Қуръони карим

Бир оят шарҳи ёҳуд ибодатларнинг энг афзали

 Аллоҳ таоло Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва салламга салавот айтиш тўғрисида Аҳзоб сураси 56-оятида шундай марҳамат қилади:

إِنَّ اللَّهَ وَمَلَائِكَتَهُ يُصَلُّونَ عَلَى النَّبِيِّ يَا أَيُّهَا الَّذِينَ آَمَنُوا صَلُّوا عَلَيْهِ وَسَلِّمُوا تَسْلِيمًا

“Албатта, Аллоҳ ва Унинг фаришталари Пайғамбарга салавот айтурлар. Эй, мўминлар! (Сизлар ҳам) унга салавот ва салом айтингиз!

يُصَلُّونَ (юсоллуна) - сўзи араб тилида “дуо қиладилар ва истиғфор айтадилар”- деган маънони билдиради.

Шунингдек, Аллоҳ таоло Тавба сурасининг 103-оятида эса:

 وَصَلِّ عَلَيْهِمْ إِنَّ صَلَاتَكَ سَكَنٌ لَهُمْ وَاللَّهُ سَمِيعٌ عَلِيمٌ

“Ва улар (ҳаққи)га дуо қилинг! Албатта, дуоингиз уларга таскин (тасалли)дир. Аллоҳ эшитувчи ва билувчидир”-деган.

Муфассир олимлар ушбу оятнинг шарҳида “уларнинг ҳаққига мағфират ва раҳмат сўраб дуо қилинг!”- деган маъно борлигини айтишган.

Фарз намозида дуо ва истиғфор бўлганлиги учун “солат”-“дуо” деб номланган. Шунингдек, намоз раҳмат маъносида ҳам келган бўлиб, бунга мисол қилиб Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг “Аллоҳим Абу Авфонинг аҳлига раҳм қилгин!”, деган дуоларини келтириш мумкин.

Абул Олия айтади: “Аллоҳ таолонинг “солати” деган сўздан фаришталар ҳузурида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳақларига айтган мақтови бўлади ва малоикаларнинг “солати” дегани эса, уларнинг у зотнинг ҳаққига қилган дуоси назарда тутилган[1].

النَّبِيِّ : Жавҳарий айтади; “Набий” сўзининг маъноси Аллоҳ таоло ҳақида “хабар етказувчи киши”, деганидир. Чунки набий Аллоҳ таоло ҳақида хабар беради. Бу сўзнинг кўплик шакли “анбиё” бўлади. Ниҳоя китобида “набий” сўзи “набиъ” ва “набий” шаклларида келган.

Собуний айтади: Қуръонда келган “набий” ва “расул”  сўзларидан кўзланган мақсад ҳам набий ва расулларнинг хатмикунандаси Муҳаммад Расулуллоҳ алайҳиссаломдирлар.

Мазкур ояти каримада жуда кўплаб гўзал маънолар мужассам. Шулардан:

1. Аллоҳ таолонинг (إِنَّ اللَّهَ وَمَلَائِكَتَهُ يُصَلُّون عَلَى النَّبِيِّ َ )  каломи   Расулуллоҳга айтилган мақтов араб тилидаги таъкид юкламаси бўлмиш “إِنَّ” билан келган. Шунингдек, гапнинг аввалида исм-отнинг келиши иш ҳаракатининг давомийлигини билдирса, жумланинг охирида феъл билан тугалланганлиги, ушбу дуруд Аллоҳ таоло томонидан эканлигига ишорадир.  Аллоҳ таоло томонидан бўладиган доимий мақтов вақти-вақти билан янгиланиб туради.

2. Аллоҳ таоло ва фаришталар томонидан унинг ҳаққига салавот айтилган кишига бизнинг салавотимиз не ҳожат? Айтишимиз мумкинки,  Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳақларига салавот айтиш, у зотнинг  биз айтадиган салавотларга  эҳтиёжлари борлиги учун эмас. Акс ҳолда,  Аллоҳ таоло   у зотнинг ҳақларига салавот айтиб турган бир пайтда, у зот малоикалар айтган салавотга ҳам эҳтиёжлари бўлмас эди. Салавот айтиш кишининг у зотга билдирган таъзими натижаси бўлиб, ушбу таъзимга яраша Аллоҳ таоло савоб беради. Шунинг учун ҳам Расулуллоҳ алайҳиссалом: “Ким менинг ҳаққимга бир марта салавот айтса, Аллоҳ таоло унинг ҳаққига ўн марта салавот айтади”, деганлар. У зотнинг ҳақларига Аллоҳ таолонинг солати ва саломи бўлсин!

3. Имом Фахр ар-Розий айтади: Солат-дуо деган маънони билдиради. Араб тилида “солла алайҳи”, дейилса, бу “унинг ҳаққига дуо” қилди деган маънони билдиради. Бу маъно Аллоҳ таолонинг ҳаққида номаъқул, чунки Аллоҳ таоло у зотнинг ҳаққига дуо қилмайди. Дуо бошқа бир кишининг ҳаққига учинчи бир кишидан манфаат етишини сўраш деганидир. Аллоҳ таоло томонидан бўлган солат раҳмат маъносида бўлса, малоикалар томонидан айтилган солат эса, истиғфор маъносида бўлади. Бу икки маъно раҳм қилинадиган ва истиғфор сўраладиган кишининг ҳолатига эътибор қаратишда бир хил ишлатилади. Юқоридаги сўздан кўзланган мақсад ҳам шу маънодадир[2].

4. Аллоҳ таоло бизни набий Муҳаммад алайҳиссаломга салавот айтишга буюрди. Биз у  зот ҳақларига “соллайна алайҳи - у зотнинг ҳаққига дуо қиламиз” ёки “усоллий алайҳи - мен у зотнинг ҳақига дуо қиламан”- деб салавот айтишимиз мумкин. Нима учун биз Расулуллоҳга “Аллоҳумма солли ала Муҳаммад”, деб салавот айтамиз? Жавоб: Аллоҳ таоло бизни Расулуллоҳга салавот айтишга буюрсада, биз салавотнинг вожиблик даражасига етказа олмадик ва бу ишни Аллоҳ таолонинг Ўзига ҳавола қилиб “Аллоҳумма солли анта ала Муҳаммад - Аллоҳим сен Ўзинг Муҳаммадга салавот айтгин!” дедик. Чунки, Сен бу ишдаги муносиб нарса қандайлигини билувчи Зотсан. Биз бу ишнинг ҳаққини тўла адо қилишдан ва  у зотнинг қадрларига мос келадиган мақтовни билишдан ожизмиз. Шунинг учун бу ишни Сенга топширдик. Агар киши “Аллоҳумма солли ала Муҳаммад” жумласииннг асл маъносига эътибор берадиган бўлса, бу дуода нақадар нафис ва теран маънолар борлигини билади.

5. Баъзи олимлар “Аллоҳумма солли ала Муҳаммад” жумласининг маъноси “Аллоҳим бу дунёда У зотнинг зикрини олий, даъватини зоҳир ва шариатини боқий қилгин ва охиратда У зотни умматига шафоатчи, ажру савобини кўпайтиргин ва у кишига мақоми маҳмудни ато қилгин!”-деганидир дейдилар.

Набий алайҳиссаломга салавот ва салом айтишда қандай лафзлар ишлатилади?

Бу борада суннати мутоҳҳарада кўпгина ҳадислар бўлиб, уларда турли хил кўринишдаги салавот шакллари келган. Бу лафзларнинг турлича келишидан мақсад салавотларни бир кўринишда чеклаш эмас. Балки, бундан Расулуллоҳни турли лафзлар билан улуғлаш ва у зотга дуруд ва салавотлар айтишдир. Биз бу борада ворид бўлган айрим саҳиҳ ривоятларни қисқача келтирамиз.

 Имом Бухорий ва Муслим Каъб ибн Ужра розияллоҳу анҳудан ривоят қилади: Бир киши Расулуллоҳ алайҳиссаломга эй, Аллоҳнинг Росули! Биз сизга салом йўллашни билдик. Энди сизнинг ҳаққингизга қандай салавот айтамиз, деди? Шунда Расулуллоҳ: “Аллоҳумма солли ала Муҳаммад ва ала али Муҳаммад кама соллайта ала Иброҳима иннака ҳамидум-мажид, Аллоҳумма барик ала Муҳаммад ва ала али Муҳаммад кама барокта ала Иброҳима иннака ҳамидум-мажид[3]”.

 Икки Шайх, Имом Молик ва Имом Аҳмад Абу Ҳумайд Саъидий розияллоҳу анҳудан ривоят қилади: Саҳобалар эй, Аллоҳнинг Росули! Биз сизнинг ҳаққингизга қандай салавот айтамиз, деб сўрадилар? Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Аллоҳумма солли ала Муҳаммадин ва азважиҳи ва зурриятиҳи кама соллайта ала али Иброҳима  ва барик ала Муҳаммадин ва азважиҳи ва зурриятиҳи кама барокта ала али Иброҳима иннака ҳамидум-мажид”, деб айтинглар деб марҳамат қилдилар[4]!

Набий алайҳиссаломнинг ҳақларига Аллоҳ таоло ва малоикаларнинг салавот йўллашининг маъноси нима? Биз юқорида салавотнинг луғавий маъноси “дуо, раҳмат, улуғлаш ва сано”лар эканлигини билиб олдик. Шунингдек, бу сўз Аллоҳ таолонинг Бақара сураси;

أُولَئِكَ عَلَيْهِمْ صَلَوَاتٌ مِنْ رَبِّهِمْ وَرَحْمَةٌ وَأُولَئِكَ هُمُ الْمُهْتَدُونَ

“Айнан ўшаларга Парвардигорлари томонидан салавот (мағфират) ва раҳмат бордир ва айнан улар, ҳидоят топувчилардир” 157-оятида “салавот (мағфират)” маъносида келган.

Баъзи олимлар Аллоҳ таоло томонидан Набий алайҳиссалом ҳаққига айтилган салавот “Аллоҳ таолонинг У зотни улуғлаши ва мақташи, деган маънони билдиради, дейишган. Бу фикрни Бухорий ва бир жамоа олимлар айтишган. Бошқа олимлар Ҳасан Басрий ва Саъид ибн Жубайрлар фикрича салавотдан кўзланган маъно “ Аллоҳнинг раҳмати ва мағфирати”, деган маънодир. Бир ривоятда у барака ва каромат, деган маънони билдириши айтилган[5].

Аммо малоикалар тарафидан айтилган салавотга келадиган бўлсак, у Набий алайҳиссалом ҳақларига дуо ва умматларининг ҳаққига истиғфор айтиш деган маънони билдиради. Демак, юқорида айтилган барча маълумотлардан шуни хулоса қилиб айтиш мумкинки, Аллоҳ таоло томонидан айтилган салавот бу фаришталар томонидан айтилган салавот билан бир хил дегани эмас.

Набий алайҳиссалом ҳақларига салавот айтиш мустаҳабми ёки фарзми?

Аллоҳ таоло мўминларни карим Набийлари ҳаққига салавот айтишга буюрди. Бу буйруқни вожиб деб билинса, У зотга салавот айтиш ҳам вожиб бўлади. Олимлар бу буйруқдан умр мобайнида бир марта салавот айтиш вожиб, деган ҳукмга деярли ижмо қилишган. Балки, Имом Қуртубий “صَلُّوا” “салавот айтингиз!”, деган буйруқ тақозосига амал қилиб, салавот айтиш вожиблигига ижмо қилинганлигини ривоят қилган. Салавот ва салом айтиш худди тавҳид калимасини айтишга ўхшайди. Чунки тавҳид калимасини айтмаган кишининг мусулмончилиги дуруст бўлмайди. Олимлар Набий алайҳиссаломнинг исмлари зикр қилинган ҳар ўринда салавот айтиш вожибми ёки мустаҳабми деган ҳукмда турли хил фикр билдиришган бўлиб, бу қараш умр мобайнида бир марта салавот айтиш вожиб деган ҳукмга иттифоқ қилинганлигидан кейин бўлган.

1.                      Баъзи олимлар: Набий алайҳиссаломнинг ҳар зикр қилинганда салавот айтиш вожиб.

2.                      Айрим уламолар эса: Агар бир мажлисда Набий алайҳиссаломнинг исмлари бир неча бор такрорлансада, бир марта салавот айтиш вожиб бўлади.

3.                      Баъзи олимлар эса, салавотни бирор сон ва жойга қайдламасдан кўп айтиш вожиб, умрда бир бор айтиш етарли эмас, дейишган.

Яна ояти карима ишора қилган латиф маънолар:

А. Нубувватлик юксак мақом бўлиб, Аллоҳ таолонинг ҳузурида Расулуллоҳнинг мартабалари буюкдир.

Б. Аллоҳ таоло ва  улуғ фаришталарнинг карим набий Муҳаммад алайҳиссаломни мақташи рисолат мартабаларидан бир мартабадир.

В. Расулуллоҳни ҳурмат қилиш ва У зотнинг ишларини улуғлаш мўминларга вожиб бўлган ишдир. Чунки у зотни ҳурмат қилиш Аллоҳ таолонинг буйруғини улуғлаш ва У Зотга итоат қилиш демакдир.

Г. Расулуллоҳга салавот айтиш шариатда белгиланган лафз билан бўлади. Масалан; “Аллоҳумма солли ала Муҳаммадин....”.

Д. Мўмин кишига илоҳий амрга бўйсуниб, Набий алайҳиссаломнинг исмлари ҳар қачон зикр қилинганда салавот айтиши мустаҳаб.

Муҳаммад алайҳиссаломга салавот ва саломлар тилаб дуо қилиш жуда савобли иш ҳисобланади. Ҳадисларда ҳам унга тарғибот кўп. Аллоҳ барчаларимизни Яратганнинг илоҳий китоби Қуръони карим маъноларини яхши англаб, ундаги буйруқларни бажариб, қайтариқлардан тейилиб икки дунё саодатига эришишимизда Ўзи ёрдамчимиз бўлсин.

 

Жалолиддин Ҳамроқулов

 



[1] Абу Саъуд тафсири, 6-жилд, 799-бет.

[2] Фахр ар-Розий, 6-жилд, 796-бет.

[3] Бу ҳадисни Бухорий ва Муслим ривоят қилишган.  Фатҳулборий асарининг 11-жилди, 128-бетига қаранг!

[4] Жамъулфавоид асарининг 2-жилд, 278-бети. Бу ҳадисни Термизийдан бошқа олти ровий ривоят қилган.

[5] Ибн Жавзийнинг  “Зодулмасийр фи илмиттафсир” асарининг 2-жилд, 398-бети.

Read 9500 times
Top