Кутубхона

Оилада фарзанд тарбияси: ҲАЗИЛ-МУТОЙИБА ВА ТАБРИКЛАШ одоби

ҲАЗИЛ-МУТОЙИБА ОДОБИ

Инсонлар ҳаётлари давомида руҳиятларини ҳазил-мутойиба ва ширин сўзлар, қизиқарли ҳикматлар билан бойитиб борсалар, умрлари завқли, файзли бўлади. Бу сўзлар ва ҳолатлар меъёрида бўлиб, ҳаддан ошмаса, албатта кишилар қалбига манзур бўлиб, қувонч бахшида этади. Муқаддас динимиз мусулмон кишини очиқ юз, табассумли ва яхши дўст бўлишга буюради. Атрофдагилар бундай кишининг суҳбатидан мароқ олиб, рағбат ва меҳрлари зиёда бўлади. Натижада кишилар ўртасидаги ўзаро ҳурмату эҳтиром ва муҳаббат зиёдалиги муҳим омил бўлиб, жамият янада мустаҳкамланади, жипслашади, бошланган ишлар самараси ортаверади.

Бироқ ҳар бир ишнинг қонун-қоидаси бўлганидек, бу одоб турининг ҳам ўзига яраша меъёрий жиҳатлари бор. Акс ҳолда, яъни ҳазил-мутойиба қилиш ҳаддан зиёда бўлса, мазахга айланиши ёки шундай тушунилиши мумкин. Мазах қилиш эса инсон қалбини яраловчи қалтис қуролдир. Шу боис ҳазил-мутойиба қилишнинг қоидалари билан танишайлик.

 

Ҳазил-мутойибада меъёрдан ошмаслик

Анас (розияллоҳу анҳу) ривоят қилади, Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Мен ўйин ва эрмак аҳлидан эмасман”, дедилар (Имом Бухорий ривояти).

Мазах қилиш, ортиқча ҳазил мусулмонни Аллоҳ таолога ибодат қилиш, буюрган эзгу ва хайрли ишлар, яъни инсонлар ҳамда жамиятга манфаатли амаллар билан кўпроқ, бардавом машғул бўлиш, бошқаларни тарғиб этиш каби асосий амаллардан чалғитади.

Бу борада ҳам саҳобалар Пайғамбаримиздан (алайҳиссалом) тарбия олганлар. Улар ўзаро ҳазил-мутойиба қилишарди. Агар ул зот жиддийлашсалар, салобатли бўлардилар.

Имом Бухорий “Ал-адаб ал-муфрад” асарида ривоят қилади: “Пайғамбарнинг (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) асҳоблари бир-бирларига (енгил нарса) отардилар, айрим пайтларда улар жиддий қиёфага кирардилар. Кўп мазах қилиш қалбни ўлдиради, адоватни мерос қилади ҳамда кичикларни катталарга нисбатан ҳурматсизликка  ундайди”.

Умар (розияллоҳу анҳу): “Ким кўп кулса, ҳайбати камаяди ва ким кўп ҳазил қилса, уни беписанд қилади”, деди.

 

Ҳазил-мутойибада озор бермаслик

Бошқаларни хафа қилмаслик шарти билан аҳлига,  қариндошларига, дўстлари ва ака-укаларига ҳазил-мутойиба қилиш мубоҳдир.

Навбатдаги ҳадисларда Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) асҳобларини ёмонлик аломати мавжуд бўлган ҳазилдан қайтарганларини баён қиламиз. Абдуллоҳ ибн Соиб ривоят қилади: “Биродарингиз нарсасини ҳазиллашиб ҳам, жиддий ҳам олманг, ким биродарининг ҳассасини олса, бас, уни қайтарсин”, дедилар (Абу Довуд ривояти).

Абдураҳмон ибн Абу Лайло ривоят қилади: “Муҳаммаднинг (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) саҳобалари у киши билан сайрга чиқди. Йўлда улардан бири ухлади. Шунда уларнинг баъзиси унинг ёнидаги арқонни олишди. У уйғониб, арқонини йўқотганидан қўрқди. Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Мусулмон мусулмонни қўрқитиши ҳалол эмас”, дедилар” (Абу Довуд ривояти).

Хандақ ғазоти куни Зайд ибн Собит (розияллоҳу анҳу) одамлар билан бирга тупроқ ташиди. Бир маҳал у чарчаб ухлаб қолди. Шунда Аммора ибн Робеъ (розияллоҳу анҳу) ҳазил қилиб унга сездирмай аслаҳасини олиб қўйди. Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) бу ишдан қайтардилар.

Ибн Ҳиббон Омир ибн Робеъадан (розияллоҳу анҳу) ривоят қилади: “Бир киши кимнингдир оёқ кийимини ҳазиллашиб яшириб қўйди. Буни Расулуллоҳга (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) айтганларида, Ул зот: “Мусулмонни қўрқитманглар, чунки уни қўрқитиш катта зулмдир”, дедилар” (Имом Табароний ривояти).

Ҳазил баҳона бировнинг устидан кулиш, ғийбат қилиш, таҳқирлаш ва динимиз арконлари хусусида мазах қилиш, ҳурматсизлик қилиш гуноҳдир.

 

Ҳазил-мутойибада ёлғондан сақланиш

Ёлғоннинг тури кўп, барчасидан сақланиш керак. Кишилар даврасида бўлганларнинг баъзилари кулгили қиссаларни, ҳикояларни сўзлаётганида эшитаётганларни кулдириш, уларга хурсандчилик улашиш мақсадида ёлғон тўқийдилар. Шубҳасиз, шу тариқа баён этилган қисса ва ҳикоялар ёлғон, динимиз булардан қайтарган ва Пайғамбар (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) қаттиқ қоралаган амаллардандир.

Буҳз ибн Ҳаким (розияллоҳу анҳу) ривоят қилади, Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Инсонларни кулдириш учун ёлғон сўзларни айтувчига вайл бўлсин, вайл бўлсин, вайл бўлсин”, дедилар (Абу Довуд, Термизий, Насоий, Байҳақий ривояти).

Навос ибн Самъон (розияллоҳу анҳу) ривоят қилади: “Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Сенга ишонган биродарингга ёлғон гап гапиришинг катта хиёнатдир”, дедилар” (Имом Аҳмад ва Абу Довуд ривояти).

Шу ўринда ёлғоннинг кўпайиб, тарқалишига сабаб бўлаётган баъзи жиҳатлар ва сабаблар ҳақида мушоҳада қилиб ўтамиз. Одамлар орасида “1-апрел ёлғони” (алдаш куни)  номи билан кенг тарқалган ёмон одат бор. Бу  ғарб “маданият”идан кириб келган. Асрлардан буён динимиз ва халқимиз қадриятлари чамбарчас боғланиб “ёлғончи” деган номни ўзларига ор билган, бу иллатга яқин йўламаган аждодларимизнинг бугунги айрим авлодлари ўз ота-боболарининг ғурурли, номусли, иффатли урф-одатлари қолиб, кимнингдир бетайин одатларини ўзлаштириб олмоқдалар. Бунинг натижасида баъзи ёшларимиз “ёлғон гапирса бўлар экан” деган тарбияни олиб, ўз ота-оналарига, устозларига ҳам ёлғончилик қилаётганларининг гувоҳи бўлмоқдамиз. Алдов билан бировларнинг пулларини олиб мақтаниб кетаётганлар, ёлғон гаплари билан оилаларни бузаётганлар, ёлғончи туҳматчилар, ёлғон сўзлаб гувоҳлик берувчилар қаердан келмоқда? Улар ўзга юрт вакиллари эмас, ўз фарзандларимиз, ака-ука, опа-сингилларимиздир.

Бир киши бешинчи синфда ўқийдиган ўғли ҳақида гапириб беряпти: “Бир куни ўғлимдан:

– Ўғлим, ўқитувчинг ота-оналар мажлисига тез-тез чақириб турарди. Кейинги вақтларда чақирмай қўйди,  – деб сўрасам, ўғлим:

  • Дадажон, энди устозимиз чақирмайди, – деди.
  • Нимага чақирмайди устозинг, нима, биздан хафа бўлдими?
  • Хафамас. Яқинда ота-оналар йиғилиши бўлди. Сиз “Менинг вақтим йўқ”, ойим эса: “Дугоналарим билан гапим бор, боролмайман”, дедилар. Яхшиям бормабсизлар, ўша куни устозимиз ўртоғим Ботирни дадасига: “Ўғлингиз яхши ўқимайди”, дебди. Ботирни дадаси роса уришибди. Энди ҳар куни уйидан кўчага чиқмасдан, дарс қилаётган эмиш. Кейинги кун устозимиз: “Шокир, ота-онанг нимага келмади?” деб сўрадилар. Мен: “Устоз, дадам узоқ сафарга кетганлар, ҳали-бери келмайдилар. Ойимнинг мазалари йўқ, келолмайдилар”, деб жавоб бердим.

– Яхши қилибсан, ўғлим, энди бошқа безовта қилмайди, ўзи шундоғам ишларим кўп, – дедим.

Бу ота ўғлининг “гапдон”лигию, “уддабурон”лигидан хурсанд бўлиб сўзламоқда. Демак, болани ёлғон гапиргани учун рағбатлантирмоқда. Шу тахлит тарбия олиб, балоғат ёшига етган фарзандга ёлғоннинг салбий оқибатларини уқтириб кўрингчи, қанчалик уддалар экансиз бу ишни? Беҳуда уриниб, вақтингиз бекорга кетишидан бошқа нарсага кафолат йўқ. Чунки у болалигидан катта бўлгунга қадар ёлғон кирди­кор­ларининг “маза”сини тотиб, “самара”сини кўрган ва ундан завқ олиб улгурган. Энди у бу йўлда “етуклик”ка интилади, ёлғонни яшириш учун ҳеч бир жиноятдан, зулм ва ёмонликдан қайтмайди. Агар боши бир тошга урилиб ёрилгач, тўғри йўлни ихтиёр қилмаса! Кўриб турибсиз, майда-чуйдадек туюлган ёлғонларга эътиборсизлик туфайли, келажакда яхши инсон бўлиб етишиши лозим бўлган фарзанд ёмон йўлни одат қилмоқда.

Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) қиёматга қадар келадиган барча умматларига энг яхши мураббий ва муаллимдир. Фахри Коинот (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Ёлғончилар менинг умматим эмас”, дея ўзлари ва аҳли Ислом билан бундай кимсалар ўртасига парда қўйганлар. У зот ўз ўрнида, тўғри маънода, яъни ёлғон аралаштирмасдан ҳазил қилганлар. Ёлғондан мутлақо узоқ бўлганлар ва бошқаларни ҳам ростгўйликка чақирганлар.

 

Расулуллоҳнинг (алайҳиссалом) ҳазил-мутойибаларидан намуналар

Анас (розияллоҳу анҳу) ривоят қилади: “Зоҳир исмли саҳролик киши бор эди. У саҳродан ҳадялар олиб келиб, Пайғамбаримизга (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) берарди. У бўйи паст одам эди. Бир куни у мато сотиб турганида Набий (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) ёнига келдилар. Билдирмасдан Зоҳирни орқасидан маҳкам қучоқладилар. Зоҳир: “Ким, мени қўйиб юбор”, деди. Қайрилиб  қараса, Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) турибдилар. Сўнг Пайғамбаримизнинг (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) кўксиларига тегиб турган орқа елкаларини ажратмай турди. Шунда Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) “Бу қулни ким сотиб олади?”  дедилар.

– Ё Расулуллоҳ, Аллоҳга қасам, менинг бозорим чаққон эмас, – деди Зоҳир.

– Лекин Аллоҳнинг ҳузурида бозоринг чаққон, Аллоҳнинг ҳузурида сен қимматсан, – дедилар у зот. (Имом Термизий ривояти).

Авф ибн Молик Ашжаъий ривоят қилади: “Табук” ғазотида Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) ҳузурларига келдим. Ул зот теридан ясалган кичкина чодирда эдилар. У зотга салом бердим. Набий (алайҳиссалом) алик олдилар ва “Киргин” дедилар. Мен: “Ҳамма танам кирсинми?” дедим. У зот: “Ҳамманг”, дедилар (Абу Довуд ривояти).

Анас (розияллоҳу анҳу) ривоят қилади: “Бир киши келиб, Пайғамбардан (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) улов сўради. У зот: “Мен сенга туянинг боласини бераман”, дедилар.

– Ё Аллоҳнинг расули, туянинг боласини нима қила­ман?

– Туя туядан туғиладими? дедилар (Имом Термизий ва Имом Аҳмад ривояти).

Ибн Бикор Зайд ибн Асламдан ривоят қилади. Умму Айман деган аёл Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) олдиларига келиб:

– Менинг эрим сизни чақиряпти, – деди.

– У ким? Икки кўзи оқ кишими?

– Йўқ.

– Ҳа, унинг икки кўзи оқ.

– Йўқ, Аллоҳга қасам ичаман.

– Ҳар кишининг икки кўзи оқ бўлади.

Жаноб Пайғамбар (алайҳиссалом) бу ўринда кўз қорачиғи атрофидаги оқликни мақсад қилган эдилар.

Ҳасан Басрий (раҳматуллоҳи алайҳ) ривоят қилади: «Бир кампир Пайғамбар (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) ҳузурларига келиб: “Ё Аллоҳнинг Расули, Аллоҳга дуо қилинг, мени жаннатга киргизсин”, деди. Шунда: “Эй фалончининг онаси, жаннатга кампирлар кирмайди”, дедилар. Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Унга айтинглар, у кампир ҳолатда жаннатга кирмайди”, деб айтдилар» (Имом Термизий ривояти).

Аллоҳ таоло бундай дейди: «Биз уларни (ҳур қизларни) дафъатан пайдо қилдик (онадан туғилмадилар). Кейин уларни бокира қизлар қилдик. (Улар) жозибали ва тенгқурдирлар» (Воқеа, 35–37).

Юқоридаги воқеада Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) аёллар жаннатга қиз ҳолатида киради деган маънони мақсад қилиб ҳазиллашдилар.

Беназир салоҳиятли мураббийларимиз тарбия жараёнида Расулуллоҳнинг (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) самимий одоблар билангина ҳазил қилганликларини тушунтириб ва уқтириб борсалар, фарзандларимиз бундан ибрат олишади ва ҳаётлари давомида кишилар билан ўзаро яхши муомалада бўлишади.

 

ТАБРИКЛАШ ОДОБИ

Фарзанд одобини камолга етказадиган тарбиявий ишлардан яна бири керакли ўринларда самимий табриклашга одатлантиришдир. Шунда бола билан жамият ўртасида ўзаро дўстлик, қадрдонлик, меҳру муҳаббат зиёда бўлади. Табриклашнинг турли шакллари бор. Аввало, мураббийлар фарзанднинг руҳиятини кўтариш мақсадида кичкина ютуғи билан ҳам табриклаб, муносиб баҳолаши керак. Байрамлар ва шунга ўхшаш саодатли кунларида табриклаш айни муддаодир. Бундай эътибор, самимий тилаклар уларнинг хотираларида муҳрланиб қолади. Зеро, айтган гапига аввал ўзи амал қилиб ибрат кўрсатиш тарбиянинг таъсирчан, самарали усулидир. Бу борадаги бир ибратли воқеа билан танишамиз.

Абу Ҳанифа (раҳматуллоҳи алайҳ) ҳузурларига бир киши ўз фарзандини олиб келиб: «Ҳазрат, шу ўғлимга бир насиҳат қилсангиз, кун бўйи асал егани еган. Тугаб қолса, “Олиб келинг” деб жанжал қилиб, ҳоли жонимга қўймайди. Онаси иккаламиз қанча панду насиҳат қилмайлик, ҳеч кор этмаяпти”, дея шикоят қилди. Имоми Аъзам (раҳматуллоҳи алайҳ) бир оз ўйланиб туриб: “Фарзандингизни бир ойдан кейин олиб келинг”, деди. Ҳалиги киши бир ойдан кейин яна Имоми Аъзам (раҳматуллоҳи алайҳ) ҳузурларига келди. Шунда Имоми Аъзам (раҳматуллоҳи алайҳ) унинг ўғлини ёнларига ўтқизиб, бошини силадилар-да: “Ўғлим, эсли-ҳушли бола экансан, асалнинг кўпи ҳам зарар, шунинг учун ота-онангга қулоқ солиб, рухсат беришган вақтдагина егин, хўпми?” деди. Бола эса: “Хўп бўлади”, деб жавоб берди. Шунда боланинг отаси:

– Тақсир, бир нарса сўрасам? – деди.

– Марҳамат.

– Шу бир оғиз насиҳатингизни ўтган ой келганимизда айтсангиз бўлмасмиди? Бир ой куттирмоқдан муддао нима?

– Сизлар келган куни эрталаб асал еган эдим. Асалнинг қуввати ва таъсирини ҳали яхши билмай туриб, “Асал ема”, деб насиҳат қилишдан тийилдим, чунки сўзимнинг таъсири бўлмай қолиши мумкин эди. Шу боис сизларни қайтариб юборгач, бир ой давомида ўзимни асал емоқдан тийдим. Иншааллоҳ, фарзандингизга бу насиҳат энди фойда беради», – дея жавоб бердилар.

Бу сабоқ ва ўрнак катта амалий бир дастурдир.

Мусулмон киши ҳаёти давомида ҳар қандай солиҳ амал бажарса, унинг самарасини бу дунёда ҳам олади. Албатта, Аллоҳ ҳузурида улуғ савобларга мушарраф бўлади.

Кишиларни табриклаш ва уларнинг қалбига хурсандчилик етказиш Ислом динимиз назарида энг катта қурбат, яъни Аллоҳга яқин қилувчи ва фарз амаллардан кейин турадиган, Аллоҳга севимли бўлган амаллардандир. Бундай амаллар гуноҳлар кечирилишига сабаб бўлади ва жаннатга йўл очади. Ушбу улуғ неъматлар, савоблар ҳақида башорат берилган муборак ҳадиси шарифларни ўқиб ўрганар экансан, беихтиёр бутун вужудинг ила эзгулик қилиб, кишилар қалбини қувончга тўлдиргинг келади.

Анас (розияллоҳу анҳу) ривоят қилади: “Ким биродарига уни хурсанд қилиш учун яхши кўрган нарсасини берса, Аллоҳ таоло қиёмат куни уни мамнун қилади”, дедилар (Имом Табароний ривояти).

رَوَى الطَّبَرَانِي فِي (الْكَبِيرِ) عَنِ الْحَسَنِ بْنِ عَلِيٍّ رَضِيَ اللهُ عَنْهُمَا عَنِ النَّبِيِّ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ قَالَ: إِنَّ من مُوجِبَاتِ الْمَغْفِرَةِ إِدْخَالُ السُّرُورِ عَلَى أَخِيكَ المُسْلِمِ

Имом Табароний Ҳасан ибн Алидан (розияллоҳу анҳу) ривоят қилади, Набий (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Мусулмон биродарингга хурсандчилик улашиш гуноҳлар кечирилишини вожиб қиладиган амаллардандир”, дедилар.

رَوَى الطَّبَرَانِي فِي (الْأَوْسَطِ وَالْكَبِيرِ) عَنْ ابْنِ عَبَّاسٍ رَضِيَ اللهُ عَنْهُمَا أنَّ النَّبِيِّ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ قَالَ: إِنَّ أَحَبَّ الْأَعْمَالِ إِلَى اللهِ تَعَالَى بَعْدَ الْفَرَائِضِ إِدْخَالُ السُّرُورِ عَلَى الْمُسْلِمِ

Имом Табароний Ибн Аббосдан (розияллоҳу анҳу) ривоят қилади, Набий (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Фарзлардан сўнг Аллоҳ таолога маҳбуб амаллар мусулмонга хурсандчилик улашишдир”, дедилар.

Ойша (розияллоҳу анҳо) ривоят қилади: “Ким мусулмонларнинг (аҳли байтига) қалбларини хурсандчилик ила тўлдирса, Аллоҳ унга жаннатдан ўзга мукофот беришга рози бўлмайди”, дедилар (Имом Табароний ривояти).

 

Табриклашда хурсандчилик ва эътибор қилиш

Каъб ибн Молик (розияллоҳу анҳу) қиссасида келтирилади: Каъб ибн Молик: «Баланд овозда “Эй Каъб ибн Молик, табриклайман”, деяётган овозларни эшитдим. Одамлар мени табрикладилар. Мен Расулуллоҳни (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) кўришни истаб чиқдим. Одамлар гуруҳ-гуруҳ бўлиб келиб, мени тавбамнинг қабул бўлгани билан табриклардилар. “Аллоҳ тавбангни қабул қилгани билан табриклаймиз”, дейишди. Шунда масжидга кирдим, Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) атрофларида одамлар ўти­ришарди. Талҳа ибн Убайдуллоҳ туриб келди ва мени қучоқлаб табриклади» (Имом Бухорий ва Имом Муслим ривояти).

Каъб ибн Молик айтади: «Расулуллоҳга (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) салом бердим, ул зотнинг юзлари хурсандчиликдан порлади ва менга: “Онанг сени дунёга келтирган кунидан ҳозиргача бўлган кунларнинг энг яхши куни – тавбанг қабул бўлган кун билан табриклайман”, дедилар».

Суннати Набавий бизни гўзал табрик ва чиройли дуо сўзларидан фойдаланишга буюради. Мусулмон киши уни пухта ўрганиши ва муносиб вақтда айтиши лозим.

 

Фарзандли бўлган кишини табриклаш

 Янги фарзандли бўлган кишига қуйидаги дуони айтиш мустаҳабдир: “Барик лака бил мавҳуб ва балағо ашуддаҳу”.

Табрик қабул қилувчи эса: “Баракаллоҳу лака ва барака аълайка ва розақокаллоҳу мислаҳу”, дейди.

 

Сафардан қайтган кишини қутлаш

Сафардан қайтган кишига салафлар ривоят қилган ушбу қутлов сўзи айтилади: “Алҳамду лиллаҳиллази саламака ва жамаъа ашшамла бика ва акромака”.

 

Ҳаждан келган кишини қутлаш

Ҳаждан келган кишига: “Қобилаллоҳу ҳажжак ва ғофаро занбак ва ахлафа нафақотак”, дейиш мустаҳаб.

Ибн Умар (розияллоҳу анҳу) ривоят қилади: «Бир йигит Пайғамбар (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) ҳузурларига келиб: “Ҳаж қилмоқчиман”, деди. Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) у билан юриб: “Эй йигит, Аллоҳ тақвони сенга зийнат қилсин ва сени яхшиликка юзлантирсин, ғам-андуҳни кетказсин”, дедилар. Йигит ҳаждан келганида, Пайғамбар (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Эй йигит, “Қобилаллоҳу ҳажжак ва ғофаро занбак ва ахлафа нафақотак” (маъноси: Аллоҳ ҳаж ибодатингни қабул қилсин ва гуноҳингни авф қилсин ва нафақангни қайтиб берсин), дедилар» (Ибн Сунний ривояти).

 

Никоҳни қутлаш

Никоҳдан сўнг келин-куёвнинг ҳар бирига қуйидаги  дуони айтиш мустаҳаб: “Барокаллоҳу лака ва барока алайка ва жамаъа байнакума фи хойрин”.

Яъни: “Аллоҳ баракотлар берсин ва уни сенга баракотли қилсин ва ораларингизни яхшиликда бирлаштирсин”.

Абу Ҳурайра (розияллоҳу анҳу) ривоят қилади: «Пайғамбар (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) агар бирон киши уйланса, унга: “Барокаллоҳу лака ва барока алайка ва жамаъа байнакума фи хойрин”, деб айтардилар» (Абу Довуд ва Термизий ривояти).

رَوَى أَحْمَدُ وَالنَّسَائِي عَنْ عُقَيلِ بْنِ أَبِي طَالِبٍ أَنَّهُ تَزَوَّجَ إِمْرَأةً من بَنى جَشْمٍ فَدَخَلَ القَوم عَلَيْهِ فَقَالُوا: بِالرِّفَاءِ وَالْبَنِينَ، فَقَالَ: لاَ تَفْعَلُوا ذَلِكَ ، فإِنَّ رَسُولَ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ نَهَى عَنْ ذَلِكَ قَالُوا: فَمَا نَقُولُ يَا أَبَا زَيْدٍ؟ قَالَ: قُولُوا: بَارَكَ اللهُ لَكُمْ وَبَارَكَ عَلَيْكُمْ. (إِنَّا كَذَلِكَ كنا نُؤْمَرُ.)

Имом Аҳмад ва Насоий Уқайл ибн Абу Толибдан ривоят қилади: «Уқайл ибн Абу Толиб Жашм қабиласидан бир аёлга уйланди. Одамлар унинг олдига кириб “Бахт ва ўғиллар тилаймиз”, дедилар. Шунда: “Бундай деманглар, чунки Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) бундан қайтарганлар”. “Эй Абу Зайд, унда нима деймиз?” дедилар. “Барокаллоҳу лакум ва барока алайкум, денглар. Бизга шу буюрилган эди”, деди».

Али ибн Абу Толиб Пайғамбаримизнинг (алайҳиссалом) қизлари Фотимага (розияллоҳу анҳо) уйланишдек бахтга мушарраф бўлиш олдидан, тўй тадориги билан сарфу харажатлар учун совутини сотмоқчи бўлиб бозорга борди. У жойда ҳазрат Усмонни учратиб қолди. Ҳазрат Али уйланиш ва маҳр учун совутини сотишга келганини айтди. Ҳазрат Усмон унга тўрт юз саксон дирҳам бериб совутни сотиб олди. Кейин эса яна совутни ҳазрат Алининг қўлига тутқазиб: “Эй Али, Аллоҳ йўлида хизмат қилишинг учун ушбу совутни мендан тўй совғаси сифатида қабул қил”, деб уни ҳадя қилди.

Усмон ибн Аффон (розияллоҳу анҳу) ана шундай ўткир фасоҳатли инсон эдилар. Бу қадар олийҳимматлик ила Алига (розияллоҳу анҳу) бир вақтнинг ўзида керакли маблағни бердилар, яна тўй ҳадяси сифатида Алининг (розияллоҳу анҳу) ўзига жуда ҳам керак бўлган, бироқ зарурият юзасидангина сотган қимматбаҳо совутларини қайтариб бердилар. Ҳазрат Усмон (розияллоҳу анҳу) шу қадар юксак фаҳму фаросат билан тадбир қўллади, натижада Али (розияллоҳу анҳу) катта қувонч билан ортларига қайтдилар. Ҳазрат Усмон: “Мен сенга қарз бериб тураман, совутни сотма” ёки “Совут жангда керак бўлади, мана бу пул сенга тўёна” деганида ҳам бўларди, аммо бундай вазиятда Али (розияллоҳу анҳу) гарчи хафа бўлмаса-да, бундан хурсанд бўлмаслиги аниқ эди. Бу ибрат олишимиз лозим бўлган олий сифатлардан биридир. Демак, никоҳ тўйи бўлаётган кишини нафақат оғзаки табриклаш, балки унга совға тақдим қилиш ҳам яхшидир.

 

Байрам билан табриклаш

Ҳайит намозидан сўнг: “Тақоббалаллоҳу минна ва минка” (маъноси: Аллоҳ биздан ва сиздан ибодатларимизни қабул қилсин), дейиш мустаҳабдир.

Ҳайит куни Холид Ибн Маъдон Васила ибн Ақъа билан учрашиб қолди. Шунда Холид: “Тақоббалаллоҳу минна ва минка”, деди. Бу Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) айтиб юрган дуодир.

Икки ҳайит байрамида кишилар бир-бирларини қутлашлари ва бир-бирларига хурсандчилик улашишлари лозимлиги кўп нодир манбаларда ёзилган. Замонамиз, хусусан, диёримиз уламолари бу ҳақда ўзларининг китобларида ҳам жуда кўп мушоҳада қилганларига қарамасдан, ийд кунлари ҳали-ҳануз юртимизнинг кўп жойларида одат тусига кириб қолган аза маросимларини ўтказиш давом этяпти. Ваҳоланки, динимизда ушбу кунлар байрам сифатида нишонланиши ҳамиша таъкидланган. Муҳтарам Юртбошимиз томонидан диёримизда Рамазон ва Қурбон ҳайити биринчи кунлари байрам сифатида кенг нишонланиши учун дам олиш кунлари деб эълон қилинган. Яқин ўтмишда ҳам ота-боболаримиз учун бундай кунлар армон эди. Яратганга шукр, истиқлол туфайли бу саодатли кунлар қадрига етиб, улуғ айёмларимизни муносиб қарши олмоқдамиз.

 

Яхшилик қилган кишини қутлаш

Яхшилик қилган кишига “Барокаллоҳу лака фи аҳлик ва малика ва жазакаллоҳу хойрон” (маъноси: Аллоҳ сени, аҳлингни ва молингни марҳаматига сазовор қилсин ҳамда сенга яхши мукофотлар берсин), дейиш мустаҳабдир.

Абдуллоҳ ибн Абу Робиъа (розияллоҳу анҳу) ривоят қилади: “Пайғамбар (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) мендан қарз сўрадилар. Бир муддатдан кейин уни қайтардилар ва: “Боракаллоҳу лака фи аҳлика ва малика”, - дедилар” (Имом Насоий ва Ибн Можа ривоятлари).

رَوَى التِّرْمِذِيُّ عَنْ أُسَامَةَ بْنِ زَيْدٍ رَضِيَ اللهُ عَنْهُمَا عَنْ رَسُولِ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وسَلَّمَ قَالَ: مَنْ صُنِعَ إِلَيْهِ مَعْرُوفٌ فَقَالَ لِفَاعِلِهِ: جَزَاكَ اللهُ خَيْرًا فَقَدْ بَلَغَ فِي الثَّنَاءِ

Имом Термизий Усома ибн Зайддан (розияллоҳу анҳу) ривоят қилади: «Кимга яхшилик қилинса, қилувчига “Жазакаллоҳу хойрон” (Аллоҳ яхши мукофот берсин) дейилса, батаҳқиқ, мақтовда етук қилибди», дедилар.

Табрикловчи ва табрикланувчи масур дуоларни айтишни одат қилиши афзалдир.

 

Табриклаш чоғи совға бериш мустаҳабдир

Янги фарзанд туғилган хонадон аҳлига ва сафардан қайтган кишига, шунингдек, висол кечасига кирувчига совға бериш мустаҳабдир.

Ойша (розияллоҳу анҳо) ривоят қилади: “Эй мўминларнинг аёллари, ўзаро совға улашинглар, ҳатто қўйнинг бир оёғини бўлса ҳам. Чунки у дўстликни пайдо қилади ва гиналарни кетказади”, дедилар (Имом Табароний ривояти).

رَوَى الْبُخَارِىُّ فِي (الْأدَبِ الْمُفْرَدِ) عَنْ أَبِي  هُرَيْرَةَ مَرْفُوعًا: تَهَادَوْا فإِنَّ الْهَدِيَّةَ تُذْهِبُ وَحْرَ الصَّدْرِ (وحر الصدر: غِشُّهُ وَحِقْدُهُ)

Имом Бухорий “Ал-адаб ал-муфрад” асарида Абу Ҳурайрадан (розияллоҳу анҳу) ривоят қилади: “Ўзаро совға улашинглар, чунки у қалбдаги нафратни кетказади”, дедилар.

Ойша (розияллоҳу анҳо) ривоят қилади: “Ўзаро ҳадя улашинглар, ўзаро муҳаббатли бўласизлар”, дедилар (Имом Табароний ривояти).

Бу ҳадисларда кишилар ўртасидаги ўзаро совға улашишнинг фазилатлари таъкидланган. Айниқса, муайян бир хурсандчилик айёмларида, байрам ёки бирор-бир ёдда қоладиган кунларда совғалар улашиш турмушга янада файз ва кўтаринки руҳ бахш этади.

Ҳадя улашишлар кишиларни, хусусан, қариндош-уруғларни бир-бирларига янада жипслаштириб, ўзаро ҳурмату эҳтиром, меҳру муҳаббатлари зиёда бўлишида катта аҳамият касб этиши муқаррардир. Шу билан бирга, орага тушиб қолган хижиллик, гина, адоват барҳам топишига ёрдам беради.

 

КЕЙИНГИ МАВЗУЛАР:

КАСАЛ КЎРИШ ОДОБИ:

Касални ўз вақтида кўриш;

Касалнинг ҳолига қараб ёнида ўтириш ёки тезда туриш;

Касални дуо қилиш;

Оғриётган жойига қўлни қўйиб дуо қилишни эслатиш;

Касал ҳақида унинг аҳлидан сўраш мустаҳаб;

Касалнинг бош томонида ўтириш мустаҳаб;

Узоқ умр кўриши ва соғайиб кетишини айтиб касални хушнуд этиш;

Касал ҳолини сўраш;

Касалнинг одоби;

Касал кўрувчи касалдан дуо қилишини сўраши мустаҳаб;

Касал ўлим тўшагида ётган бўлса “Ла илаҳа иллаллоҳ”ни эслатиш;

Read 3867 times
Top