Қуръони карим

Ўнта машҳур қорилар

Қуръони карим бизга Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)дан машҳур ўнта қори қироати орқали етиб келган. Бу қироатларнинг саҳиҳлигига бутун уммат ижмо қилган. Булардан бошқа қироатлар ҳам бўлиб, улар шоз қироатлар туркумига киради.

Ўнта машҳур қорилар:

Имом Нофеъ (70/690 – 169/785).

Имом Ибн Касир (45/665 – 120/738).

Имом Абу Амр ибн Ало (68/687-88 – 154/771)

Имом Ибн Омир (8/629 – 118/736).

Имом Осим (вафоти – 127/ 745).

Имом Ҳамза (80/700 – 156/772).

Имом Кисоий (120/738 –189/805).

Имом Абу Жаъфар (вафоти – 130/747).

Имом Яъқуб (117/735 – 205/820-21).

Имом Халаф (150/767 – 229/844).

Ушбу қориларнинг ҳар бирида иккитадан ровий мавжуд. Масалан, Имом Осимнинг ровийлари Ҳафс ва Шўъба бўлиб, бизнинг диёримиз ва дунёнинг кўплаб жойларида Ҳафснинг Имом Осимдан қилган ривояти машҳур ҳисобланади.

Шунинг учун биз айнан Имом Осим ва у зотнинг шогирди Ҳафс (раҳимаҳумуллоҳ) ҳақида бир оз маълумот беришни лозим кўрдик.

 

Имом Осим

Осим ибн Абунажуд ибн Баҳдала Асадий Куфий.

Осим ибн Абунажуднинг таваллуд санаси маълум эмас. Аммо манбаларда Муовия (розияллоҳу анҳу)нинг халифалик даврларида ҳижрий 41, милодий 661 санада (айрим манбаларда ҳижрий 60, милодий 679 санада) туғилгани айтилган. Имом Осим Куфада туғилиб ўсган ва ўз шаҳрида ҳижрий 127, милодий 745 санада вафот этган.

Имом Осим Расулуллоҳ (алайҳиссалом)нинг саҳобаларини кўриб, уларнинг суҳбатидан баҳраманд бўлган улуғ тобеинлардан ҳисобланади. У ёшлигиданоқ Қуръон ўрганишга киришган. У: “Биз Абу Абдураҳмоннинг олдига борардик. Ўшанда ўспирин бола эдик”, дер эди.

Осим ибн Абунажуд (раҳматуллоҳи алайҳи) ўз замонасининг йирик олими, қироат илмида пешво устозларидан эди. У қироат, ҳадис, фиқҳ, наҳв ва луғатшунослик илмлари билимдони эди. Осим ибн Абунажуд ўта тақводор, серибодат киши бўлиб, нафл намозларни кўп ўқирди. У ниҳоятда хушовоз бўлиб, шундай фасоҳат билан дона-дона сўзлардики, ифодасидан кишилар ҳайратга тушарди. Имом Осим мўътабар, ишончли олимлардан бўлиб, кўплаб ҳадис ривоят қилган. У зот ривоят қилган ҳадислар олти саҳиҳ тўпламдан жой олган.

Шўъба айтади: “Устозим Осим ўлим тўшагида ётганида, ҳузурига кирдим. У беҳуш эди, тинимсиз:

“Сўнгра (улар) ҳақиқий эгалари – Аллоҳ (ҳузури)га қайтарилурлар” (Анъом, 62) оятини худди намозда ўқиётгандек, ниҳоятда дона-дона қилиб, маромига келтириб такрорларди. Шунда мен қироат унинг табиий хусусиятига айланиб кетганини англадим».

Бугунги кунда Ислом оламининг асосий қисми Қуръони каримни Имом Осимнинг қироатида ўқийди.

 

 

Имом Ҳафс

Ҳафс ибн Сулаймон ҳижрий 90, милодий 709 санада Куфада таваллуд топган ва ҳижрий 180, милодий 796 санада шу ерда вафот этган.

Ҳафс (раҳматуллоҳи алайҳи) Имом Осимнинг асраб олган ўғли бўлиб, унинг тарбиясида ўсган. Ёшлигидан Имом Осимдан Қуръони карим қироатини ўрганган. Шунинг учун қироатни пухта эгаллаган эди. У Қуръонни Осимдан эшитиб, кейин унга топширарди. У қироатга тили равон, ўта моҳир бўлган.

Имом Доний: “У одамлар ичида Осим қироатини унга ўқиб бериш орқали олган кишидир”, деган. Ҳафс устози Осимдан кейин Куфада унинг ўрнида Қуръондан таълим берди. Шунингдек, у Бағдод ва Маккаи мукаррама шаҳарларида ҳам одамларга қироатдан дарс берган.

Имом Ибн Мужоҳид айтишича, Ҳафс билан Шўъбанинг ривоятлари ўртасида 500 та яқин ўринда фарқ бор.

Демак, ушбу ўнта машҳур қироатнинг бирида тиловат қилиш лозим. Қолган қироатлар ва ўнта қоридан нақл қилинган бошқа шозз қироатлар ила тиловат қилиш жоиз эмас.

Имом ҳофиз Абу Умар ибн Абдулбар[1] нақл қилади: “Шозз қироат билан тиловат қилиш ва шу қироат билан намоз ўқийдиган кишига иқтидо қилиш жоиз эмаслигига мусулмонлар ижмо қилишган.

 



[1] Юсуф ибн Абдуллоҳ ибн Муҳаммад ибн Абдулбар ибн Осим Намрий Қуртубий. Етук уламолардан ва бир неча асарлар соҳиби. Мағриб аҳли ичида бу инсон каби ҳофиз, ишончли, диёнатли, фиқҳ, араб тили, тарих олими йўқ эди. Бу киши ўз асрининг ҳадис ва унга тааллуқли илмларнинг пешвоси бўлган. “Муватто” асари ҳақида бир неча фойдали китоблар битган. “Ат-тамҳид лима фил муватто минал маъоний вал асонид” асари шулар жумласидандир. Бундан ташқари “Ал-истизкор лимазаҳиби уламаил амсор”, “Ал-истийъоб” ва “Жомеъу баянил илми ва фазлиҳ” асарлари мавжуд. Ҳижрий 463 йили вафот этган.

 

Read 10363 times
Top