Кутубхона

Нурул изоҳ: ҲАЖ КИТОБИ (2-қисм)

Маккага киришда қилинадиган амаллар

  1. Ҳожи Маккага келгач, хушуь билан, талбия айтган ҳолда Масжидул Ҳарамга киради.
  2. Каъбани кўргач, уч бор такбир ва таҳдил айтади.

3-4. Аввал такбир ва таҳлил айтган ҳолда, Ҳажарул Асвадга юзланиб, намоздаги каби қўлларини қўтаради ва қўлларини тушириб икки қўлини тошнинг устига қўйиб, кўллари орасидан тошни ўпади, бунинг иложи бўлмаса, тошга бирор нарсани теккизиб, уни ўпади, бунинг ҳам иложи бўлмаса, икки қўл кафтларини кўтариб у томонга қаратиб, такбир, таҳлил, ҳамд ва салавот айтади, сўнг кафтларини ўпади.

  1. Сўнгра агар ҳожи маккалик бўлмаса, Ҳатим (Каъба ёнидаги ярим доира шаклдаги девор) орқасидан Каъба атрофида ўнг елкасини очган ҳолда, ридони ўнг қўлтиғидан ўтказиб, учини чап елкасига ташлаб, етти марта қудум тавофини қилади.
  2. Ушбу етти давралик тавофнинг илк учтасида ҳожи елкаларини ҳаракат қилдирган ҳолда тез-тез юради (рамл).
  3. Қолган тўрт тавофда эса виқор билан секин-аста юради.
  4. Ҳар гал Ҳажарул Асвад ёнидан ўтаётганида 3-4-бандда баён этилган амалларни қилади. Ҳар тавофда рукнул Яманийни имкони бўлса, икки қўл кафти билан сийпайди. Имкон тополмаса, қолдиради.
  5. Тавофни 3-4-бандда баён этилган амалларни қилиш билан тамомлайди.
  6. Тавофни тамомлагач, ҳазрат Иброҳим, алайҳиссалом, мақомида, бунинг иложи бўлмаса, масжиднинг хоҳлаган жойида икки ракат намоз ўқийди, сўнг Байтуллоҳнинг Ҳажарул Асвад ва эшик оралиғига бориб, икки қўлини қўйиб ўнг юзини босади ва замзам сувидан ичади.
  7. Сўнг Сафо ва Марва оралиғида саъй қилишни истаса 3-4-бандда айтилган амалларни қайта бажаради ва Сафога кўтарилади. Унинг устида Байтуллоҳга қараб уч бор такбир ва таҳлил, Пайғамбаримизга салавот айтади ва қўлларини кўтариб истаганча дуо қилади. Сўнг Марва томон юради. Йўлдаги икки яшил чироғи оралиғида тез юради. Марвага чиқиб, Сафода қилган амалларини такрорлайди.
  8. Шу тариқа етти марта юради, Сафодан бошлаб Марвада битиради.
  9. Сўнгра эса эҳром кийган ҳолда Маккада қолади ва хоҳлаганича Каъбани рамл қилмай нафл тавоф қилади. Кейин Зулҳижжанинг 8 саккизинчи куни тонгда Маккадан Минога йўл олади ва Арафа куни бомдод намозини ўқигунча Минода туради.
  10. Зулҳижжанинг тўққизинчи куни Минода бомдод намозини ўқигач, Арафотга чиқади ва Раҳмат тоғига яқин жойда завол (пешин) вақтидан ҳайит куни тонг отгунича бўлган вақт ичида бир лаҳза бўлса ҳам вуқуф қилади. Қуёш заволидан сўнг имом жума намозининг хутбаси каби иккита хутба ўқийди. Хутбадан сўнг бир азон, икки такбир билан пешин ва аср намозларини бир вақтда ўқийди. Пешиннинг икки ракат суннати ўқилмайди. Қуёш ботгач, барча ҳожилар Муздалифага боришади ва шом ва хуфтон намозларини бир азон ва такбир билан ўқийдилар ва ўша ерда тунни ўтказадилар.
  11. Зулҳижжанинг ўнинчи куни (Қурбон ҳайити куни) бомдод намозини эрта вақтда ўқигач, Муздалифада бир лаҳза бўлса ҳам вуқуф қилиб, такбир, таҳлил ва Пайғамбаримизга салавот айтади ва дуо қилади. Тонг жуда ёришгач, Минога йўл олади ва жамратул ақабага етти дона тошчаларни бош ва кўрсаткич бармоқлари билан тутиб, такбир айтган ҳолда бир-бир отади. Биринчи тошчани отиши билан талбия айтишни тўхтатади. Бундан сўнг, муфрид хоҳласа, қурбонлик сўяди ва сочларини қисқартиради ёки тўлиқ олади. Сочларни тўлиқ олдириш афзаддир. Юқорида санаб ўтилган амалларни бажаргач, аёли билан жинсий алоқадан ташқари, эҳромда тақиқланган барча ҳаракатлар ҳалол бўлади.
  12. Сўнг ҳожи шу куни ёки эртасига ёхуд учинчи куни Маккага бориб, Байтуллоҳни етти марта тавофи зиёрат қилади. Аммо Сафо ва Марва ўртасида саъй қилмайди. Зиёрат тавофини Курбон ҳайитининг учинчи кунидан кейинга қолдириш таҳриман макруҳдир. Зиёрат тавофининг тамоми ёки аксарият қисми бажарилгач, сочини қисқартган ё олдирган бўлса, аёлига яқинлашиш ҳам мумкин бўлади.
  13. Зиёрат тавофидан сўнг Минога қайтади ва тунни ўша жойда ўтказади.
  14. Зулҳижжанинг ўн биринчи куни завол (пешин) вақтидан сўнг, дастлаб Хейф масжиди ёнидага тош отиш жойидан (жамратус-суғро) бошлаб навбати билан ўрта (жамратул-вусто) ва (жамратул-ақоба)га етги донадан майда тош отади. Ҳар бир топши «Бисмиллаҳи, Аллоҳу акбар» деб отади. Биринчи ва ўртадаги тош отиш жойларида тош отиб бўлгач, такбир, таҳлил ва саловот айтиб бир соат миқдорича туради, тош отиб бўлгач, дуо қилади.
  15. Зулҳижжанинг 12-куни ҳам 11-кун амалларини айнан такрорлайди. Шундай қилиб, ҳаж ибодати якунланади.
  16. Эртасига Маккага келишда, Муҳассаб деган жойда қисқа муддатга бўлса ҳам, қўниб ўтади. Маккага боргач, етти бор Вадо тавофи қилади. Ушбу тавоф маккалик бўлмаганлар учун вожибдир.
  17. Сўнгра Замзам булоғига келиб, қониб ичади.
  18. Сўнгра Каъба остонасига келиб, эшигини ўпади.
  19. Сўнг эшик билан Ҳажарул Асвад орасидаги "Мултазам" деб номланган жойга келиб, кўкрагани ва ўнг юзини Каъбага суради, Каъбапўшни ушлаган ҳолда дуо қилиб, йиғлайди. Ниҳоят, Байтуллоҳдан юз ўгирмаган ҳолда, орти билан юриб Ҳарами Шарифдан чиқади.
  20. Аёллар ҳам худди эркаклардек ҳаж қиладилар. Аммо аёллар бошларини очмасдан, фақатгана юзларини очадилар, талбияда овозларини чиқармайдилар. Тавофда елкаларини қимирлатиб, тез юрмайдилар ва Сафо ва Марва орасида ҳам оҳиста юрадилар. Сочларини олдирмайдилар, фақат бироз қисқартирадилар. Эҳромда ҳам тикилган кийимларни кийишлари мумкин.
  21. Аёллар тиқилинч бўлганида Ҳажарул Асвадга яқинлашмайдилар. Узоқдан ишора билан саломлайдилар. Аёл эҳромга кираёттанида ҳайзли бўлса, намоз ўқиши эмас, балки эҳром кийиши учун ювинади ва сўнг эҳром кияди. Фақат бундай ҳолатда аёллар ҳажнинг барча амалларини бажарса-да, Каъбани тавоф қилмайдилар.
  22. Агар аёл Арафотда вуқуф қилиб ва зиёрат тавофини бажаргач, ҳайз қўрса, унинг ҳаж арконлари тамомланган ҳисобланади ва уйига қайтади, видо тавофи қилолмагани учун унга ҳеч нарса лозим бўлмайди.

Умра

«Умра» сўзининг луғавий маъноси зиёрат қилиш демакдир. Шаръий истилоҳда эса, Ҳарами Шарифни белгиланган тартибда зиёрат қилиш деган маънони англатади.

Умра суннати муаккададир.

Умранинг вақти ва мийқотлари

Худди ҳажда бўлганидек, умранинг ҳам маълум мийқоти мавжуд. Умрани йил давомида бажариш мумкин. Арафа куни, Қурбон ҳайитининг биринчи куни ва ташриқ (Зулҳижжанинг 11, 12, 13) кунларидан ташқари, йилнинг борор кунларида умра учун эҳромга кириш кароҳатсиз саҳиҳдир. Бу санаб ўтилган кунларда умра учун эҳромга кириш таҳриман макруҳдир.

Ҳажнинг мийқотлари умранинг ҳам мийқотларидир. Фақат Маккада истиқомат қилаётганлар бундан мустасно, чунки уларнинг мийқоти Ҳиллдир.

Рукни

Байтуллоҳнинг атрофида етга марта ёки ундан кўпроқ тавоф қилишдир.

Умранинг шарти эҳромдир.

Вожиблари

Сафо билан Марва орасида саъй қилиш, соч олдириш ёки қисқартириш.

Бажариш тартиби

Ҳаж бўлимида баён қилинган тарзда ювиниб, покланиб, икки ракат намоз ўқигач, талбия айтади. Сўнг: «Аллоҳумма инний уридул умрата фа яссирҳа лий ва тақоббалҳа минний» деб ният қилиш лозим. Маъноси: «Аллоҳим, умра ибодатини адо этмоқчиман, мени бунга муваффақ қилгин ва бу ибодатни даргоҳингда қабул айла».

Шунда умра учун эҳромга кирган ҳисобланади. Эҳромга киргач, Байтуллоҳни етти марта тавоф қилади Сафо ва Марва орасида саъй қилади. Шундан сўнг соч олдиради ёки қисқартиради. Шу билан киши умрани тамомлаган ҳисобланади.

Кичик ҳаж ҳисобланган умра фақат қуйидаги хусусларда ҳаждан фарқ қилади.

1) Ҳаж фарз амал бўлса, умра суннати муаккададир.

2) Умра учун маълум вақт белгиланмаган.

3) Умрада Арафотда вуқуф қилинмайди.

4) Умрада Муздалифада туриш йўқ.

5) Умрада шайтонга тош отиш йўқ.

6) Умрада икки вақт намозини жамъ қилиш йўқ.

7) Умрада қудум (ташриф) тавофи қилинмайди.

8) Умрада видо тавофи ҳам йўқ.

Қирон ҳажи

«Қирон» сўзи луғатда икки нарсани бирлаштириш деган маънони англатади. Шариат истилоҳида эса, ҳақиқатан ёки ҳукман бир эҳром билан ҳаж ва умрани биргаликда адо қилиш маъносини билдиради.

Киши икки ракат эҳром учун ўқиган (нафл) намозидан сўнг ҳаж ва умрага бирданига ният қилса, унинг ҳажи қирон бўлади.

Ҳукми

Қирон ҳажи ифрод ва таматгуъ ҳажларидан ҳам фазилатлироқдир.

Қирон ҳажининг шартлари

Қирон ҳажининг еттита шарти бор:

  1. Умра тавофининг барчасини ёки аксар қисмини адо қилмасдан аввал ҳаж эҳромига кириш.
  2. Дастлаб умра эҳромига кирган (кишининг) уни бузмасдан ҳаж учун эҳромга кириши.
  3. Ҳаж учун Арафотда вуқуф қилмасдан аввал умра тавофининг барчасини ёки аксариятини қилган бўлиши.
  4. Умра тавофининг барчасини ёки аксариятини ҳаж мавсумида қилиш.
  5. Умра ва ҳажни бузишдан сақланиш.
  6. Қирон ҳажи қиладиган кишининг маккалик бўлмаслиги. Маккада истиқомат қилаётган кишига қирон ҳажи қилмоқчи бўлса, ҳаж мавсумидан аввал бошқа жойга кетиши ва ўша ердан ҳажга келиши лозим.
  7. Ҳажнинг вақтини ўтказиб юбормаслик.

Адо қилиш шакли

Қирон ҳаж қиладиган киши Маккага киргач, ҳажни аввал умра тавофидан бошлайди. Аввалш уч тавоф елкаларини қимирлатган ҳолда, тез-тез юриб етти давра тавоф қилади. Сўнг икки ракат тавоф номози ўқийди. Сўнгра Сафо билан Марва орасида етти марта саъй қилади. Сочларини олдирмайди ва қисқартирмайди. Шу билан умра ниҳоясига етади. Бундан сўнг айни эҳром билан ҳаж ибодатини бошлайди ва қудум тавофини адо этиб, Сафо билан Марва орасида саъй қилади. Ҳажнинг қолган амалларини баён қилиб ўтилган тарзда бажаради.

Аллоҳга шукур

Қирон ҳаж қилаётган киши ҳайитнинг биринчи куни жамратул ақаба (шайтонга тош отиш жойи)да тош отгач, бир сафарда икки ибодатни (ҳаж ва умра)ни адо этшига муваффақ қилгани учун Аллоҳ таолога шукрона ниятида битта қўй ёки катта ҳайвонни бир ўзи ёхуд етта киши биргалашиб сўяди ва гўштидан ейди, ундан фақирларга садақа қилиши мустаҳабдир. Агар бунга ожиз бўлса, уч кун курбон ҳайитдан аввал ва ҳаж амаллари тугагач, етга кун рўза тутиб беради. Ҳаммаси бўлиб 10 кун рўза тутади. Рўзани орада баъзи кунларни ўтказиб тутиш ҳам жоиздир.

Таматтуъ ҳажи

«Таматтуь» сўзи луғатда фойдаланиш маъносидадир. Шариат истилоҳида ҳаж ойларида умра учун эҳромга кириш ва уни адо этгач, ҳаж учун яна қайта эҳромга кириш маъносини беради.

Ҳукми ва саҳиҳ бўлиш шартлари

Савоби бўйича умрадан устун, фақат Қирон ҳажидан кейинги ўриндадир.

  1. Умра тавофини тўлиқ (ёки кўпроқ қисмини) ҳаж ойларида қилиш.
  2. Умра эҳромига ҳаж эҳромидан олдин кириш.
  3. Умрадан сўнг қилинадиган ҳаж ибодатини бузмаслик.
  4. Умрани адо қилгач ватанига бориб келмаслик.
  5. Умра ва ҳажни бир йилда адо қилиш.
  6. Маккалик ва у ерда яшовчилардан бўлмаслик.
  7. Агар ҳаж ойларидан олдин умрани адо этиб, Маккада қолган бўлса, ҳаж ойлари киргач, умрани қайта бажариши лозим.

Таматтуъ ҳажининг қоидалари

Дастлаб умра учун мийқотда эҳромга киради ва икки ракат намоздан кейин «Аллоҳумма инни уридул ъумрата фаяссирҳа лий ва тақоббалҳа минни» (маъноси: Аллоҳим мен умра қилмоқчиман. Уни менга осон қил ва қабул айлагин), деб ният қилади ва талбия айтади.

Маккага борганида умра учун Каъбани тавоф қилади, Сафо ва Марва ўртасида саъй қилади, соч олдиради ёки қисқартиради. Шундан сўнг умра эҳромидан чиқади. Зулҳижжанинг саккизинчи (тарвия) куни Ҳарами Шарифда ҳаж учун эҳромга киради ва ҳаж амалларини айтиб ўтилган тартибда адо қилади.

Аллоҳга шукр

Ҳожи Курбон ҳайити куни шайтонгаа тош отганидан сўнг, икки ибодатни (ҳаж ва умра)ни бажаришга муваффақ қилгани учун Аллоҳга шукр нияти билан битта қўй ёки катта бир ҳайвон ёхуд катта бир ҳайвоннинг еттидан бир қисмини сўяди. Ундан ўзи ейди ва фақирларга тарқатади.

Бунга қурби етмаса, ҳайитдан олдин уч кун ва ҳаж амалларидан сўнг етти кун, жами ўн кун рўза тутади.

Маккаликлар, Макка ва мийқот орасидаги ҳудудда яшовчи кишилар Қирон, Таматтуъ ҳаж қилмайдилар.

 

КЕЙИНГИ МАВЗУЛАР:

Жиноятлар

Қурбонлик сўйишни вожиб қиладиган жиноятлар

Фитр садақаси миқдорича садақа беришни вожиб қиладиган жиноятлар

Зарарнинг ўрнини қоплаш қийматини тўлашни лозим қиладиган жиноятлар

Қурбонлик (ҳадй)

Қурбонликни сўйиш вақти

Қурбонлик сўйиладиган жой

Пайғамбаримизни, соллаллоҳу алайҳи ва саллам, зиёрат қилиш

Қурбонлик ва назр

Қурбонликка оид ҳукмлар

Read 2939 times
Top