кичик бир ғорда ўтирар ва «Инсоният қандай қилиб жоҳилият зулматларидан нурга чиқиши мумкин?» деган саволга жавоб ахтарар, шу тариқа бўлажак улкан ҳодисаларга ўзлари билмаган ҳолда тайёргарлик кўрар эдилар.

Айни ўша пайтда инсониятни Ўз қудрати ила яратиб, уни гўдаклигидан турли саркашликларига, инжиқликларига ва хатою адашишларига қарамай, пайғамбарлар юбориб, китоблар нозил қилиб тарбиялаб келаётган Аллоҳ таоло инсониятнинг навбатдаги ва энг катта адашувидан кейин энг охирги пайғамбарини юбориш, энг сўнгги китобини нозил қилиш ва энг сўнгги, мукаммал ва доимий шариатини жорий қилишни ирода қилган пайт келди.

Ҳа, пайғамбарлик келишидан икки йил олдин Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламда Маккаи мукаррама яқинидаги Ҳиро ғорида бир йилда бир ой (Рамазон ойида) «таҳаннус» (гуноҳлардан сақланиш, руҳий покланиш) ва «муроқаба» (Холиқ ва махлуқот ҳақида тафаккур қилиш) ибодатлари пайдо бўлган эди.

У зот ўша ерга келган мискинларга таом берардилар. Вақтни кўпроқ ибодатда ўтказиб, борлиқ ва ундаги ажойиботлар ҳақида тафаккур қилардилар. Қавмлари эътиқод қилаётган диёнатга кўнгиллари рози бўлмасди. У зот очиқ-ойдин ҳаётий йўлни излар эдилар.

Бундай танҳоликни хоҳлаб қолишлари ҳам Аллоҳ таолонинг келажак ишларни кўзлаб йўлга қўйган тадбири эди. Дарҳақиқат, бу зотни келажакда улкан ишлар кутарди.

 

ПАЙҒАМБАРЛИКНИНГ БОШЛАНИШИ

Ниҳоят кутилган ўшал улуғ иш содир бўлди. Кунларнинг бирида Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам Ҳиро ғорида эканларида «Иқроъ!» («Ўқи!») деган гулдурос овозни эшитдилар. Ана ўша овоз жоҳилият зулматларини парчалаш учун Аллоҳ таоло томонидан туширилган сўнмас ёғдунинг биринчи шуъласи – Қуръони Каримнинг биринчи ояти эди. Бу шуъла дунёдаги ягона пок қалбни ёритди. Ўшанда Рамазон ойи охирлаб қолган, аксар уламоларнинг таъкидлашларича, Қадр кечаси эди.

Ана шу тариқа Муҳаммад мустафо соллаллоҳу алайҳи васалламга ваҳий нозил бўла бошлади.

Аввал ўтган барча пайғамбарларга Аллоҳ таолодан ваҳий келтирган, ваҳийнинг амийни (ишончли вакили), Парвардигори оламнинг пайғамбарлар билан воситачиси бўлган фаришта Жаброил алайҳиссалом Муҳаммад соллаллоҳҳу алайҳи васалламга Аллоҳнинг охирги нозил этаётган ваҳийлар туркумини олиб келишни бошлаган эди.

 

ВАҲИЙ, ҚУРЪОН ВА РИСОЛАТ

«Ваҳий» сўзи луғатда «тезкор ва махфий хабар йўллаш билдириш» деган маънони билдиради.

Уламолар ваҳийни қуйидагича таърифлайдилар:

«Ваҳий – Аллоҳ таолонинг бандалари ичидан Ўзи танлаб олган шахсга Ўзи ирода қилган ҳидоятни тез ва махфий равишда билдиришидир».

Бошқача қилиб айтганда, Аллоҳ таолонинг Ўз пайғамбарларидан бирига диний кўрсатмаларини юбориш ваҳийдир. Бу юбориш тезлик билан, бошқалардан махфий равишда бўлгани боис «ваҳий» сўзи танланган.

Аллоҳ таолонинг мазкур ваҳийни, яъни диний кўрсатмаларини пайғамбарларига тезлик билан ва бошқаларда махфий равишда юбориши ҳам бир неча услубда кечган. Бу ҳақиқатни Аллоҳ таолонинг Ўзи Қуръони Каримда шундай баён қилган:

«Аллоҳнинг башар билан гаплашмоғи бўлмаган, фақат ваҳий орқали, ёки парда ортидан, ёхуд У Зот элчи юбориб, Ўзининг изни ила хоҳлаганини ваҳий қилур. Албатта, У олийдир, ҳакимдир» (Шуро сураси, 51-оят).

Инсон зоти учун Аллоҳ таоло билан бевосита гаплашиш муяссар бўлмаган, чунки ожиз инсон бу мақомга чидай олмайди. Аллоҳ таоло инсон билан ушбу уч услубнинг бири билангина сўзлашади:

«...ваҳий орқали...»

Ваҳий, аввал таъкидлаб ўтилганидек, Аллоҳ томонидан бандага бирор хабарнинг махфий ва тез етказилишидир. Aллоҳ таоло пайғамбарнинг қалбига бирор хабарни етказади, пайғамбар эса унинг Аллоҳ таолодан эканини билади.

«...ёки парда ортидан...»

Аллоҳ таоло Мусо алайҳиссаломга Ўзини кўрсатмай туриб гапиргани каби.

«...ёхуд элчи юборур ва ул У Зотнинг изни ила хоҳлаган нарсасини ваҳий қилур».

Бунда Аллоҳ таоло Ўзи билан пайғамбари орасида воситачи – элчи қилиб фариштани юборади. Фаришта келиб, Аллоҳ таоло хоҳлаган нарсани пайғамбарга етказади.

Хулоса қилиб айтганда, Аллоҳ билан инсон орасидаги суҳбат бевосита ёки билвосита бўлади. Бевосита бўлганида, Аллоҳ таоло Ўз пайғамбарининг қалбига Ўзи ирода қилган маънони ваҳий қилади. Бу ё уйқудаги солиҳ туш, ё уйғоқликда пайғамбарнинг қалбига тушган илҳом, ёки оятда айтилганидек, «парда ортидан» хитоб бўлади, яъни пайғамбар каломни эшитади, аммо калом Эгасини кўрмайди. Пайғамбарларнинг тушлари ҳам ваҳий бўлади. Билвосита бўлганида, Аллоҳ таоло билан пайғамбари ўртасида фаришта воситачилик қилади. Воситанинг бир тарафида Аллоҳ таоло турса, иккинчи тарафида инсонлар орасидан танлаб олинган пайғамбар туради. Яъни ўша воситали гаплашиш ҳам ҳар кимга муяссар бўлмайди.

Қуръони Карим фақат уйғоқликда, фаришта воситасида нозил бўлган.

 

РИСОЛАТ ВА НУБУВВАТ ИЛА ВАҲИЙ НОЗИЛ БЎЛИШИНИНГ БОШЛАНИШИ

(ҳижратдан аввалги 13 йил Рамазон ойи, душанбага ўтар кечаси; милодий 610 йил август)

 

Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга биринчи бошланган нарса уйқудаги ҳақ туш бўлди. У зот қандай туш кўрсалар, худди тонг ёруғидек аниқ ўнгида келар эди.

Сўнг у зотнинг кўнгиллари холи қолишни тусаб қолди. Ҳиро ғорида холи қолиб, аҳли оилаларининг олдига тушишдан олдин бир неча кун таҳаннус ибодати қила эдилар. Бунинг учун озиқ-овқат ғамлаб олар эдилар.

Сўнг Хадийжанинг олдига қайтиб, яна ўшанчага етарли озиқ-овқат олар эдилар. У зотга ҳақ келгунича шундай бўлди. У зот Ҳиро ғорида эканларида фаришта келиб: «Ўқи!» деди.

(У зот соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай дейдилар)

«Мен ўқишни билмайман», дедим.

У мени тутиб, сиқди. Ҳатто мени бироз қийнаб қўйди. Сўнг мени қўйиб юбориб: «Ўқи!» деди.

«Мен ўқишни билмайман», дедим.

У мени иккинчи марта тутиб, сиқди. Сўнг мени қўйиб юбориб: «Ўқи!» деди.

«Мен ўқишни билмайман», дедим.

У мени учинчи марта тутиб, сиқди, ҳатто мени бироз қийнаб қўйди. Сўнг мени қўйиб юборди ва: «Ўқи Яратган Роббинг номи билан. У инсонни алақдан яратди. Ўқи! Роббинг энг карамлидир!» деди.

(Оиша онамиз розияллоҳу анҳо айтадилар)

Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам ўша оятлар ила қалблари титраб-қақшаб қайтдилар, Хадийжа бинт Хувайлид розияллоҳу анҳонинг олдига кирдилар-да: «Мени ўраб қўйинглар! Мени ўраб қўйинглар!» дедилар.

У зотдан қўрқинч кетгунча ўраб қўйишди. Кейин у зот Хадийжага хабарни айта туриб: «Ўзимга бир нарса бўлмаса эди, деб қўрқдим», дедилар.

Шунда Хадийжа: «Ундай эмас! Аллоҳга қасамки, Аллоҳ сизни ҳеч қачон шарманда қилмайди. Сиз силаи раҳм қиласиз. Заифга ёрдам берасиз. Одамлар қилмаган яхшиликларни қиласиз. Меҳмонга зиёфат берасиз. Фалокатга учраганларга ёрдам берасиз», деди.

Сўнг у зотни олиб, Варақа ибн Навфал ибн Асад ибн Абдулъуззонинг олдига борди (у Хадийжанинг амакисининг ўғли эди). У жоҳилият даврида насронийликка кирган одам эди. Иброний китоб ёзар эди. Аллоҳ хоҳлаганича Инжилдан ибронийчасига ёзар эди. У кўзи ожиз бўлиб қолган қари чол эди. Хадийжа: «Эй амакимнинг ўғли! Биродарингизнинг ўғлини бир тингланг!» деди. Варақа у зотга: «Эй биродаримнинг ўғли, нима кўрмоқдасан?» деди.

Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ўзлари кўрган нарсанинг хабарини айтиб бердилар.

Варақа у зотга: «Бу Аллоҳ Мусога туширган «Номус»дир. Эҳ! Қани энди, қавминг сени ҳайдаб чиқарганда бақувват бўлсам эди! Қанийди, ўшанда тирик бўлсам!» деди.

Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Мени улар ҳайдаб чиқарадиларми?» дедилар.

«Ҳа! Қайси бир киши сен келтирган нарсани келтирса, душманликка учрайди. Сенинг ўша (даъват) кунингга етсам, сенга қўлимдан келган ёрдамни берурман», деди.

Кўп ўтмай, (иккинчи ваҳий келмасидан олдин) Варақа вафот этди. Ваҳий узилиб қолди».

 

ВАҲИЙНИНГ УЗИЛИБ ҚОЛИШИ

Қуръони Каримнинг дастлабки оятлари нозил бўлгандан кейин бир муддат ваҳий келмай қолди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам оғир ҳолатга тушдилар. Ўзларини қўйгани жой топа олмай қолдилар. Бундай ҳолат муҳаққиқ уламоларимизнинг таъкидлашларича, бир ойча давом этди. Кейин яна ваҳий кела бошлади. Бу ҳолат қандай кечганини қуйидаги ривоят орқали ўрганамиз.

Ваҳий узилиб қолгани ҳақида Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг гапларини сўзлай туриб, Жобир розияллоҳу анҳу қуйидагиларни айтади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай дедилар:

«Юриб кетаётган эдим. Бирдан осмондан бир овоз эшитдим. Юқорига қарасам, Ҳирода олдимга келган ўша фаришта осмон билан ернинг ўртасида, курсида ўтирибди. Ундан қўрқиб кетдим. (Уйга) қайтиб бориб: «Мени ўраб қўйинглар, мени ўраб қўйинглар», дедим. Шунда Аллоҳ таоло: «Эй бурканиб ётган! Тур ва огоҳлантир! Ва Роббингни улуғла! Ва кийимингни покла! Ва қақшатқич азобдан четлан!» оятларини нозил қилди. Шундан сўнг ваҳий авжига чиқиб давом этди».

Икки шайх ва Термизий ривоят қилишган.

Уламоларимиз ваҳийнинг бир муддат узилиб қолиш ҳикматли иш бўлганини таъкидлайдилар, чунки ваҳийни қабул қилиб олиш оғир иш эканини ҳамма билади. Ушбу оғир иш бирданига, кетма-кет бўлса, оғирлик яна ҳам ортади. Бир муддат узилганда эса Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламга енгиллик бор. Бунинг устига, у зотда ваҳийга шавқу завқнинг ортиши ҳам ваҳийнинг узилиб қолган сабабли бўлган.

 

ИЛК МУСУЛМОНЛАР

Исломга биринчи бўлиб Хадийжа онамиз кирдилар. У киши Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг жуфти ҳалоллари бўлишлари билан бирга, Аллоҳ таолога ва Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламга биринчи иймон келтириш шарафига ҳам муяссар бўлдилар. Шу билан бирга, иймон йўлида улкан хизматлар қилдилар.

Балоғатга етмаган ёшлардан биринчи бўлиб Алий ибн Абу Толиб розияллоҳу анҳу иймонга келдилар. У киши ўша пайтда ўн ёшда эдилар. Алий ибн Абу Толиб розияллоҳу анҳунинг оталари Абу Толиб қийналиб қолгани учун Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам Алийни ўз қарамоқларига олган эдилар.

Собиқ қуллардан биринчи бўлиб Зайд ибн Ҳориса розияллоҳу анҳу иймонга келдилар. У киши Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг қуллари эди. Аммо у зот уни озод қилиб, ўғил тутган эдилар.

Катта кишилардан биринчи бўлиб Абу Бакр Сиддиқ розияллоҳу анҳу иймонга келдилар. У киши Қурайш қабиласида катта обрўга эга эдилар. Ўткир ақллари, мурувватлари, адолатлари ва бошқа олий сифатлари учун кўпчилик Абу Бакр розияллоҳу анҳуни яхши кўрар ва ҳурмат қилар эди.

Абу Бакр розияллоҳу анҳу ўзлари иймонга келганларидан кейин Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан нима иш қилиш кераклигини сўрадилар. У зот соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Одамларни Исломга даъват қилинг», дедилар.

Ҳазрати Абу Бакр розияллоҳу анҳунинг дастлабки даъватлари самараси ўлароқ, ўша пайтда Қурайшнинг шарафлиларидан бўлган, кейинчалик саҳобаларнинг улуғларига айланган ва жаннатга киришларига башорат берилган ўн кишининг беш нафари – Усмон ибн Аффон, Зубайр ибн Аввом, Абдурраҳмон ибн Авф, Саъд ибн Абу Ваққос ва Талҳа ибн Убайдуллоҳ розияллоҳу анҳум иймонга келдилар.

Яширин равишда олиб борилаётган даъват таъсир аста-секин бошқалар ҳам Исломга кира бошладилар.

Дастлабки мусулмонлар ичида Абу Убайда ибн Жарроҳ Абу Салама ибн Абдуласад, Арқам ибн Абул Арқам, Усмон ибн Мазъун, Убайда ибн Ҳорис, Саъид ибн Зайд, Хаббоб ибн Арат, Жаъфар ибн Абу Толиб, Абдуллоҳ ибн Масъул Аммор ибн Ёсир, Суҳайб Румий каби эркаклар ва бир неча аёллар бор эди.

Дастлабки мусулмонлар Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам билан яширин равишда учрашар эдилар. Уларда бирор киши ибодат қилмоқчи бўлса ҳам, ҳеч ким кўрмайдиган пана жойга беркиниб ибодат қилар эди.

Биринчилардан бўлиб Исломни қабул қилганлар ичида турли тоифадаги эркак ва аёллар бор эди. Кўпчилиги ёшлардан иборат бўлган бу мусулмонлар ичида обрўли бойлар ҳам камбағаллар ҳам, араблар ҳам, араб бўлмаганлар ҳам, аслзода қурайшликлар ҳам, бировнинг қули бўлганлар ҳам, осиёликлар ҳам, оврўполиклар ҳам, Африкаликлар ҳам бор эди. Бундан Ислом барчанинг дини, тенглик дини, биродарлик дини, адолат дини, инсонпарвар дин экани кўриниб турарди.

Муҳаққиқ уламоларимиз ўша пайтларда мусулмонларга икки маҳал икки ракъатдан намоз ўқиш фарз бўлганини таъкидлайдилар.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам кишиларни Исломга уч йил давомида яширинча даъват қилдилар. Мусулмонлар бу давр мобайнида кофирлардан ўз иймонлари беркитиш учун барча чораларни кўрар эдилар. Уч йилдан сўнг, янги мусулмонларнинг иймони сайқал топиб бўлганидан кейин Исломга ошкора даъват қилиш фурсати етди.

 

ОШКОРА ДАЪВАТГА ЎТИШ

(нубувватнинг 4-йили иккинчи ярми; милодий 613 йил)

Яширин даъватдан ошкора даъватга ўтиш ҳам Аллоҳ таолонинг амри ила бўлди. У Зот Муҳаммад мустафо соллаллоҳу алайҳи васалламга қуйидаги икки оятни нозил қилди:

«Яқин қариндош-уруғларингни ҳам огоҳлантир ва сенга эргашган мўминларга қанотингни пастлат» (Шуapo cypacи, 214-215-оятлар).

Ушбу икки оят нозил бўлганидан кейин Расули акрам соллаллоҳу алайҳи васаллам Сафо тепалигига чиқиб: «Йаа собааҳааҳ!»[1] деб ҳайқирдилар. Одамлар у зотнинг ҳузурларига тўпланишди. Кимдир ўзи келди. Кимдир вакил юборди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам уларгa қараб: «Эй Бану Абдулмутталиб! Эй Бану Фиҳр! Эй Бану Луай! Айтинглар-чи, агар мен сизга: «Тоғнинг ортида отлиқлар сизларга ҳужум қилишга шай бўлиб турибди», десам, ишонасизларми?!» дедилар. Улар: «Ҳа, ишонамиз!» дейишди.

У зот соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Мен сизларга шиддатли азобдан олдин келган огоҳлантирувчиман», дедилар.

Шундай қилиб Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ўзларига нозил бўлган оятга мувофиқ, яқин қариндошларини огоҳлантира бошладилар. У зот фақат шу билан кифояланиб қолмай, энг яқин кишиларини ҳам огоҳлантирдилар.

Аввалига мушриклар индамай туришди. Кейинроқ Ис-ломнинг иши ривож топиб бораётганини кўрганларида Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламга қарши адоват қила бошладилар.

Мушрикларнинг бу душманлигига Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг амакилари Абу Толиб тўсиқ бўлди У ҳамма жойда Муҳаммад мустафо соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ёнларини олиб, у зотни ҳимоя қила бошлади.

Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳар қандай қийинчиликларга қарамай, одамларни Исломга даъват қилишда давом этавердилар. Амакилари Абу Толиб ҳам зотни ҳимоя қилишда бардавом бўлди.

 

ҚУРЪОНИ КАРИМНИНГ ОДАМЛАРГА ТАЪСИРИ

Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам Маккада ўз даъватларини давом эттирар эдилар. У зотнинг Қуръон тиловат қилишларининг ўзи кучли даъват эди, чунки тиловатни эшитган одам ўзи билмаган ҳолда унга мафтун бўлиб қоларди.

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам Қуръони Каримни тиловат қилганларида Қурайшнинг бошлиқлари ҳам тинглашар, лекин ундан таъсирланиб қолмаслик учун турли чораларни кўришга, сунъий тўсиқлар пайдо қилишга уринишар эди.

Бу ҳақда энг машҳур Ислом тарихчиларидан, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг сийратлари ҳақидаги дастлабки китоблардан бирининг соҳиби Ибн Исҳо имом Зуҳрийдан қуйидагиларни ривоят қилади:

«Иттифоқо, бир кечада Абу Суфён ибн Ҳарб, Абу Жаҳл ибн Ҳишом ва Бану Зуҳра қабиласининг иттифоқчи раҳбари Ахнас ибн Шариқлар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ўз уйларида намоз ўқиётганларида қулоқ солиш учун чиқишибди. Улардан ҳар бири алоҳида-алоҳида ўтириб тинглабди. Бир-биридан хабари йўқ экан.

Кечаси билан у зот соллаллоҳу алайҳи васалламга қулоқ солиб, тонг отганда тарқалишибди. Йўлда учрашиб қолиб, бир-бирларини маломат қилишибди. Бир-бирларига: «Энди бошқа келмайлик, эсипаст одамларимиз кўриб қолишса, кўнгилларига баъзи шубҳалар тушишига сабаб бўламиз», дейишибди-да, тарқалиб кетишибди.

Иккинчи кеча улардан ҳар бири яна келиб, кечаси билан (Қуръон) эшитиб чиқибди. Тонг отганда қайтиб кетаётиб, йўлда учрашиб қолишибди ва яна бир-бирларига аввалги гапларни айтишибди.

Учинчи кеча ҳам келиб, туни билан (Қуръон) эшитиб чиқишибди. Тонг отгач, қайтиб кетаётганларида яна аввалги ҳол такрорланибди. Бир-бирларига: «Қайтиб келмасликка аҳд қилмагунимизча тарқалмаймиз», дейишибди. Сўнг аҳдлашиб, тарқалиб кетишибди.

Кундузи Ахнас ҳассасини қўлига олиб, олдин Абу Суфён ибн Ҳарбнинг, сўнг Абу Жаҳлнинг уйига борибди ва Абу Жаҳлга: «Эй Абул Ҳакам, Муҳаммаддан эшитганларинг ҳақида фикринг қандай?» дебди. Абу Жаҳд: «Нима ҳам эшитибман? Биз Бану Абдуманоф билан шараф талашганмиз. Улар ҳам кишиларга таом беришган, биз ҳам берганмиз. Улар улов беришди, биз ҳам улов бердик. Улар хайр-эҳсон беришди, биз ҳам бердик. Ниҳоят тиз тушиб, пойгага қўйилган икки отдек бўлиб қолди. Шунда улар: «Биздан пайғамбар чиқди, унга осмондан ваҳий келади», дейишди. «Биз бунга қачон етамиз? Аллоҳга қасамки, биз ҳеч қачон унга иймон ҳам келтирмаймиз, уни тасдиқ ҳам қилмаймиз», деди. Ахнас унинг олдидан туриб кетди».

Мутаассиблик ва мансабпарастликкина уларни иймонга келишдан тўсиб турарди. Лекин аста-секинлик билан бўлса ҳам баъзи бир кишилар ҳақиқатни англаб ета бошладилар.

 

ВАЛИД ИБН МУҒИЙРАНИНГ ҚУРЪОНИ КАРИМ ҲАҚИДА АЙТГАН ГАПЛАРИ

Валид ибн Муғийра Қурайш қабиласининг бошлиқларидан ва бойларидан бўлиб, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламга озор беришда, Қуръони Каримга қарши ҳужум уюштиришда етакчилардан бўлган.

Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам «Ҳаа мийм. Тан зийлул китаби...» оятини масжидда ўқиётганларида Валид ибн Муғийранинг кўнгли юмшаб, ўз қавми – Бану Махз уруғининг олдига борди ва: «Аллоҳга қасамки, мен ҳозиргина Муҳаммаддан бир калом эшитдим, у башарнинг каломи эмас у жиннинг каломи ҳам эмас. Бу каломнинг ўзгача ҳаловат бор, бу каломнинг ўзгача таъсири бор, албатта, унинг усти самарали, ости баракали. Аниқки, у устун келади ва ҳеч нарса ундан устун бўла олмайди», деди. Сўнг уйига қараб кетди.

Қурайш қабиласи аъзолари: «Аллоҳга қасамки, Валид диндан чиқибди, энди Қурайшнинг барчаси ҳам диндан чиқади», дейишди.

Шунда жияни Абу Жаҳл ўрнидан туриб: «Уни менга қўйиб беринглар, ўзим эплайман», деди. У Валиднинг олдига бориб, хафа ҳолда ўтирди. Валид уни кўриб: «Нега хафа кўринасан?» деди.

«Мен хафа бўлмай, ким хафа бўлсин, – деди Абу Жаҳл муғомбирлик билан – Қурайш қабиласи сизга ёрдам бериш учун нафақа йиғмоқда, уларнинг фикрича, сиз Муҳаммаднинг каломига тан берибсиз, Муҳаммад билан Абу Бакрдан қолган таомларини сўрамоқчи бўлаётган экансиз».

Валиднинг аччиғи чиқди ва: «Менинг молим ва фарзандим ҳамманикидан кўп эканини билмайсанми? Нима, Муҳаммад ва унинг шерикларининг қорни тўйиб қолибдими-ки, улардан овқат ортиб қолса!» деди.

Сўнг ўрнидан туриб, Абу Жаҳл билан бирга қабиласи аъзолари ўтирган жойга келди ва: «Муҳаммадни жинни деяпсизлар, унинг жиннилик қилганини ҳеч кўрганмисизлар?» деди.

«Худо ҳаққи, кўрганимиз йўқ», дейишди қабила аъзолари.

«Уни шоир демоқчисизлар, бирор марта шеър айтганимни биласизларми ўзи?» деди.

«Худо ҳаққи, билмаймиз», дейишди.

«Уни ёлғончи демоқчисизлар, бирор марта ёлғон гапирганини биласизларми ўзи?» деди.

«Худо ҳаққи, билмаймиз», дейишди.

Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам пайғамбар бўлишларидан аввал ростгўйликлари учун «Амийн» деган ном олган эдилар. Қурайш қабиласи аъзолари Валид ибн Муғийрага: «Нима дейлик бўлмаса?» дейишди.

Валид ўйланиб қолди, ўзича ўлчаб-бичди-да: «Қуръон таъсирчан сеҳрдан ўзга ҳеч нарса эмас», деди.

Шундай қилиб ҳаммалари Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳақларида одамларга бир хил гап – «У сеҳргардир» деб айтишга келишиб олишди.

Улар ҳаж мавсумида ҳожиларнинг йўлига одам қўйиб, шу маънода тескари ташвиқот олиб боришга режа тузишди.

Кофирлар у зот соллаллоҳу алайҳи васалламнинг содиқликларини, пайғамбар эканларини билишар эди. Лекин билиб туриб инкор қилишди ва куфр келтиришди.

 

КЕЙИНГИ МАВЗУЛАР:

Мусулмонларнинг азобланиши;

Абу Толиб – Набий алайҳиссаломнинг ҳимоячиси;

Набий алайҳиссаломга кофирларнинг таклифи;

Ҳабашистон ҳижрати;

Ҳабашистонга иккинчи ҳижрат.

Нажошийнинг мусулмон бўлиши;

Ҳамза ибн Абдулмутталибнинг Исломга кириши;

Ҳазрати Умарнинг Исломга кириши;

Қамал;

Мўъжизалар талаб қилиниши;

Маҳзунлик йили;

Тоиф сафари;

 

[1] Араблар бу сўзни эрталаб, тонг саҳарда душман бостириб келаётганини билдириш ёки эрталабдан жангга отланишни эълон қилиш учун ишлатишар эди.

Read 4189 times
Top