Қуръони карим

Тунда ибодат қилишнинг фазилати

Аллоҳ таоло баъзи бир вақт ва жойларда қилинган ибодатларни бошқа вақт ва жойларда қилинган ибодатлардан афзал қилиб қўйган. Масалан Байтуллоҳда, Масжиди Набавийда ва Масжиди Ақсода қилинган ибодатлар, арафа куни Арафотда қилинган ибодатлар ва ҳоказо.

Худди шунингдек, кечасида қилинган ибодатлар кундузи қилинган ибодатлардан кўра савоблироқ ҳисобланади. Бунга далил ўлароқ оят ва ҳадисларда бир қанча далиллар собит бўлган. Қуйида бу борада келган оят ва ҳадисларни ўрганиб чиқамиз.

 

Қуръони каримда қиёмул лайл (кечани қоим қилиш)нинг фазилати хусусида келган оятлар:

 

  1. مِنْ أَهْلِ الْكِتَابِ أُمَّةٌ قَائِمَةٌ يَتْلُونَ آَيَاتِ اللَّهِ آَنَاءَ اللَّيْلِ وَهُمْ يَسْجُدُونَ

 

«Аҳли китоблар орасида туни билан сажда (ибодат) қиладиган, Аллоҳнинг оятларини тиловат қилиб чиқадиган тўғри жамоа ҳам бор» («Оли Имрон» сураси, 113-оят).

   

  1. وَمِنَ اللَّيْلِ فَتَهَجَّدْ بِهِ نَافِلَةً لَكَ عَسَى أَنْ يَبْعَثَكَ رَبُّكَ مَقَامًا مَحْمُودًا

 

«Тунда (ярим кечада) уйғониб ўзингиз учун таҳажжуд (нафл) намозини ўқинг! Шоядки, Раббингиз Сизни (Қиёмат кунида) мақтовли (шафоат қиладиган) мақомда тирилтирса» («Исро» сураси, 79-оят).

   

  1. وَالَّذِينَ يَبِيتُونَ لِرَبِّهِمْ سُجَّدًا وَقِيَامًا

 

«Улар тунларни Роббларига сажда қилиб, бедор ўтказадиганлардир» («Фурқон» сураси, 64-оят).

  

  1. تَتَجَافَى جُنُوبُهُمْ عَنِ الْمَضَاجِعِ يَدْعُونَ رَبَّهُمْ خَوْفًا وَطَمَعًا وَمِمَّا رَزَقْنَاهُمْ يُنْفِقُونَ

 

«Уларнинг ёнбошлари (ибодат қилиш учун) ўриндиқлардан ажраб турар (оз ухлайдилар). Улар Парвардигорларига қўрқув ва умидворлик билан дуо қилурлар ва Биз уларга ризқ қилиб берган нарсалардан эҳсон қилурлар»

 

 («Сажда» сураси, 16-оят).  

 

 

  1. أَمْ مَنْ هُوَ قَانِتٌ آَنَاءَ اللَّيْلِ سَاجِدًا وَقَائِمًا يَحْذَرُ الْآَخِرَةَ وَيَرْجُو رَحْمَةَ رَبِّهِ

 

«Ёки кечалари сажда қилган ва тик турган ҳолда ибодат қилувчи, охиратдан қўрқадиган ва Парвадигорининг раҳматидан умид қиладиган киши (билан бошқалар баробарми?!» Зумар» сураси,9-оят).  

 

  

  1. كَانُوا قَلِيلًا مِنَ اللَّيْلِ مَا يَهْجَعُونَ

 

«(Улар) туннинг озгина (қисмидагина) ухлар эдилар» («Заарият» сураси, 17-оят)

 

  

  1. إِنَّ نَاشِئَةَ اللَّيْلِ هِيَ أَشَدُّ وَطْئًا وَأَقْوَمُ قِيلًا

 

«Албатта, кечаси (ибодат учун бедор бўлиб) туриш фаолият жиҳатидан оғирроқдир, (лекин) сўз (сўзлаш, қироат қилиш) жиҳатидан қулайроқдир»(«Муззаммил» сураси, 6-оят).

  

  1. إِنَّ رَبَّكَ يَعْلَمُ أَنَّكَ تَقُومُ أَدْنَى مِنْ ثُلُثَيِ اللَّيْلِ وَنِصْفَهُ وَثُلُثَهُ وَطَائِفَةٌ مِنَ الَّذِينَ مَعَكَ

 

«(Эй Муҳаммад!) Албатта, Раббингиз Сиз ва Сиз билан бирга бир тоифа (саҳобаларингиз) кечанинг учдан иккисидан озроғида, баъзида унинг ярмида ва (гоҳо) учдан бирида (бедор бўлиб, намозда) туришларингизни билур» («Муззаммил» сураси, 20-оят).

 

Қуръон билан қиёмул лайл қилишнинг фазилати ҳақида келган айрим ҳадис ва ривоятлар:

 

  1. «Банда қачон мисвок қилиб, сўнг намозга турса, фаришта унинг ортида туриб, қироатини тинглайди ва шу даражада яқинлашадики, ҳатто оғзини оғзига қўяди. Натижада қорининг оғзидан чиқаётган нарса фариштанинг ичига киради. Шундай экан, оғизларингизни Қуръон учун покланглар!»[1]

 

  1. «Қиёмул лайлни лозим тутинглар. Зеро, у сизлардан олдинги солиҳларнинг одати, Парвардигорингизга яқинлаштирувчи, гуноҳларни ўчирувчи ва гуноҳдан тиювчидир».[2]

 

  1. «Мўминниг шарафи кечаси қоим бўлишида ва азизлиги одамлардан беҳожатлигидадир».[3]

 

  1. «Ким Аллоҳ таоло қиёмат куни Унинг ҳузурида туришни осонлаштиришини истаса, охиратдан қўрқиб, раҳматни умид қилиб, қоронғу кечада Аллоҳ таолога қиём ва саждани кўпайтирсин».[4] (Ибн Аббос).

 

  1. «Дунё лаззатларидан учта нарсадан бошқа ҳеч нарса қолмади: Қиёмул лайл, дўстлар билан учрашиш ва Жумъа намози». (Ибн Мункадир).

 

  1. «Кеча аҳлининг кечада оладиган лаззати ўйин аҳлининг ўйиндан оладиган лаззатидан ҳам лаззатлироқ. Агар кеча бўлмаганида, дунёда қолишни хоҳламас эдим». (Абу Сулаймон Дороний).

 

  1. «Агар жаннат аҳли биз кечада бўлганимиздек бўлса, улар яхши ҳаётда эканлар» (Айрим солиҳлар).

 

  1. «Оз бўлса-да, кечада Қуръон ўқингиз». (Иброҳим Нахаъий).

 

  1. «Саҳар пайти Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг масжидларига кетаверишдаги қайси уйнинг олдидан ўтмайлик, у ердан қорининг овози келар эди. Биз ёш бола эдик. Тунда бир ҳожат билан чиқсак, «Қорилар уйғоқ жойда учрашамиз», дер эдик» (Абуз Зинод Тобеъий).

 

  1. Абу Исҳоқ: «Кексайиб қолиб, фақат «Бақара» ва «Оли Имрон»ларнигина зам сура қилишга ярайдиган бўлиб қолдим», деганлар.

 

  1. Умму Мусо айтади: «Ҳасан ибн Али вазифасини кечанинг аввалги қисмида, Ҳусайн ибн Али кечанинг охирги қисмида ўқир эди».

 

  1. Абу Абдуллоҳ ибн Бишр Қаттон: « Абу Саҳл ибн Зайёддан ҳам Қуръон оятларини хоҳлаган жойидан айтиб бериши гўзал бўлган одамни кўрмадим. У бизнинг қўшнимиз эди. У кечки намоз ва Қуръон тиловати ҳамда дарс беришда шу даражада мунтазам эдики, Қуръон унинг кўз ўнгида тургандек бўлиб қолган эди», дейди.

 

  1. «Рўзанинг энг афзали Рамазон ойидан кейин Аллоҳнинг ойи бўлмиш Муҳаррам ойи(да тутилган рўза)дир, намознинг афзали фарз намозидан кейин тунда ўқилган намоздир».[5]

 

  1. «Эй инсонлар, саломни ёйинглар, таом улашинглар, қариндошлик алоқаларини боғланглар ва кечалари, инсонлар ухлаб ётганларида намоз ўқинглар. Шунда жаннатга соғ-саломат кирасизлар!»[6]

 

  1. «Оиша розияллоҳу анҳо  Абдуллоҳ ибн Қайсга дедилар: «Қиёмул лайлни тарк қилма. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам уни ҳеч ҳам тарк қилмаганлар. Касал бўлиб қолсалар, ўтириб ўқир эдилар».[7]

 

  1. Луқмон ўғлига: Эй ўғилчам! Хўроз сендан зийракроқ бўлмасин, саҳарда қичқирганида ухлаб ётган бўлмагин».

 

  1. «Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларида кечаси билан, тонг отгунча ухлаган бир киши ҳақида сўз борди, шунда Пайғамбар алайҳиссалом: «У кишининг қулоғига шайтон бавл қилибди», дедилар»[8].

 

  1. Бир киши Суфён Саврийга: «Кечаси тура олмаяпман, менга бир чорасини айтгин», деди. Шунда у зот: «Кундузи гуноҳ қилмагин, зеро, тунда Аллоҳнинг ҳузурида турасан», деб жавоб бердилар.

 

  1. Ҳасан Басрий бир куни бозорга кириб, ундаги ғала-ғовур, шовқин-суронларни кўрдилар ва: «Буларнинг кечаси энг ёмон кеча бўлса керак деб ўйлайман», дедилар.

 

  1. «Қиёмул лайл учун қайлула қилиш рўза учун саҳар қилиш кабидир».

 

  1. Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳу  тунда хоҳлаганча намоз ўқир эдилар ва туннинг ярми бўлгач, оиласини уйғотиб: «Намоз! Намоз!» дер ва «Аҳлингизни намоз (ўқиш)га буюринг ва (ўзингиз ҳам) унга (намозга) бардошли бўлинг! Сиздан ризқ сўрамаймиз, (аксинча), Биз сизга ризқ берурмиз. Оқибат (яхшилиги) тақво (аҳли)гадир», оятини ўқир эди («Тоҳа» сураси, 132-оят).

 

  1. Абу Жаъфар Язийд ибн Қоъқоъ вафот этгач, бир киши у зотни тушида чиройли бир суратда кўрди. У зот туш кўрган кишига: «Асҳобларимга ва менинг қироатимда ўқиган барча инсонларга Аллоҳ таоло уларнинг гуноҳларини кечиргани ва уларнинг ҳаққига қилган дуоларимни ижобат қилгани тўғрисида хушхабар бер ҳамда уларни кечанинг ўртасида қодир бўлгунларича намоз ўқишларига буюргин», дедилар.

 

  1. Улуғ инсонларнинг айримлари шундай деганлар: «Шубҳасиз, Қуръоннинг қалби «Йаасийн», кечанинг қалби саҳар чоғи, инсоннинг қалби маълум. Бас, ким «Йаасийн» сурасини саҳар вақтида хоҳ намозда, хоҳ бошқада бўлсин, ўқиса, бир пайтнинг ўзида учта қалб жамланади ва Аллоҳ таоло дуосини ижобат қилади».

 

Кечани қоим қилишни осонлаштирувчи омиллар саккизтадир: тўртта зоҳирий ва тўртта ботиний.

 

Зоҳирий омиллар: а). Ейиш-ичишни кўпайтирмаслик. Чунки у уйқуни чақиради ва туришни оғирлаштиради; б). Кундузи асаби ва аъзоларини чарчатадиган ишлар билан ўзини қийнамаслик. Чунки бу ҳам уйқуни чақиради. в). Кундузи озгина ухлаб олишни, яъни қайлулани тарк қилмаслик. Чунки у кечада қоим бўлишга ёрдам берадиган суннатдир; г) Кундузлари гуноҳ қилмаслик. Чунки бу қалбни қотиради ва раҳмат билан унинг орасига тўсиқ бўлади.

 

Ботиний омиллар: а). Қалбнинг мусулмонлардан бирортасига нисбатан гинадан, бидъатдан ва дунё ғамидан саломат бўлиши; б) Орзу-ҳавасни камайтириб, кўпроқ охират қўрқинчлари билан қалбни ҳозирлаш. Товус бу ҳақда: «Жаҳаннамни эслаш обидлар уйқусини учиради», деганлар; в) Қиёмул лайлнинг фазилати ҳақидаги оят ва ҳадисларни кўп тинглаш, токи унинг савобидан умид ва завқ ҳосил бўлсин; г) Бу энг муҳими бўлиб, у Аллоҳ таолога муҳаббатдир. Зеро, ким Аллоҳ таолога муҳаббат қилса, У билан ёлғиз қолиб, хилватда Ҳабибига муножот қилишдан лаззат олади.

 

Мусулмон киши ҳаётнинг ҳар бир дамини ғанимат билиб, ундан унумли фойдаланиши, охирати учун захира ҳозирламоғи даркор. Мана шундай ғанимат ишлардан бири кечани қоим қилишликдир. Чунки инсонлар дам олаётган вақтда Қуръон тиловат қилиш, намоз ўқиш ва шу каби ибодатларни қилишлик бу Аллоҳ таолога бўлган чин ихлос аломатидандир.

Роббимиздан бизларни оятларда сифатланган ҳақиқий мусулмонлардан қилишини ва ҳар бир дамимизни Ўзигагина ибодат билан ўтказишимизга тавфиқ беришини сўраб қоламиз. Омиин!

 

[1] «Муснадул Баззор»да Али розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган.

[2] Термизий Абу Умомадан ривоят қилган.

[3] Тобароний ва бошқалар Саҳл ибн Саъддан ривоят қилганлар.

[4] «Тафсири Қуртубий» 15/156.

[5] Муслим, Абу Довуд ва бошқалар Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилганлар.

[6] Термизий ва Ибн Можа Абдуллоҳ ибн Саломдан ривоят қилганлар.

[7] Абу Довуд, Ибн Хузайма ривоят қилганлар.

[8] Бухорий, Муслим, Насаъийлар Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳудан ривоят қилганлар.

 

Read 11076 times
Top