Кутубхона

Тасаввуф ҳақида тасаввур: ТАРИҚАТ СИЛСИЛАСИ
  1. ХОЖА АЛОУДДИН АТТОР ҚУДДИСА СИРРУҲУ

Бу зотнинг туғилган саналари ва жойлари ҳақида маълумот топиш ҳозирча бизга насиб этмади.

У киши ҳижрий 802 сана, милодий 1399 санада Чағониён номли жойда вафот этганлар.

Хожа Алоуддин Аттор қуддиса сирруҳу ўрта бўйли, кулча юзли, қорамтир танли ва катта соқолли одам эдилар. У киши Шоҳ Нақшбанд ҳазратларининг содиқ муридлари, куёвлари ва бош халифалари эдилар.

Хожа Алоуддин Аттор қуддиса сирруҳу Бухорои шарифдаги бой оилалардан бирининг фарзандлари бўлишларига қарамай, фақирликни афзал кўрган ва илму ирфонга ружу қўйган эдилар. У киши Бухоро мадрасаларидан бирида зоҳирий илмларни мароқ билан таҳсил қилдилар. У кишининг ҳужраларида бир эски бўйра, бошга қўйиладиган ёстиқ ва китоб қўядиган тахтадан бошқа нарса йўқ эди.

Хожа Алоуддин Аттор қуддиса сирруҳу ёшлик чоғларидан тариқат йўлини тутдилар. У кишининг ўз оиласида кўрган бойлик таъсирини кетказиш учун Шоҳ Нақшбанд ҳазратлари олма сотишга амр қилдилар. Хожа Алоуддин Аттор қуддиса сирруҳу дастлаб ўзларини танимайдиган маҳаллаларда олма сотиб юрдилар. Сўнгра Шоҳ Нақшбанд ҳазратлари у кишига ўз ака-укаларининг дўконлари олдида олма сотишни амр этдилар. Хожа Алоуддин Аттор қуддиса сирруҳу ака-укалари бу ишни оғир олишларини ўйлаб, бироз хижолат тортдилар. Аммо ҳазрат маҳкам туриб олдилар.

Алоуддин бир идишга олма солиб, акалари савдо қиладиган чорсуга бордилар. Акалари бу ҳолни кўриб, қаттиқ ва оғир гапларни айтишди ва унинг идишини олиб, улоқтиришди. Шунда у киши:

«Менинг устозим менга: «Олма сот», дедилар. Мен олма сотаман! Қаерда десалар, ўша ерда сотаман! Дўконларингиз олдида бақириб-бақириб сотаман! Нима қилсангиз, қилаверинг!» дедилар ва ҳазратнинг даргоҳларига равона бўлдилар.

Шоҳ Нақшбанд ҳазратлари унинг нафси синиқ бўлганини кўриб:

«Ўғлим Алоуддин! Энди олма сотиш иши тамом бўлди. Акаларингнинг нафси қавариб, сенинг нафсинг эзилганини кўрдим. Бундан буён суҳбатларда давомли равишда иштирок қил. Илмни ва фазлни тамомла. Аллоҳ таолонинг Ўзи сенга ёрдамчи бўлсин», дедилар.

Хожа Алоуддин Аттор қуддиса сирруҳу ҳам мадрасада таълим олар, ҳам суҳбатларда иштирок этарди. Кундан-кунга унинг ҳоли яхшиланиб борар, Шоҳ Нақшбанд ҳазратлари доимий равишда унинг ҳолидан хабар олиб турар эдилар. Бир куни у зот мадрасага ташриф буюриб, эски бўйра устида дарс тайёрлаб ўтирган шогирдларини излаб топдилар ва:

«Ўғлим Алоуддин! Менинг бўйига етган бир қизим бор. Агар қабул этсанг, ўша қизимни сенга никоҳлаб қўйсак», дедилар.

«Хожам, бу қулингиз учун буюк лутф ва саодатдир. Аммо уй ва тирикчилик учун бирор нарсам йўқ», деди.

«Ташвиш қилма, Аллоҳнинг хазинаси мўл ва ризқ азалдан тақсим қилинмиш. Қизим сенга муносибдир. Кел, уйга борайлик, сизларнинг ақди никоҳингизни қилайлик», дедилар.

Ушбу никоҳдан хожа Ҳасан Аттор, хожа Шиҳобуддин, хожа Муборак ва хожа Алоуддинлар дунёга келишди. Уларнинг ҳар бирлари улуғ хожалар бўлиб етишдилар.

Хожа Алоуддин Аттор қуддиса сирруҳу Шоҳ Нақшбанд раҳматуллоҳи алайҳига куёв бўлганларидан кейин у кишига янада яқин бўлдилар ва яна ҳам кўпроқ сабоқ олишни йўлга қўйиб, катта саодатга эришдилар.

У киши ўз устозлари ва қайноталари Шоҳ Нақшбанд раҳматуллоҳи алайҳининг барча ишларини тартибга солиб, халифалари бўлиб, шуҳрат қозондилар. У киши ҳижрий 802 санада, Ражаб ойида вафот этдилар.

Хожа Алоуддин Аттор қуддиса сирруҳу силсила омонатини хожа Муҳаммад Баҳоуддин Нақшбанд ҳазратларидан олганлар.

 

  1. ХОЖА ЯЪҚУБ ЧАРХИЙ ҚУДДИСА СИРРУҲУ

Бу зоти шарифнинг Ғазна вилоятининг Чарх қишлоғида туғилганлари маълум. Туғилган саналари эса маълум эмас. Мавлоно Яъқуб Чархий ҳазратлари ҳижрий 851 сана, милодий 1447 санада ҳозирги Душанбе шаҳрида вафот этганлар.

Мавлоно Яъқуб Чархий раҳматуллоҳи алайҳи ўрта бўйли, оқ рангли ва гўзал юзли эдилар. Соқолларининг атрофи сийрак ва оқ эди. У киши зоҳир ва ботин илмларга ҳамда маънавий ва моддий ишораларга соҳиб эдилар.

Мавлоно Яъқуб Чархий раҳматуллоҳи алайҳи Ғазна вилоятининг Чарх қишлоғида туғилган бўлсалар ҳам, илк илмий таҳсилни Ҳиротда олганлар. Кейинчалик Мисрга бориб, олий таълим олдилар. Тариқат бўйича маънавий таҳсилни эса Бухорои шарифда мукаммал эгалладилар.

У киши Мисрнинг кўзга кўринган уламоларидан зоҳирий илмларни ўрганиб бўлганларидан кейин, илоҳий бир ишорани сезиб, тезда Бухорога қараб йўл олдилар. У киши «Қайдасан, Бухоро?» деб юриб борар эканлар, йўлда бир дарвешни учратдилар. Дарвеш у кишига: «Эй Яъқуб! Қадамларингни илдам от! Қабул этиладиганлар зумрасига кирадиган вақтинг келди!» деди ва тўғри Шоҳ Нақшбанд ҳазратларининг ҳузурларига боришни тайинлади.

Мавлоно Яъқуб Чархий раҳматуллоҳи алайҳи бу тавсияга амал қилиб, ҳазрати Баҳоуддин Нақшбанд раҳматуллоҳи алайҳини топиб бордилар ва икки зот ораларида қуйидаги суҳбат бўлиб ўтди:

Яъқуб Чархий:

– Ҳазратим, мени ўз хизматингизга қабул этиб, дарс берсангиз?

Шоҳ Нақшбанд:

– Болам, кетиладиган замонда ҳам келинадими?

Яъқуб Чархий:

 – Сиз бир улуғ кишисиз. Ҳар бир одам томонидан мақбулсиз.

Шоҳ Нақшбанд:

 – Ҳар бир одам томонидан мақбул бўлмоқ шайтоний бир ҳол бўлса-чи?

Яъқуб Чархий:

– Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Аллоҳ бир кишига яхшиликни истаса, уни барчага севдириб қўяди. Уни ҳар бир одам томонидан маъқул бўладиган қилади», деганлар.

Шоҳ Нақшбанд:

– Жуда яхши. Ундай бўлса, бир истихора қилайлик.

Кейин нима бўлгани ҳақида Яъқуб Чархий раҳматуллоҳи алайҳининг ўзлари қуйидагича ҳикоя қиладилар:

«Ўша кечаси кўзимга уйқу келмади. Агар қабул қилинмасам, ҳолим нима бўлади, дея тонгга қадар мижжа қоқмадим. Тонг отиши билан ҳазратнинг ҳузурларига бордим. Ул зот менга табассум ила боқиб:

«Қабул бўлдинг! Буёққа кел!» дедилар ва менга дарс бериб, хожа Алоуддин Аттор ҳазратларига топширдилар. Шу пайтгача ўрганган илмларимнинг татбиғини, ҳосил қилинган гўзал ахлоқларнинг нафсимда яшашини ҳамда маънавий ҳолларнинг сайр ва такаммулини у кишидан ўргандим. У кишининг завқига шерик бўлдим ва Аллоҳга ҳамдлар бўлсинким, ҳақиқий йўл шу эканини англаб етдим».

Мавлоно Яъқуб Чархий раҳматуллоҳи алайҳи тариқат илмида юксак мартабаларга етдилар. У киши ўз замоналарида бу соҳада ягона кишига айландилар. Ўша пайтнинг кўзга кўринган алломалари ҳам келиб, у кишига қўл берар эдилар.

Мавлоно Яъқуб Чархий раҳматуллоҳи алайҳининг замондошларидан бирлари, исломий маърифатлар бобида янги бир давр очган, тафсир, фиқҳ, ақоид ва бошқа кўпгина илмларда кўплаб таснифотлар битган аллома Тафтазоний раҳматуллоҳи алайҳи илм доираларида Алломаи Тафтазоний номи ила машҳур бўлиб, у киши раҳматуллоҳи алайҳидан олдин ўтган олимлар «мутақаддимлар», у кишидан кейин ўтганлар «мутааххиринлар» деб аталади. Шунинг ўзи ҳам Алломаи Тафтазоний раҳматуллоҳи алайҳининг қанчалар вазнга эга эканликларини кўрсатади.

Алломаи Тафтазоний раҳматуллоҳи алайҳининг Саййид Шариф Журжоний исмли шогирдлари бор эди. У киши ҳам Ислом оламида жуда машҳур олимлардан ҳисобланади. У киши элликдан ортиқ муҳим китобларнинг муаллифидир.

Алломаи Тафтазоний раҳматуллоҳи алайҳининг ҳузурларида таълим олиб турган саййид Шариф Журжоний раҳматуллоҳи алайҳи мавлоно Яъқуб Чархий раҳматуллоҳи алайҳига қўл бериб, у кишига мурид бўладилар. Мавлоно Яъқуб Чархий раҳматуллоҳи алайҳига мурид бўлган саййид Шариф Журжоний Аллоҳ таолонинг ёрдами ила тезда катта файзу футуҳларга соҳиб бўлдилар. Илм бобида баъзи вақтларда ўз устозлари Алломаи Тафтазонийдан ўтиб кета бошладилар.

Ўз шогирдларидаги ўзгаришни сезган устоз бунинг сабабини ахтардилар. Сабабни билганларидан кейин эса ўзлари ҳам мавлоно Яъқуб Чархий раҳматуллоҳи алайҳининг ҳузурларига бориб, у кишига қўл бердилар.

Мавлоно Яъқуб Чархий раҳматуллоҳи алайҳи ўз шахсларида кўплаб илм ва фазлларни жамлаган эдилар. У киши ҳижрий 851 санада ҳозирги Душанбе шаҳрида вафот этдилар ва ўша ерга дафн этилдилар. У кишининг қабрлари ёнида исмлари билан аталадиган жомеъ масжид ҳам бор бўлиб, у ер мусулмонлар томонидан доимий равишда зиёрат қилиб турилади.

Мавлоно Яъқуб Чархий раҳматуллоҳи алайҳи силсила омонатини хожа Алоуддин Аттор ҳазратларидан олганлар.

 

  1. ХОЖА УБАЙДУЛЛОҲ АҲРОР ҚУДДИСА СИРРУҲУ

Бу зот ҳижрий 806 сана, милодий 1404 санада Тошкент шаҳрининг Боғистон номли даҳасида дунёга келганлар. Ҳижрий 893 сана, милодий 1490 санада вафот топганлар.

Хожа Убайдуллоҳ Аҳрор раҳматуллоҳи алайҳи бўйлари узун, ранглари қорамтир ва соқоллари кенг ҳамда оппоқ зот эдилар. У кишининг соқоллари орасида баъзи қора толалари ҳам бор эди. У кишининг суҳбатларига тўйилмасди. Шогирдлари дарсларини бахт ва саодатга ғарқ бўлган ҳолда ўтказар эдилар. У киши зоҳир ва ботин илмларни пухта эгаллаган эдилар.

Хожа Убайдуллоҳ Аҳрор раҳматуллоҳи алайҳининг нурли юзларини кўрган кишилар у кишининг ҳақларига дуо қилар ва мақтовлар айтар эдилар. У кишининг сўзлари ва шеърлари тариқатга ҳужжат эди.

Хожа Убайдуллоҳ Аҳрор раҳматуллоҳи алайҳи ҳазрати Умар розияллоҳу анҳунинг насабидан эдилар.

У киши раҳматуллоҳи алайҳининг муборак ҳаётларини ўрганган тарихчиларнинг таъкидлашларича, у киши туғилганларидан кейин, то оналари нифосдан пок бўлиб, ғусл қилмагунларича эммаганлар.

Хожа Убайдуллоҳ Аҳрор раҳматуллоҳи алайҳи ёшлик чоғларидан бошлаб шариат ва тариқат илмларини пухта эгаллай бошладилар. Бу борада кўпчилик у кишига ҳавас қилар эди. У кишининг боболари ўз замонасининг қутбларидан бўлган бир киши эдилар. Мазкур бобо ўз ўлимлари яқинлашганини сезганларида, болалари ва набираларини атрофларига жамладилар. Уларга насиҳат ва дуолар қилдилар. Сўнгра ётган жойларидан туриб ўтирдилар ва кичик Убайдуллоҳ Аҳрорни қучоқларига олиб туриб:

«Аллоҳ таолодан менга башорати берилган бола шудир. Яқинда бу ўғлим шариат аҳли, тариқат пири, маърифат маъдани ва ҳақиқат эркаги бўлажак. Бу ўз замонасининг чироғи бўлажак, Аллоҳнинг улуғ бандаси бўлажак», дедилар.

Кейин у киши ўтирганларга Хожагон тариқати зўраки бир нарса бўлмай, Ҳақ томонга чин дилдан йўналмоқ эканини уқтирдилар ва:

«Бу асосни билиб, англамоқ хожа Абдулхолиқ Ғиждувоний ҳазратларининг силсиласига хосдир. Ул зотнинг йўлларини тутганлар ўн бир асос-ла нафсларини муҳофаза этиб, ўта даражада эҳтиётли бўладилар», дедилар.

Хожа Убайдуллоҳ Аҳрор раҳматуллоҳи алайҳи йигирма икки ёшларида таҳсили илмни тамомлаш мақсадида Самарқандга бордилар. У киши мазкур шаҳарда икки йил давомида зўр иштиёқ билан таҳсили илм қилдилар.

Хожа Убайдуллоҳ Аҳрор раҳматуллоҳи алайҳи йигирма тўрт ёшларида ўша вақтнинг улуғ машойихларидан саййид Қосим Анвар, мавлоно Шарафуддин Хомуш, хожа Сирожуддин Пири Чиштий, мавлоно Шоший, хожа Алоуддин Ғиждувоний ва мавлоно Ҳисомуддин Порсо кабиларнинг мажлислари ва суҳбатларида бўлиб, улардан файз олдилар.

Кейинроқ хожа Убайдуллоҳ Аҳрор раҳматуллоҳи алайҳи хожа Алоуддин Аттор ҳазратларининг марқадларини зиёрат қилиш учун Ғиждувонга бордилар. Сўнгра хожа Яъқуб Чархий раҳматуллоҳи алайҳининг ҳузурларига бориб, у кишига қўл бердилар ва уч ой хизматларида бардавом бўлдилар. Ўша ерда сайри сулук илмини тўлиқ эгалладилар.

Кейин Мавлоно Чархий раҳматуллоҳи алайҳининг изнлари ила Шоҳ Нақшбанд ҳазратларининг Бухоро ва бошқа юртлардаги барча халифаларини зиёрат қилдилар. Хожа Убайдуллоҳ Аҳрор раҳматуллоҳи алайҳи ул азизларнинг суҳбатларида бўлиб, файзларига шерик бўлдилар.

Хожа Убайдуллоҳ Аҳрор раҳматуллоҳи алайҳи йигирма тўққиз ёшларида Тошкентга қайтиб, олган илм ва тажрибаларини бошқаларга улаша бошладилар. У киши ҳалол ризқ топиш мақсадида зироатчилик билан машғул бўлдилар.

Хожа Убайдуллоҳ Аҳрор раҳматуллоҳи алайҳининг ишларига Аллоҳ таоло баракалар ёғдирди. У кишининг молу дунёси беҳисоб кўп бўлиб, тарқатадиган закот ва ушрларининг ҳам ҳисобини биров билмас эди.

Шу билан бирга, хожа Убайдуллоҳ Аҳрор раҳматуллоҳи алайҳи ўзлари тариқат ишини ҳеч ҳам сусайтирмай олиб борар, иршод ишларидан бир лаҳза ҳам тўхтамас эдилар. У кишининг илмлари, файзлари ва сўзлари кишиларни маҳлиё қиларди. У киши ўз фикрларини баён қилишда шеърий услубдан ҳам фойдаланар эдилар.

Имоми Роббоний ўзларига хожа Убайдуллоҳ Аҳрор раҳматуллоҳи алайҳини ўрнак қилиб олган бўлиб, у киши ҳақида жумладан, қуйидаги ибораларни айтиб юрар эканлар:

«Улуғ шайх хожа Убайдуллоҳ Аҳрор раҳматуллоҳи алайҳи султонларнинг олдиларига кирар, уларнинг мажлисларида ҳозир бўлар ва ўзларининг ботиний қувватлари, руҳий малакалари ила уларга таъсир ўтказар эдилар. Улар у зотга бўйсуниб, итоат қилар эдилар. Сўнгра у зот улардан пок шариатни ёйишда фойдаланар эдилар».

Хожа Убайдуллоҳ Аҳрор раҳматуллоҳи алайҳи шариатга катта эътибор берар эдилар. Бу ҳақда ўзлари қуйидагиларни айтардилар:

«Агар шайхлик, одамлардан байъат олиш ва иршодга боғланиб қолганимда, тариқат шайхларидан бирор шайх ўзига байъат қиладиган ва муридларига қўшиладиган одамни топа олмай қоларди. Лекин Аллоҳ таоло менга бошқа нарсани ирода қилди. У ҳам бўлса, пок шариатни ёйиш ва Ислом миллатини қўллаб-қувватлаш эди».

Хожа Убайдуллоҳ Аҳрор раҳматуллоҳи алайҳи ҳижрий 893 сананинг рабиъул аввал ойида Самарқанд шаҳрида вафот этдилар. Ҳозир у зотнинг қабрлари яқинида исмлари билан аталувчи жомеъ масжид ҳам ишлаб турибди.

Хожа Убайдуллоҳ Аҳрор раҳматуллоҳи алайҳи силсила омонатини мавлоно Яъқуб Чархий ҳазратларидан олганлар. Шунингдек, Абдулхолиқ Ғиждувоний, Шоҳ Нақшбанд ва Алоуддин Аттор раҳматуллоҳи алайҳимдан маънавий озуқа олганлар.

 

  1. ХОЖА МУҲАММАД ЗОҲИД ҚУДДИСА СИРРУҲУ

Бу зоти олийнинг туғилган юртлари ва йиллари ҳақида маълумотимиз йўқ. Вафотлари эса ҳижрий 936 сана, милодий 1529 санада Бадахшда бўлган.

Хожа Муҳаммад Зоҳид раҳматуллоҳи алайҳи заиф вужудли, оппоқ рангли ва сийрак соқолли зот эдилар. У киши ўз замоналарида тақво ва илмда тенги йўқ шахс эдилар.

Хожа Муҳаммад Зоҳид раҳматуллоҳи алайҳи мавлоно Яъқуб Чархий раҳматуллоҳи алайҳининг набиралари, яъни қизларининг ўғли бўладилар.

Хожа Муҳаммад Зоҳид раҳматуллоҳи алайҳи ёшликларида ўз-ўзларидан ибодат, тақво ва зоҳидликка берилган эдилар. Кейинчалик ўзларига бир муршиди комил зарур эканини англаб етдилар. Ўша муршид хожа Убайдуллоҳ Аҳрор раҳматуллоҳи алайҳи бўлдилар.

Хожа Муҳаммад Зоҳид раҳматуллоҳи алайҳи хожа Убайдуллоҳ Аҳрор раҳматуллоҳи алайҳининг турган жойларини излаб, сафарга чиқдилар. Хожа Убайдуллоҳ Аҳрор раҳматуллоҳи алайҳи бундан хабардор бўлиб, у кишини кутиб олгани бир жониворга миниб, шаҳар ташқарисига чиқиб турдилар. Улар бир дарахтзорда учрашдилар ва уловларидан тушиб, сўрашиб, ўша ернинг ўзида маънавий дарсни бошладилар.

Хожа Убайдуллоҳ Аҳрор раҳматуллоҳи алайҳи хожа Муҳаммад Зоҳид раҳматуллоҳи алайҳининг шахсида ўта қобилиятли шогирдни кўрдилар. У кишига катта аҳамият билан дарслар бердилар. Тез орада сайри сулук дарслари ҳам охирига етди. Хожа Убайдуллоҳ Аҳрор раҳматуллоҳи алайҳи Хожа Муҳаммад Зоҳид раҳматуллоҳи алайҳига иршод учун ижозат ва рухсат бердилар.

Шу тариқа хожа Муҳаммад Зоҳид раҳматуллоҳи алайҳи хожа Убайдуллоҳ Аҳрор раҳматуллоҳи алайҳининг биринчи халифалари бўлдилар. Сўнгра дуолар қилиб, бир-бирларидан айрилишди. Бу уларнинг биринчи ва охирги ўзаро мулоқотлари эди.

Хожа Муҳаммад Зоҳид раҳматуллоҳи алайҳи ўз замонларининг буюк олими, адиби, шоири, орифи, ошиғи бўлиш шарафига муяссар бўлдилар.

Хожа Муҳаммад Зоҳид раҳматуллоҳи алайҳи ҳижрий 936 санада Бадахшда вафот топдилар.

Хожа Муҳаммад Зоҳид раҳматуллоҳи алайҳи силсила омонатини хожа Убайдуллоҳ Аҳрордан олганлар.

 

  1. ДАРВЕШ МУҲАММАД ҚУДДИСА СИРРУҲУ

Бу зоти олийнинг туғилган юртлари ва йиллари ҳақида маълумотимиз йўқ. Вафотлари эса ҳижрий 970 сана, милодий 1562 санада Дасфирорда бўлган.

Дарвеш Муҳаммад раҳматуллоҳи алайҳи ўрта бўйли, гўзал юзли, буғдой рангли ва оқ соқолли бир зот эдилар. У кишининг аъзолари келишган ва ғоятда мутаносиб эди.

Дарвеш Муҳаммад раҳматуллоҳи алайҳи ҳар бир киши осон тушунадиган тилда содда ва равон сўзлайдиган олим эдилар. У кишида хожа Муҳаммад Зоҳид ҳазратларига шогирд тушиш иштиёқи пайдо бўлди. Шу иштиёқ ила бориб, ўз устозларидан кўп нарсаларни ихлос билан ўргандилар. Барча илмларни пухта ўрганганларидан кейин у кишининг халифаларидан бирига айландилар.

Дарвеш Муҳаммад раҳматуллоҳи алайҳи муридни тарбия этишда фавқулодда бир маҳорат соҳиби эдилар.

Дарвеш Муҳаммад раҳматуллоҳи алайҳи силсила омонатини хожа Муҳаммад Зоҳид раҳматуллоҳи алайҳидан олганлар.

 

  1. ХОЖА МУҲАММАД ИМКАНАГИЙ ҚУДДИСА СИРРУҲУ

Ҳазрати Хожагий Муҳаммад Имканагий раҳматуллоҳи алайҳи ҳижрий 918 сана, милодий 1512 санада Самарқанднинг Имкана деган жойида таваллуд топганлар. У кишининг вафотлари ҳижрий 1008 сана, милодий 1599 санада ўзлари туғилиб ўсган юртда бўлган.

Ҳазрати Хожагий Муҳаммад Имканагий раҳматуллоҳи алайҳи қорамтир рангли, нурли юзли ва оз соқолли зот эдилар. «У киши денгиз каби файзга молик эдилар», дейишади тарихчилар.

Ҳазрати Хожагий Муҳаммад Имканагий раҳматуллоҳи алайҳи ўз оталари Дарвеш Муҳаммад раҳматуллоҳи алайҳининг халифалари эдилар.

Ҳазрати Хожагий Муҳаммад Имканагий раҳматуллоҳи алайҳи зоҳир ва ботин илмларни ҳамда тарбия усулларини ўз оталаридан олдилар. У киши ўз ҳолларини одамлардан беркитар эдилар.

Ҳазрати Хожагий Муҳаммад Имканагий раҳматуллоҳи алайҳи туғма дарвеш эдилар. У кишининг ишлари ва ҳаётлари мунтазам равишда ташкил қилинган эди. Ул зотга яқин бўлган ҳар бир киши файзларидан баҳра олар эди.

Ҳазрати Хожагий Муҳаммад Имканагий раҳматуллоҳи алайҳи ҳижрий 1008 санада Имканада вафот этдилар. У киши ўз вафотларидан олдин халифаларига васият қилиб, ҳар бир нарсани аниқлаб берганлар.

Ҳазрати Хожагий Муҳаммад Имканагий раҳматуллоҳи алайҳи силсила омонатини ўз оталари Дарвеш Муҳаммад раҳматуллоҳи алайҳидан олганлар.

 

  1. ХОЖА МУҲАММАД БОҚИЙ ҚУДДИСА СИРРУҲУ

Ҳазрати хожа Муҳаммад Боқий раҳматуллоҳи алайҳи ҳижрий 973 сана, милодий 1565 санада Афғонистоннинг Кобул шаҳрида туғилганлар ва ҳижрий 1014 сана, милодий 1606 санада Деҳлида вафот этганлар.

Ҳазрати хожа Муҳаммад Боқий раҳматуллоҳи алайҳи ўрта бўйли, соқоли оз ва соқолларига бир оз оқ оралаган зот эдилар. У киши ҳар замонда узлат ва риёзатни ёқтириб қолар эдилар. Ҳазрати хожа Муҳаммад Боқий раҳматуллоҳи алайҳи оз еб, оз ухлар, оз гапирар ва кечаю. кундуз Қуръони Карим ила машғул бўлар эдилар.

Ҳазрати хожа Муҳаммад Боқий раҳматуллоҳи алайҳи ёшлик чоғларидаёқ ўзларининг киндик қонлари тўкилган Кобулдан ўша вақтда ер юзининг сайқали бўлган Самарқандга ўз устозлари мавлоно Муҳаммад Содиқ Ҳалвоий раҳматуллоҳи алайҳи билан бирга ҳижрат қилиб келганлар. У киши бу ерда зоҳир ва ботин илмларини пухта эгалладилар ҳамда татбиқ этдилар. У киши жуда ҳам гўзал ахлоқ соҳиби эдилар.

Ҳазрати хожа Муҳаммад Боқий раҳматуллоҳи алайҳи Хожагий Муҳаммад Имканагий ҳазратларидан маънавий дарслар олганлар. У киши кечаси кўп Қуръон ўқир ва ибодат қилар эдилар. Бомдод намозини ўқиб бўлганларидан сўнг қуёш чиққунга қадар Йаасийн сурасини тиловат қилар эдилар. Қуёш чиққанда эса: «Ё Аллоҳ! Кечалар қанчалар тез ўтади-я!» дердилар.

Ҳазрати хожа Муҳаммад Боқий раҳматуллоҳи алайҳи жуда ҳам ҳалол зот эдилар. У киши хожа Муҳаммад Баҳоуддин Нақшбанд ва хожа Убайдуллоҳ Аҳрор ҳазратларининг руҳониятларидан кўп фойда олган ва файзларини орттирган эдилар. Шунинг учун у киши Увайсий деб ҳам аталади.

Ҳазрати хожа Муҳаммад Боқий раҳматуллоҳи алайҳи ҳазрати Имоми Аъзам раҳматуллоҳи алайҳининг мазҳабларида эдилар. У киши иккинчи минг йилликнинг мужаддиди бўлган Имоми Роббонийдек зотни тарбиялаб етиштирдилар.

Ҳазрати хожа Муҳаммад Боқий раҳматуллоҳи алайҳи қирқ бир ёшларида вафот топдилар.

Ҳазрати хожа Муҳаммад Боқий раҳматуллоҳи алайҳи силсила омонатини Хожагий Муҳаммад Имканагий раҳматуллоҳи алайҳидан олганлар.

 

КЕЙИНГИ МАВЗУЛАР:

  1. Имоми Роббоний Аҳмад Форуқ Сарҳандий қуддиса сирруҳу;
  2. Ал-урватул вусқо шайх Муҳаммад Маъсум қудиса сирруҳу;
  3. Шайх Сайфуддин қуддиса сирруҳу;
  4. Саййид Нурмуҳаммад Бадавуний қуддиса сирруҳу;
  5. Ҳабибуллоҳ Мазҳар Жони Жонон Шамсуддин қуддиса сирруҳу;
  6. Шоҳ Али Абдуллоҳ Деҳлавий қуддиса сирруҳу;
  7. Мавлоно Холид Зиёуддин Бағдодий қуддиса сирруҳу.

СИЛСИЛАГА ХУЛОСА

Read 3041 times
Top