muslim.uz

muslim.uz

 

Орзиқиб кутган Рамазонимизнинг ҳам учдан икки қисми ўтиб бўлди… Аллоҳ таоло Ўзи азиз қилган ой… Ундаги ҳар бир яхшиликлар, ибодатлар, тасбеҳу зикрларнинг қанчалар бизларга фойда келтиришини биз бандалар тасаввур ҳам қила олмаймиз. Шу боис Сарвари олам солаллоҳу алайҳи васаллам: “Агар умматларим Рамазон фазилати ва ундаги бўладиган мукофатлар кўплигини билганларида эди, йил бўйи Рамазон бўлишини орзу қилишар эди”, дея марҳамат қилганлар.

 

 

Рамазон ўтиб боряпти, унда бошланган хатми Қуръонлар ҳам аста-секин тугаб боряпти. Рамазоннинг таърифини гўзал эшитяпмизу, лекин аслида биз ундан қанчалик фойдаланиб қоляпмиз?  Рўзани қалбан тутган, қўлидан келганича саҳоват, яхшиликда фаол бўлган, кечалари Қуръони каримга муҳаббат билан таровиҳларда тик турган эътиқод соҳибларидан бўла оляпмизми?

 

 

Масжидларда ҳавасли манзаралар… Ҳеч бир нарсага қиёслаб бўлмас ва ҳеч қачон тарк этгинг келмас илоҳий раҳмат муҳити ҳукмрон. Бу жойда покиза қалб соҳиблари Роббилари билан суҳбат қурмоқдалар. Унга муножотлар қилиб, шашқатор ёшлар ила хатолари, гуноҳларига истиғфорлар айтмоқдалар… Бандаликнинг, инсонийликнинг юксак мақоми, покиза фитратнинг шамойилидир бу ҳолат…

 

 

Пойтахтимизнинг кўҳна масжидларидан бири бўлмиш “Ҳожа Аҳрор Валий” жоме масжидида ҳам куни кеча Қуръони карим хатмонаси бўлиб ўтди. Каломуллоҳни 23 кун давомида ҳофизи Қуръон қорилар:  ўткир ва гўзал савти билан машҳур Самихон Исроилов, мазкур масжид муаззини Юнусжон Сиддиқов ва Абдунасир Ортиққориевлар тартил билан, гўзал савт билан ўқиб, ниҳоясига етказиб беришди. Гўзал тасбиҳ, ҳамдлар ўқилди.

 

 

Имом-хатиб Исомиддин домла Аҳроров бошчилигидаги масжид жамоаси хатмона кечасига алоҳида тайёргарлик кўришган. Жамоатни муборакбод этиш учун ташриф буюрган уламолар, имом домлаларнинг суҳбатлари, ваъзу иршодлари йиғилганларга энг муҳим озуқа, таъриф этиб бўлмас руҳий оромни тортиқ этди. Бу оқшом чинакам Қуръон байрами, маънавий зиёфатга айланди.  Унда ҳозир бўлганлар эса инсониятнинг қалбида иймон гавҳари ярқираган энг бахтли тоифалари эди.

 

 

Хатмона маросими порталимизнинг ижтимоий тармоқларида тўғридан-тўғри узатилиб борди. Видеога билдирилаётган изоҳларни ўқир эканман: “Қани энди мен ҳам шу сафда бўлганмда.... Кўчада ўтиришга ҳам рози эдим...”, дея ёзилган изоҳ эътиборимни тортди. Ҳа, бу онларни қадрини билган мусулмон бедорликни ихтиёр этади, Роббиси томон ошиқади. Бунда энг тотли лаззат - иймон лаззати, қалб роҳатини туяди. Аксинча, шу пайтда ҳам ғафлат ва маъсият домида юрганлар чиркин ҳаёти аро тубанлашиб бораверади. Аллоҳ сақласин.

 

 

Дуолар қабул бўлгувчи бу улуғ кечада кўплаб дуолар қилинди: эшитган Қуръонимиз шафоати, жаннатга ҳужжат, жаҳаннамга парда бўлишлиги, юртимиз тинчлиги, халқимизнинг фаровонлиги, бутун мусулмон олами тинчлиги, бирдамлиги, иймонимиз, қалбимиз саломатлиги, икки дунё саодатини тилаб ва албатта хатми Қуръон қилиб берган қорилар ҳаққларига чин ихлос ила дуолар қилинди.

Бу кеча энг юқори даражада турган юзлари мунаввар қориларга бутун жамоат ҳавас қилдилар, бизнинг зурриётларимиздан ҳам ана шундай ҳофизи Каломуллоҳлар чиқсин дея қалбдан илтижолар қилдилар.

 

 

Ҳа, Рамазон бизда, бизнинг ўлкада шундай ўтмоқда! Бу дамлар учун Ўзингга беҳисоб шукурлар бўлсин Буюк Тангримиз!

 

 

Азиз диндошим, хатми Қуръонлар бошқа масжидларимизда давом этмоқда. Агар ҳали таровиҳга бора олмаган бўлсангиз, албатта боринг, яна фурсат бор. Ғанимат рамазон кечаларининг шукуҳини, раҳмат онларини ҳис этмай, роҳат топмасдан Рамазонни тугатиб қўйманг.

 

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Масжидлар бўлими

Расмлар муаллифи Шаҳзод Шомансур

Вівторок, 28 май 2019 00:00

Ҳар кунингиз Рамазон бўлсин!

Танловга!

Тасаввур қилинг, сизнинг ўта ашаддий душманингиз бор. У сизга шу даражада  душманчилик қиладики унга қарши туришга сизда мадор қолмаган. Камига, у сиз бутун умрингизни тиккан, бор кучингиз билан ҳаракат қилаётган ҳамда бутун ўй-фикрингизни эгаллаган орзу ва мақсадингиз йўлида энг катта тўсиқ бўлиб турибди. Сиз мақсад сари қанча ҳаракат қилсангиз у сизни бу йўлдан буриб юбориш учун сизданда кўп тер тўкмоқда. Унинг бу зулмларидан, сизга ёмонликларидан чарчадингиз, кучингиз қолмади. Айни шундай ҳолда қийналиб турганингизда сизга бир хушхабар етиб келди. Билдингизки, душманингиз қилган жиноятлари сабаб кишанланибди, мақсадингиз тарафга эса бир қадам қолган. Ушбу хабардан қанчалик хурсанд бўласиз? Нималарни ҳис этасиз? Юрагингиз ҳапқириб, ҳаяжондан ёрилишига бир баҳя қолади, шундай эмасми?

Агар ушбу ҳолатни тасаввур қила олган бўлсангиз биз сизга етказмоқчи бўлган хушхабарни қабул қилинг. Бизнинг энг катта душманимиз бўлган, доимий бизни васвасага соладиган шайтон кишанланган, энг катта орзуйимиз, бутун вужудимиз билан талпинаётганимиз жаннат эшиклари эса ланг очиқ турибди. Ушбу хушхабарни биз ўзимиз ўйлаб топганимиз йўқ. Бу хабарни инсонларнинг энг ростгўйи, икки олам саййиди ва суюкли Ҳабибимиз (с.а.в) айтмоқдалар. Келинг, У зотнинг сўзларига қулоқ тутинг: 

عَنْ أَبِي هُرَيْرَةَ رَضِيَ اللَّهُ عَنْهُ أَنَّ رَسُولَ اللَّهِ صَلَّى اللَّهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ قَالَ : «إِذَا جَاءَ رَمَضَانُ فُتِّحَتْ أَبْوَابُ الْجَنَّةِ، وَغُلِّقَتْ أَبْوَابُ النَّارِ، وَسُلْسِلَتْ الشَّيَاطِينُ». رواه البخاري ومسلم.

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтадилар: «Рамазон келганда жаннатнинг (барча) эшиклари очилади, дўзахнинг (барча) эшиклари қулфланади ва шайтонлар кишанланади». Бухорий ва Муслим ривоятлари.

Бундай ажойиб хушхабарни эшитган ҳар қандай мўмин беихтиёр ҳар куни Рамазон бўлишини, бу ой уни ҳеч қачон тарк этмаслигини истайди. Ҳар кунимиз Рамазон бўлиши учун эса ушбу ойни ғанимат билиш, унда амалларни кўпайтириб олиш лозим. Агар биз йил бўйи айни шу кайфият бизни тарк этмаслигини истасак бу ойда ўзимиз учун бирор яхши амални вазифа қилиб доимий одатга айлантириб олишимиз керак бўлади. Масалан, аваллари Қуръон тиловатини камроқ қилган бўлсак бу ойда кунлик вазифани ўқишга одатланишимиз ва буни йил давомида тўхтатмаслигимиз ёки жамоат намозларига бироз бепарволик қилган бўлсак бу ойда жамоатга одатланиб йил бўйи амал қиладиган одатимизга айлантириб олишимиз лозим. Ана шунда бу гўзал ойнинг шукуҳи бизни йил давомида тарк этмайди ва шайтонлар кишандан бўшатилганда ҳам улар бизнинг амалларимизга тўсқинлик қила олмайди.

Аллоҳ таоло ушбу муборак ойнинг қолган ўн кунлик – маърифат даҳасини ҳам ғанимат билишимизни, унда солиҳ амалларни янада кўпайтириб олишимизни барчамизга насиб айласин. Ҳар кунимиз Рамазон бўлсин!

Ийсохон Яҳё тайёрлади

Танловга!

Муҳаммад Саид Соғужий “Этикоф” бобида қуйидагиларни айтадилар:

“Эътикоф” луғатда “турмоқ”, “тутиб турмоқ” деган маъноларни англатади. Шариатда эса махсус жой бўлмиш масжидда рўзадор ҳолда эътикоф нияти ила туриш, қолишдир. Эътикоф агар ихлос ва гўзал ният билан қилинса, савоби улуғ амаллардандир. Ато ибн Абу Рабоҳ айтади: “Этикоф ўтирувчи худди бировнинг эшигида ўзининг улкан ҳожатини раво қилишларини сўраб: “Менинг ҳожатимни чиқармагунингизча ўрнимдан турмайман”, деётган кишига ўхшайди. Шу боис, Аллоҳнинг уйида эътикоф ўтирган одам то гуноҳларимни кечирмагунингча ўрнимдан турмайман, дегандек бўлади.

Зуҳрий айтади: “Инсонлардан ажабланаман, қандай қилиб эътикофни тарк қилишди экан. Набий саллоллоҳу алайҳи васаллам бир ишни тарк қилиб, гоҳо уни қилар эдилар. Аммо, эътикофни то вафотларига қадар тарк қилмадилар”.

У уч қисмга бўлинади:

  1. Вожиб – назр қилинган эътикоф
  2. Суннат - рамазоннинг охирги ўн кунлигидаги эътикоф
  3. Мустаҳаб – ўн кунликдан бошқа исталган пайтдаги эътикоф

Чунки, рамазон ойининг охирги ўн кунлигидаги эътикоф кифоя қилиш йўли билан суннати муаккададир. Набий саллоллоҳу алайҳи васаллам бунга қаттиқ амал қилганлар. Саййида Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади: “Набий саллоллоҳу алайҳи васаллам рамазоннинг охирги ўн кунлигида то Аллоҳ таоло жонларини қабз қилгунча эътикоф ўтирар эдилар. У кишидан сўнг аёллари эътикоф ўтиришарди”.[1]

Эътикоф ўтирувчи рамазоннинг охирги ўн кунлигида масжидга кириб, ҳайитнинг ҳилолини кўрганда қайтиб чиқади.

Назр эътикофини қилган одам энг камида бир кун масжидда ўтириши керак. Умар роизияллоҳу анҳу Набий саллоллоҳу алайҳи васалламга: “Эътикофни назр қилган эдим”, деганларида, У зот: “Эътикоф ўтир ва рўза тут”, деганлар.[2] 

Жамоати, имоми ва муаззини бор масжидда эътикоф ўтирилади. Ва бу афзал ҳамдир. Аёл киши эса уйининг масжидида, намоз ўқийдиган ерида эътикоф ўтиради. Эркаклар борасида эътикофнинг ҳукмлари, уйида эътикоф ўтирган аёлга ҳам тенг жорий қилинган.

Эътикоф ўтирган одам масжиддан фақатгина узр ва ҳожатлар учунгина чиқади. Масалан, инсоний эҳтиёж бўлмиш ҳожатга бориш, нажосатни кетказиш, жунубликдан ғусл қилиш; зарурий эҳтиёж бўлган масжиднинг қулаши, ўзи ёки нарсанинг ҳалок бўлишидан қўрқиб чиқиши ёки золим мажбурлаб масжиддан чиқариши – эътикоф ўрнидан чиқишга сабаб бўлади. Лекин, ўша заҳотиёқ бошқа масжидга бориб ўтиради. Шарий узр – жума намозига бориш учун ҳам чиқади. Ўзи ўтирган жойида жума адо қилинмаса, бошқа масжидга боради, намоздан фориғ бўлгач, у ерда ортиқча қолиб кетмайди.

Агар эътикоф жойида узрсиз бир соатга бўлса ҳам чиқадиган бўлса, эътикоф бузилади.

Эътикоф ўтирган одамнинг еб-ичиши, олди-сотдиси, никоҳи, ражъати масжидда бўлиши керак. Набий саллоллоҳу алайҳи васаллам ҳам масжидда еб-ичганлар, гаплашганлар. Олди-сотди ҳам гаплашиш кабидир. Аммо масжидга олди-сотди қилинган товарни олиб кириш макруҳдир. Эътикоф ўтирмаган одамга мутлоқ масжидда нарсани олиб келмаса ҳам олди-сотди қилиш макруҳ саналади.

Эътикоф ўтирган одам гапирса, фақат яхши сўзларни сўзлайди. Тилини инсонга кераксиз бўладиган сўзлардан сақлайди. Гапирмасдан жим ўтириб эътикоф қилиб ҳам бўлмайди. Бу бизнинг шариатимизда савоб олиб келадиган иш эмас, аксинча макруҳдир.

Этикоф ўтирувчига яқинлик ва унга олиб борадиган номаъқул ишларни қилиш  ҳаром саналади. Чунки, Аллоҳ таоло баён қилиб айтади:

وَلَا تُبَاشِرُوهُنَّ وَأَنْتُمْ عَاكِفُونَ فِي الْمَسَاجِدِ

“Масжидларда эътикоф ўтирган ҳолингизда яқинлик қилманг”. (Бақара, 187)

Яқинликка олиб борадиган ишлар ўпиш, қучоқлаш ва шу каби ишлардир. Ҳажда ҳам худди шундай. Рўзада бунинг акси бўлиб, ҳаром ҳисобланмайди. Унинг рукни фақат яқинликдан тийилишдир. Олиб борувчиларидан эмас.

Эътикоф ўтирган одам хоҳ кундузи бўлсин, хоҳ кечаси бўлсин, қасддан бўлсин, ёддан чиқариб бўлсин, оилавий алоқа қилса, эътикофи ботил бўлади. Агар аёлини ўпиши, ушлаши билан эркаклик қуввати тушиб кетадиган бўлса ҳам, эътикоф бузилади. Агарда суюқлик тушмаса, гарчи ҳаром ишни қилган бўлсада, эътикоф бузилмайди. Ёддан чиққан ҳолатда ҳам эътикоф бузилишининг сабаби – эътикоф ҳолати эслатиб турувчи, маълум ва очиқ ишдир. Яъни инсон ғофил қоладиган вазият эмас. Ҳажда ҳам худди шундай. Ҳаж қилаётгани эсидан чиқиб қолиши мумкин эмас. Рўзада бунинг акси бўлиб, эсдан чиқариб яқинлик қилиб қўйса, рўза бузилмасди. Рўзадорлик ҳолати ёдда тез турадиган ҳолат эмас.

Агар бир неча кунларнинг эътикофини назр қилса, кечалари ҳам кириб кетади.  Рўзада кунни назр қилса, кундузининг ўзи киради, кечаси рўзага кирмайди. Кечалари рўзага хосланмаган. Эътикофда эса тунлари ҳам унга эргаштирилган, хосланган.

Абу Ҳанифа роҳимаҳуллоҳга кўра, эътикофга киришиш ила, у лозимий – тугатиб, давом эттириб қўйиш шарт бўладиган ишга айланади”.  (Матн тугади)

Этикоф ўтирган одам нималар қилагани афзал?

Эътикоф ўтирган хоҳ эркак бўлсин, хоҳ аёл бўлсин, беш вақт намози, нафл, қазолар ўқийди. Қуръон тиловати, зикр, истиғфор ва тавбани кўпайтиради. Гарчи масжидда саҳарлик ва ифторлик қилиш мумкин бўлсада, дангасаликка ва уйқуга сабаб бўладиган даражада кўп еб-ичмайди. Луқмасига эътибор беради. Гаплашиш жоиз бўлсада, уни кўргани келганлар билан гапни қисқа қилади. Ўзи билан машғул бўлади. Иложи бўлса замонавий жиҳозлари – телефон ва планшетни ўчириб қўяди. Интернетда вақтини кетказмайди.

Аёл кишилар ҳам рамазонда савоб ишлаб, Аллоҳга яқин кишилардан бўлиб олишга ҳаққилари бор. Уларни кундалик оғир ишлар билан банд қилиб, кези келса, далаларда ишлатиб, кетмон чоптириб, керак-нокерак ерларни тозалатиб, мунтазам меҳмонга олиб бориб вақтини хайф қилмаган маъқул. Аксинча, оила юмушлари ва фарзанд тарбияси билан бирга тутаётган рўзаларига кўмак берайлик. Эътикоф ўтиришга сиздан рухсат сўрасалар, Аллоҳ розилиги йўлида қўлингиздан келса шароит қилиб беринг. Уларни ҳам ёлғиз Аллоҳга юзланиб муножаат қилишларига сабабчи бўлиб қолинг. Зеро, қанчадан-қанча аёллар эътикоф нималиги у ёқда турсин, рўза тутмайди, рамазонни назар-писанд қилмайди. Қуръондан узоқда. Шу боис, Аллоҳ томон чўзилган қўлларни қуруқ қайтарманг!

 

“Фиқҳул ҳанафий ва адиллатуҳи” китобидан

Хадичаи Кубро аёл-қизлар билим юрти

 ўқитувчиси Н.Саидакбарова таржимаси

 

 

[1] “Саҳиҳул Бухорий”

[2] “Сунани Дорақутний”

Вівторок, 28 май 2019 00:00

Бир ҳадис шарҳи

Танловга!

Бугунги кунда кўпчилигимиз рўза тутиш деганда ейиш, ичиш ва жинсий эҳтиёждан сақланиш маъносинигина тушуниб қолганмиз. Рўза тутишдаги бор эътиборимиз ҳам ана шу уч нарсага қаратилган. Тўғри, аъзолар ҳам рўза тутиши, гуноҳлардан рўза тутиш ва бошқа рўзалардан ҳам хабаримиз бор, аммо улардан сақланишга бўлган эътиборимиз ҳукмий рўзанинг шартларига нисбатан анчагина камроқ бўлиб қолган. Аслида, биз рўзанинг баданий шартлари билан биргаликда руҳий ҳолатимизни ислоҳ этадиган жиҳатларини ҳам ўрганиб, барчасига бирдай эътибор қаратишимиз лозим. Бунинг учун биз ҳадиси шарифларни диққат билан мутолаа қилишимиз мақсадга мувофиқ бўлади.

Маълумки, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳар бир сўзларини юксак маҳорат ва кўп маъноларни ифода этадиган шаклда баён этар эдилар. У зотнинг рўза ҳақидаги ҳадисларини мутолаа қилар эканмиз қуйидаги ҳадис эътиборимизни тортди:

عَنْ أَبِي هُرَيْرَةَ رَضِيَ اللَّهُ عَنْهُ:  أنّ النبِيَّ صَلَّى اللَّهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ قال:  «مَنْ لَمْ يَدَعْ قَوْلَ الزُّورِ وَالْعَمَلَ بِهِ فَلَيْسَ لِلَّهِ حَاجَةٌ فِي أَنْ يَدَعَ طَعَامَهُ وَشَرَابَهُ» رواه الترمذي.

Абу Ҳурайра (р.а)дан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ким ёлғон сўз ва унга амал қилишни тарк қилмас экан Аллоҳ унинг таоми ва шаробини тарк этишига муҳтож эмас», дедилар. Термизий ривояти.

Ҳадиси шарифда келган “зур” сўзини биз “ёлғон” дея таржима қилдик. Аслида ўзбек тилида бу сўзнинг тўғридан-тўғри маъносини бир сўз билан ифодалаш мушкул. Ушбу сўз барча ёмон – ғийбат, чақимчилик, ёлғон гувоҳлик бериш, умуман олганда, барча гуноҳ бўладиган сўзларни ўз ичига олади.

Ҳадиси шарифнинг лафзларига эътибор қаратсак биз учун керакли маъноларни уқиб олишимиз мумкин бўлади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам турли хил ҳаром этилган сўзлардан тийилмаган инсоннинг амалини “рўза тутиш” эмас, “таоми ва шаробини тарк этиши” деб атадилар. Бундан тушунишимиз мумкинки, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ушбу тоифадаги амални ҳатто рўза қаторига ҳам қўшмадилар. Бу эса турли хил ёмон сўзларни тарк этиш шарт эканлиги, акс ҳолда тутилган рўзанинг савобига жуда катта салбий таъсир этишини билдиради. Аммо ушбу ҳадис ёлғон гапирган инсон рўзасини бузиши керак деган маънони англатмайди. Ҳофиз Ибн Ҳажар ушбу ҳадис шарҳида Ибн Баттол (р.ҳ)дан қуйидаги маънода берилган шарҳни келтириб ўтганлар: “Ушбу ҳадис рўзани тарк этишга буюриш маъносида эмас, аксинча, ёлғон ва шу каби сўзларнинг оқибатидан огоҳлантиришдир. Ҳадисдан ирода этилган маъно ёлғон сўзлар аралашган рўзанинг қабул бўлмаслиги ва ана шундай нарсалардан саломат бўлган рўза эса қабул бўлишидир”.

Демак, барча гуноҳлар биз тутаётган рўзага ўз таъсирини ўтказади, улар сабаб кун иссиғида, қийналиб қилган амалларимизнинг савоби камаяди, ҳатто гуноҳлар кўпайиб кетса бутунлай савобсиз қолиш эҳтимоли ҳам йўқ эмас. Шундай экан, азиз биродарим, рўза билан биргаликда ўз нафсимизни тарбия қилайлик, агар ўзимизда шундай ёмон одатни сезсак, дарҳол тавба қилиб уни йўқотишга қаттиқ ҳаракат қилайлик. Зеро, гуноҳдан ҳақиқий тавба қилган инсон худди гуноҳ қилмаган кишидек бўлиб қолади.

 

Ийсохон Яҳё тайёрлади

Вівторок, 28 май 2019 00:00

Ойлар султони – Рамазон

Танловга!

Аллоҳ таолонинг марҳаматини қарангки, бу йилги Рамазон ойи бошқа йилдаги Рамазон ойларга қараганда файзли ва кўтаринки руҳда ўтмоқда. Мана шундай Рамазон кечаларининг бирида ифторлик қилиш учун чақирилган жойга борар эканман, Аллоҳ таолонинг раҳматидан умидвор бўлиб, шундай муборак Рамазон ойида рўзадорларга ифторлик қилиб беришни ният қилган киши ким экан ўзи деган савол менинг хаёлимни қамраб олди. Сабаби, Зайд ибн Холид Жуҳаний розияллоҳу анҳу: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан ривоят қилган ҳадисида: «Ким рўзадорга ифторлик қилиб берса, унга рўзадорнинг ажрича ажр берилади, лекин рўзадорнинг ажридан бирор нарса камаймайди» - деб бобомиз Имом Термизий ҳазратларининг  ривоят қилган ҳадислари кўз ўнгимда гавдалана бошлади. Мен рўза тўғрисида ўқиган китобда мана шу ҳадисни шарҳлаб уламоларимиз рўзадорга ифторлик қилиб берган инсонга Аллоҳ таоло рўза тутган инсоннинг савобидан бошқа савоб беришлигини зикр қилиб ўтишган эди. Мен мана шундай савобга эга бўладиган инсоннинг уйига ифторлик қилиш учун боряпман деган хаёл билан чақирилган жойга келганимни ҳам сезмай қолибман.

Ҳовли ташқарисида ифторликни савобини умид қилиб, ёшлари ҳам анча жойга бориб қолган отахон бизларни чиройли муомала билан очиқ чеҳрада кутиб олди ва уйига олиб кирди. Ичкарига кирар эканман Аллоҳнинг мана шундай кунларга етказганига шукрлар айтдим. Ифторлик дастурхонига ўтирар эканман Аллоҳ таолонинг биз инсонларга берган неъматларига ич-ичимдан шукрлар айтар эдим. Мана ҳамма оғзини очадиган пайт ҳам яқинлашиб қолди. Шу пайт бирданига бизлар ўтирган жойга узоқдан савлат, виқор, шаҳдам қадамлар билан бошига дўппи кийган, устида оқ куйлак, эгнига чакмон кийиб олган, устидаги кийимлари ўзига ярашган бир инсон кириб келар эди. Мен хаёлимда бу инсон шу маҳалланинг имоми бўлса керак деб уйладим. Имом домла ичкарига кирар экан ҳаммага: «Ассаламу алайкум ва роҳматуллоҳи ва боракатуҳу» деб салом бериб, уй эгаси кўрсатган жойга бориб ўтирди. «Ифторликка ҳали вақт бор экана» - деб қолди уй эгаси. Ва ҳамма келган инсонлар имом домладан рўзанинг фазилатлари ҳақида ва кимларга рўза тутиш фарз эканлиги туғрисида мавъиза килиб беришини сўради. 

Имом домла ҳам келганларнинг илтимосларини инобатга олган ҳолда ва оғиз очиш учун вақт бор эканлигидан фойдаланиб, рўзанинг фарз бўлиши ҳақида нозил бўлган ояти карима билан мавъизасини бошлади:

«Аллоҳ таоло Қуръони каримнинг Бақара сураси 183-оятида: «Эй иймон келтирганлар! Сизлардан аввалгиларга фарз қилинганидек, сизларга ҳам рўза фарз қилинди. Шоядки тақводор бўлсаларингиз». Демак, бу ояти каримадан кўрсак буладики, Аллоҳ таоло ўзининг суюкли мўмин бандаларига Рамазон рўзасини тутмоқликни фарз қилди. Ва Рамазон ойида кимки рўза тутадиган бўлса, ўзига тақво деб аталган улуғ бир фазилатни касб қилишини ҳам зикир қилиб ўтди.

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳу Пайғамбаримиз соллаллаҳу алайҳи васалламдан ривоят қилинган ҳадиси қудсийда ҳам: «Одам боласининг ҳамма амалининг (савоби) ўзи учундир. Аллоҳ азза ва жалла: «Магар рўза Мен учундир. Унинг мукофотини Мен берурман. У (Одам боласи) шаҳвати ва таомини Мен учун тарк қилур. Рўзадорнинг оғзидан чиқадиган ҳид Аллоҳнинг наздида мискнинг ҳидидан да яҳшироқдир», дэди» дейилган. (Имом Бухорий ривоят қилган).   

Демак, инсоннинг рўза тутишдан бошқа қилган ҳамма амали ўзи учун бўлади. Фақатгина рўза Аллоҳ учун бўлади. Рўза тутишдан бошқа барча амалларда у хоҳласа, хоҳламаса ҳам ҳўжакўрсинлик, ўзгаларнинг ҳаваси, мақтови пайдо бўлади. Мисол учун, намоз ўқимоқчи бўлган одам, намозга таҳорат қилганида, намоз ўқишлик учун жой ҳозирлаганда, намоз ўқиб бўлганидан сўнг инсонлар ҳаёлида бу инсон намоз ўқимоқда, таҳорат қилмоқда, демак бу инсон яхши инсон экан, бу инсонни ҳурмат қилиш керак деган тасаввур уйғонади. Шунга ўхшаш закот берган инсон ҳам ҳарчанд уринмасин, закот берган кишининг ҳаққига дуо қилади. Ҳажда ҳам ҳудди шундай. Ҳаждан қайтганидан сўнг гуруҳ-гуруҳ кишилар зиёратига келади. «Ҳожи ака» ёки «Ҳожи она» дэган ном билан чақирилади.

Рўзада эса, биз юқорида санаб ўтган нарсаларнинг бирортаси ҳам йўқ. Кечаси ҳеч ким кўрмайдиган вақтда саҳарлик қилади. Кундузи эса ҳамма билан баробар ўзининг иши билан юраверади. Ифтор вақти кираётганда ҳам, ҳеч кимсиз ёлғиз ўзи қолганида ҳам рўзадор Аллоҳ таоло кўриб турганини ҳис қилиб, оғзини очиб юбормайди. Мана шуларнинг ҳаммаси рўза Аллоҳ учун тутилишининг белгисидир.

Шунинг учун ҳам Аллоҳ таоло учун холис ниятда тутилган рўзанинг савобини ёлғиз Аллоҳ таолонинг Ўзи беришлигини ваъда қилди.

Рўзанинг фазилатлари ҳақида гапирадиган бўлсак:

  1. Рўза тутмоқлик инсонларни гуноҳлардан сақлайди. У рўза тутган пайтида Аллоҳ ҳаром қилган ишлардан, тийилади. Рўза уни гуноҳлардан, иллатлардан, ҳар-хил ёмон ишлардан, энг муҳими мусулмон инсонни дўзахга тушишдан сақлайди.
  2. Рўза тутаётган инсон тилини фаҳш сўзларни айтишдан ва бақир-чақир қилишдан тиймоғи лозим. Аслини оладиган бўлсак, рўза тутишдан бошқа вақтларда ҳам мусулмон инсон тилини ёмон фаҳш сўзларни айтишдан сақламоғи лозим. Айниқса, рўза пайтида ҳар-хил уятсиз, фаҳш сўзлардан тийилмоғи керак. Сабаби бу – рўза тутган инсонга мутлақо тўғри келмайди. Агар рўза тутган инсон билан кимдир бақир-чақир қилмоқчи бўлса, бундан сақланишнинг иложи бор. Кимдир уни сўкишни хоҳласа ёки унга ёмон, фаҳш сўз айтмоқчи бўлса, «мен рўзадорман» десин деб айтиб ўтган эди, бундан ХIV аср аввал Расули акрам соллаллаҳу алайҳи васаллам. Бу билан ўша инсон рўза тутган одам билан уришиш мумкин эмаслигини эслатади. Ва натижада ўша инсон уришишни ва сўкишни муборак Рамазон ойида ва Рамазон ойи тугагандан кейин бошқа ойларда ҳам сиз сабабли ташлайди.
  3. Рўза тутган одамнинг оғзидан чиқаётган ҳид Аллоҳнинг наздида мушукнинг ҳидидан хушбуйроқдир. Маълумки, овқат еб бўлгандан сўнг озроқ вақт ўтиб, таом ҳазм бўлиш жараёнида оғиздан ҳид чиқади. Ҳаммамизга маълум ўша ҳид мақтовга сазовор ҳид эмас. Лекин, Пайғамбаримиз соллаллаҳу алайҳи васаллам рўзадорнинг оғзидан чиқадиган арабчада «халуф» деб аталадиган ўша ҳид Аллоҳнинг ҳўзурида мушку анбарнинг ҳидидан ҳам афзал экани таъкидланган. Ҳаттоки бу нарсани Пайғамбаримиз соллаллаҳу алайҳи васаллам қасам ичиб: «Муҳаммаднинг жони қўлида бўлган зот ила қасамки, албатта, рўзадор оғзининг ҳиди Аллоҳнинг наздида мушкнинг ҳидидан хушбуйроқдир» деб айтганлар.
  4. Рўза тутган инсон учун икки ҳурсандчилик бор. Улардан биринчиси оғзини очган пайтда бўлса, бошқаси Роббисига мулоқот ила юзланганда рўзасидан ҳурсанд бўлади. Дарҳақиқат, куни билан рўза тутиб, вақти келганида ифтор қилган инсон ҳурсанд бўлади. Очлик, ташналикдан сўнг ҳалол таомга етишганида масрур бўлади. Охиратда эса, Аллоҳнинг олдида тутган рўзаси учун жаннатга киритилганидан хурсанд бўлади. Бу фақат рўза тутган инсонларга насиб этади.

Рўза тутишликнинг юқорида санаб ўтган фазилатларидан ташқари яна фазилатлари жуда ҳам кўп. Фақатгина бу ерда рўза тутган инсонга тегишли бўлган афзалликларнигина санаб ўтдилар.

Имом домланинг сўзини шунчалик даражада жон қулоғимиз билан эшитган эканмиз,  ҳаттоки оғиз очадиган вақт ҳам аста-секин ўтиб бораётганини сезмай қолибмиз.    

Мана ҳамма орзиқиб кутган оғиз очадиган вақт ҳам келди. Имом домла сўзини тугатиб ҳамма рўза тутканларни ҳаққига дуо қилди. Ифторлик дастурхонида ҳаммамизга маълум бўлган миллий таомларимиздан тортиб то пишириқлари-у сомсаларгача бор. Оғиз очиб бир нарсалар қоринга борганидан сўнг инсон ифторликдан олдин «ҳа бу нарсалардан дастурхонда ҳозир ҳеч вақо қолмайди, ҳаммасини еб қўяман» деб уйлайди-да лекин, ўша нарсаларга қорни эмас биринчи бўлиб кўзи тўяди. Инсон Рамазон ойида бошқа ойларда иштаҳа билан танавул қиладиган нарсаларини бу ойда ейишга унчалик таъби унамайди. Сабаби, нафс инсонни Рамазон ойида қорнини ўзи яхши кўрган нарсаларидан ҳам тийишга ундаб туради. Ҳамма ифторлик қилиб бўлгач имом домла шунча рўзадорларга қилиб берган ифторлигини даражаси савоби ҳақида рўзадорларга ва инсонларга гапириб берди. Рамазон ойининг фазилатлари, у ойда Аллоҳ таолонинг муборак каломи нозил бўлгани, бу ойда минг ойдан афзал қадр кечасининг борлиги, закот беришнинг фазилати, бошқа ойларда инсонларни гуноҳ қилишга чорлаб, ундаб турадиган жин ва шайтонларнинг кишанланиши, муҳтож инсонларга ёрдам бериш, бу ойда рўзадорни оғзини бир хурмо билан очтириб ифтор қилиб берса ҳам буйнини дўзахдан озод қилиб қолиш керак эканлиги борасида инсонларга тушунчалар бериб уларни кенгроқ қилиб шарҳлаб, ҳикоялардан мисоллар келтириб ҳалққа тавсиялар берди.

Имом домла сўзининг охирида бундай неъматларни рўзадорларга ато қилган Аллоҳ таолога чексиз ҳамду санолар айтди. Аллоҳ таолонинг берган неъматларига шукр қилиш керак. Нимагаки, инсон ўзи яшаб турган ён атрофидаги қийинчилик, тартибсизлик, уруш-жанжалларга назар соладиган бўлса, бундай жаннатмакон ўлкада тинч-хотиржам, ота-онаси, қариндош-урўғи, суйикли жуфти ҳалоли, шириндан-шакар фарзандлари бағрида соғ-омон уйнаб-кўлиб юрганига шукр қилиши керак. Бошқа давлатларга назар соладиган бўлсак, уларнинг ҳеч бири бизларга ўхшаб эрталабдан туриб, бемалол меҳрибон, раҳмли аёлининг таёрлаб қуйган саҳарлик дастурхонига ўтириб, қулидан чойни ичиб, бомдод намозини ўқиб, бемалол ишига бориб келиб, туни билан ибодат қилиб чиққан одамнинг савобини олай деб таровиҳ намозларига бориб, беш маҳал намозини тўла-тўкис адо етиб юрган давлатлар ва инсонлар камдан-кам. Шунинг учун ҳам биз бундай тинч-тотув ҳаётга етказганига шукр қилиб, қўлимиздан келганича яхшилик қилишка ҳаракат қилишимиз керак.   

Фойдаланилган манбалар:

  • Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф роҳимаҳуллоҳнинг «ҚУРОНИ КАРИМ ва ўзбек тилидаги маънолари таржимаси» китоби. «Ҳилол-Нашр» нашриёт босмахонаси, 2015-ийл. 640 бет. Бақара сураси 2-пора, 28-бет.
  • Имом Термизий роҳимаҳуллоҳнинг «Сунану Термизий» китобининг «Рўза мавзуси, ким рўзадорга ифторлик қилиб берса» бобида келтирилган. 807-ҳадис.
  • Имом Бухорий роҳимаҳуллоҳнинг «Саҳиҳул Бухорий» китобининг «Либос мавзуси, миск ҳақида зикир қилинган ҳадислар боби»да келтирилган. 5927 ҳадис. 
  • Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф роҳимаҳуллоҳнинг «Ҳадис ва Ҳаёт» китоби IX жуз. 

 

Имом Бухорий номидаги Тошкент ислом институти 1-курс талабаси Ҳайтмурат Ережепов.

Top