Рамазон-2019

Минг ойдан афзал кеча

Ойларнинг энг улуғи Рамазон, кунларнинг энг улуғи жума бўлганидек, кечаларнинг ҳам фазилатлиси қадр кечасидир. Аллоҳ таоло бу кеча ҳақда алоҳида сура нозил қилди ва унинг номини ҳам айнан шу кеча билан атади.

بِسْمِ اللهِ الرَّحْمَنِ الرَّحِيمِ

 إِنَّا أَنْزَلْنَاهُ فِي لَيْلَةِ الْقَدْرِ. وَمَا أَدْرَاكَ مَا لَيْلَةُ الْقَدْرِ. لَيْلَةُ الْقَدْرِ خَيْرٌ مِنْ أَلْفِ شَهْرٍ. تَنَزَّلُ الْمَلَائِكَةُ وَالرُّوحُ فِيهَا بِإِذْنِ رَبِّهِمْ مِنْ كُلِّ أَمْرٍ. سَلَامٌ هِيَ حَتَّى مَطْلَعِ الْفَجْرِ 

«Албатта, Биз уни (Қуръонни «Лавҳул маҳфуз»дан биринчи осмонга) Қадр кечасида нозил қилдик. (Эй Муҳаммад!) Қадр кечаси нима эканини Сизга не ҳам англатур?! Қадр кечаси минг ойдан яхшироқдир. У (кеча)да фаришталар ва Руҳ (Жаброил) Парвардигорларининг изни билан (йил давомида қилинадиган) барча ишлар (режаси) билан (осмондан ерга) тушарлар. У (кеча) то тонг отгунича саломатликдир».

Сура муборак Қадр кечасига бағишланган. Бу кечада бир йиллик ишлар, ҳукмлар, ризқлар, ажаллар белгиланади. Аллоҳ таоло бир йиллик тақдирни фаришталарга билдиради ва бу йил тақдир қилинган нарсаларни уларга ёзиб қўйишни амр этади.

Бу муборак кечанинг қадри улуғдир. Қадр сўзи икки хил маънода – қадри улуғ, иккинчиси, миқдор, яъни бандаларнинг тақдирини белгилашдир.

Аллома Ибн Касир (раҳматуллоҳи алайҳ) суранинг нозил бўлиш сабаби ҳақида: «Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) умматларига кўпроқ хайрли ишлар қилиб, улуғ савобга эга бўлишини орзу қилиб: “Эй Раббим, менинг умматимни умматлар ичида умри қисқа, амали оз қилдинг!” дедилар. Шунда Парвардигори олам: Сиз ва умматингиз учун, эй ҳабибим, Қадр кечасини минг ойдан афзал қилдим, деди. Шунда Расулуллоҳ ва барча саҳобалар қувониб кетишди», деганлар.

Буюк ватандошимиз, аллома Абул Қосим Замахшарий (раҳматуллоҳи алайҳ) айтади: “Бу сурада Аллоҳ таоло Қуръони каримни уч усул билан улуғлаган: биринчиси, Қуръонни нозил этишни фақат Ўзига мансуб қилган. Иккинчиси, унинг улуғлиги ва шарафини билдириб, номини очиқ айтмай, ишора билан келтирган. Учинчиси, Қуръон нозил қилинган вақтнинг қадрини оширган”.

Абу Ҳурайра (розияллоҳу анҳу)дан ривоят қилинади. Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Ким Лайлатул Қадр кечасини имон ва ихлос билан бедор ўтказса, унинг ўтган барча гуноҳлари мағфират қилинади” (Имом Бухорий ривояти), дедилар.

Ривоят қилинишича, бир куни Мусо (алайҳиссалом) Аллоҳ таолога нидо қилиб: «“Илоҳо, сенинг яқинлигингни билишни истайман”, деди. Аллоҳ таоло: “Мен Қадр тунида уйғоқ бўлганларга яқиндирман”, деди. Мусо (алайҳиссалом) яна: “Илоҳо, сенинг раҳматинг орзусидаман”, деди. Аллоҳ таоло: “Менинг раҳматим Қадр кечасида мискинларга раҳм қилганларгадир”, деди. Мусо (алайҳиссалом): “Илоҳо, сирот кўпригидан яшиндек ўтишни истайман”,  деганларида, Аллоҳ таоло: “Қадр кечасида фақирларга садақа берганларни олдинроқ ўтказаман”, деди. Мусо (аалайҳиссалом) давом этиб: “Илоҳо, жаннат боғларида бўлишни ва уларнинг мевасидан тановул қилишни истайман”, деди. “Қадр кечасида тасбеҳ айтиб, Мени зикр этиш билан машғул бўлганлар жаннат боғларига сазовор бўлишади”, деди Аллоҳ. Мусо (алайҳиссалом): “Илоҳо, дўзахдан нажот топишни истайман”, деганларида, Аллоҳ таоло “Қадр кечасида кўп истиғфор айтганлар дўзахдан нажот топадилар”, деди. Мусо (алайҳиссалом) яна илтижо қилиб: “Илоҳо, Сенинг розилигингни истайман”, деганларида, Аллоҳ таоло: “Эй Мусо, Менинг розилигимни қадр кечасида икки ракат нафл намоз ўқиганлар топадилар”,  деди (“Зубдатул воизин”).

Қадр Рамазон ойининг нечанчи кечаси эканини Аллоҳ ва Расули сир тутган. Бандалар Рамазон ойининг ҳар кечасини қадр билиб, уни бедор ўтказиши учун шундай қилинган. Лекин саҳобалар Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)дан уни аниқлаб айтиб беришларини кўп сўраганларидан кейин дастлаб Рамазоннинг учинчи ўн кунлигида, кейинроқ тоқ кечаларидан излаш кераклиги ҳақида айтганлар. Охири, у кечанинг аломатлари Рамазоннинг 27-кечаси экани маълум бўлди (Тафсири Бағавий).

Ойша (розияллоҳу анҳо) айтадилар: «Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Лайлатул қадрни Рамазоннинг охирги ўн кунлигининг тоқ кунларида кутинглар”, деб айтдилар» (Имом Бухорий ривояти).

Лайлатул қадрнинг яна бир фазилати, бу кечада фаришталар ва Руҳ (яъни, Жаброил алайҳиссалом) Аллоҳ таолонинг изн-ихтиёри ила йил давомида қилинадиган барча ишларни белгилаш учун осмондан заминга тушадилар.

Қадр кечаси то тонг отгунга қадар тинчлик, осойишталик ва саломатлик кечасидир. Аслида Рамазони шарифнинг ўзи раҳмат, мағфират ва тинчлик-омонлик ойидир. Шу боис ойлар султони Рамазонни хотиржамлик ва осойишталикда ўтказишимиз, унинг ҳар бир кун ва соатини ғанимат билишимиз лозим.

 

Толиб НИЗОМ

 

Read 40960 times

ХОРИЖДАГИ ЮРТДОШИМ САҲИФАСИ

КОНЦЕПЦИЯ

Дунё дарвозалари янада кенгроқ очилиб, хорижий давлатлар фуқароларининг юртимизга келиб-кетишларига қулай шароитлар яратилмоқда. Жумладан, 39 та давлат фуқароларига туристик визаларни расмийлаштириш тартиби соддалаштирилди, Ўзбекистон билан визасиз давлатлар сони кўпайди.

Шунинг баробарида бизнинг юртдошларимизнинг ҳам хорижий давлатларга чиқиши ортмоқда.

Одатда, чет элга, умуман, йўлга чиқаётган ҳар қандай йўловчига олдиндан йўловчилик машаққатини тортган, бу борада бой тажриба тўплаган кишилар; китоб кўрган олиму уламолар йўл-йўриқлар кўрсатиб, панду наисҳатлар қилишган. Зеро, нотаниш манзиллар сари сафарга отланган кишиларга бундай тавсияю насиҳатларнинг аҳамияти жуда ҳам катта.

Бинобарин, хорижга чиқаётган мўмин-мусулмонлар ушбу сафарида давлатнинг қонунларига амал қилгани каби шариатимиз кўрсатмаларига ҳам амал қилмоғи ниҳоятда муҳимдир.

Масаланинг ана шу жиҳатлари эътиборга олиниб, muslim.uz Интернет порталида “Муҳожир ватандошлар” лойиҳаси иш бошлади. Ушбу лойиҳа доирасида янги рукн очилиб “Хориждаги юртдошим” номланди.

Ушбу рукнда:

- хорижда таълим олаётган, меҳнат қилаётган, узоқ муддатга даволанишга кетган ватандошларимиз тўғрисида ҳаётий мақолалар;

- йўлга чиқувчиларга тавсиялар, маслаҳатлар;

- узоқ муддатли сафарларнинг ижтимоий ҳаётга, оилавий масалаларга таъсири ва бошқа долзарб муаммоларга доир савол-жавоблар дастурий равишда ёритилади;

- Интернет сайтда эълон қилинган мақоланинг аудио формати ҳам тавсия қилинади.

Ушбу материаллар оят, ҳадис ва уламоларимизнинг илмий меросларига асосланган ҳолда ёритилади.

 

Top