Кутубхона

Оилада фарзанд тарбияси: АҚЛИЙ ТАРБИЯ МАСЪУЛИЯТИ (давоми)

Қўрқув

Бу каттаю кичик, эркагу аёлда мавжуд бўлган руҳий ҳолатдир. Агар у болаларда меъёрида бўлса, ижобий баҳоланади, чунки болани ҳар хил фалокатлардан ўзини эҳтиёт қилишга ва хавф-хатардан омонда бўлишига ундайди.

Ўзини сабабсиз айбдор ҳис қилиш. Болаларда учрайдиган руҳий ҳолат бўлиб, у туғма ҳамда касаллик, нотўғри тарбия ёки оиладаги баъзи муаммолар оқибати бўлиши мумкин. Бундай ҳолат боланинг жамиятдан ажраб, боши берк кўчаларга кириб қолишига сабаб бўлади.

Агар биз болада учрайдиган барча салбий ҳолатларнинг сабаблари ва исломий ечимларини ўрганадиган бўлсак, ушбу руҳий муаммони алоҳида тафсилоти билан кўриб чиқишимиз керак бўлади. Бола ўзини айбли ҳис қилишига олиб келадиган омиллар асосан қуйидагилардир:

Таҳқирлаш.

Ортиқча эркалаш.

Болаларнинг биридан иккинчисини устун қўйиш.

Тана аъзоларидаги нуқсонлар.

Етимлик.

Камбағаллик.

Ҳақорат қилиш, таҳқирлаш болани руҳий хасталикка олиб келадиган, ўзига ишончини йўқотадиган сабаблардандир. Кўпинча болалар бирон ножўя иш қилиб қўйсалар, ота-оналари уларни қаттиқ койишади. Албатта, бола ўша ишни атайлаб эмас, билмасдан, ҳаётий тажрибанинг йўқлигидан қилиб қўяди. Баъзан мажбур бўлади ҳам. Ота-онасидан қўрққанидан, танбеҳ эшитмаслик учун ёлғон ҳам гапириб юборади. Шунда ота-она: “Сен ёлғончисан, икки дунёда ҳам одам бўлмайсан”, деб яна уришади. Аслида, боланинг ёлғон гапиришига, айбини бўйнига олмаслигига катталарнинг ўзи сабабчи бўляпти. Халқимизда “сен” ҳам, “сиз” ҳам бир оғиздан чиқади, деган нақл бор. Бола ҳадеб “сен”ланаверса, силтанаверса, қўрс, “ичимдагини топ” бўлиб қолади.

Болаларни, айниқса, ака-укалари, тенгдошлари, таниш-билишлар, қариндошлари олдида уялтирмаслик, койимаслик керак. Бу ҳол болани ўзига паст назар билан, бошқаларга эса адоват ва ҳасад билан қарайдиган қилиб қўяди.

Ҳазрат Умар (розияллоҳу анҳу) даврида бундай воқеа бўлади:

Ҳазрат Умар (розияллоҳу анҳу) олдиларига бир ота ўғлининг тарбиясидан шикоят қилиб келди. Шунда Умар (розияллоҳу анҳу) ўғилни чақиртириб, отасининг ҳақини поймол қилаётгани ва унга итоатсизлиги учун койиди. Шунда бола:

– Эй мўминлар амири, отанинг зиммасида боланинг ҳақлари ҳам борми? – деб сўради.

Умар (розияллоҳу анҳу):

– Ҳа, бор, – деди.

– Улар нималар, эй мўминлар амири? – деб сўради йигит.

– Болага яхши она танлаш, унга чиройли исм қўйиш ва Қуръондан таълим бериш.

Буни эшитиб, йигит ҳазрат Умарга (розияллоҳу анҳу) деди:

– Эй мўминлар амири, отам буларнинг бирортасини ҳам қилмаган. Онам бир мажусийнинг қора танли чўриси бўлган, менга Жуъал (яъни, гўнг ейдиган қўнғиз) деб исм қўйган, Қуръондан бирор ҳарф ўргатмаган.

Шунда Умар (розияллоҳу анҳу) отага қараб: “Сен болангнинг сенга оқ бўлаётганидан шикоят қилиб келибсан-у, лекин у сенга оқ бўлишидан олдин сен унга оқ бўлган экансан, у сенга ёмонлик қилишидан илгари сен унга ёмонлик қилган экансан”, деди. Бу қанчалик ибратли ҳикоят! Ота-она боласида бирон-бир қусур кўрса, сабабини аввало ўзидан қидирсин. Боладаги яхши хулқ ҳам, ёмон хулқ ҳам ота-онаси хислатларининг акс-садоси ҳисобланади. Бола бир кўзгудир, унинг хулқига қараб, ота-онасига баҳо берилади. Бола ширин гапнинг гадоси, яхши гап билан илон инидан чиқибди, дейдилар. Яхши тарбия ҳалимлик ва сабр-тоқат мевасидир.

Имом Аҳмад яхши иснод билан Абу Умомадан ривоят қилишича, бир йигит Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) ҳузурларига келиб: “Ё Расулуллоҳ, менинг зино қилишимга рухсат берасизми?” деди. Буни эшитган саҳобалар бақириб юборишди. Шунда Пайғамбар (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Уни менга яқин келтиринглар... Менга яқин кел,” дедилар. У йигит Расулуллоҳнинг (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) олдиларига келиб ўтирди. Расулуллоҳ унга: “Онанг учун ҳам мана шу ишни ёқтирасанми?” дедилар. У йигит: “Ё Расулуллоҳ, Аллоҳ мени сизга фидо қилсин, асло йўқ,” деди. Шунда Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Инсонларнинг барчаси шундайдир, бундай жирканч ишни оналари учун раво кўрмайдилар. Қизинг учун-чи?” дедилар. Йигит (яна): “Аллоҳ мени сизга фидо қилсин, йўқ”, деди. Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Буни бошқа инсонлар ҳам қизларига раво кўришмайди. Синглингга раво кўрасанми?” дедилар. Йигит: “Аллоҳ мени сизга фидо қилсин, йўқ,” деди. Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “(Бошқа) инсонлар ҳам шундайдир, опа-сингиллари учун буни раво кўришмайди...” Шу аснода Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) у йигитга аммаси ва холасини зикр қилдилар. Йигит эса, барчаси хусусида “Аллоҳ мени сизга фидо қилсин, йўқ”, деб жавоб берди. Шунда Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) унинг кўкрагига муборак қўлларини қўйдилар-да: “Ё Аллоҳ, бунинг қалбини покла, гуноҳини мағфират қил ва фаржини (зинодан) сақлагин,” деб дуо қилдилар. Шунда у йигит Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) ҳузурларидан зинодан кўра жирканчлироқ нарса йўқлигини англаб чиқиб кетди.

 

Расулуллоҳнинг (алайҳиссалом) меҳрибонлик ва мулойимлик борасидаги васиятларидан:

Имом Бухорий ва Имом Муслим Ойшадан (розияллоҳу анҳо) ривоят қиладилар. Ойша (розияллоҳу анҳо) айтдилар: “Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам), албатта, Аллоҳ таоло рафиқ – меҳрибондир, барча ишларда меҳрибонликни яхши кўради, дедилар”.

Имом Муслим Жарир ибн Абдуллоҳдан ривоят қилади. Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Ким меҳрибонликдан маҳрум бўлган бўлса, барча яхшиликлардан маҳрум бўлибди”, дедилар.

Хулоса қилиб айтишимиз мумкин, болани таҳқирлаш ва доимий равишда жеркиш уни руҳан майиб қилиб қўяди. Болага танбеҳ бериш зарур бўлиб қолганида, насиҳат билан уни тартибга чақириш зарур.

Болани ҳаддан зиёд эркалаш ҳам яхши эмас. Эрка бола ожиз ва нотавон бўлиб ўсади. Мақтов ва лаганбардорликка мойил бўлади, танқидни кўтара олмайди. Кўп нарсаларга шубҳа билан қараб, воқеа-ҳодисаларга холис баҳо беролмай, қийналади. Ўзини бошқалардан орқада қолаётгандек ҳис қилади. Интилувчан ва шижоатли одамлар олдида довдирайди, ўзини бир жойда қотиб қолгандек ҳис қилади.

Демак, бола тарбиясида ҳалим, ширинсўз бўлишнинг ҳам чегараси бор, эркалаш, талтайтириш даражасига ўтиб кетмаслиги зарур. Зеро, ҳамма нарса меъёрида бўлса, яхши натижалар беради.

Айниқса, эркалатишни айрим оналар ҳаддан ошириб юборадилар. Улар ширанинг ози яхши, кўпи заҳарга айланишини эсдан чиқариб қўядилар. Бундай ҳолни узоқ вақт фарзанд кўрмай юриб, болали бўлган ёки ёлғиз фарзандли оилаларда кўп учратиш мумкин. Тарбия оилада боланинг оз ёки кўплигига боғлиқ бўлмайди. Битта болага ҳам, ўнта болага ҳам рисоладагидек тарбия бериш лозим. Тарбиянинг юки ҳаммага бирдай. Масъулияти оғир ва юксак.

Болаларни ҳар хил кўнгилсизликлардан асраш ҳам катталарнинг бурчидир.

Доктор Ғабранинг болалар орасида юз бериши мумкин бўлган айрим кўнгилсиз ҳодисаларнинг олдини олишга қаратилган маслаҳатларидан баъзиларини таклиф этамиз:

– Оилада заҳарли кимёвий нарсаларнинг номини идиши устига ёзиб, қулфланадиган жойда сақланг ва калитларни ишончли жойга беркитинг. Уларни омборхона ва таом сақланадиган жойларга қўйманг. Гап ҳашаротларни йўқотиш учун ишлатиладиган заҳарли дорилар ҳақида бораётганини тушунгандирсиз.

– Дори-дармонларни ҳам болаларнинг қўллари етадиган жойларга қўйманг. Чунки дори ичишга ўрганиб қолган болалар бир ери оғриса, ҳар қандай дорини ичсам тузалиб қоламан, деб ўйлашлари мумкин. Болага дорини қандайдир ширин ичимлик деб эмас, балки дори эканини аниқ айтиб бериш керак.

– Болаларни саломатлиги учун хавфли бўлган сув иситадиган, овқат пиширадиган, дазмол, гугурт каби воситалардан узоқроқ тутинг. Шу билан бирга, соғлик учун хавфли анжомлардан эҳтиёт бўлишни тушунтириш зарур. Эътиборсизлик туфайли бир йилда қанчадан-қанча болалар ногирон бўлиб қолмоқда. Гугурт ўйнаш натижасида ёнғин чиқиб, нобуд бўлишяпти. Электр токи уриб, ҳаётдан кўз юмишяпти.

– Игна, санчқи, қайчи каби асбоблар ҳам бола кўзидан нари бўлиши лозим.

– Болалар орасида данак, тугмага ўхшаган нарсаларни отиб, оғизда илиб олиш ўйини пайдо бўлган. Биринчидан, ўша нарса томоққа кетиб қолиши мумкин. Иккинчидан, оғиздан чиққан нарсани қайтиб яна оғизга олиб бўлмаслигини болага тушунтириш керак. Шунингдек, овқатланган пайтда кўп гапирмасликка ўргатинг, акс ҳолда овқат нафас йўлига кетиб, оғир оқибатларга олиб боришини айтинг.

– Айрим ёш оналар чақалоқларини ёнларига олиб эмизганча ухлаб қолишади. Гўдакнинг нафас йўлини кўкраги билан тўсиб, бўғилиб қолишига сабаб бўлишади. Бола алоҳида ўз жойида ухлаши керак.

– Болаларни юқори қаватли уйларнинг осма айвонлари, деразаларидан йиқилишдан асранг!

– Кир ювиш, гўшт майдалагич, шарбат сиқиш машиналарини ишлатишда эҳтиёт бўлинг. Эътиборсизлик натижасида болалар уларга бармоқларини тиқиб олиб, ногирон бўлиб қоляптилар.

– Болали уйда дарвоза ва эшиклар доим ёпиқ туриши керак. Чунки кичкинтой эмаклаб ҳовлига чиқиши, чуқурга, ариққа тушиб кетиши мумкин. Ҳатто, болалар ҳожатхонага, кир ўрага тушиб кетган ҳоллар ҳам бўлган.

– Болали уй эшигини ёпишда, очишда ҳушёр бўлиш зарур: бола эшик тирқишига қўлини қўйиб ўйнаётган бўлиши мумкин.

– Шунингдек, ҳар бир рўзғорда бўладиган арра, болта, болға, омбир, мих ва шунга ўхшаган тиғли нарсаларни эҳтиётлаб сақлаш, бола эсини таний бошлаганида улардан фойдаланиш йўлларини ўргатиб бориш зарур. 

Зикр қилинган тавсиялар ҳар куни керак бўладиган, жиддий эътибор қилинадиган ҳолатлардир. Ота-оналар, боғча мураббийлари ва муаллимлар буларга риоя қилишса, келажагимиз бўлган ёш авлод вакиллари соғ, бақувват вояга етадилар, иншааллоҳ.

Бугунги кунда юртимизда тинчлик, хотиржамлик, қут ва баракалилик ҳукм сурар экан, бу – тўғри йўлга қўйилган таълим-тарбиянинг маълум даражада мевасидир. Буни бардавом қилиш яна ота-оналар, тарбиячилар зиммасидадир.

Болага насиҳатнинг ўзи етарли бўлса, унга танбеҳ беришнинг кераги йўқ. Агарда танбеҳ бериш билан бола тузаладиган бўлса, уни калтаклашга ҳожат йўқ. Лекин унисиям, бунисиям самара бермаса, унда бадани кўкармайдиган даражада уриб, пўписа қилиб қўйиш керак.

Тарбияда Пайғамбаримизнинг (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) “Ҳар бирингиз раҳбарсиз ва ҳар бирингиз қўл остингиздагиларга масъулсиз”, деган ҳадисларига риоя қилмоқ зарур.

Ҳар сонияда Пайғамбаримизнинг (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) суннатларига эргашиш лозим. Чун­ки Аллоҳ таоло у зотни энг чиройли, Қуръон хулқи эгаси қилиб қўйган.

Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) оталарни фарзандлари ўртасида адолат ўрнатишга буюрдилар. Имом Табароний ва бошқалар ривоят қилган ҳадисда Пайғамбар (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Совға беришда фарзандларингизни тенг кўринг”, деганлар. Ибн Ҳиббон ривоят қилган ҳадисда Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Боласининг яхши ишида кўмаклашган отага Аллоҳнинг раҳмати бўлсин”, деганлар.

Имом Бухорий ва Муслим Нўъмон ибн Баширдан (розияллоҳу анҳу) ривоят қилишича, у зотни отаси Башир Расулуллоҳнинг (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) ҳузурларига олиб бориб: “Мен ушбу ўғлимга қулларимдан бирини совға қилиб бердим”, деди. Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Барча болаларингга шу каби совға берганмисан?” дедилар. “Йўқ”, деди у. Шунда Пайғамбар (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Уни қайтариб ол”, дедилар. Бошқа бир ривоятда: “Бу ишингни бошқа болаларингга ҳам қилганмисан?” дедилар. “Йўқ”, деган жавобдан кейин Пайғамбар (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Аллоҳдан қўрқинглар ва фарзандларингиз орасида адолат қилинглар”, дедилар. Нўъмон айтади: “Шундан сўнг отам уйга келиб, берган нарсасини қайтариб олди”. Яна бошқа бир ривоятда эса, Пайғамбар (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Эй Башир, бундан бошқа ҳам фарзандинг борми?” дедилар. “Ҳа”, деди у. Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам), “Уларнинг барчасига шу каби ҳадя берганмисан?” дедилар. “Йўқ”, деди у. “Ундай бўлса, мен бундай зулмга гувоҳ бўлолмайман”, дедилар.

Анас (розияллоҳу анҳу) ривоят қилган ҳадисда келишича, Пайғамбарнинг (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) ҳузурларида бир киши ўтирган эди. Унинг ўғли келиб қолди. Ота ўғлининг юзларидан ўпиб, тиззасига ўтқазди. Шундан сўнг қизи келиб қолди. Уни олди тарафига ўтқазди. Шунда Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Иккаласини тенг кўрсанг бўларди”, дедилар.       

Пайғамбаримизнинг (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) юқоридаги кўрсатмаларидан фарзандлар ўртасида адолат ва тенглик ўрнатиш мезонлари ўрганилади. Ота-она ушбу мезонларга амал қилиш билангина фарзандларини тарбия қилиш асносида ўзларини жабру зулмдан сақлаб қоладилар.

Боладаги жисмоний нуқсонлар ҳам уни руҳий тушкунликка солиб қўйиши аниқ. Бундай бола одатда ўзини ожиз ҳис қилади ва унда норозилик кучли бўлади. Ота-она, ака-ука, опа-сингиллар, қўни-қўшнилар ва қариндош-уруғлар унга нисбатан меҳр-шафқатли, очиқ юзли бўлишлари лозим. Зеро, Имом Термизий ва Абу Довуд ривоят қилган ҳадисда Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Раҳмон бўлган Зот раҳмлиларга раҳм қилади. Ер юзидагиларга раҳм-шафқат қилинглар, шундагина Олий зот сизларга ҳам раҳм қилади”, деганлар.

Етимлик ҳам болалар руҳиятига қаттиқ таъсир қиладиган ҳолатлардандир.

Ислом дини етимларга алоҳида эътибор билан қарайди, уларни жамиятнинг фаол аъзоларига айлантиришда меҳр ва оқибатни биринчи ўринга қўяди. Қуръони каримда етимларга ғазаб қилмаслик ҳақида бундай дейилади:

فَأَمَّا ٱلۡيَتِيمَ فَلَا تَقۡهَرۡ٩

Яъни, «Бас, энди Сиз (ҳам) етимга қаҳр қилманг!» (Зуҳо, 9).

Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) ҳам одамларни етимларни ўз кафолатларига олишга ундаганлар. Жумладан, Имом Термизий ривоят қилган ҳадисда: Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) “Етимни қарамоғига олган одам мен билан жаннатда шундай  бўлади”, деб икки бармоқларини бир қилиб кўрсатганлар.

 

Камбағаллик

Бу омил боланинг ўзгалардан ажралиб қолишидаги энг катта сабаблардандир. Кўзини очиб ота-онасини оғир аҳволда ва оиласини танглик, сиқилган ҳолда кўравериш унинг одамовилигини, кўпчиликдан бегоналашувини кучайтиради. У яқинлари ёки қўшни болалар, мактабдаги дўстлари олдида ўзининг етишмовчилигидан, доимий ғамгин ҳолатидан ич-ичдан эзилади. Ўзини яширгани жой тополмай юради ёки аксинча, “омади” чопганларга нисбатан ғаразини очиқ намойиш қилиш пайида бўлади. Агар оиладаги вазият шундай давом этаверса, бу ҳолдаги боланинг руҳан етук бўлиб улғайишини кутиш, албатта, қийин. Шубҳасиз, у жамиятга нафрат ва ғазаб кўзи билан қарайди. Шу тариқа шаклланган феъл-атвор оқибатида эзгу орзу-ниятларидан умид узиб, яхши ўй-хаёлларини ёмон ғаразларга алмаштиради.

Аҳмад ибн Муниъ ва Байҳақий ривоят қилган ҳадисда келганидай, Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) дуоларида ҳамма вақт камбағалликдан паноҳ тилаганлар. Насоий ва Ибн Ҳиббон Абу Саид  Худрийдан (розияллоҳу анҳу) ривоят қилишларича, у зот (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Ё Парвардигорим, мен сендан кофирлик ва камбағалликдан паноҳ тилайман”, деб муножот қилар эдилар.

Ислом дини фақирликни икки асосий йўл: инсонийлик шаънини эъзозлаш; ижтимоий бирдамлик қоидалари билан даволайди.

  1. Инсонийлик шаънини эъзозлаш

Ислом дини жамиятга эътибор ва инсонийлик шаънига ҳурмат жиҳатидан жинси, ранги, ирқи ҳар хил одамларга бир хил муносабатда бўлади. У инсонлар ўртасида тақво, натижа ва яхши амалда фазилат бўлади деган улуғ қоидани то қиёматгача жорий қилган.

Аллоҳ таоло марҳамат қилади:

يَٰٓأَيُّهَا ٱلنَّاسُ إِنَّا خَلَقۡنَٰكُم مِّن ذَكَرٖ وَأُنثَىٰ وَجَعَلۡنَٰكُمۡ شُعُوبٗا وَقَبَآئِلَ لِتَعَارَفُوٓاْۚ إِنَّ أَكۡرَمَكُمۡ عِندَ ٱللَّهِ أَتۡقَىٰكُمۡۚ إِنَّ ٱللَّهَ عَلِيمٌ خَبِيرٞ١٣

«Эй инсонлар! Дарҳақиқат, Биз сизларни бир эркак (Одам) ва бир аёл (Ҳавво)дан яратдик ҳамда бир-бирларингиз билан танишишингиз учун сизларни (турли-туман) халқлар ва қабила (элат)лар қилиб қўйдик. Албатта, Аллоҳ наздида (энг азизу) мукаррамроғингиз тақводорроғингиздир...» (Ҳужурот, 13). Ислом таълимоти инсоннинг жисмига ва суратларига эмас, балки унинг қалбига ва амалларига боқади. Имом Муслим “Саҳиҳ” китобида Абу Ҳурайрадан (розияллоҳу анҳу) ривоят қилади: “...Албатта, Аллоҳ сизларнинг суратларингиз ва жисмларингизга қарамайди, лекин қалбларингиз ва амалларингизга қарайди”. Динимиз кучсиз ва фақирларни камситишга қодир бўлганларни бундай ёмонликдан қайтаради, уларга ғазаб қилишни Аллоҳга ғазаб деб қоралайди.

Имом Муслим ривоят қилади. Абу Суфён бир неча (одамлар) ичидан Салмон, Суҳайб ва Билол ҳузурларига келди. Улар: “Аллоҳга қасам, Аллоҳнинг қиличлари Аллоҳ душманларининг бўйнидан оладиганини олмади”, деб айтдилар. Абу Бакр: “Бу сўзни қурайшнинг шайхи ва улуғига айтасизларми?” деди. Сўнгра келиб, Пайғамбаримизга (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) сўзлаб берди. У зот: “Эй Абу Бакр, балки сиз уларга ғазаб қилгандирсиз, агар уларга ғазаб қилган бўлсангиз, Раббингизга ҳам ғазаб қилган бўласиз”, дедилар. Сўнгра Абу Бакр уларнинг ёнига келиб: “Эвоҳ, биродарларим, мен сизларга ғазаб қилдимми?” деди. Улар: “Йўқ, Аллоҳ сизни кечирсин, биродар”, дейишди. Бу ривоятдан, бир томондан, бошқа диндаги инсонга тазйиқ ўтказмаслик ва унинг тарафини олиш тушунилса, бошқа томондан, мусулмон ғазаб қилмаслиги лозимлиги англашилади.

  1. Ижтимоий бирдамлик қоидалари

Шубҳасиз, Ислом дини камбағаллик мушкулотларини ечишда ожизларга, ночорларга, оғир машаққатлар етганларга эътибор берадиган бирдамлик қоидаларини тузди. Жамиятда камбағалликни кетказишга хизмат қилувчи ана шу йўл-йўриқларнинг айримларини кўриб чиқамиз.

Мусулмончиликда фарз амал – бойлардан закот йиғиш жорий этилган ва бу маблағ ҳақдорлари – камбағал, мискин, мусофир, қарздорга ва қул озод этиш учун сарф этилиши белгиланган. Аллоҳ таоло:

۞إِنَّمَا ٱلصَّدَقَٰتُ لِلۡفُقَرَآءِ وَٱلۡمَسَٰكِينِ وَٱلۡعَٰمِلِينَ عَلَيۡهَا وَٱلۡمُؤَلَّفَةِ قُلُوبُهُمۡ وَفِي ٱلرِّقَابِ وَٱلۡغَٰرِمِينَ وَفِي سَبِيلِ ٱللَّهِ وَٱبۡنِ ٱلسَّبِيلِۖ فَرِيضَةٗ مِّنَ ٱللَّهِۗ وَٱللَّهُ عَلِيمٌ حَكِيمٞ٦٠

«Албатта, садақаларни фақат фақирлар, мискинлар, унда (садақа ишида) ишловчилар, диллари ошна қилинувчи (кофир)лар, (пул тўлаб озод этилувчи) қуллар, қарздорларга ва Аллоҳ йўлида ҳамда йўловчига (мусофирга бериш) Аллоҳ (томони)дан фарз (этилди). Аллоҳ илмли ва ҳикматли зотдир» (Тавба, 60), деб баён қилган.

Имом Табароний ривоят қилади: «Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Аллоҳ мусулмонларнинг бойлари зиммасига молларидан камбағалларга беришни фарз қилди, камбағаллар оч ва яланғоч қолганларида бойлар берганидан бошқага кучи етмайди. Огоҳ бўлинг, албатта, Аллоҳ сизларни қаттиқ ҳисоб-китоб қилур...” дедилар». Ислом дини ён қўшниси очлигини билатуриб, ўзи тўқ ётган мусулмонни мусулмон деб эътиборга олмайди. Батаҳқиқ, Баззоз ва Табароний Расулуллоҳдан (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) ривоят қилади. У зот (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Қўшниси очлигини билиб туриб, ўзи тўқ ётган қўшни менга имон келтирмабди”, дедилар. Балки, Ислом унга ёрдам беришни ва қувонч улашишни Аллоҳга яқин бўлишнинг гўзал йўли ва амалларнинг энг афзалидан, деб эътиборга олади.

Табароний “Авсат” номли китобида ҳазрат Умардан (розияллоҳу анҳу) ривоят қилади: “Амалларнинг афзали мўмин кишига хурсандчилик улашиш: кийинтириш ёки қорнини тўйдириш ёки ҳожатини раво қилишдир”.

Бахтсиз ва очларга қийинчилик вақтида ёрдам бериш муҳим вожиблардан ҳисобланган. Имом Бухорий Абдураҳмон ибн Абу Бакрдан (розияллоҳу анҳу) ривоят қилади. «Суффа аҳли фақир инсонлар эди. Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Кимнинг ҳузурида икки кишига етадиган овқат бўлса, учинчи кишига берсин ва кимнинг ҳузурида тўрт кишилик таом бўлса, бешинчи ёки олтинчи ки­шига берсин”, дедилар».

Имом Муслим Абу Саид Худрийдан (розияллоҳу анҳу), у киши Расулуллоҳдан (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) ривоят қилади: «Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) айтдилар: “Кимнинг ортиқча улови бўлса, улови йўққа берсин, кимнинг ортиқча таоми бўлса, таоми йўққа берсин”. Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) молларнинг барча турларини шу тарзда айтиб ўтдилар. Ҳатто бизларнинг ҳар биримизга бир ортиқча нарса мансуб бўлди. Яъни, ҳар биримизда ортиқча нарса борлигини билиб қолдик ва дарҳол уни тарқатиш ҳаракатига тушдик».

Ислом дини ишлашга қурби етадиган кишилар учун иш йўлларини тайёрлаб беришни ҳокимлар зиммасига вожиб қилиб қўйди.

Абу Довуд, Насоий ва Термизий ривоят қилади: «Ансорийлардан бир киши Пайғамбаримизга (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) келиб, садақа сўради. Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Уйингда ҳеч нарсанг йўқми?” деб сўрадилар. У: “Ё Расулуллоҳ, бир кўрпа бор, бир қисмини ёпинаман, бир қисмини тўшайман. Бир косам бор, унда сув ичаман”, деди. Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “У иккаласини олиб кел”, дедилар. У икки нарсани Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) қўлларига олиб: “Буни мендан ким сотиб олади?” дедилар. Бир киши туриб: “Иккаласини бир дирҳамга сотиб оламан”, деди. Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Ким бир дирҳам қўшади?” дедилар. Бир киши: “Мен иккаласини икки дирҳамга оламан”, деди. Унга иккаласини бердилар ва икки дирҳамни олиб, ансорийга тутқаздилар ва: “Бир дирҳамига егулик сотиб олгин, иккинчисига болта сотиб ол ва менга олиб келгин”, дедилар. Болтани олиб келди. Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) ўзлари унга даста ўрнатдилар, сўнгра: “Бор, ўтин териб сотгин, ўн беш кун сени кўрмайин”, дедилар. Ансорий шу ишни қилди ва 10 дирҳам пул йиғди. Унинг баъзисига кийим ва баъзисига егулик сотиб олди. Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Бу тиланчилик қилишингдан яхшидир. Тиланчилик қиёмат куни юзингда доғ бўлади”, дедилар».

Ислом дини янги фарзанд туғилган оилага нафақа – пул бериш қонунини жорий қилди. Туғилган чақалоқ ҳоким ёки ҳукумат ходими, оддий ишчи ёки оддий одам фарзанди бўладими, барибир.

Абу Убайд “Ал-амвал” китобида ҳазрат Умар ибн Хаттобдан (розияллоҳу анҳу) ривоят қилади. У киши ҳар туғилган фарзанд отасига 100 дирҳам миқдорида ҳадя ажратди. Фарзанд улғайгани сайин ҳадяни зиёда қилди. Бу тартиб сўнг Усмон (розияллоҳу анҳу), Али (розияллоҳу анҳу) ва бошқалар даврларида жорий бўлиб турди. Бу Ислом дини мусулмонлар қалбига, ҳис-туйғуларининг туб-тубига, виждонининг ич-ичига илдиз отган маънавий тарбия мевасидир. Бундай тарбия жамиятни бир-бирига ёрдам бериш ва ўзаро бирдамликка, имон, рағбат билан ихтиёрий ва чин кўнгилдан яхшилик қилишга ундайди. Мусулмон жамиятидаги бирдамлик, меҳрибонлик ва ўзаро ёрдам беришнинг тарихий намуналари бунга катта далилдир.

Муҳаммад ибн Исҳоқ айтади: “Мадинада бир гуруҳ инсонлар истиқомат қилардилар. Улар ниманинг ҳисобига яшаётганларини ва уларга ким егулик етказиб бераётганини ҳеч ким билмасди. Зайнул Обидин ибн Ҳусайн вафот этгач, бу егуликлар келмай қолди. Шунда билишди, егуликларни у киши кечаси бериб кетар экан. Зайнул Обидинни дафн этаётганларида, унинг елкаларида бева ва мискинлар учун юк ташишдан қолган изларни кўришди”.

Лайс ибн Саъд етмиш минг динордан зиёд қийматга эга бир йиллик ғаллага эга эди. Бу ғалланинг ҳаммасини садақа қилди. Одамлар унга: “Ҳеч закот вожиб бўлмайди”, дейишди. Бир кун кимошди савдосида бир ҳовли сотиб олди. Уйни қабул қилиб олиш учун борган унинг вакили уйда етим ва гўдак болаларни кўрди. Улар Аллоҳ йўлида уйни беришни сўрадилар. Бу хабар Лайсга етказилди. Шунда Лайс уй ва ундаги ҳамма нарсани берганини вакилига айтиб, уларни хабардор қилишни буюрди.

Абдуллоҳ ибн Муборак улуғ имом, муҳаддис ва кўп садақа қилувчи киши эди. Бир йиллик садақаларининг миқдори юз минг динордан ошарди. Бир куни асҳоблари билан ҳаж қилишга йўлга чиқдилар. Бир шаҳардан ўтаётганларида, йўлда қуш ўлигини кўрдилар. Абдуллоҳ ибн Муборак ҳамроҳларига уни ахлат чуқурига олиб бориб ташлашни буюрдилар. Шериклари олдин­да, Абдуллоҳ орқаларидан юриб ахлат чуқурига етишгач, у ерда бир аёлни кўрдилар. Яқин қишлоқдан бўлган бу аёл улар ташлаган қушни олди. Ундан: “Нега олдинг?” деб сўрашганида, у: “Мен ва акам камбағалмиз, бизни ҳеч ким билмайди”, деди. Ибн Муборак юкларни келтиришни буюриб, вакилидан қанча маблағ борлигини сўради. “Минг динор”, деб жавоб берди вакил. Ундан Марвга етиб боришга етадиган йигирма динорни аж­ратиб, қолганини аёлга беришни амр қилганидан сўнг: “Бу бизнинг шу йил ҳаж қилмоғимиздан афзалдир”, деди ва ортига қайтди.

Давлат, жамият ва инсонлар куч-қудратини камбағалликни кетказиш йўлида ишга солиб, ўзаро бирдамликда ҳаракат қилинса, фақир ва муҳтожлар қолмайди. Ислом уммати тинчлик, тўқлик ва ўзаро бирдамлик, хотиржамлик соясида фаровон яшайди. Жамият фарзандлари турли хил жиноятлардан ва руҳий касалликлардан омонда бўлади ва биз исломий иззат байроғи улуғ ва юксак чўққида ҳилпираб турганини, мўминлар Аллоҳ ёрдамидан шод-хуррамлигини кўрамиз.

 

КЕЙИНГИ МАВЗУЛАР:

ҲАСАД ВА УНИНГ САБАБЛАРИ:

Ҳасадни даволаш йўллари;

Ғазабнинг фойдалари.

Read 3200 times
Top