Қуръони карим

Бақара сураси фазилати

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Уйларингизни қабрга айлантирманглар. Бақара сураси ўқилган уйга шайтон кирмайди”, дедилар.

Барча одамлар уйларининг обод бўлишига ҳаракат қиладилар. Бу мақсадни амалга ошириш учун турли ишлар, сарф-ҳаражатлар қиладилар. Бу мақсадни амалга оширишнинг энг қулай, баракали ва арзон йўли ушбу ҳадиси шарифда баён қилинган экан. Ҳар бир мусулмон киши ўз уйи обод бўлиши, қабрга ўхшаб, қолмаслиги учун Бақара сурасини уйида ўқиб турса бўлди экан.

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Набий соллаллаҳу алайҳу васаллам: “Ҳар бир нарсанинг саноми – кўзга кўринган жойи бўлади. Бақара сураси Қуръоннинг саномидир. Унда бир оят бор. Ўша оят Қуръон оятларининг саййидасидир. У “Оятул Курсий”, дедилар.

  1. “Оятул Қурсий”ни уйидан чиқаётганда ўқиган одам қайтиб келгунча Аллоҳ таолонинг ҳимоясида бўлади.
  2. “Оятул Қурсий” ўқилган хонадонга ўттиз кунгача шайтонлар, қирқ кунгача сехргарлар кирмайди.
  3. “Оятул Қурсий” ни уйқуга ётганда ўқиган одамни Аллоҳ таоло ўзини ҳам, қўшнисини ҳам, қўшнисининг қўшнисини ҳам омонда сақлайди.

Абу Масъуд розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

“Набиий  соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ким Бақара сураси охиридаги икки оятни бир кечада ўқиса, кифоя қилади”, дедилар.

Ушбу ҳадиси шарифга кўра “кифоя қилади” га урғу бериб айтган уламоларимиз шундай дейишганки, ким Бақара сураси охиридаги икки оятни бир кечада ўқиса:

  1. Барча ёмонликлардан сақланишга кифоя қилади.
  2. Шайтоннинг ёмонлигидан сақланишга кифоя қилади.
  3. Савоб олишга кифоя қилади.
  4. Кечасини Қуръон қироати ила бедор ўтказишдан кифоя қилади.
  5. Инсу жиннинг ёмонлигидан кифоя қилади.
  6. Қуръоннинг барчасини қироат қилишдан кифоя қилади.

         Абдуллоҳ ПАРПИЕВ

Халқаро алоқалар бўлими ходими

Read 28764 times
Top