Қуръони карим

Қуръон ёдлашнинг олтин қоидаларидан хабардормисиз?

Ҳар бир мусулмон киши Каломуллоҳни ёдлаш ва унга амал қилишга интилади. Ҳадисларда Қуръонни ёд олган кишига кўп мукофотлар ваъда қилинган. Жумладан: ҳазрат Усмондан (розийаллоҳу анҳу) ривоят қилинади: Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) дедилар: “Сизларнинг яхшиларингиз Қуръонни ўрганиб, уни бошқаларга ҳам ўргатганларингиздир” (Имом Бухорий ривояти). Бошқа ҳадисда Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Қуръонни ўқинглар, чунки у қиёмат куни ўқувчиларига шафоатчи бўлади”, деганлар (Имом Муслим ривояти).

Қуйида Қуръонни осон ва пухта ёдлашнинг айрим қоидаларини баён қиламиз:

  1. Қуръонни ёдлашда Аллоҳга таваккал қилиш, яъни у Зотнинг розилигини истаб, бу йўлда ғайратли бўлиш.
  2. Ҳар куни Қуръоннинг бир қисмини тиловат қилишга одатланиш. Чунки Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Амалнинг яхшиси оз бўлса ҳам, давомлисидир”, деганлар (муттафақун алайҳ).
  3. Битта мусҳафдан ёдлаш ва такрор қилиш. Шунда ҳар бир саҳифадаги оятларнинг жойлашиши қори зеҳнига ўрнашиб, хотирасига келаверади.
  4. Ёдланган оятларни устознинг текширувидан ўтказиш. Чунки Қуръонни ўзича ўқиб, ёдлаб, такрорлаган киши хатосини билмайди. Устоздан ўтказган кишининг эса хатолари тузатилади ва ёдлаганлари мустаҳкамланади.
  5. Кечалари Қуръонга қараб тиловат қилиш. Кечаси фикр кўп чалғимайди, ихлос билан тиловат қилиш ҳам оятларнинг қалбдан мустаҳкам жой олишига сабаб бўлади.
  6. Ёд олишга қийналган ёки хато ўқилган оятларнинг тагига қалам билан чизиб қўйиш. Хатолар тўғриланганидан кейин чизиқ ўчириб ташланади. Шунинг учун ҳам қорининг алоҳида Қуръони бўлиши керак.
  7. Оятларнинг маъноларини билиш ҳам тез ва пухта ёдлаш сабабларидандир.
  8. Араб тили наҳв қоидаларини билиш қориларни кўп хатолардан сақлайди. Натижада, талаба оятларга ҳаракатларни тўғри қўйиб, эркин ва равон ўқийдиган бўлади.
  9. Қуръон оятларини тафаккур қилиш ўхшаш оятларни бир-бирига чалкаштириб юборишдан сақлайди.

Саҳар пайти, шом билан хуфтон намозлари оралиғи ҳамда зеҳн дунёвий нарсалар билан машғул бўлмайдиган бошқа вақтлар Қуръонни ёд олиш ва такрорлаш учун қулай, фазилатли ҳисобланади.

ЎМИ Матбуот хизмати

 

 

Read 8310 times
Top