Рамазон-2018

Ҳидоят, раҳмат ва мағфират ойи

 شَهْرُ رَمَضَانَ الَّذِيَ أُنزِلَ فِيهِ الْقُرْآنُ هُدًى لِّلنَّاسِ وَبَيِّنَاتٍ مِّنَ  الْهُدَى وَالْفُرْقَانِ فَمَن شَهِدَ مِنكُمُ الشَّهْرَ فَلْيَصُمْهُ

 

وَمَن كَانَ مَرِيضاً أَوْ عَلَى سَفَرٍ فَعِدَّةٌ مِّنْ أَيَّامٍ أُخَرَ يُرِيدُ اللّهُ بِكُمُ الْيُسْرَ وَلاَ يُرِيدُ بِكُمُ الْعُسْرَ وَلِتُكْمِلُواْ الْعِدَّةَ وَلِتُكَبِّرُواْ اللّهَ عَلَى مَا هَدَاكُمْ وَلَعَلَّكُمْ تَشْكُرُونَ

 

 “Рамазон ойи – одамлар учун ҳидоят (манбаи) ва тўғри йўл ҳамда ажрим этувчи ҳужжатлардан иборат Қуръон нозил қилинган ойдир. Бас, сизлардан ким бу ойда (ўз яшаш жойида) ҳозир бўлса, рўзасини тутсин. Кимки бемор ёки сафарда бўлса, (тута олмаган кунларининг) саноғи бошқа кунлардандир. Аллоҳ сизларга енгилликни истайди, оғирликни хоҳламайди. Бу – ҳисобни тўлдиришингиз ҳамда ҳидоятга бошлагани учун Аллоҳга такбир (ҳамду сано) айтишингиз ва шукр қилишингиз учундир”. (Бақара, 185)

 

Дастлаб рўза тутиш маълум кунлардагина фарз бўлган эди. Муоз ибн Жабал, Ибн Аббос, Ибн Масъудлар (розияллоҳу анҳум) ривоятига кўра рўза Исломнинг аввалида олдинги умматларнинг рўзаси каби ҳар ойда уч кун тутилган. Бу ҳолат Нуҳ (алайҳиссалом) даврларидан то рамазон ойи рўзаси фарз қилингунча давом этган.

 

Набий (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) Мадинага келганларида ҳар ой уч кун ҳамда ашуро куни рўза тутганлар. Сўнг: “Эй, имон келтирганлар! Сизлардан олдинги (уммат)ларга фарз қилингани каби сизларга ҳам рўза тутиш фарз қилинди, шояд (у сабабли) тақволи бўлсангиз. Саноқли кунларда. Бас, сизлардан кимки бемор ёки сафарда бўлса, саноғи бошқа кунлардандир. Мадори етмайдиганлар зиммасида бир мискин кимсанинг (бир кунлик) таоми фидядир” (Бақара, 183) ояти нозил бўлди.

 

Ўшанда соғлом ва муқим киши ихтиёрли бўлиб, хоҳласа рўза тутар, хоҳламаса бир мискинга таом берарди. Салама ибн Акваъдан (розияллоҳу анҳу) ривоят қилинади: “Аллоҳ таоло рўза ҳақидаги оятни (Бақара, 183) нозил қилганидан сўнг, бизлардан ким хоҳласа, рўза тутар, хоҳламаса рўзаси ўрнига бир мискинга таом берарди”.

 

Сўнгра: “Рамазон ойи – одамлар учун ҳидоят (манбаи) ва тўғри йўл ҳамда ажрим этувчи ҳужжатлардан иборат Қуръон нозил қилинган ойдир. Бас, сизлардан ким бу ойда (ўз яшаш жойида) ҳозир бўлса, рўзасини тутсин” ояти нозил бўлди ва мусулмонлар учун рўза тутиш қатъий лозим бўлди.

 

Бу оят нозил бўлганида мусулмонлар ифторликдан то  уйқу ётгунгача таомланишлари мумкин эди.

 

Агар туннинг бир қисмида уйғонсалар таом ейишлари ва аҳли билан яқинлик қилиш мумкин эмасди.

 

Кейин бу оят: “...Шунингдек, тонггача, яъни оқ ипнинг қора ипдан (тонгнинг тундан) ажраладиган вақтигача еб-ичаверингиз. Сўнгра, рўзани кечгача (қуёш ботгунча) мукаммал тутингиз!” (Бақара 187) нозил бўлди ва бандалар кечаси тонг отгунгача еб-ичиши ва бошқа мубоҳ ишларни қилишлари мумкин бўлди.

 

Абу Ҳурайрадан (розияллоҳу анҳу) ривоят қилинади: Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): «Одам боласининг ҳамма амали бир неча баробар оширилади: битта яхшилик ўн баробаридан етти юз баробаригача оширилади. Аллоҳ таоло: “Рўза ундай эмас. Рўза Мен учундир. Ўзим унинг мукофотини бераман. Зеро Одам боласи шаҳвати ва таомини Мен учун тарк қилади”, деб марҳамат қилган.

 

Рўзадор учун икки қувонч бор: ифтор қилганидаги бир қувонч, Парвардигорига йўлиққанида бир қувонч. Рўзадор оғзининг ҳиди Аллоҳ таоло учун мушкнинг ҳидидан ҳам ёқимлироқдир. Рўза пардадир. Бирортангиз рўза тутса, ёмон гапирмасин ва бақириб-чақирмасин. Бирор киши уни сўкса ёки уришса, “Мен рўзадорман!” десин» (Имом Бухорий ва Имом Муслим ривояти).

 

Рўза ибодатларнинг энг улуғи, фазилатлисидир. Унинг савоби фақат тутган киши учундир, камайтирилмайди ҳам, бошқаларга олиб берилмайди ҳам. Аллоҳ таоло бу ойни барчамиз учун баракотли қилсин.

 

 “Таъвилот аҳл ас-сунна”, “Тафсирул Қуръанил Азийм”, 

“Роваиъул баён” тафсирлари 

асосида  Бадриддин РАҲИМОВ тайёрлади.

 

Read 48424 times

ХОРИЖДАГИ ЮРТДОШИМ САҲИФАСИ

КОНЦЕПЦИЯ

Дунё дарвозалари янада кенгроқ очилиб, хорижий давлатлар фуқароларининг юртимизга келиб-кетишларига қулай шароитлар яратилмоқда. Жумладан, 39 та давлат фуқароларига туристик визаларни расмийлаштириш тартиби соддалаштирилди, Ўзбекистон билан визасиз давлатлар сони кўпайди.

Шунинг баробарида бизнинг юртдошларимизнинг ҳам хорижий давлатларга чиқиши ортмоқда.

Одатда, чет элга, умуман, йўлга чиқаётган ҳар қандай йўловчига олдиндан йўловчилик машаққатини тортган, бу борада бой тажриба тўплаган кишилар; китоб кўрган олиму уламолар йўл-йўриқлар кўрсатиб, панду наисҳатлар қилишган. Зеро, нотаниш манзиллар сари сафарга отланган кишиларга бундай тавсияю насиҳатларнинг аҳамияти жуда ҳам катта.

Бинобарин, хорижга чиқаётган мўмин-мусулмонлар ушбу сафарида давлатнинг қонунларига амал қилгани каби шариатимиз кўрсатмаларига ҳам амал қилмоғи ниҳоятда муҳимдир.

Масаланинг ана шу жиҳатлари эътиборга олиниб, muslim.uz Интернет порталида “Муҳожир ватандошлар” лойиҳаси иш бошлади. Ушбу лойиҳа доирасида янги рукн очилиб “Хориждаги юртдошим” номланди.

Ушбу рукнда:

- хорижда таълим олаётган, меҳнат қилаётган, узоқ муддатга даволанишга кетган ватандошларимиз тўғрисида ҳаётий мақолалар;

- йўлга чиқувчиларга тавсиялар, маслаҳатлар;

- узоқ муддатли сафарларнинг ижтимоий ҳаётга, оилавий масалаларга таъсири ва бошқа долзарб муаммоларга доир савол-жавоблар дастурий равишда ёритилади;

- Интернет сайтда эълон қилинган мақоланинг аудио формати ҳам тавсия қилинади.

Ушбу материаллар оят, ҳадис ва уламоларимизнинг илмий меросларига асосланган ҳолда ёритилади.

 

Top