Рамазон

Шоядки  тақводор бўлсангиз

Нафсимизни тарбия қилишда ёрдам берадиган муборак рамазон ойини бизга насиб  қилган меҳрибон  Парвардигоримизга  беадад ҳамду-санолар бўлсин!

Ҳаётларининг ҳар бир лаҳзаси биз учун ибрат манбаи бўлган ҳабибимиз ва шафоатчимиз Муҳаммад мустафо соллаллоҳу алайҳи васалламга  мукаммал саловоту дурудлар бўлсин!

Рамазони шариф бошимизга соябон бўлиб келганида бу муборак ойнинг фазилатидан баҳраманд бўлиб қолишга интиламиз. Рўза тутиш ибодати билан қалбимизда тақво уруғини экиб, ҳосилини олишга ҳаракат қилиб қоламиз.

Аллоҳ таоло ояти каримада:

«Эй иймон келтирганлар! Сизлардан олдинги (уммат)ларга фарз қилингани каби сизларга ҳам, рўза тутиш фарз қилинди, шоядки (у сабабли), тақволи бўлсангиз», дейди (Бақара сураси 183).

Тақво  араб тили луғатида “сақланмоқ, қўрқмоқ” деган маъноларни билдиради.  Истилоҳда эса, “Тақво бу- инсон Аллоҳнинг ғазабидан қўрқиб, ўзини ҳаром ишлардан сақлаши ва тийилиши”   деб тушунилади.

Рўза тарбияси орқали тақвога эга бўлишимиз керак. Инсонни тақводор бўлишига олиб борадиган омиллар кўп. Улардан бири эса рўзадир.  Демак, рўза ҳам тақво йўлларидан биттаси бўлиб, киши қалбида тақво ҳиссини  уйғотиши керак бўлади. Инсон рўза тутса-ю, қалбида тақво ҳисси уйғонмаса, у одам ҳақиқий рўза тутмаган бўлади. Рўза туфайли инсон ёлғон гапиришни, ғийбат қилишни ва молояний сўзларни тарк қилиши, қалбидан бундай касалликларни чиқариб ташлаши керак бўлади.

Хадиси шарифда:

Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:

“Ким ёлғон гапириши, унга(ёлғонга) амал қилишини тарк қилмаса, уни оч қолиб таом ва шаробини тарк  қилмоғига (яъни рўза тутишига) Аллоҳнинг эҳтиёжи йўқ” -дедилар (Бухорий ривояти)

Рўза тутган одам ўзини нафақат емоқ ва ичмоқдан, балки номаъқул гап-сўз ва ишлардан ҳам тиймоғи лозим. Инсон ўзини таом ва шаробдан тийиб турса-ю, лекин  ёлғон, иғво, ғийбат, бўҳтон каби сўзларни гапираверишдан тилини тиймаса, ношаръий ишларни қилаверишдан жасадини тўхтатмаса, унинг тутаётган рўзасидан хеч қандай фойда бўлмайди.

 

Ояти каримада «Шоядки, тақволи бўлсангиз», деб рўзадан кўз­ланган асосий мақсадни жуда чиройли  баён қилиб қўймоқда.

Рўза ҳавою нафсни жиловлашга, истак майлини  изга солишга хизмат қилади. Рўза нафсни истак ва ҳохиш балосидан қутилиб, Аллоҳнинг тоати­га холис ажраб чиқишга ёрдам беради.

Кимки иймон ва эътиқод билан рўза тутса, Аллоҳ таоло ўша бандасини тақво, деб номланувчи, икки дунё саодатига элтувчи, қиёматда “Раййон”деб номланган эшикдан жаннатга кириш бахтига  эга бўлувчи инсонлар қаторида  қилади. 

 Инсон ўзини-ўзи назорат қилмоғи лозим.   Бу назорат эса рўза  тутиш орқали пайдо бўлади.

Бир куни ҳазрати Умар  Убай ибн Каъбдан сўрадилар.

- “Аллоҳ таоло Қуръони каримда тақвони кўп амр қилган. Тақво ўзи нима?”

Убай ибн Каъб жуда мазмундор қилиб жавоб бердилар:

- “Эй Умар, сен тиканли далада юрганмисан? ”

- “Ха,юрганман!”, деб жавоб берди.

- “Қандай қилиб юргансан?”, деб сўради. Убай ибн Каъб

- “Кўйлагимни этакларини йиғиб олиб юрганман”- деди. (Араблар узун кўйлак киядилар).

-“Нега бундай қилиб юрардинг?”- деб сўради. Убай ибн Каъб

-“Тиканлар этакларимни йиртмаслиги ва оёғимга тиканлар кирмаслиги учун”-деди.

“Тақво ҳам шундай!”- деб жавоб берди.Убай ибн Каъб

Убай ибн Каъб жуда олим киши эди. Қаранг қандай ажойиб жавоб бердилар

Демак рўза тарбияси орқали тақвога эга бўламиз, шу сабабли тақво эгаларига хозирлаб қўйилган жаннатга киришга мушарраф бўламиз.

Аллох таоло Қуръони Каримда: “Жаннат ва ундаги неъматлар тақводорлар учун тайёрлаб қўйилган” –деб марҳамат қилади. (Оли имрон сураси, 133 оят)

Тақвога эса Рамазон ойида Пайғамбаримиз Муҳаммад алайхиссаломнинг суннатларига амал қилган ҳолда рўза тутиш орқали эришамиз.

 

Тошкент ислом институти ўқитувчиси

“Кулол-Қўрғон” масжиди имоми

Мухаммадрасул Абдуллаев

Read 96758 times

ХОРИЖДАГИ ЮРТДОШИМ САҲИФАСИ

КОНЦЕПЦИЯ

Дунё дарвозалари янада кенгроқ очилиб, хорижий давлатлар фуқароларининг юртимизга келиб-кетишларига қулай шароитлар яратилмоқда. Жумладан, 39 та давлат фуқароларига туристик визаларни расмийлаштириш тартиби соддалаштирилди, Ўзбекистон билан визасиз давлатлар сони кўпайди.

Шунинг баробарида бизнинг юртдошларимизнинг ҳам хорижий давлатларга чиқиши ортмоқда.

Одатда, чет элга, умуман, йўлга чиқаётган ҳар қандай йўловчига олдиндан йўловчилик машаққатини тортган, бу борада бой тажриба тўплаган кишилар; китоб кўрган олиму уламолар йўл-йўриқлар кўрсатиб, панду наисҳатлар қилишган. Зеро, нотаниш манзиллар сари сафарга отланган кишиларга бундай тавсияю насиҳатларнинг аҳамияти жуда ҳам катта.

Бинобарин, хорижга чиқаётган мўмин-мусулмонлар ушбу сафарида давлатнинг қонунларига амал қилгани каби шариатимиз кўрсатмаларига ҳам амал қилмоғи ниҳоятда муҳимдир.

Масаланинг ана шу жиҳатлари эътиборга олиниб, muslim.uz Интернет порталида “Муҳожир ватандошлар” лойиҳаси иш бошлади. Ушбу лойиҳа доирасида янги рукн очилиб “Хориждаги юртдошим” номланди.

Ушбу рукнда:

- хорижда таълим олаётган, меҳнат қилаётган, узоқ муддатга даволанишга кетган ватандошларимиз тўғрисида ҳаётий мақолалар;

- йўлга чиқувчиларга тавсиялар, маслаҳатлар;

- узоқ муддатли сафарларнинг ижтимоий ҳаётга, оилавий масалаларга таъсири ва бошқа долзарб муаммоларга доир савол-жавоблар дастурий равишда ёритилади;

- Интернет сайтда эълон қилинган мақоланинг аудио формати ҳам тавсия қилинади.

Ушбу материаллар оят, ҳадис ва уламоларимизнинг илмий меросларига асосланган ҳолда ёритилади.

 

Top