Қуръони карим

Зийрак талаба

Бир талаба ҳофизи Қуръон бўлишни орзу этибди. У тонгга қадар Қуръон xатм қилар, намоз ўқир, тонг отгач эса устози олдига чиқарди. Уйқусиз тунлар сабаб ранг-рўйи сарғая бошлади. Устоз муршид даражасидаги бир зотлардан эди. Талабасининг бу ҳолатига нима сабаблигини бошқа талабалардан сўради. Улар: “Устоз, бу талабангиз субҳга қадар Қуръон xатм қилади ва табиийки ухламайди”, дейишди.

 Талабасининг Қуръоннинг ҳақиқий ҳофизи бўлишини истаган устоз уни ҳузурига чорлади: - Қуръон ўқишни ўз қоидалари бор. Бугундан эътиборан Қуръон ўқиётганингда мени қаршингда тасаввур қил, деди. Талаба кетди ва у кеча Қуръон ўқиб, тонгда устози ҳузурига келганда:

 - Устоз, бу кеча Қуръони каримнинг фақат ярмигача ўқий олдим, деди.

  Устоз:- Баракаллоҳ, бу кеча эса уни Расули Акрам саллаллоҳу алайҳи васаллам ҳузурида каби ўқи, деди.

 Талаба: “Қуръон нозил бўлган зот ҳузурида уни тўғри ўқий оламанми ёки йўқми” деган ҳаяжон ва диққат билан тиловат қилди. Шу куни тонгда устозига Қуръоннинг фақат тўртдан бирини тиловат қилганлигини билдирди. Устози бу юксалишни кўриб, бир муршиднинг муридига бўлган эътибори билан: Сен энди, Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васалламга Қуръони каримни етказган Жаброил алайҳиссалом олдиларидагидек ўқи», деди. Эртаси куни талаба: -Устоз, бугун фақат бир сура ўқий олдим», деди. Устози ҳам: -Ўғлим, энди сен Аллоҳ таоло ҳузурида ўқиганинг каби ўқи. Аллоҳ таоло сени тинглаётганини англа, деди.

 Талаба эртаси кун устози олдига йиғлаб келди:

 - Устоз, “Фотиҳа” сурасининг “Алҳамдулиллаҳи роббил аъламийн” дан, “Малики явмиддин” оятигача келдим халос. “Ияяка наъбуду дейишга тилим бормади. Чунки бунинг маъноси “Фақат Сенга қуллик қиламан”, ҳолбуки Аллоҳга имкониятим қадар қуллик қилганим йўқ-ку?! Деб жавоб қилди.

 Бу ривоятни келтириш билан “Тушунмасангиз Қуръон ўқиманг” дейишдан йироқмиз. Аммо Қуръон ўқиганимизда уни нафақат тилимиз билан балки дилимиз билан тушуняпмизми? Шунга ҳаракат қиляпмизми? Уни бизнинг кўнгил кўзларимизни очиш учун юборилган бир китоблигини тушуниб, ижтимоий ҳаётимизда уни дастак қиляпмизми? Унинг фарзларига, унинг чақириқларига қyлоқ тутяпмизми? Қуръон деворларимизга илиб қўйиладиган, фақат қабристонларда ўқиладиган китоб эмас. Ахир Унинг бизга туширилиш маъноси бу эмас-ку…

 Ахир Қуръони каримда Раҳмоннинг суюкли бандалари қаторига Каломуллоҳни  эҳтиромини жойига қўядиган ва ундаги кўрсатмаларга қўлларидан келганича билиб амал қиладиган бандаларни сифатлаб мақтамаганмиди?! «Уларга Парвардигорларининг оятлари эслатилган вақтда уларга (эҳтиром юзасидан) кар ва кўр ҳолларида йўлиқмайдилар (балки уларни англаб-билиб амал қилурлар)» (Фурқон сураси, 73-оят.)

 Жалолиддин Ҳамроқулов

 

 

Read 8716 times
Top