Қуръони карим

Уйқудан олдин ўқиладиган суралар

Уйқудан олдин Оятал Курсий, Ихлос сураси, Муаввизатайн, Бақара сурасининг охирини ўқиш мустаҳабдир. Бу эътибор қаратиш муҳим бўлган ва таъкидланган ишлардандир. Бу борада бир неча саҳиҳ ҳадислар ривоят қилинган.

Икки саҳиҳ тўпламда Абу Масъуд Бадрийдан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай дедилар: “Кимки кечқурун Бақара сурасининг охирги икки оятини ўқиса, унга кифоя қилади”. Бир жамоа уламолар “кифоя қилади” деган иборани “кечаси қоим бўлишга кифоя қилади” деб изоҳлайдилар. Бошқалар эса “кечаси етадиган ёмонликларга кифоя қилади” дейдилар.

Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади: Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳар кеча Ихлос сурасини ва Муаввизатайнни ўқирдилар.

Али розияллоҳу анҳудан қуйидаги ривоят келтирилади: “Исломга кирган ақлли бирор инсонни оятал курсийни ўқимасдан ухлаганини кўрмаганман”.

Али розияллоҳу анҳудан қилинган яна бошқа ривоятда шундай дейдилар: “Исломга кирган ақлли бирор инсонни Бақара сурасининг охирги уч оятини ўқимасдан ухлаганини кўрмаганман”. (Бунинг исноди Бухорий ва Муслимларнинг шартига кўра саҳиҳдир.)

Уқба ибн Омир розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам менга: “Бирор бир кечани Ихлос сураси ва Муаввазатайнни ўқимасдан ўтказмагин”, дедилар. (Шундан кейин) мен бирор бир кечани Ихлос сураси ва Муаввазатайнни ўқимасдан ўтказмадим”.

Иброҳим Нахаъийдан ривоят қилинади: “Улар (аввалгилар) ҳар кеча ана ўша уч сура (Ихлос сураси ва Муаввазатайн)ни ўқишликни мустаҳаб билардилар”.

Яна ушбу кишидан ривоят қилинади: “Улар ётоққа ётган вақт Муаввизатайнни ўқишни таълим берардилар”.

Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади: “Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам Зумар сураси ва Бани Исроил (Исро) сурасини ўқимагунларича ухламасдилар”. (Термизий ривоят қилган ва буни ҳасан ҳадис деган.)

Ҳар кеча уйқусидан уйғониб кетса Оли Имрон сурасини охири  إِنَّ فِي خَلْقِ السَّمَاوَاتِ وَالْأَرْضِ оятидан охиригача ўқишлик мустаҳаб. Чунки, икки саҳиҳ тўпламда Оиша онамиздан қуйидаги ривоят мавжуд: Расулуллоҳ  соллаллоҳу алайҳи васаллам агар уйғониб кетсалар, Оли Имрон сурасини охирини ўқир эдилар.(Бухорий ва Муслим ривояти)

Жалолиддин Ҳамроқулов

"Новза" жомеъ масжиди имом-хатиби 

Тошкент ислом институти кафедра мудири

Read 15293 times
Top