Рамазон-2018

Бир ҳадис шарҳи

 Абу Ҳурайрадан (розияллоҳу анҳу) ривоят қилинади: Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) бундай дедилар: “Рамазон ойи кирганида жаннат эшиклари очилади, дўзах эшиклари ёпилади ва шайтонлар кишанланади” (Имом Бухорий, Имом Муслим).

 

Шарҳ:

 

Рамазонда “шайтонларнинг кишанланиши”, “жаннат эшикларининг очилиши”, “дўзах эшикларининг ёпилиши” турлича изоҳланган:

 

Қози Иёз айтади: “Бу зоҳирий маънода бўлиши эҳтимолдан узоқ эмас. Буларнинг ҳаммаси рамазон ойининг ҳурмати улуғлиги ва шайтонлар мўминларга азият етказишдан тўсилишининг аломати, ишорасидир. Шунингдек, савоб ва мағфиратнинг кўпайиши, шайтонларнинг иғволари озайиб, уларнинг кишанлангандек бўлиб қолишларига ишора, деб ҳам тушуниш мумкин”.

 

Жаннат эшиклари очилиши унга олиб борадиган ибодатларни Аллоҳ таоло бандаларига осон қилиб, савобини кўпайтириб қўйишидир. Шунингдек, дўзах эшикларининг ёпилишидан мурод ҳам уларнинг дўзахга тушишга сабаб бўладиган гуноҳлардан тўсилишидир. Шайтонларнинг кишанланиши дейилганида эса, бу ойда мўминларни йўлдан оздириш, гуноҳ ва маъсиятни чиройли кўрсатиш каби ишлардан Аллоҳ уларни ожиз қилиб қўйиши тушунилади.

 

Турбуштий айтади: “Дўзах эшиклари ёпилади” дейилганида рўзадорларнинг нафслари турли ёмонликлар киридан тозаланиши ва шаҳватларнинг синиши натижасида гуноҳга етакловчи сабаблардан қутулиши ифода этилган”.

 

Баъзи олимлар рамазонда шайтонларнинг боғланишини бундай таъвил қилишган: “Бу мукаллаф бандадан узрнинг кўтарилишига ишорадир. Унга гўё бундай дейилади: “Мана, шайтонлар ҳам кишанланди, энди улар сенга зарар етказолмайди. Ибодатларни тарк этишинг ёки ёмон ишларингда энди уларни рўкач қилолмайсан!”

 

Қуртубий ҳам ҳадисни зоҳирий маънода тушуниш кераклигини айтиб, бундай ёзади: “Агар шайтонлар кишанланса, нега рамазон ойида ҳам ёмонлик ва гуноҳлар содир этилади?” деб сўралса: “Тўғри, аммо рўзани шартлари ва одобларига риоя қилиб тутганлардан ёмонлик ва гуноҳлар содир бўлмайди. Кишанланганлар шайтонларнинг бир қисмидир, ҳаммаси эмас”, деб жавоб берамиз.

 

Ҳадисда рамазон ойи умумий тарзда ёмонликлар озайишига ишора қилинган. Бу ҳаётда кўрилган, тажрибада кузатилган ҳақиқатдир. Ёмонлик бу ойда бошқа ойлардагидан жуда камаяди. Шайтонларнинг боғланишидан ёмонлик ва гуноҳлар буткул қолмайди, деган хулоса чиқарилмайди. Чунки уларнинг содир этилишида шайтондан ташқари нафс, ёмон одатлар ва одам-шайтонларнинг ҳам ҳиссаси каттадир.

 

 

 

Манбалар асосида 

Содиқ НОСИР 

тайёрлади. 

Read 50446 times
Top