Кутубхона

Муборак васиятлар: РАСУЛУЛЛОҲ (СОЛЛАЛЛОҲУ АЛАЙҲИ ВАСАЛЛАМ)ГА САЛАВОТ АЙТИШ.  ИХЛОС ВА САМИМИЯТ

 

 РАСУЛУЛЛОҲ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)га САЛАВОТ АЙТИШ

Улуғ муаллим Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)га салавот айтишни Аллоҳ таоло буюрган. Қуръони каримда бундай дейилади:

إِنَّ ٱللَّهَ وَمَلَٰٓئِكَتَهُۥ يُصَلُّونَ عَلَى ٱلنَّبِيِّۚ يَٰٓأَيُّهَا ٱلَّذِينَ ءَامَنُواْ صَلُّواْ عَلَيۡهِ وَسَلِّمُواْ تَسۡلِيمًا٥٦

«Албатта, Аллоҳ ва Унинг фаришталари Пайғамбарга салавот айтур. Эй мўминлар! (Сизлар ҳам) унга салавот ва салом айтинг!» (Аҳзоб, 56)

Аллоҳ таоло ва Унинг фаришталари Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)га салавот айтар экан, биз айтмасак қандай бўлади?

Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Кимнинг олдида зикр қилинсам-у, у менга салавот айтмаса, бурни ерга ишқалсин”, дедилар.

Абу Ҳурайра (розияллоҳу анҳу) ривоят қилишича, Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): «Аллоҳ бир фариштани яратиб, унга бутун халойиқ овозини эшитиш имконини берган. У қиёмат кунигача қабрим тепасида тик туради. Умматимдан ким менга салавот айтса, бу фаришта менга: “Эй Муҳаммад! Фалончи ўғли фалончи сизга салавот айтди”, деб хабар беради”», дедилар. Саҳобалар: «Ё Расулуллоҳ! “Албатта, Аллоҳ ҳам, унинг фаришталари ҳам пайғамбарга дуо-салавот айтурлар”, деган оят ҳақида бизга хабар беринг», дейишди. Шунда у зот (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): «Бу беркитилган илмдандир. Агар сизлар сўрамаганингизда эди, у ҳақда хабар бермасдим. Аллоҳ менга иккита фариштани вакил қилган. Бирон мусулмон киши ҳузурида зикр қилинсам-у, у менга салавот айтса, ўша икки фаришта унга: “Сени Аллоҳ мағфират қилсин”, дейди ва бошқа фаришталар: “Омин”, дейди. Бир мусулмон олдида зикр килинсам-у, у менга салавот айтмаса, икки фаришта: “Сени Аллоҳ мағфират қилмасин”, дейди, қолган фаришталар: “Омин”, дейди», дедилар.

Анас (розияллоҳу анҳу) ривоят қилган ҳадисда Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Ҳар бир дуо Пайғамбарга салавот айтилмагунча, осмон ўртасидаги парда туфайли у ерда тўхтаб туради, салавот айтилса, ўша парда йиртилади”, дедилар.

Ҳикоя қилинишича, солиҳлардан бири ташаҳҳудда ўтириб, Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)га салавот айтишни эсдан чиқарди. Сўнгра Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)ни тушида кўрди. Пайғамбар (алайҳиссалом) ундан: “Нима учун менга салавот айтишни унутдинг?” деб сўрадилар. У: “Аллоҳга ҳамду сано айтиш ва Унга ибодат қилиш билан машғул бўлиб, салавот айтишни унутибман”, деди. Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Албатта, амаллар ва дуолар менга салавот айтилмагунича ушланиб қолади. Агар банда қиёмат куни бутун дунё аҳлининг амали билан келса-ю, менга салавот айтмаган бўлса, унинг амаллари рад қилинади”, дедилар.

Бошқа бир ҳадисда: “Қиёмат куни менга нисбатан инсонларнинг энг ҳақлироғи менга кўп салавот айтганидир”, дейилган.

Зоҳидлардан бири тушида Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)ни кўрди. Зоҳид Пайғамбар (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)га юзланса, у зот (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) унга қарамадилар. “Ё Расулуллоҳ! Сиз мендан хафамисиз?” деб сўради. Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Йўқ”, дедилар. Зоҳид: “Мени та­нимаяпсизми? Мен фалончи зоҳид бўламан”, деганида, “Сени танимадим”, дедилар. У: «Ё Расулуллоҳ! Мен уламоларнинг: “Пай­ғамбаримиз умматларини худди ота-она боласини танигандек танийди”, деганларини эшитганман», деганида, у зот (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Уламолар тўғри айтибди, пайғамбар умматини ота-она боласини таниганидан ҳам яхшироқ танийди. Яъни пайғамбарига кўп салавот айтган умматини”, деб жавоб бердилар.

Абдураҳмон ибн Авф (розияллоҳу анҳу) ривоят қилади: «Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Олдимга Жаброил келди ва: “Эй Муҳаммад! Сизга ким салавот айтса, унга етмиш минг фаришта салавот айтади. Кимга фаришталар салавот айтса, у жаннатий бўлади”, деди”, дедилар».

Ҳасан Басрийдан ривоят қилинади: «У киши тушида Абу Асмони кўрди. Ундан: “Эй Абу Асмо, Аллоҳ сенга кандай муомалада бўлди?” деб сўради. “Мени мағфират қилди”, деди. “Нима сабабли?” деб сўради. У: “Қачон ҳадис айтсам, Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)га салавот айтардим”, деб жавоб берди».

Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) дедилар: «Олдимга Жаброил, Микоил, Исрофил ва ўлим фариштаси келди. Жаброил (алайҳиссалом): “Ё Расулуллоҳ! Ким сизга бир кунда ўн марта салавот айтса, қиёмат куни мен унинг қўлидан ушлаб, сирот кўпригидан яшин тезлигида ўтказиб қўяман”, деди. Микоил (алайҳиссалом): “Мен уни сизнинг Ҳавзи Кавсарингиздан суғораман”, Исрофил (алайҳиссалом): “Мен эса бошимни саждага қўяман, токи Аллоҳ уни мағфират қилмагунча кўтармайман”, деди. Ўлим фариштаси: “Мен унинг жонини пайғамбарнинг жонини олгандек енгил оламан”, деди». Пайғамбар (алайҳиссалом): “Аллоҳ бир тоифа фаришталарни яратган, уларнинг қўлларида олтиндан қалам, кумушдан дафтарлари бор. Улар фақат менга ва аҳли байтимга айтилган салавотларнигина ёзади”, дедилар.

Ҳикоя қилинишича, бир яҳудий туҳмат қилиб, мусулмон киши унинг туясини ўғирлаганини даъво қилди. Бунга мунофиқлардан тўрт нафари ёлғон гувоҳлик берди. Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) туяни яҳудийга қайтаришга ва мусулмоннинг қўлини кесишга буюрдилар. Мусулмон киши ҳайратда қолди ва бошини осмонга кўтариб: “Эй Раббим! Албатта, бу туяни мен ўғирламаганимни биласан!” деди ва: “Ё Расулуллоҳ! Албатта, сизнинг ҳукмингиз ҳақ, лекин бу туядан мен ҳақимда сўранг”, деди. Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Эй туя, сен кимникисан?” дедилар. Туя фасоҳатли тил билан: “Ё Расулуллоҳ! Албатта, бу мусулмонникиман. Бу гувоҳлар ёлғончидир”, деди. Шунда Набий (алайҳиссалом): “Эй мусулмон! Сен нима амал қилган эдинг, Аллоҳ сенинг ҳақлигингни исботлаш учун туяни гапиртирди?” деб сўрадилар. У: “Ё Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)! Мен ҳар кеча ухлашдан аввал сизга ўн марта салавот айтаман”, деб жавоб берди. “Менга айтган салавотинг туфайли бу дунёда қўлинг кесилишидан нажот топдинг, охиратда эса азобдан нажот топасан”, дея марҳамат қилдилар Набий (алайҳиссалом).

Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Ким эрталаб ўн марта ва кеч киргач ўн марта менга салавот айтса, қиёмат куни Аллоҳ уни улкан даҳшатдан омонда сақлайди ва у пайғамбарлар, сиддиқлар билан бирга бўлади”, дедилар.

Суфён Саврий айтади: «Ҳажга борган вақтимда Ҳарамда бир кишини кўрдим, у Макканинг қайси тарафида бўлмасин, тавофдами, Арафотдами, Минодами, фақат Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)га салавот айтарди. Мен унга: “Эй инсон, ҳар бир мақомнинг зикр ва дуоси бор. Сенга нима бўлди, дуо ҳам, зикр ҳам қилмасдан, фақат салавот айтяпсан?” дедим. У: “Бунинг қиссаси бор”, деди. “Менга унинг хабарини бер”, дедим. У: “Хуросондан Маккага ҳаж қилиш учун чиқдим. Мен билан бирга отам ҳам бор эди. Куфага келганимизда отам касал бўлиб, вафот этди. Унинг кийими билан юзини ёпдим. Сўнг юзини очсам, эшакнинг суратига ўхшаб қолганини кўрдим. Бундан қаттиқ қайғурдим. Бир пайт ухлаб қолибман. Тушимда бир киши олдимизга келди, унинг юзида ниқоб бор эди. У киши ниқобини юзидан олди ва менга: “Нега бунчалик ғамгинсан?” деди. “Бу мусибат сабабли нега ғамгин бўлмайин”, дедим. У отамнинг олдига борди ва юзини силади, натижада отам балоланган нарсасидан қутулди. Бориб юзига қарасам, юзи тўлин ойдек порлаб турибди. Шунда мен у кишига: “Кимсиз?” дедим. У киши: “Мустафоман”, деди. Шунда мен у кишининг ридоларидан ушлаб: “Худо ҳаққи, менга бу қисса хабарини беринг”, деб сўраганимда,“Сенинг отанг ҳаётлик вақтида ҳар кеча ухлашдан аввал менга юз марта салавот айтарди. Лекин отанг судхўр бўлган. Аллоҳнинг ҳукмида судхўрни бу дунёда ёки охиратда эшак суратида қилиш бордир. У менга салавот айтгани сабабли, умматимнинг амалларини арз қиладиган фаришта келиб, отангнинг ҳолатини билдирди”, дедилар. Шундан кейин мен Аллоҳ отамни мағфират қилишини сўраб, ҳар кеча Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)га юз марта салавот айтишни одат қилдим».

Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Олдида зикр қилинсам-у, менга салавот айтмаган кимса ҳақиқий бахилдир”, дедилар.

У зот (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) марҳамат қиладилар: “Ким менга бир марта салавот айтса, гуноҳи қолмайди”.

Анас (розияллоҳу анҳу) ривоят қилишича, Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Ким менга битта салавот айтса, Аллоҳ унга ўнта салавот айтади. Унинг ўнта гуноҳини ўчириб, мартабасини ўн даража кўтаради”, дедилар.

Подшоҳлар ўзларини яхши кўрган ва ҳурмат қилган одамларни яхши кўради. Аллоҳ эса Моликул мулк (яъни подшоҳларнинг подшоҳи) ва У бу карамга барчадан кўра лойиқдир. Шундай экан, ким Унинг ҳабибига салавот айтиб шарафласа, Аллоҳ тарафидан иззат-икромга, раҳматга, гуноҳлари кечирилишига ва даражаси кўтарилишига ҳақли бўлади.

“Соллаллоҳу ала Муҳаммад” сўзининг маъноси – Аллоҳ у кишининг шариатини ғолиб этиш ва зикрини олий қилиш билан бу дунёда улуғласин ва охиратда умматни шафоат қилишларига изн берсин, деганидир.

Салавот айтишдан мақсад, Аллоҳга қурбат ҳосил қилиш, амрига таслим бўлиш ва Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) ҳақларини ўташдир. Салавотнинг энг мақбули ҳар сафар Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) номларини эшитганда айтишдир. Ҳар доим, эртаю кеч, айниқса, жума кунлари салавотни кўпайтириш оқил кимсага вожибдир.

Ибн Аббос (розияллоҳу анҳу) айтади: “Ким Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)га салавот айтса, Аллоҳ таоло унга ўнта салавот айтади. Ким у зот (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)ни сўкса, Аллоҳ таоло уни ўн марта сўкади. Валид ибн Муғийрага қарамайсизми? Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)ни сўкканда Аллоҳ таоло уни ўн марта лаънатлади”.

Иброҳим ибн Адҳам (раҳматуллоҳи алайҳ)дан “Менга дуо қилинглар, ижобат қиламан” ояти хусусида сўраб, биз дуо қиламиз-у, ижобат бўлмайди, дейишганида у киши: “Қалбларингиз ўнта нарсадан ўлган”, деди:

  1. Аллоҳни танийсизлар-у, ҳаққини адо қилмайсизлар.
  2. Аллоҳнинг китобини ўқийсизлар-у, лекин унга амал қилмайсизлар.
  3. Иблисни душман деб даъво қиласизлар, аммо уни дўст қилиб оласизлар.
  4. Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)ни яхши кўришни даъво қиласизлар, лекин у зот (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)нинг йўллари ва суннатларини тарк қиласизлар.
  5. Жаннатни яхши кўришни даъво қиласизлар, аммо унга кириш учун амал қилмайсизлар.
  6. Дўзахдан қўрқишни даъво қиласизлар, лекин гуноҳлардан тўхтамайсизлар.
  7. Ўлим ҳақ деб даъво қиласизлар, бироқ унга тайёргарлик кўрмайсизлар.
  8. Бошқаларнинг айби билан машғул бўласизлар, аммо ўз айбингизни сезмайсизлар.
  9. Аллоҳнинг ризқини ейсизлар-да, унга шукр қилмайсизлар.
  10. Ўликларингизни дафн қиласизлар-у, ундан ибрат олмайсизлар.

Ҳа, азизлар! Оддийгина бир-икки оғиз сўз билан кўплаб савоб ва мукофотларни қўлга киритишимиз учун бебаҳо васият ва ҳадисларини қолдириб кетган оламлар сарвари Муҳаммад (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)га ҳар қанча салавот айтсак кам.

 

ИХЛОС ВА САМИМИЯТ

Мусулмон киши ҳар бир амалини ихлос ва самимият билан бажаради, Аллоҳ таоло марҳамат қилади:

وَمَآ أُمِرُوٓاْ إِلَّا لِيَعۡبُدُواْ ٱللَّهَ مُخۡلِصِينَ لَهُ ٱلدِّينَ حُنَفَآءَ وَيُقِيمُواْ ٱلصَّلَوٰةَ وَيُؤۡتُواْ ٱلزَّكَوٰةَۚ وَذَٰلِكَ دِينُ ٱلۡقَيِّمَةِ٥

«Ҳолбуки, улар фақат ягона Аллоҳга, Унинг учун динни (ширкдан) холис қилган, тўғри йўлдан оғмаган ҳолларида ибодат қилишга ва намозни баркамол адо этишга ҳамда закот беришга буюрилган эдилар. Мана шу тўғри (ҳаққоний) диндир» (Баййина, 5).

“Ихлос” луғатда: “Тозалаш”, “холис қилиш” деган маъноларни англатади. Шариатда эса бу: “Ибодатга, зикрга ва дуога фақат Аллоҳ лойиқ” деб ният қилишдир.

Абул Қосим Қушайрий сўзларига қараганда, ихлосли киши амалини одамларга яхши кўриниш, уларнинг мақтовини ёки мукофотини олиш учун эмас, балки ёлғиз Аллоҳнинг розилигини топиш, Унга қурбат ҳосил килиш ниятида қилиши керак. Бундай киши яхши амалларини халққа кўрсатиб, ёмонини беркитмаслиги лозим.

Ҳузайфа Маръаший бундай деган: “Ихлос – банданинг феъллари ташида ҳам, ичида ҳам бир хил бўлишидир”.

Абу Али Заҳҳок айтади: “Ихлос – халқ мулоҳазасидан сақланиш, тўғрилик эса, нафс хоҳишига эргашишдан тийилишдир. Ихлосли одам риёкорлик қилмайди, тўғри одам керилмайди”.

Зуннун Мисрий айтади: “Уч нарса ихлоснинг аломатидандир:

  1. Одамлар мақтаганда ҳам, мазаммат қилганда ҳам бир хил туриш;
  2. Ўзи қилаётган яхши амалларни унутиш (ғурурланмаслик);
  3. Қилган амалларининг савобини охиратга сақлаб қўйиш (тамагир бўлмаслик)”.

Ихлосга энг чиройли таърифни Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) берганлар ва буни “эҳсон” деб атаб, уни бундай изоҳлаганлар: “Эҳсон – банда ибодатини Аллоҳни кўриб тургандек адо этишидир. Чунки банда Аллоҳни кўриб турмаса ҳам, Аллоҳ уни кўриб туради”. Мана шу ихлосдир.

Ойша (розияллоҳу анҳо) айтади: «Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Қайси бир одамнинг нияти дин арконларини адо этиш бўлса, унга албатта, Аллоҳ ёрдам беради”, дедилар» (“Фатҳул Кабир”, Имом Аҳмад ривояти).

Ихлос ҳар бир амалнинг савобини кўпайтиради. Буни янада оддийроқ тушунтирадиган бўлсак, бир одам жамоат билан намоз ўқиш учун масжидга йўл олади ва ният қилади, агар йўлда бирор мазлумни учратсам, унга ёрдам бераман, агар йўлда одамларнинг ҳаракатига халал берадиган бирор нарса турган бўлса, уни йўлдан олиб ташлайман, агар кўзи ожиз одамни кўрсам, уни йўлга солиб юбораман, агар муҳтожни учратсам, унга эҳсон қиламан, агар жанжаллашаётган икки кишига дуч келсам, уларни яраштириб қўяман деса, Аллоҳ таоло жамоат намозидан ташқари унга нияти учун алоҳида савоб беради. Мана шундай яхшиликларни ният қилиш ихлос, дейилади. Шунингдек, ёмонликлардан, ҳарому макруҳлардан, каттаю кичик гуноҳлардан ўзини сақлаш нияти ҳам ихлосдир.

Бир қудсий ҳадисда бундай дейилади:

عن ابنِ عباسِ رضِيَ اللهُ عنهما عن رَسُول الله صلى الله عليه وسلم فيما يروي عن ربهِ تباركَ وتعالى قَالَ: “إنَّ اللهَ كَتَبَ الحَسَنَاتِ والسَّيِّئَاتِ ثُمَّ بَيَّنَ ذلِكَ فَمَنْ هَمَّ بحَسَنَةٍ فَلَمْ يَعْمَلْهَا كَتَبَها اللهُ تَبَارَكَ وتَعَالى عِنْدَهُ حَسَنَةً كامِلَةً وَإنْ هَمَّ بهَا فَعَمِلَهَا كَتَبَهَا اللهُ عَشْرَ حَسَناتٍ إِلى سَبْعمئةِ ضِعْفٍ إِلى أَضعَافٍ كَثيرةٍ وإنْ هَمَّ بِسَيِّئَةٍ فَلَمْ يَعْمَلْهَا كَتَبَهَا اللهُ تَعَالَى عِنْدَهُ حَسَنَةً كَامِلةً وَإنْ هَمَّ بِهَا فَعَمِلَهَا كَتَبَهَا اللهُ سَيِّئَةً وَاحِدَةً

Ибн Аббос (розияллоҳу анҳу) ривоят қилади: «Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) Раббисидан ривоят қилиб айтадилар: “Албатта, Аллоҳ яхшилик ва ёмонликларни ёзиб қўйди ва уни баён қилди: Ким бир яхшиликни қасд қилса-ю, уни қилмаса, Аллоҳ Ўз ҳузурида тўлиқ бир яхшилик савобини ёзади. Агар уни қасд қилиб, амалга оширса, Аллоҳ азза ва жалла уни Ўз ҳузурида ўнтадан етти юз яхшиликкача, ундан ҳам бир неча марта кўп қилиб ёзади. Агар бир ёмонликни қасд қилса-ю, уни амалга оширмаса, Аллоҳ уни Ўз ҳузурида тўлиқ бир яхшилик савобини ёзади. Агар у (ёмонлик)ни қасд қилиб, уни амалга оширса, Аллоҳ уни бир ёмонлик қилиб ёзади”, дедилар» (Имом Бухорий ва Имом Муслим).

Ислом шариати нақадар гўзал! Юқоридаги ҳадисдан маълум бўлишича, амалга бериладиган ажру савоб, асосан, банданинг ихлосига қараб бўлар экан. Чунки бир хил ният билан бир амални бажарган кишиларнинг бирига ўн ҳисса савоб берилса, иккинчисига етти юз ҳисса, учинчисига ундан бир неча баробар кўп савоб ато этилиши айтилмоқда. Савоб ихлосга қараб бўлади.

Ихлос ана шундай улуғ нарса. Ихлос билан қилинган ибодатнинг савоби ана шундай кўп бўлади. Ихлос самараси ўлароқ, банда Раббига қилган ибодати лаззатини топади, руҳи мусаффо бўлади, қалби нурга тўлади ва амалига қўшимча савоб олади. Ихлосли банда насиҳат ва ибратлардан ўзига фойда олади.

Ихлос Аллоҳ таоло томонидан бандаларига берилган улкан мукофот ва неъматдир. Аллоҳ таоло қудсий ҳадислардан бирида: “Ихлос Менинг сирларимдан биридир. Бандаларимдан кимга муҳаббат қилган бўлсам, ўшанинг қалбига ихлосни жойлаганман. Унга фаришта таниш бўлиб, ёза олмайди ҳам, шайтон таниш бўлиб, буза олмайди ҳам”, деган.

Абу Муҳаммад Саҳл Тустарий “Назарул акёс фи тафсирил ихлос” номли китобида бундай ёзган: “Ихлосли одамнинг ҳар бир ҳаракати ва сукунати ошкораликда ҳам, махфийликда ҳам фақат Аллоҳ учун бўлиши, унга нафс, ҳавас ва дунёнинг манфаати аралашмаслиги керак”.

Ривоят қилинишича, тасаввуф аҳли пешволаридан Имом Шиблий халқ орасида катта обрўга эга пири муршид эди. Бир куни шогирдларидан бири Шиблийга: “Шаҳарнинг нариги чеккасида истиқомат қиладигап бир новвойнинг ихлос ва муҳаббати жанобингизга жуда баланд. Юрган-турганда номингизни тилдан қўймасдан: “Шиблий ҳазратларини бир кўрсам эди”, деб такрорлагани-такрорлаган. Лекин хизматда жуда банд бўлгани учун зиёратингизга келолмайди”, деди. Имом Шиблий дарҳол шогирдига: “Ундай бўлса, унинг зиёратига мана биз борамиз!” деди ва ўзини танитмаслик учун эскироқ либос кийиб, новвой ҳузурига йўл олди. Новвой тандир олдида куймаланиб, янги пишган нонларни узиб, ёнидаги саватга ташларди. Имом Шиблий новвойга аста яқинлашди ва: “Аллоҳ учун нонингдан менга битта бер!” деди. Новвой Имом Шиблийни танимай унга ўқрайиб қаради ва: “Иссиқ нонни пули борлар ейди, пулинг бўлса нондан ол. Бу савдога Худони аралаштирма”, деди.

Имом Шиблий новвой ёнидан узоқлашди. Уни танийдиган ҳунармандлардан бири новвойга қараб: “Эсинг жойидами, ўзинг яхши кўриб, доим номини тилингдан қўймайдиган Имом Шиблий ҳузурингга ўз оёғи билан келса-ю, сен унга ҳурмат бажо келтирмай ҳайдаб юбординг?!” деб танбеҳ берди. Новвой қаттиқ ҳаяжонланиб: “Имом Шиблий шу одаммиди?” деди ва орқасидан югуриб, Шиблийга етиб олди. Қаттиқ ёлвориб: “Эй ҳазратим, мен сизнинг мухлисингизман, сизни танимабман, узримни қабул этинг!” деди. Имом Шиблий унга қараб норози оҳангда: “Бу ҳолатда сенинг узрингни қабул этолмайман. Агар сен минг тилло харажат қилиб, уйингда катта зиёфат ташкил этсанг, унга шаҳарнинг барча казо-казоларини таклиф қилсанг, ўшандагина ўша зиёфатга келиб, меҳмонлар олдида сенинг узрингни қабул қиламан ва гуноҳингдан ўтаман”, деди.

Новвой рози бўлди ва зиёфат куни белгиланди. Катта зиёфат дастурхони атрофига ҳамма жам бўлганида, ўтирганлардан бири шундай таклиф киритди: “Муҳтарам Шиблий ҳазратлари, хонадон соҳиби новвой катта саховат кўрсатиб, эҳсон қилибди. Фурсатни ғанимат билиб, саховатнинг фазилати, сахийларнинг жаннатга кириши, жаннат ва аҳли жаннатнинг қандай бўлиши ҳақида маъруза қилиб берсангиз”. Имом Шиблий ўтирганларга қараб: “Муҳтарам меҳмонлар, жаннат ва жаннатийларнинг қандай бўлишини билмайман-у, аммо аҳли дўзахийларнинг қиёфасини кўраман десангиз, мана шу новвойга, унинг қиёфасига қаранглар!” деб хитоб қилди. Ўтирганлар бараварига: “Эй ҳазрат, саховат билан шундай катта зиёфат қилиб, унга таклиф этган бир яхши одамни сиз дўзахий деяпсизми?” деб эътироз билдирди. Шунда Имом Шиблий уларга: «Мен новвойга: “Аллоҳ учун менга битта нон бер!” десам у: “Аллоҳни аралаштирма!” деб мени ҳайдаб юборди. Менинг Шиблий эканимни билганидан сўнг эса, менинг розилигим учун минг тиллолик зиёфатга рози бўлди. Аллоҳга ихлос қилмасдан, унинг бир бандасига ихлос қилган, Аллоҳ учун бир нонни қизғаниб, унинг бандаси учун минг тиллони аямаган кимса албатта дўзахий бўлади-да», деди.

Фузайл ибн Иёз (розияллоҳу анҳу) айтади: “Одамлар риояси учун бирор амални тарк этиш риёдир. Одамлар риояси учун бирор ишни қилиш ширкдир. Ихлос эса сени мазкур икки залолатдан ҳам сақлайди”(“Ал-Азкор”, Имом Нававий, 6-б.).

Ҳар бир ишда ихлос ва самимият нақадар муҳим экани барчага аён. Шунинг учун мўмин киши ҳар бир амалини чин ихлос ва катта самимият билан қилиши мақсадга мувофиқдир. Аллоҳ таоло ҳеч биримизни Ўзининг ихлосидан айирмасин!

 

КЕЙИНГИ МАВЗУ:

Кўп кулиш қалбни ўлдиради

Мискинларни яхши кўриш ва улар билан бирга ўтириш

 

Read 3491 times
Top