muslim.uz

muslim.uz

Жорий йилнинг 3 апрель куни Самарқанд вилояти вакиллиги томонидан вилоятда фаолият олиб бораётган "Имом хатибларнинг билим савиясини оширишга каратилган киска муддатли" ўкув-курслари ташкил этилди. Ўқувлар уч кун давомида ўтказилиши режалаштирилган бўлиб, 3-5 апрел кунлари Самарқанд қишлоқ хўжалик институти қошидаги 1-сонли академик лицейда бўлиб ўтади.

Ушбу ўқув курсларга жами 285 нафар имом хатиблар жалб қилинган бўлиб, улар беш гуруҳга бўлинган ҳолда машғулотларда иштирок этадилар. Ҳар бир гуруҳга бир туман-шаҳарларнинг ҳоким ўринбосарлари, имом-хатиблари, вилоятдаги олий ўқув юртлари ректорлари, идора ва ташкилотларнинг раҳбарлари масъул этиб белгиланган.

ЎМИ Матбуот хизмати

“Odoxa” таҳлил маркази Франция аҳолиси ўртасида салафийликка муносабатлари ҳақида сўров ўтказди. Бу ҳақда "Islam-today" нашри хабар берди.

Тадқиқот натижаларига кўра, мамлакат аҳолисининг 90 фоизи салафийлик оқимини таъқиқлашни қўллаб-қувватлашга тайёргарлигини билдирди, 80 фоиздан кўпроқ киши салафийлик тарафдорлари бўлган чет эл фуқароларини депортация қилинишига рози эканлигини билдирди, сўровнома қатнашчиларининг 61 фоизи Францияда фавқулодда ҳолат режимининг қайта тикланишини қўллаб-қувватлаши учун овоз берган. Эслатиб ўтамиз, бир муддат олдин собиқ бош вазир Мануэль Вальс Францияда салафийлик оқимини таъқиқлаш бўйича таклиф билан чиққан эди.

ЎМИ Матбуот хизмати

Жорий йилнинг 31 март куни АҚШдаги Замонавий санъат музейида Миссуридаги Америка-Ислом муносабатлари кенгаши (The Council on American-Islam Relations in Missouri –CAIR-MO) томонидан ҳар йили ўтказиладиган Бадиий кўргазма очилди. Тадбирнинг асосий ташкилотчилари – опа-сингил Садия ва Юсро Али бўлиб, бу йилги кўргазма «Ижодкорлик ва ўзликни англаш: Америка мусулмонлари бадиий кўргазмаси - 2018» деб номланди.

Миссуридаги CAIR кенгашининг мақсади 2000 йилнинг октябрь ойида Шарқий Миссури ва Жанубий Иллинойс штатларида яшовчи мусулмонларга ўз ҳуқуқларини яхшироқ англаш ва Америка маданий ҳаётининг фаол иштирокчилари бўлишларида ёрдам бериш экани айтиб ўтилган. Шу тариқа, CAIR-MO кенгаши мусулмонлар ва мусулмон бўлмаган аҳоли ўртасида кўприк яратишга ҳамда америка халқига Ислом динини асл ҳолатида тушунтириб беришга ҳаракат қилмоқда.

Опа-сингил Алилар 2017 йилдан бадий кўргазма ташкил этишни бошлашган ва уларнинг фикрича, АҚШдаги мусулмон жамоатчилиги жамият ҳаётидаги энг муҳим жиҳат – санъатни унутиб қўймоқда. Уларнинг фикрича, бу соҳа хавф-хатар билан алоқадор бўлмаган соҳа, шунинг учун санъат аҳли ҳеч қандай тўсқинликсиз ва ишонч билан ўз ижодларини тақдим қилишлари мумкин.

2017 йилда CAIR-MO Америка жамоатчилиги орасида «портлаш»ни юзага келтириб, жуда машҳур ҳодисага айланганини таъкидлаб ўтиш жоиз. Қатнашчилар «анъанавий ислом санъати» тақдимотини кутишганди, аммо уларнинг эътиборига тасвирий санъат, шеърият ва амалий декоратив ишларининг ранг-баранг шакллари тақдим этилди. Бу йил ҳам опа-сингил Алилар ўз маҳоратларини яна бир бор кўрсатишга қарор қилишди.

Шунингдек, у кўргазма қатнашчилари турли этник гуруҳларидан ташкил топган бўлиб, бу ҳолат уларга ўз ҳаётий тажрибаларини турли хил усулда намоён қилишга ёрдам беради, деб ҳисоблайди. Кўргазма доирасида тасвирий санъатдан ташқари, кичик либослар намойиши, адабий асарлар ва тўқимачилик маҳсулотлари ҳам тақдим этилди.

ЎМИ Матбуот хизмати

Миср марказий сайлов комиссияси раиси Лошин Иброҳим мамлакатнинг амалдаги давлат раҳбари Абдул Фаттоҳ Ас-Сисий президентлик сайловларида 97 фоиз овозга эга бўлганини маълум қилди. "Reuters" агентлиги шу ҳақда хабар берди.

Манбага кўра, Миср президенти сайловларида иштирок этганлар сони мамлакат аҳолисининг 41,05 фоизини ташкил қилган.

Ас-Сисийнинг сайловлардаги рақиби унча таниқли бўлмаган сиёсатчи Мусо Мустафо Мусо Муҳаммад бўлди. У атиги 2,92 фоиз овоз тўплаган.

Абдул Фаттоҳ Ас-Сисий 2018 йилнинг июнь ойи бошида Палата вакиллари олдида қасамёд қилади ва шу тариқа унинг иккинчи президентлик муддати бошланади.

ЎМИ Матбуот хизмати

Ўзбекистон Миллий кутубхонасида “Самарқанд алломалари”, “Самарқанд ёдгорликлари” ва “ИШИДнинг ботил ғоялари ва уларга раддиялар” китобларининг тақдимоти бўлиб ўтди.

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази нашриёти томонидан чоп этилган мазкур китоблар марказ ташкил топган кундан бошлаб, бир йил мобайнида бажарилган илмий-тадқиқот фаолиятининг ўзига хос ҳисоботи бўлди.

Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази матбуот хизмати билдиришича, тақдимотда академик-олимлар, профессор-ўқитувчилар, мутахассислар, тадқиқотчилар, талабалар, кенг жамоатчилик ва оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этди.

Тадбирда бугунги глобаллашув жараёнида юртимизда ислом динининг асл мазмун-моҳиятини, буюк алломаларимизнинг илмий ва маънавий меросини, панду-ўгитларини ўрганиш, тадқиқ ва тарғиб қилиш муҳим аҳамиятга эга экани алоҳида таъкидланди.

Мазкур китоблар умумтаълим, ўрта махсус таълим ўқувчилари, олий таълим муассасалари талабаларининг тарихий билимларга асосланган ҳуқуқий, диний билимини бойитишга кўмаклашиш билан бирга, илмий тадқиқотчилар, тарихчи ва манбашунослар учун манбавий асос бўлиб хизмат қилади.

“Самарқанд алломалари” ва “Самарқанд ёдгорликлари” китобларида Самарқанд вилоятининг бой тарихи, улуғ алломалари, маданий объектлари, зиёратгоҳлар, маданий меросга оид иншоотлар тарихий ҳамда замонавий суратлар билан безатилиб, улар ҳақида батафсил маълумот берилган. Китобнинг тайёрланиш жараёнида Самарқанддан етишиб чиққан алломалар тарихи ва улар томонидан қолдирилган илмий-маънавий мерос кенг ўрганилиб, муҳим маълумотлар келтирилган. Тадқиқот натижасида ҳали кенг илмий жамоатчиликка маълум бўлмаган бир қанча буюк шахслар, аллома ва мутафаккирлар тарихи ҳам ўрганилиб, илмий муомалага киритилган.

“ИШИДнинг ботил ғоялари ва уларга раддиялар” китобида бугунги кунда ўзларининг ботил ғояларини илгари суриб, “такфир", "жиҳод", "ҳижрат", "байъат", "тоғут", "халифалик” сингари чақириқлар билан дунё афкор оммасини ташвишга солаётган барча ёт диний оқимларга нисбатан “жаҳолатга қарши маърифат” услубида раддиялар берилган. Китоб диний мутахассислар, профилактика ишлари билан шуғулланувчи соҳа хизматчилари, диний-маърифий ишлар бўйича маслаҳатчилар ҳамда маърифий ишлар билан машғул бўлган юртдошларимизга мўлжалланган.

Тадбир иштирокчилари ўзларини қизиқтирган саволларга батафсил жавоб олди.


Ўзбекистон мусулмонлари идораси матбуот хизмати

Top