Кутубхона

ИТОАТ – УЛУҒ ИБОДАТ!    ХОТИННИНГ ЭРИГА ИТОАТСИЗЛИК ҚИЛИШИ

ТЎРТИНЧИ ВАСИЯТ

بسم الله الرحمن الرحيم

قَالَ أبو ذَرٍّ رضى اللهُ عنهُ: أَوْصاني خليلي صلَّى الله عَلَيهِ وسلَّمَ بِثَلاثٍ قَالَ: “إسْمَعْ وأَطِعْ وَلَوْ لِعَبْدٍ مَجْدُوعِ الأنْفِ فَإنْ صَنَعْتَ مَرَقَةً فَأَكْثِرْ ماءَها ثُمَّ انْظُرْ إلى أهْلِ بَيْتِ جِيرَانِكَ فَأَصِبْهُمْ مِنْها بِمَرَقَتِكَ وَصَلِّ الصَّلاةَ لِوَقْتِهاَ(رواه مسلم).

Абу Зарр (розияллоҳу анҳу) айтади: Яқин дўстим Муҳаммад (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) менга уч нарсани васият қилдилар: “Бурни кесилган қул (амир) бўлса ҳам, унга қулоқ тут ва итоат қил. Шўрва қилсанг, сувини кўпроқ солиб, ён қўшниларингга насиба чиқар. Намозни ўз вақтида адо қил” (Имом Муслим ривояти).

Мўмин киши ушбу васиятларга амал қилиши, билмаганларга етказиши лозим. Васиятда: “Бурни кесилган қул (амир) бўлса ҳам унга қулоқ тут ва итоат қил”, дейиш билан итоат туфайли мўмин киши Яратганнинг мукофотига сазовор бўлиши айтилган.

 

Итоат – улуғ ибодат!

Аллоҳ таоло марҳамат қилади:

﴿يَٰٓأَيُّهَا ٱلَّذِينَ ءَامَنُوٓاْ أَطِيعُواْ ٱللَّهَ وَأَطِيعُواْ ٱلرَّسُولَ وَأُوْلِي ٱلۡأَمۡرِ مِنكُمۡۖ فَإِن تَنَٰزَعۡتُمۡ فِي شَيۡءٖ فَرُدُّوهُ إِلَى ٱللَّهِ وَٱلرَّسُولِ إِن كُنتُمۡ تُؤۡمِنُونَ بِٱللَّهِ وَٱلۡيَوۡمِ ٱلۡأٓخِرِۚ ذَٰلِكَ خَيۡرٞ وَأَحۡسَنُ تَأۡوِيلًا٥٩

«Эй имон келтирганлар! Аллоҳга итоат этинг, Пайғамбарга ва ўзларингиздан (бўлмиш) бошлиқларга итоат этинг! Борди-ю, бирор нарсада (дин ишида) келиша олмай қолсангиз – Аллоҳга ва охират кунига ишонадиган бўлсангиз – уни Аллоҳга ва Унинг Пайғамбарига ҳавола қилинг. Мана шу яхшироқ ва ечими чиройлироқ (иш)дир» (Нисо, 59).

Ибн Аббос (розияллоҳу анҳу) ривоят қилади: «Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) Холид ибн Валидни гуруҳга бошлиқ қилиб, бир қабилага юбордилар. Аммор ибн Ёсир ҳам у билан бирга эди. Қабилага яқинлашгач, Холид эрталаб ҳужум қилиш учун тўхтади. Қабила аҳллари буни эшитиб, қочиб қолишди. Улардан Исломни қабул қилган бир кишигина қолди. У ҳам оиласини сафарга тайёрланишга буюриб, аскарлар турган ерга борди. У Амморнинг олдига келиб: “Эй ётган киши! Мен сизларданман, қавмим сизларни эшитиб, қочиб кетди. Мен мусулмон бўлганим учун қолдим. Бу менга фойда берадими ёки қавмим каби қочиб кетсаммикин?” деди. Аммор: “Сен жойингда тур, шу сенга фойдалироқ”, деди. У киши аҳли-аёли ҳузурига бориб, уларни қолишга буюрди. Эрталаб Холид ҳужум қилиб, шу кишидан бошқа ҳеч кимни топмади. Уни асир олиб, молини тортиб олди. Шу пайт Аммор келиб: “Бу одамга тегма, у мусулмон бўлган, мен унга омонлик бериб, қолишга буюрганман”, деди. “Мен амир бўлатуриб, мендан рухсатсиз омонлик берасанми?!” деди Холид. “Ҳа, сен амир бўлсанг ҳам, сенсиз омонлик бераман”, деб иккаласи тортишиб қолди. Қайтиб келишганидан кейин Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)га бунинг хабари айтилди. Шунда Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) Амморнинг омонлигини қабул этиб, ўша кишига омонлик бердилар. Амморни бундан кейин амирнинг рухсатисиз бирор кишини ҳимояга олишдан қайтардилар» (“Асбобун нузул”, 130-б.).

Юқоридаги оятдан Аллоҳ ва расули (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) буйруқларига итоат қилиш билан бирга, мусулмонларнинг ўзларидан бўлган дин ва давлат бошлиқларига ҳам итоат қилишлари вожиблиги маълум бўлади. Зеро, раҳбар ёки ота-оналар гуноҳ ишларга буюришмас экан, уларга итоат этиш вожибдир (“Таҳовий ақоиди”).

Аллоҳга итоат қилиш Унинг амрларини бажариш, қайтариқларидан қайтиш бўлса, Расул (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)га итоат этиш у зот (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)нинг суннатларини маҳкам ушлаш ва у зот (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) ман этган нарсалардан сақланишни англатади (“Тафсири Қуртубий”, 3-жилд, 155-б.).

Бошлиқларнинг Аллоҳ ва расули (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) кўрсатмаларига зид бўлмаган ҳар бир буйруғига итоат қилиш омма учун вожиб бўлади. Саҳл ибн Абдуллоҳ Тустарий (раҳматуллоҳи алайҳ) айтишича, етти ўринда султонларга итоат этиш вожиб: пул муомалаларида, тарозида, ҳукмларда, ҳаж масаласида, жума ва иккала ҳайит ҳамда Ватан ҳимояси масалаларида (“Тафсири Қуртубий”, 3-жилд, 155-б.).

Киши Аллоҳга ва охират кунига имон келтирган бўлса, у Аллоҳга, Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)га ва бошлиқларга итоат этиши керак. Чунки имон исённи эмас, балки итоатни вожиб қилади. Демак, оятдан маълум бўлишича, исёнга бошламаса, бошлиқларга итоат этиш вожиб.

Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Холиққа исён бўладиган ишларда махлуққа итоат этилмайди”, деганлар (“Тафсири Насафий”, 1-жилд, 232-б.).

Али ибн Абу Толиб (розияллоҳу анҳу)дан ривоят қилинади: “Бошлиқ адолат билан ҳукм қилиши ва омонатни адо этиши зарур. Мана шу ишлар қилинганида мусулмонлар учун бошлиққа итоат этиш вожиб бўлади. Чунки Аллоҳ таоло омонатни адолат билан адо этишга буюрган” (“Тафсири Қуртубий”, 3-жилд, 155-б.).

Муфассирлар таъкидлашича, ушбу ояти каримада фиқҳнинг асосий тўрт манбаига ҳам ишора бор. Аллоҳга итоат этишдан – Қуръони карим, Пайғамбари (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)га итоат этишдан – суннат, раҳбарларга итоат этишдан – ижмо, низоли масалани Аллоҳ ва расули (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)га ҳавола қилишдан қиёс усуллари кўзда тутилган.

Анас ибн Молик (розияллоҳу анҳу) ривоят қилади: «Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Боши қора майиздек ҳабаш сизларга бошлиқ этиб тайинланса ҳам, унга қулоқ солинглар ва итоат этинглар”, дедилар» (Имом Бухорий).

Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)нинг буйруқлари, кўрсатмаларига оғишмай амал қилиш икки дунё саодатига сазовор қилади. Бу ҳақда “Саботул ожизин”да бундай дейилган:

Пайғамбарнинг амрига қилсанг итоат,

Саодатдур, саодатдур, саодат.

Уқайл ибн Абу Толиб айтади: «Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) билан сафарда эдим, у зотда уч нарсани кўрдим. Шу уч нарса сабабли қалбимга Ислом маҳкам ўрнашди. Биринчиси. Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) қазои ҳожат қилмоқчи бўлдилар. Сал нарида бир неча дарахт бор эди. Менга: “Дарахтлар олдига бориб, сизларни Расулуллоҳ чақиряптилар, у кишини тўсиб тураркансизлар, деб айт”, дедилар. Мен бориб, гапимни тугатмасимдан, дарахтлар томирлари билан ердан ажралиб келиб, Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)ни ўраб турди. Фориғ бўлганларидан кейин дарахтлар ўринларига қайтиб кетди. Иккинчиси. Мен қаттиқ чанқадим, лекин сув топа олмадим. Шунда Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Бу тоққа чиқиб менинг номимдан салом айт ва сувинг бўлса, менга бер, деб айт”, дедилар. Мен тоққа чиқиб, Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) гапларини айта бошладим. Сўзимни тугатмасимдан, тоғ одамга ўхшаб гапира кетди: “Сен Расулуллоҳга бориб айт, мен: “Эй имон келтирган зотлар! Ўзингизни ва аҳлингизни ёқилғиси одамлар ва тошлардан бўлган дўзахдан сақлангиз” (Таҳрим, 6), ояти нозил бўлганидан бери ўша тошлардан бўлиб қолишимдан қўрқиб, йиғлай-йиғлай, сувим қолмаган”. Мен ҳайратлар ичида қайтиб келдим. Учинчиси. Йўлда кетаётган эдик, тўсатдан бир туя Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) олдиларига чопиб келиб: “Ё Расулуллоҳ, ёрдам беринг!” деди. Шу пайт унинг орқасидан бир аъробий қилич яланғочлаб келди. Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Бу бечорадан нима хоҳлайсан?” деб сўрадилар. У: “Ё Расулуллоҳ! Мен буни қимматга сотиб олганман. Энди у менга итоат қилмаяпти. Шунинг учун уни сўйиб, гўштидан фойдаланаман”, деди. Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) туяга қараб: “Нима учун унга итоат қилмаяпсан?” деб сўрадилар. Туя: “Мен унинг ёмон ишлари туфайли унга осий бўлмоқдаман, чунки унинг қабиласида хуфтонни ўқимай ухлашади. Агар у хуфтон ўқишга ваъда берса, мен ҳам унга осий бўлмасликка аҳд қиламан. Чунки улар орасида эканман, ҳаммамизга Аллоҳнинг азоби келишидан қўрқаман”, деди. Аъробий намозни тарк этмасликка аҳд қилди. Сўнгра туя у билан бирга қайтиб кетди».

Донишмандлар айтган экан: “Ким орифлардан бўлишни ва шайтондан қутулишни хоҳласа, тўрт нарсани билиб олиши керак: Иблис ва у хоҳлаган нарсаларни; нафс ва унинг хоҳишларини; ҳавойи истак ва у хоҳлаган нарсаларни; дунё ва унинг хоҳишларини. Чунки Иблис сен динингни бой беришингни ва ўзи билан бирга абадий дўзахда қолишингни хоҳлайди. Нафс эса, гуноҳларни ва тарки ибодатни истайди. Ҳавойи истак шаҳватларни ва ижтиҳод тарк қилинишини хоҳлайди. Дунё эса, дунё ишларини охират амалларидан афзал кўришингни хоҳлайди. Ким бу нарсаларни билиб олса, орифлардан бўлади. Ким шайтонга итоат қилса, шайтон каби дўзахда абадий қолади. Ким нафсига итоат қилса, маълум муддат азобланади. Ким ҳавои хоҳишига эргашса, ҳисоби қаттиқ бўлади. Ким дунёга итоат қилса, дунёю охиратда ҳасратда қолади”.

Хабарда келишича, қиёмат куни Аллоҳ таоло ҳузурига икки киши олиб келинади. Улардан бири итоатли мўмин, иккинчиси осий мўминдир. Итоатли мўминни жаннатга олиб бориш, осийни дўзахга ташлаб, азоблаш буюрилади. Итоатли мўмин хурсанд ҳолатда жаннат сари йўл олади. Жаннатга яқин келганида ортидан: “Эй дўстим, менга раҳм қилгин, мени шафоат қил”, деган нидони эшитади. Шу заҳоти у жойида тўхтаб қолади ва жаннатга кирмайди. Шунда унга: “Жаннатга кир ва Аллоҳ сени жаннатга киргизганига шукр қил”, дейилади. У эса: “Йўқ, мен жаннатга кирмайман, мени дўзахга олиб бор”, дейди. “Нима учун жаннатга кирмай, дўзахга киришга рози бўляпсан?” деб сўрашганида у: “Чунки дўзахга кетган осий киши менинг дўстим эди. У мендан ҳозир шафоат қилишимни сўради. Модомики, мен уни шафоат қилишга изн ололмасам, менга унинг олдига бориб, у билан бирга азобланишдан бошқа чора йўқ”, дейди. Шунда Аллоҳ таоло дўсти туфайли осийни ҳам мағфират қилиб, жаннатга киритади.

Итоат тўғрисида гап кетганида, тарихга назар ташлаш фойдадан холи бўлмайди. Умар (розияллоҳу анҳу) даврида бўлиб ўтган бир воқеани эслайлик.

Унча катта бўлмаган жамоа сафарга отланди. Умар ибн Хаттоб ўзи жамоа бошлиғи Утба ибн Ғазвонни кузатиб чиқди ва бундай деди: “Эй Утба! Мен сени Убулла шаҳрига юборяпман, унинг қалъалари мустаҳкам, душманларимиз кучли. Аллоҳ таоло сенга ёрдам беришидан умид қиламан. Убуллага етиб борганингда, унинг аҳлини Аллоҳнинг динига чақир, шунда ким уни қабул қилса, унга омонлик бер ва ким ундан бош тортса, ундан жизя ол. Агар улар биринчи ва иккинчи шартларга рози бўлмаса, унда улар билан жанг қил! Мен сенга топшираётган ишда Аллоҳдан қўрқ, эй Утба! Ўзингни камтар тут, катта кетиш охиратингни бузади. Доим ёдда тут, Аллоҳ сени хорликдан азиз қилди, заифликдан кейин сенга қувват берди. Ҳозир сен қўмондон бўлдинг, сенга одамлар итоат қилишмоқда, гапирсанг, сенга қулоқ солишади, бирон ишга буюрсанг, сўзсиз бажаришади. Бу сен учун неъматдир, агар уларга ёмонлик қилиб, раҳбарлигингдан фойдалансанг ва уларни алдасанг, унда бу ишинг жаҳаннамга судрайди. Аллоҳ асрасин!”

Нисо сураси 59-оятида айтилганидек, ўзини мусулмон ҳисоблайдиган кишининг, энг аввало, Яратганга ва расули (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)га итоат қилиши сўзсиз вожиб бўлади. Шунингдек, оятда айтилгани каби, бошлиқларга итоат этиш ҳам вожиб. Ҳозирги кунда итоат этмаслик учун ҳеч бир нарса баҳона бўла олмайди. Юртимизда Исломнинг барча арконларини бажариш, ибодатларни комил адо этиш борасида мусулмонларга берилган кенг имкониятлар, ҳуқуқий давлатимизда адолатнинг устуворлиги, ҳар йили минглаб диндошларимиз Исломнинг бешинчи аркони бўлган ҳажни адо этиб келаётганлари, шу билан бирга, қанчалаб юртдошларимиз умрага ҳам бориб келаётганлари сабабли ҳам итоат вожиб бўлади.

Бундай неъматлар эвазига шукрона ва итоат мусулмон киши учун кони фойда. Биринчидан, у бу иши билан энг аввало, Аллоҳга, расули (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)га итоат қилган бўлади. Иккинчидан эса, раҳбарларга қилган итоати учун савоб олади. Аллоҳ таоло барчамизни тўғри йўлдан оғиштирмасин, омин!

 

Хотиннинг эрига итоатсизлик қилиши

Аллоҳ таоло марҳамат қилади:

﴿ٱلرِّجَالُ قَوَّٰمُونَ عَلَى ٱلنِّسَآءِ بِمَا فَضَّلَ ٱللَّهُ بَعۡضَهُمۡ عَلَىٰ بَعۡضٖ وَبِمَآ أَنفَقُواْ مِنۡ أَمۡوَٰلِهِمۡۚ فَٱلصَّٰلِحَٰتُ قَٰنِتَٰتٌ حَٰفِظَٰتٞ لِّلۡغَيۡبِ بِمَا حَفِظَ ٱللَّهُۚ وَٱلَّٰتِي تَخَافُونَ نُشُوزَهُنَّ فَعِظُوهُنَّ وَٱهۡجُرُوهُنَّ فِي ٱلۡمَضَاجِعِ وَٱضۡرِبُوهُنَّۖ فَإِنۡ أَطَعۡنَكُمۡ فَلَا تَبۡغُواْ عَلَيۡهِنَّ سَبِيلًاۗ إِنَّ ٱللَّهَ كَانَ عَلِيّٗا كَبِيرٗا٣٤

«Эркаклар хотинлар устидан (оила бошлиғи сифатида доимий) қоим турувчидир. Сабаб – Аллоҳ уларнинг айримлари (эркаклар)ни айримлари (аёллар)дан (баъзи хусусиятларда) ортиқ қилгани ва (эркаклар ўз оиласига) ўз мол-мулкларидан сарф қилиб туришидир. (Аёллар ичида) солиҳалари – бу (Аллоҳга ва эрига) итоатли, ғойибга Аллоҳ сақлаганича ҳимоятли (яъни эрларининг сирлари, мулклари ва обрўларини сақловчи)дир. Хотинларнинг итоатсизлигидан қўрқсангиз, аввало, уларга насиҳат қилинг, сўнгра (бу таъсир қилмаса,) уларни ўринларда (алоқасиз) тарк этинг, сўнгра (бу ҳам кор қилмаса) уларни (мажруҳ бўлмагудек даражада) уринг. Аммо сизларга итоат қилсалар, уларга қарши (бошқача) йўл ахтарманг. Албатта, Аллоҳ  олий ва улуғ Зотдир» (Нисо, 34).

Муқотил (розияллоҳу анҳу) айтади: «Бу оят ансорий Саъд ибн Робиъ ҳақида нозил бўлган. У рашкчи эди. Хотини Хубайба бинти Зайд ибн Абу Ҳурайра ҳам ансорлардан эди. У хотинини итоатсизлиги учун урди. Отаси қизини Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)га олиб бориб: “Саъдга қизимни берган эдим, уни урибди”, деди. Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Эридан қасосини олсин”, дедилар. Аёл отаси билан қасос олиш учун чиқди. Шунда Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Қайтинглар, менга Жаброил (алайҳиссалом) келди, биз бир ишни хоҳлаган эдик, Аллоҳ бошқа ишни хоҳлабди. Аллоҳнинг хоҳлагани яхшироқдир”, дедилар ва қасос олишдан қайтардилар» (“Асбобун нузул”, 128-б.).

Абу Равқ: “Бу оят Жамила бинти Убай ва унинг эри Собит ибн Қайс ибн Шаммос ҳақида нозил бўлган”, дейди.

Калбий эса: “Бу оят Умайра бинти Муҳаммад ва унинг эри Саъд ибн Роби ҳақида нозил бўлган”, дейди (“Тафсири Қуртубий”, 3-жилд, 103-б.).

Бу оят эркакларнинг аёлларига ширинсўз ва хушмуомалалик билан одоб беришларига далолат қилади. Агар аёллар эрларининг ҳақларини поймол этишмаса, уларга ёмонлик қилиб бўлмайди (“Тафсири Қуртубий”, 3-жилд, 103-б.).

Эркак зотининг баъзи хусусиятларда аёл кишидан ортиқ қилиб яратилганида бир неча ҳикмат бор. Тафсирларда, жумладан, шаръий нуқтаи назардан эркакларга хос қуйидаги хусусиятлар қайд этилган: пайғамбарлик, ҳукмдорлик, жисмоний куч-қувват, оила нафақасига масъуллик, ақлу идрок, хотира ва тафаккурнинг зиёдалиги, имом-хатиблик, муаззинлик, жамоат билан намоз ўқиш, жума намозининг вожиб бўлиши, ташриқ такбирини айтиш, жангларда қатнашиш, тўлиқ гувоҳлик, талоқ бериш ҳуқуқига эга бўлиш, оила номининг унга нисбат берилиши, намоз ва рўзани узрсиз адо этиш ва бошқалар. Шу ва бошқа жиҳатларини ҳисобга олиб, аёл кишининг эрига итоатли, иффатли бўлиб, оила тотувлиги йўлида доимий ҳаракатда бўлиши талаб этилган.

Баъзи кишилар арзимас сабаб билан аёлини уришга, сўкишга журъат қилади. Бу ишлари хатодир. Ҳар қандай оилавий можарони тинч йўл билан, оқилона ҳал этиш мумкин.

Видолашув хутбасида Пайғамбаримиз (алайҳиссалом) бундай деганлар: “...Аёлларингизга яхшилик қилишни тавсия этаман. Улар сизларнинг барча ишларингизда ёрдамчиларингиздир. Фақат итоатсизлик ва ахлоқсизлик қилишса, уларни енгилгина уринг” (Имом Термизий ривояти), (“Лубобут таъвил фи маъониттанзил”).

Воҳидий (розияллоҳу анҳу) айтган: “Бу оятдаги “итоатсизлик”дан мурод, эрга осийлик қилиш, яъни, такаббурлик билан эрининг буйруқларига қарши иш юритишдир”.

Ато (розияллоҳу анҳу) айтган: “У (яъни итоатсизлик) – аёлнинг эри учун ўзига оро бермаслиги (хушбўйлик сепмаслик), эрининг ундан ҳузурланишига йўл қўймаслиги ва илгаригидай эрига бўйсуниш ҳолатининг ўзгариб қолишидир. Бундай хотинларга Аллоҳнинг Китоби ила “панд-насиҳат қилинглар”, Аллоҳ уларга буюрган ишларни эслатинглар”.

“… уларни ётоқларда тарк қилинг”.

Бу оятни Ибн Аббос (розияллоҳу анҳу): “Тўшакда хотинига орқа ўгириб, гапирмай ётишидир”, деб, Шаъбий ва Мужоҳид эса: “Хотини билан бир жойда ётмаслик, яқинлашмаслик”, деб тафсир қилган (“Тафсири Қуртубий”, 3-жилд, 104-б.).

“… уларни уринг!”

Оятда аввал яхши муомала қилиш, кейин алоҳида ётиш ва шунда ҳам итоат қилмаса, кейин уришга буюрилди. “Уриш”дан мурод, қаттиқ уриш, аъзосини синдириш, кўкартириш эмас, балки тузатиш мақсадида секин уриш назарда тутилган (“Тафсири Қуртубий”, 3-жилд, 104-б.).

Ибн Аббос (розияллоҳу анҳу): “Одоб бериш учун кафти билан кўксига туртиш каби”, деган.

Эр хотинининг итоатсизлигини ушбу оятда зикр қилинганидай, Аллоҳ изн берган тарзда тузатиши, бартараф этиши лозим.

“Аммо сизларга итоат қилсалар, уларга қарши (бошқача) йўл ахтарманг”.

Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) айтдилар: “Аёлларингиз хусусида Аллоҳдан қўрқинг, чунки уларни Аллоҳнинг омонати сифатида қабул қилдингиз ва уларни Аллоҳнинг калимаси билан ҳалол қилиб олдингиз. Уларнинг вазифаси сизга итоатли бўлишдир. Агар итоатсизлик қилишса, уларни жонини оғритмай уринг” (Имом Муслим ривояти).

Шаъбий (раҳматуллоҳи алайҳ) ривоят қилади: «Бир аёл Умар (розияллоҳу анҳу)нинг ҳузурига келиб: “Эй мўминлар амири! Сизга инсонларнинг яхшиси устидан шикоят қилгани келдим. У шундай одам, яхши амал борасида унга етадиганлар жуда оз. Кечаси тонггача намоз ўқийди ва кундузлари доимо рўзадор бўлади”, деганидан кейин уялиб, аслида айтмоқчи бўлган гапларини айтолмади ва: “Эй мўминлар амири, мени кечиринг”, деди. “Яхши, Аллоҳ сендан рози бўлсин. Сен эрингни жуда яхши сифатлар билан мақтадинг. У ҳақда бундан ортиқ бирор нарса гапиришингга ҳожат йўқ”, деди Умар (розияллоҳу анҳу). Аёл чиқиб кетди. У кетгач, ўша ерда турган Каъб ибн Сур (розияллоҳу анҳу): “Эй мўминлар амири, аёл уялиб, шикоятини айта олмади”, деди. “Аёлнинг қандай шикояти бор эди?” деб сўради Умар (розияллоҳу анҳу). “Аёл эридан эр-хотинлик ҳақларига риоя қилмаётир”, деб шикоят қилмоқчи эди. Шундан сўнг Умар (розияллоҳу анҳу) аёлни ортига қайтариб, эрига ҳам хабар юборди ва аёлнинг эри келгач, Каъбга: “Ораларида сен ҳакамлик қил”, деди. “Сиз шу ерда экансиз, мен қандай ҳакамлик қиламан”, деди Каъб. “Мен тушунмаган нарсага сенинг ақлинг етди. Бинобарин, уларни эшитиб, ораларида ҳукм этиш сенинг ҳаққингдир”, деди Умар розияллоҳу анҳу.

Шунда Каъб ҳалиги одамга: «Аллоҳ таоло эркакларга хитоб қилиб: “Агар етим қизларга адолатли бўла олмасликдан қўрқсангиз, сизлар учун (никоҳи) ҳалол бўлган аёлларга иккита, учта, тўрттадан уйланаверинглар” (Нисо,3), дея марҳамат қилганига кўра, кўпи билан уч кун (нафл) рўза тутишинг мумкин. Тўртинчи кун тутмаслигинг керак ва кўпи билан уч кеча тонггача ибодат қилишинг мумкин. Тўртинчи кеча аёлинг ёнида ётишинг лозим», деди.

Эр-хотин кетишгач, Умар (розияллоҳу анҳу) Каъбга: “Сенинг бу топағонлигинг боягисидан ҳам гўзалдир”, деди ва уни Басрага қози этиб тайинлади».

 

КЕЙИНГИ МАВЗУ:

Қўшнига яхшилик қилиш:

Киши яхши кўргани билан биргадир;

Read 3838 times
Top