Қуръони карим

Намозда Қуръон хатм қилиш

Намозда Қуръон хатм қилиш

Намозда бажариш фарз бўлган амаллардан бири қироатдир. Қироат луғатда "ўқимоқ" маъносини англатади. Истилоҳдаги маъноси тўғрисида икки хил таъриф келган:

  1. "Қироат – ўқувчининг ҳарфларни ўзи эшитадиган даражада тўғри талаффуз қилишидир.
  2. Қироат – ўқувчининг ҳарфларни агарчи ўзи эшитмасада тўғри талаффуз қилишидир"[1].

Қироатнинг таърифидаги фарққа кўра намоз ўқувчи талаффузини ўзи эшитиши шартми ёки ўзи эшитмаса ҳам ўқигани қироат ҳисобланадими, бу тўғрисида ихтилоф қилинган.

Ҳиндувоний ва Фазлий роҳматуллоҳи алайҳимолар: "ўқувчининг ўзи эшитмайдиган даражада ҳарфларни талаффуз қилиши қироат ҳисобланмайди. Чунки каломдан фақат фаҳмланган нарса эмас, балки фаҳмланиб эшитилган нарса тушунилади", деганлар.

Кархий роҳматуллоҳи алайҳ: "ўқувчи ҳарфларни тўғри талаффуз қилса, агар ўзи эшитмаса ҳам қироат ҳисобланаверади. Зеро, қироат тил билан ҳарфларни талаффуз қилишдир, эшитиш эмас. Чунки эшитиш қироат қилувчига эмас эшитувчига тааллуқли ишдир", деган.  

Шайх ибн Ҳумом бу масалани қуйидагича таҳқиқ қилган: "Қироат тилнинг феълидир. Тилнинг феъли бўлган калом ҳарфлар билан юзага келади. Ҳарфлар эса овоз билан тилга олинадиган шакллардир. Шунинг учун ҳарфларни овозсиз талаффуз қилиш ҳарфларнинг ўзи эмас, балки махражларнинг мушаклари билан ҳарфларга ишора қилиш ҳисобланади. Шунга кўра қироат ҳарфларни ўзи эшитадиган даражада талаффуз қилишни тақозо қилади".

Ушбу таҳқиқдан ўқувчининг ҳарфларни ўзи эшитадиган даражада талаффуз қилиши қироат саналиши тушунилади. Шунингдек бу масаладан талоқ, олди-сотди, саждаи тиловат каби  нутққа тааллуқли бўладиган ҳукмлар ҳам кишининг ўзи эшитадиган даражада талаффуз қилишига боғлиқ экани англанади.

Ҳанафий мазҳабида ихтиёр қилинган қироат

"Фуқаҳолар мутлақ мутавотир қироатлар билан намоз жоиз бўлишига иттифоқ қилганлар. Ҳанафий мазҳабида Абу Амр ва Ҳафсларнинг Осимдан қилган ривояти ихтиёр қилинган". 

Қироат ва тиловат орасидаги фарқ

Тиловат сўзи ҳам қироат маъносида ишлатилади, аммо қироат ва тиловат орасида фарқ бўлиб бу ҳақида Абу Ҳилол роҳматуллоҳи алайҳ шундай ёзган: "тиловат икки ва ундан ортиқ калималарни ўқишга нисбатан ишлатилади. Қироат эса битта калимани ўқишга нисбатан ишлатилади".

Қуръондан муяссар бўлганча ўқиш

Қуръони каримдан муяссар бўлганича ўқиш амр қилинган:

فَاقْرَءُوا مَا تَيَسَّرَ مِنَ الْقُرْآنِ

Бас (энди), Қуръондан муяссар бўлганича ўқинглар[2].

"Ушбу буйруқдан намоздаги ҳолат ирода қилинган"[3]. Яъни, бу буйруқдан намозда Қуръондан муяссар бўлганларингча ўқинглар, маъноси тушунилади. "Фотиҳа" сураси ўқилса ҳам, зам суранинг ўзи ўқилса ҳам қироат собит бўлади. Шунга кўра аввалги икки ракаатда қироат қилиш мутлақ фарз, "Фотиҳа" ва зам сурани ўқиш эса вожиб саналади.  

Намозда Қуръонни хатм қилиш

"Валвалижия" китобида айтилишича кимки Қуръонни намозда хатм қилса биринчи ракаатга "муъаввизатайн"ларни ўқиб бўлганидан сўнг рукуъ қилади сўнгра иккинчи ракаатда "Фотиҳа" сурасини ва "Бақара" сурасидан бир оз ўқиб қўяди. Чунки Имом Термизий ривоят қилган ҳадисда: "Аллоҳга амалнинг яхшиси тугаллаб бошлагувчи (нинг амали)дир", дейилган. Уламолар бу сўздан Қуръонни хатм қилиши билан яна бошидан бошлагувчи назарда тутилган, деганлар. 

Оламлар Роббисига ҳамду санолар, Пайғамбаримиз Муҳаммад Мустафога ҳамда у зотнинг оилаларию саҳобаларига салавот ва саломлар бўлсин!

 

Тошкент ислом институти ўқитувчиси

Абдулқодир Абдур Раҳим

 

[1] Иброҳим Ҳалабий "Ҳалабий кабир" 275-бет.

[2] Муззаммил сураси 20-оят.

[3] Алоуддин Абу Бакр ибн Масъуд Косоний "Бадоиъус саноиъ фи тартибиш шароиъ" 1-жуз, 516-бет.

Read 12095 times
Tagged under
Top