muslim.uz
09.07.2021 й. Порахўрлик – тараққиёт кушандаси
بسم الله الرحمن الرحيم
اَلْحَمْدُ للهِ وَالصَّلاَةُ وَالسَّلاَمُ عَلَى رَسُولِهِ سَيِّدِنَا مُحَمَّدٍ، نَبِيِّ الرَّحْمَةِ وَرَسُولِ السَّلاَمِ وَعَلَى آلِهِ وَصَحَابَتِهِ الْكِرَامِ، أَمَّا بَعْدُ
ПОРАХЎРЛИК – ТАРАҚҚИЁТ КУШАНДАСИ
Муҳтарам жамоат! Динимиз мусулмонларни бир қанча ишларга буюрган ва бир қанча ишлардан қайтарган. Буюрилган ишларда банда ва жамиятга катта манфаатлар бўлса, қайтарилган ишларда уларга катта зарарлар бор. Ман қилинган ишларни қилишнинг зарари баъзида фақат маълум шахсларга етса, баъзисининг зарари кенг кўламли бўлиб, бутун жамиятга салбий таъсир қилади. Ана шундай иллатлардан бири порахўрликдир.
Порахўрлик – жамиятда адолат, тенглик, соғлом рақобат ва ҳалоллик устун бўлишига тўсқинлик қиладиган иллатлардан биридир. Бу иллат давлат ва жамиятнинг ривожига салбий таъсир қилгани сабабли деярли ҳар бир жамият унга қарши курашади. Курашда натижага эришганлари катта ривожланишга эришмоқдалар, уни енга олмаган жамиятларда эса бунинг акси.
Аксарияти мусулмонлар бўлган бизнинг жамиятимизда бу масаланинг ечими қандай бўлади!? Аслида, биз динимиз кўрсатмалари, севимли Пайғамбаримиз суннатларига амал қилсак, порахўрлик, коррупция ва таниш-билишчилик каби иллатларга ўрин қолмайди. Динимиз ва имонимиз шуни тақозо қилади.
Поранинг моҳияти ва таърифи ҳақида уламоларимиз шундай дейдилар: “Пора – бирор шахс томонидан, ҳукм қилувчи ёки бошқаларга унинг фойдасига ҳукм чиқариши ёки у истаган нарсага етказиши учун бериладиган нарса”. Бошқа таърифда: “Пора – ҳақни ботилга чиқариш ёки ботилни ҳақ қилиб кўрсатиш учун бериладиган нарса”, – дейилади.
Кимнидир фойдасига ноҳақ ҳукм чиқариш ёки ўзининг зиммасида бўлган иш учун пора олиш ҳеч ихтилофсиз ҳаром амал бўлиб, катта гуноҳлардан биридир.
Қуръони каримда бу мавзуда шундай дейилади:
سَمَّاعُونَ لِلْكَذِبِ أَكَّالُونَ لِلسُّحْتِ
яъни: “(Улар) ёлғон (тўқиш учун Сиз)га қулоқ соладиган ва ҳаромни (порани) ейдиганлардир...” (Моида сураси 42-оят). Муфассир, тобеъин Саъид ибн Жубайр раҳимаҳуллоҳ: “Оятдаги “ҳаром”дан мурод порадир”, деганлар.
Аллоҳ таоло мўмин-мусулмонларни ҳалол касб қилиш, молларини ўзаро розилик билан олишга чақиради. Ояти каримада шундай дейилади:
وَلَا تَأْكُلُوا أَمْوَالَكُم بَيْنَكُم بِالْبَاطِلِ وَتُدْلُوا بِهَا إِلَى الْحُكَّامِ لِتَأْكُلُوا فَرِيقًا مِّنْ أَمْوَالِ النَّاسِ بِالْإِثْمِ وَأَنتُمْ تَعْلَمُونَ
яъни: “Мол (ва бойлик)ларингизни ўрталарингизда ботил (йўллар) билан емангиз! Шунингдек, била туриб, одамларнинг ҳақларидан бир қисмини гуноҳ йўли билан ейиш (ўзлаштириш) мақсадида уни ҳокимларга ҳавола этмангиз!” (Бақара сураси 188-оят).
Бу оятнинг замирида ўғрилик, босқинчилик, алдов, фирибгарлик, жумладан, порахўрлик билан ўзгаларнинг молларини ўзлаштириш ҳаромлиги ётади.
Яна бошқа ояти каримада шу маъно такрорланади:
يَا أَيُّهَا الَّذِينَ آمَنُوا لَا تَأْكُلُوا أَمْوَالَكُم بَيْنَكُم بِالْبَاطِلِ إِلَّا أَن تَكُونَ تِجَارَةً عَن تَرَاضٍ مِّنكُمْ
яъни: “Эй, имон келтирганлар! Мол-мулкларингизни ўртада ноҳақ (йўллар) билан емангиз! Ўзаро розилик асосидаги тижорат бўлса, у бундан мустасно” (Нисо сураси 29-оят).
Пайғамбаримиз алайҳиссалом ҳам доимо порахўрликнинг ёмонлигидан огоҳлантирдилар ва ундан қайтардилар. Порахўрлик мавзусида машҳур бўлган ҳадис Абдуллоҳ ибн Амр разияллоҳу анҳудан ривоят қилинган: “Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам:
لَعْنَةُ اللَّهِ عَلَى الرَّاشِي وَالْمُرْتَشِي
яъни: “Аллоҳнинг лаънати пора берувчи ва пора олувчига бўлсин!” – дедилар.
Бошқа ҳадиси шарифда: “Ҳукмда пора берувчи ва пора олувчига Аллоҳнинг лаънати бўлсин”, – дейилган (Тўрт сунан соҳиблари ва Имом Аҳмад ривоят қилишган).
Яна бир ривоятда пора олувчи ва берувчи ўртасидаги воситачи ҳам лаънатланган. Демак, пора талаб қилиш ҳам, пора бериш ҳам, улар ўртасида воситачилик қилиш ҳам ҳаром амалдир.
Жумҳур уламоларимиз: “Ўзининг ҳаққига етиша олмаётган ёки ўзидан зулм ё зарарни даф қилмоқчи бўлган кишигина пора бериши мумкин, бундай ҳолатда гуноҳ пора олувчининг бўйнига тушади”, – дейдилар.
Яна бир ҳадиси шарифда Пайғамбаримиз алайҳиссалом шундай дейдилар:
الراشي والمرتشي في النار
яъни: “Пора берувчи ҳам, пора олувчи ҳам дўзахдадир” (Имом Табароний Ибн Умар разияллоҳу анҳудан ривоят қилганлар).
Порахўрликнинг яна бир кўриниши вазифадор, масъул шахсларнинг аслида, ўз зиммаларидаги ишларга ҳам совға-ҳадя олишларидир. Ундай кишилар аввалдан белгиланган, талаб қилиб оладиган совғалари натижасида бир ишни олишга номзод бўлганлар ичида ҳақлиси эмас, балки, салоҳиятсиз бўлгани иш устига келади. Кейин у қурган уйлар қулайди, қурган кўприклари чўкади, ишлар кўзланган натижани бермайди. Бундай ҳадянинг пора экани кундай равшан. Шунинг учун Пайғамбаримиз алайҳиссалом закот молини йиғишга жўнатган киши совға олганида унга: “Ота-онасини уйида кутиб ўтирганида, унга ҳадя қилишармиди?!” – деганлар.
Баъзилар порани ҳадя деб номлаб олишади. Аслида, поранинг ҳадядан фарқи шуки, ҳадяни сўраб олинмайди. Яна ҳадя икки ўртада муҳаббат ҳосил қилиш учун қилинади. Чунки Пайғамбаримиз алайҳиссалом айтадилар: “Ўзаро ҳадялашинглар, ўрталарингизда муҳаббат пайдо бўлади” (Имом Молик “Муватто” китобларида ривоят қилганлар). Пора берувчи ва олувчи ўртасида муҳаббат пайдо бўлмайди, чунки пора берувчи нимадандир таъмагир бўлади. Мабодо улар ўртасидаги иш ҳал бўлмаса, ўзаро катта душманчилик пайдо бўлади.
Аллома Ибн Ҳажар Асқалоний айтадилар: “Вазифадор кишига ҳақни ўзгартириш учун ҳадя берилса, унга эгалик қилиши (фойдаланиши) жоиз эмас”.
Айтиш жоизки, миллатимиз хулқида яхшиликка яхшилик қайтариш руҳи бор. Масъул шахс ундан ҳеч нарса талаб қилмай, таъма қилмай, ўз вазифасини бажариб, фуқарони ишини битирса, унга яхшилик қайтаргиси келади. Ҳеч қандай таъмасиз, иши битиб, бемалол кетиши мумкин бўлиб турганда ҳам, кўнглидан чиқариб, ҳадя бермоқчи бўлса, бунда икки томонга ҳам бир гуноҳ йўқ. Пора аввалдан белгиланган, сўраб олинадиган, ҳақни ноҳақ, ноҳақни ҳақ қилиш учун бериладиган нарса бўлади.
Давлат томонидан одамларни енгилини осон қилиш учун вазифадор қилинган айрим кишилар одамлардан бирор нарса олмасалар уларнинг ишларини битирмайдилар. Бу ўзларига юкланган омонатга хиёнат, ўзгаларга зулм қилиш ва одамларнинг молларини ҳаром йўл билан ейишдир.
Адолатли ҳукмдор номини олган Умар ибн Абдулазиз у кишига келтирилган ҳадяларни қабул қилмас эдилар. У кишига: “Пайғамбаримиз алайҳиссалом У кишига ҳадя берилса, қабул қилардиларку?!” дейишса: “Ҳа, ҳақиқатан у моллар Пайғамбаримиз алайҳиссаломга ҳадя бўлган, бизга эса бу порадир. Чунки одамлар у зотга пайғамбарликлари сабабли яқинлашмоқчи бўлишган. Бизга эса бошлиқ бўлганимиз учун яқинлашмоқчи бўладилар”, – дедилар.
Яна бир ҳолат борки, бу миллатнинг оёғига болта уради, унинг маънавияти ва келажагига таҳдид солади, бу – таълим соҳасидаги порахўрликдир. Чунки билимдон ўқитувчи қолиб, салоҳиятсиз, билимсиз киши ёшларга таълим берса, ёшларнинг келажаги хавф остида қолади. Олийгоҳга келганда яна порахўрлик бўлиб, билимдон қолиб, нодон ўқишга кириб кетса, ўз-ўзидан илмий савия тушиб кетади. Одамларда адолатга нисбатан ишонч йўқолади. Чет элларда ўқиш ва ўша ерларда ишлашга қизиқиш кучаяди. Натижада миллатнинг кўпгина салоҳиятли фарзандлари бошқа давлатлар фойдасига ишлайди. Ватанига қайтиб, яна порахўрликка дуч келишини билса, ундан кўра чет элда қолишни маъқул кўради. Шундай қилиб энг билимдон ва фойдали кишилардан маҳрум бўлиб қолаверамиз.
Ҳурматли жамоа! Бир киши пора ёки ҳаром бўлган ҳадяни қабул қилса, уни эгасига қайтариш вожиб бўлади. Баъзи олимлар эса: “Ноҳақ ўзлаштирилган моллар, маълум бўлса, эгасига қайтарилади, маълум бўлмаса, мусулмонлар фойдасига сарфланади”, – дейишган.
Шом диёрининг қозиси Имом Авзоъийнинг ёнига бир насроний киши бир меш асал билан келди ва: “Баълабакканинг волийси менга зулм қилди, ўша кишига мен ҳақимда ёзсангиз”, – деди. Имом унга: “Хоҳласанг асалингни ўзингга қайтараман ва хат ёзиб бераман. Хоҳласанг уни қабул қиламан ва хат ёзмайман”, – дедилар. У: “Майли, асални қайтарингда, хат ёзиб беринг”, – деди. Кейин Имом волийга ундан хирожни камайтиришни сўраб хат ёзди. Волий у зотнинг сўзларини эътиборга олиб, насронийнинг жизяси (жон солиғи)дан ўттиз дирҳам арзонлаштирди.
Бу ҳикоядан Имом Авзоийнинг асални олиб, волийга хат ёзишни хуш кўрмаганлари, балки уни пора деб билганлари аниқ бўлади.
Демак, жамиятдаги ҳар бир шахс динимиз ман қилган порахўрлик ва шунга ўхшаган иллатларга қарши курашда фаол бўлиши керак. Акс ҳолда, бу гуноҳнинг зарари ҳаммага уради ва жамиятдаги ҳар бир соҳадага занжир сингари боғланиб кетади. Гоҳида порани мансабдор шахс сўраса, гоҳида биз ўзимиз уларга совға таклиф қиламиз, ўзимиз уларни шунга ўргатамиз ва лойиқ бўлмаган ўринга ёки нарсага эришмоқчи бўламиз. Қарс икки қўлдан чиқади, шунинг учун ҳадиси шарифларда порага алоқадор бўлган ҳар икки томон азобу уқубатда бир хил бўлиши баён қилинган.
Азизлар! Бугун жума мавъизаларида давом этиб келаётган фиқҳий суҳбатларимизни давом эттириб, намозни бузувчи амалларни ўрганамиз. Намозни қуйидаги амаллар бузади:
- Намозда озми, кўпми дунёвий сўзни сўзлаш. Бу ҳолатда намозхон гарчи беихтиёр сўзласа ҳам намози бузилади;
- Янглишиб бўлса ҳам бировга салом бериш ёки саломга алик олиш;
- Намозда еб-ичиш;
- Намозхоннинг кўкраги қибладан бошқа томонга бурилиши;
- Намоздаги бир рукнни бажариш асносида бир амални уч марта қилиш (масалан: кийимни тўғрилаш, қашиниш ва ҳоказо амаллар);
- Ўзи эшитадиган даражада кулиш намозни бузади таҳоратни бузмайди. Аммо ёнидаги шахс эшитадиган даражада кулса, таҳорати ҳам, намози ҳам бузилади;
- Дунёвий ташвиш туфайли “уф” тортиш ёки “оҳ-воҳ” дейиш ёки йиғлаш. Аммо охиратни ўйлаб, жаннатдан умидвор бўлиб, дўзахдан қўрқиб йиғласа намози бузилмайди;
- Узрсиз томоғини қириш ёки йўталиш (масалан: атайлаб йўталиш каби);
- Акса уриб “Алҳамдулиллаҳ” деган кишига намоз асносида “Ярҳамукаллоҳ” дейиш;
- Намозда туриб, бирор хабарга жавоб бериш. Бунда намозхон гарчи, Қуръон оятини ўқиб жавоб берган бўлса ҳам намози бузилади (масалан: “Фалончи вафот этди”, дейилса, намоз ўқиётган киши: “Инна лиллаҳи ва инна илайҳи рожиъун”, деб жавоб берса);
- Таяммум билан намоз ўқиётган кишининг сувга қодир бўлиши;
- Бомдод намозини ўқиш пайтида қуёшнинг чиқиши;
- Такбири таҳримада “Аллоҳу акбар” лафзидаги “а” товушини чўзиш, яъни “Аааллоҳу акбар”, дейиш (бундан ташқари, “Акбар” лафзидаги “а” товушини чўзиб “Ааакбар” ва “ба” товушини чўзиб “Акбааар” дейиш ҳам намозни бузади)
- Намознинг фарзларидан бирини тарк қилиш;
- Намоз ичида ўқиладиган сура ва дуоларни китобга қараб ўқиш;
- Намознинг ичида одамлардан сўраладиган нарсани Аллоҳдан сўраб дуо қилиш (масалан: “эй Аллоҳ, менга кўп мол-мулк бер”, ёки “Фалонага мени уйлантир”, – дейиш каби). (Манба: “Мухтасарул виқоя” ва “Нурул изоҳ” китоблари).
Аллоҳ таоло барчаларимизни гуноҳ амаллардан саломат сақласин! Ўзи рози бўладиган амалларда бардавом қилиб, икки дунё саодатига мушарраф айласин! Омин!
Муҳтарам имом-домла! Келгуси жума маърузаси “Қурбонлик фазилати ва унга оид ҳукмлар” мавзусида бўлади, иншааллоҳ.
Янги таҳрирдаги “Виждон эркинлиги ва диний ташкилотлар тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунига шарҳ
Эътиқодлар хилма-хил бўлган ва кўп миллатли жамиятда бағрикенглик, ҳамжиҳатлик ва ўзаро тотувлик муҳити, инсонпарварлик ва меҳр-оқибат туйғуларини шакллантириш ҳамда мустаҳкамлаш ижтимоий ҳаёт фаровонлигига эришишнинг асосий гаровидир.
Дин шахсий дунёқараш ва амал бўлиб, қонун уни тўлиқ кафолатлайди, ҳар бир шахсни диний ҳиссиётлари камситилишидан ҳимоялайди.
Ўзбекистон қадимдан турли миллат ва элат ҳамда конфессия вакиллари ўзаро тинч-тотув яшаб, ўз диний ибодат ва расм-русумларини эмин-эркин бажариб келган бағрикенг диёр сифатида қадрланади. Мамлакатимизнинг ушбу йўналишда олиб бораётган изчил сиёсати халқимиз ва жаҳон ҳамжамияти томонидан ҳақли равишда эътироф этилмоқда.
Юртимизда виждон эркинлигини таъминлаш ҳар доим устувор вазифалардан бири бўлиб келган. Шу боис, парламентимиз томонидан “Виждон эркинлиги ва диний ташкилотлар тўғрисида”ги Қонун янги таҳрирда ишлаб чиқилди ва қабул қилинди.
Ушбу мақсадда, Қонун виждон эркинлиги меъёрларини аниқ кўрсатиб, фуқароларнинг хоҳлаган динга эътиқод қилиш ёки ҳеч қайси динга эътиқод қилмаслигини таъминлайди. Шунингдек, ҳар қандай динга зўравонлик билан киритишни тақиқлайди.
Демократик давлатлар қаторида, қонун устуворлиги тамойилидан келиб чиқиб Ўзбекистонда ҳам диннинг сиёсатга аралашиши ҳамда диндан сиёсий мақсадларда фойдаланишга йўл қўйилмаслиги Қонунда аниқ кўрсатилди.
Қонунни тайёрлашда шу борадаги халқаро меъёр ва талаблар, биринчи навбатда, Инсон ҳуқуқлари умумжаҳон декларацияси, Фуқаролик ва сиёсий ҳуқуқлар тўғрисидаги халқаро пакт ҳамда БМТнинг Инсон ҳуқуқлари бўйича қўмитасининг умумий тартибдаги шарҳлари пухта ўрганилиб, улардаги асосий қоида ва тамойиллар инобатга олинди.
Юртимизда тарихан шаклланган анъана, урф-одат ва қадриятларни ҳисобга олган ҳолда, Қонунда ҳамкорларимиз – Европа Кенгашининг Венеция комиссияси, Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилотининг Демократик институтлар ва инсон ҳуқуқлари бўйича бюроси каби нуфузли халқаро тузилмалар экспертлари томонидан берилган тавсиялар ўз аксини топди.
Қонундаги принципиал янгиликлар ҳақида гапирганда, улар диний-маърифий соҳада олиб борилаётган кенг кўламли ислоҳотларнинг изчил давоми сифатида, аввало, ҳар бир инсоннинг виждон эркинлигини таъминлаш учун қулай шарт-шароитларни яратишга, ҳуқуқни қўллаш амалиётига аниқликлар киритишга алоҳида эътибор қаратилганини қайд этиш лозим.
Бу янгиликлар, айниқса, қуйидаги масалаларда яққол намоён бўлади:
Биринчидан, Қонун асосида диний ташкилотларни рўйхатдан ўтказиш ва тугатиш билан боғлиқ тартиб соддалаштирилиб, бу борада муҳим енгилликлар жорий этилмоқда.
Хусусан, маҳаллий диний ташкилотлар, жумладан, масжидлар ва бошқа конфессияларнинг ибодатхоналарини ташкил этиш бўйича ташаббускор фуқаролар сони икки баробар камайтирилиб, 50 нафардан кам бўлмаган этиб белгиланди. Шунингдек, диний ташкилотнинг марказий бошқарув органи ва диний таълим муассасаларини тузиш учун ҳам 100 нафар ташаббускор бўлиши ҳақидаги талаб бекор қилинди.
Диний ташкилотни давлат рўйхатидан ўтказиш билан боғлиқ хизматлар тўлиқ электрон шаклда, инсон омилисиз амалга оширилиши жорий этилди.
Рўйхатдан ўтказувчи адлия идораларига тақдим этиладиган ҳужжатлар сони кескин қисқарди, уларни кўриб чиқишнинг муддати эса 3 баробарга камайди, яъни 3 ойдан 1 ойга туширилди.
Бу билан диний ташкилот тузиш ташаббускорларига қулай, тез ва сифатли хизмат кўрсатиш имконияти яратилди, ортиқча бюрократик тўсиқлар бартараф этилди.
Диний ташкилотни давлат рўйхатидан ўтказишни рад этиш асослари Қонун билан белгиланиб, унда кўрсатилмаган асосларга кўра рад этишга йўл қўйилмаслиги таъминланди.
Шу билан бирга, диний ташкилотнинг фаолиятини тўхтатиб қўйиш ва тугатиш фақатгина суд орқали бўлиши, рўйхатдан ўтказадиган ва бошқа давлат органлари бунга ҳақли эмаслиги, мансабдор шахсларнинг муайян диний ташкилот қонуний манфаатларини бузувчи хатти-ҳаракатлари устидан судга мурожаат қилинганда диний ташкилот давлат божини тўлашдан озод этилиши каби қўшимча кафолатлар назарда тутилди. Бу ҳам илгари тарихимизда бўлмаган механизмлардир.
Иккинчидан, диний таълимнинг профессионал мақоми расман эътироф этилди, Ўзбекистон Республикаси фуқароларининг динга бўлган муносабатидан қатъи назар, дунёвий таълим олиш ҳуқуқи таъминланиши қайд этилди.
Ҳар қандай шахснинг “ўзича” аҳолига диний таълим бериши – ноанъанавий ақидаларнинг тарқалишига, мутахассис бўлмаган шахслар томонидан соф диний масалалар бўйича бирёқлама тушунчалар берилишига олиб келади.
Бу эса жамиятда диний масалалар билан боғлиқ ихтилофлар келиб чиқишига, аҳолининг ёт ғоя ва қарашлар таъсирига тушишига сабаб бўлади. Шу мақсадда, диний таълим муассасасидан ташқарида диний таълим бериш ноқонуний фаолият сифатида белгиланди.
Учинчидан, амалдаги қонунчилик ҳужжатларида “ибодат либоси” тушунчасининг ҳуқуқий таърифи мавжуд эмаслиги сабабли жамоат жойларида ибодат либосида юришга тақиқ Қонундан чиқариб ташланди.
Шу билан бирга, амалдаги бошқа қонунчилик ҳужжатларига асосан, давлат ташкилотлари ва муассасаларида ходимларнинг кийинишига оид талаблар уларнинг ички ҳужжатлари билан тартибга солинади.
Тўртинчидан, диний ташкилотни тузиш учун талаб этиб келинган маҳалла фуқаролар йиғинлари розилигини олиш тартиби бекор қилинди. Диний ташкилот тузиш ташаббускорлари ортиқча хат-ҳужжатларни йиғишдан халос бўлдилар.
Бешинчидан, бугунги кунда дунёнинг кўпгина минтақаларида нотинч вазият ҳукм сураётгани туфайли диний омилдан ғаразли мақсадларда фойдаланиш кучайиб бораётганини инобатга олиб, Ўзбекистон ҳудудида бузғунчи ғояларнинг тарқалишига йўл қўймаслик учун диний мазмундаги босма, аудио ва видео маҳсулотларни экспертизадан ўтказиш долзарб бўлиб қолмоқда.
Қонунда, жамиятда турли ёт қарашларни тарғиб қилаётган гуруҳларнинг фаолияти, улар томонидан тарқатилаётган бузғунчи ғояларнинг салбий таъсиридан аҳолини ҳимоя қилиш мақсадида диний мазмундаги материалларни диншунослик экспертизасининг ижобий хулосасини олгандан кейин тайёрлаш, олиб кириш ва тарқатиш белгилаб қўйилди.
Бундан ташқари, давлат идоралари томонидан қонун нормалари нохолис талқин қилиниши ва турлича қўлланишининг олдини олиш мақсадида атама ва тушунчаларга таърифлар келтирилди, улар аниқ ва равшан тарзда баён этилди.
Негаки, қонун атамаларининг нотўғри талқин қилиниши натижасида турли тушунмовчиликлар, масалага нохолис ёндашув ҳолатлари вужудга келиши мумкин. Шу каби омиллардан келиб чиқиб, Қонунда ҳар бир инсоннинг Конституциямиз билан кафолатланган ҳуқуқларига мос равишда, фуқароларга диний қарашларни мажбуран сингдиришга йўл қўйилмаслиги қатъий белгиланди.
Ушбу қўшимчалар жамиятда турли конфессиялар ўртасида ўзаро дўстлик ва ҳамжиҳатлик алоқаларини янада мустаҳкамлашга, юз бериши мумкин бўлган турли тушунмовчиликларнинг олдини олишга хизмат қилади.
Диний қараш ва таълимотларнинг турлича талқин қилинишига йўл қўймаслик мақсадида “ноқонуний диний фаолият” билан “қонуний диний фаолият” ўртасидаги чегара аниқ белгилаб қўйилди ҳамда “диний таълим” тушунчасига ҳуқуқий жиҳатдан аниқлик киритилди.
Шунингдек, Қонун билан белгилаб қўйилаётган виждон эркинлигини таъминлаш соҳасидаги асосий устуворликлар конфессиялар ўртасида тинчлик ва тотувликни таъминлаш, дунёвий давлатчилик тамойилини кафолатлаш, шунингдек, аҳоли онги ва қалбига ёт ғояларнинг сингдирилишига қарши маърифат йўли билан курашишни назарда тутади.
Шу ўринда яна бир бор таъкидлаймиз, Ўзбекистон — кўп конфессияли мамлакат. Унда истиқомат қиладиган 130 дан ортиқ миллат ва элат вакиллари 16 конфессияга амал қилади. Уларнинг ўзаро тинч, тотув ва ҳамкор фаолият кўрсатиши Ватанимиз равнақи, юртимиз тинчлигини таъминлашга хизмат қилади.
Қонунда фуқароларнинг ҳуқуқларини рўёбга чиқариш ва жамиятда тинч-тотувликни таъминлашга, фуқароларнинг муносиб ҳаёт кечиришига шарт-шароит яратишга давлатнинг кафил экани қайд этилди.
Мазкур Қонун диний бағрикенглик ва конфессиялараро ҳамжиҳатликни мустаҳкамлашга, диннинг асл моҳиятини англашга, бузғунчи ғояларга қарши иммунитет ҳосил қилишга, ижтимоий-маънавий муҳит барқарорлигини таъминлашга муносиб ҳисса қўшади.
Умуман олганда, ушбу Қонун инсон ҳуқуқлари бўйича халқаро стандартлар билан кафолатланган, диний соҳада умумэътирофэтилган ҳуқуқ ва эркинликлар, юртимиздаги ҳозирги диний вазиятнинг ўзига хос хусусиятлари ва бевосита Ўзбекистонда динлараро муносабатлар шаклланишининг тарихий шароитларини ўз ичига олгани билан аҳамиятлидир.
Қонун турли динларга эътиқод қилувчи мамлакатимиз фуқаролари ўртасидаги ўзаро дўстлик ва ҳамжиҳатликка асосланган муносабатларни сақлаб қолиш ва янада мустаҳкамлаш, уларнинг диний эътиқод билан боғлиқ қадриятлари, урф-одат ва анъаналари ҳурмат қилиниши ҳамда тўлиқ таъминланишини кафолатлайди.
Бу эса, ҳеч шубҳасиз, янги Ўзбекистонни барпо этиш ва уни дунёга тараннум қилишнинг энг муҳим шарти ва гаровидир.
Манба: https://uza.uz
Хушхабар: Қўшимча Қуръон курслари очилди
Аллоҳга шукрки, тараққиётимизнинг янги даврида юртимиз аҳолисининг диний-маърифий эҳтиёжларини қондириш йўлида бир қатор хайрли ва тарихий ишлар амалга ошириб келинмоқда.
Мана шундай ўзгаришларга мос равишда кўп сонли фуқароларимизнинг таклиф ва илтимосларини инобатга олган ҳолда 2021 йилнинг 3 июль кунидан бошлаб, Имом Бухорий номли Тошкент ислом институти ва “Кўкалдош” ўрта махсус диний таълим муассасасида қўшимча “Қуръони карим ва тажвид” курслари ташкил этилди.
Ҳақ таолонинг каломини ўқиш истагидаги бўлган мўмин-мусулмонларимиз шу йил 3 июль кунидан мазкур диний таълим муассасаларига мурожаат қилишлари мумкин (Тошкент ислом институти телефон рақами 71-227-23-47, “Кўкалдош” ўрта махсус диний таълим муассасаси телефон рақами 71-249-30-90).
Эслатиб ўтамиз, 2018 йилдан республикамиздаги 12 та – олий ва ўрта махсус диний таълим муассасалари, 5 та – илмий мактабларда “Қуръони карим ва тажвид” курслари фаолият олиб бормоқда.
Аллоҳ таоло мазкур қўшимча “Қуръони карим ва тажвид” курсларни халқимизга муборак айласин, фаолиятларини муваффақиятли қилсин.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати
Уламоларимизнинг Тошкент шаҳрига ташрифлари давом этяпти
Кеча Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Усмонхон Алимов ҳазратлари ҳамда Тошкент шаҳар бош имом-хатиби Нуриддин домла Холиқназаров пойтахтдаги "Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф" жоме масжидига ташриф буюрдилар.
Муфтий ҳазратлари намозхонларга мамлакатимизда диний-маърифий соҳалардаги ислоҳотлар ҳақида тўхталдилар.
– Бугуннинг ўзида, – деди муфтий ҳазратлари, – Тошкент вилоятида қурилаётган “Хўжакент” масжидини бориб кўрдик. Шунингдек, айни пайтда юртимизда кўплаб масжидлар қайта қуриляпти. Қувонарлиси, айрим масжидлар йўл бўйига яқин жойга кўчириляпти. Бунга мисол тариқасида Оҳангарон туманидаги иккита масжидни келтириш мумкин.
Суҳбатдан сўнг масжиди ноиб имоми Ҳасанхон қори бошчилигида Қуръони карим ҳамда Абу Исо Термизийнинг “Шамоили Муҳаммадия” китоби хатм қилинибди. Муфтий ҳазратлари хатм дуоларини қилиб бердилар.
Аллоҳ таоло дуоларимизни қабул айласин!
***
Уламоларнинг Тошкент шаҳрига ташрифлари давом этяпти.
Бугун, 30 июнь куни Ўзбекистон мусулмонлари идораси раисининг биринчи ўринбосари Ҳомиджон қори Ишматбеков Яшнобод туманидаги “Ислом ота” ва “ал-Ҳудайбия” жоме масжидлари атрофидаги маҳаллаларга бориб, эҳтиёжманд оилалар ҳолидан хабар олди. Уларга “Вақф” фондининг пул маблағлари ҳамда совғаларини топширди.
***
Тошкент шаҳар бош имом-хатиби ўринбосари Абдуқаҳҳор домла Юнусов
пойтахтимизнинг Чилонзор туманидаги "Чоштепа" ҳамда Учтепа туманидаги "Азиз ота" жоме масжидларига ташриф буюриб , кенг жамоатчиликка динимиз аҳкомлари, маънавиятимиз асослари ва юртимизда бўлаётган диний соҳадаги ислоҳотларнинг мазмун-моҳиятини тушунтириб бердилар.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси матбуот хизмати
Ташриф хатмоналарга уланиб кетди
Бугун Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Усмонхон Алимов ҳазратлари ҳамда Тошкент шаҳар бош имом-хатиби Нуриддин домла Холиқназаров пойтахтимиздаги Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф жоме масжидига ташриф буюрдилар.
Шом намозидан сўнг муфтий ҳазратлари намозхонларга сўнгги йилларда мамлакатимизда диний-маърифий соҳаларда амалга оширилаётган ислоҳотлар ҳақида тўхталиб, янгидан-янги очилаётган масжидлар борасида гапириб бердилар.
- Бугуннинг ўзида, – деди муфтий ҳазратлари, – Тошкент вилояти Бўстонлиқ туманида Hi-tech услубида қурилиши режалаштирилган “Хўжахонтўра” масжиди лойиҳасини кўздан кечириб, Ғазалкент туманида қурилаётган “Хўжакент” масжидини бориб кўрдик. Шунингдек, айни пайтда юртимизда кўплаб масжидлар қайта қуриляпти. Қувонарлиси, айрим масжидлар йўл бўйига яқин жойга кўчириляпти. Бунга мисол тариқасида Оҳангарон туманидаги иккита масжидни келтириш мумкин.
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф масжиди имом ноиби Ҳасанхон Яҳё Абдулмажид бошчилигида Қуръони карим ҳамда Абу Исо Термизий ҳазратларининг “Шамоили Муҳаммадия” китоби хатм қилинибди. Муфтий ҳазратлари хатмларнинг дуоларини қилиб бердилар. Масжидга йиғилганлар дуоларга “омин” деб туришди.
Аллоҳ таоло дуоларимизни қабул айласин!
ХОРИЖДАГИ ЮРТДОШИМ САҲИФАСИ
КОНЦЕПЦИЯ
Дунё дарвозалари янада кенгроқ очилиб, хорижий давлатлар фуқароларининг юртимизга келиб-кетишларига қулай шароитлар яратилмоқда. Жумладан, 39 та давлат фуқароларига туристик визаларни расмийлаштириш тартиби соддалаштирилди, Ўзбекистон билан визасиз давлатлар сони кўпайди.
Шунинг баробарида бизнинг юртдошларимизнинг ҳам хорижий давлатларга чиқиши ортмоқда.
Одатда, чет элга, умуман, йўлга чиқаётган ҳар қандай йўловчига олдиндан йўловчилик машаққатини тортган, бу борада бой тажриба тўплаган кишилар; китоб кўрган олиму уламолар йўл-йўриқлар кўрсатиб, панду наисҳатлар қилишган. Зеро, нотаниш манзиллар сари сафарга отланган кишиларга бундай тавсияю насиҳатларнинг аҳамияти жуда ҳам катта.
Бинобарин, хорижга чиқаётган мўмин-мусулмонлар ушбу сафарида давлатнинг қонунларига амал қилгани каби шариатимиз кўрсатмаларига ҳам амал қилмоғи ниҳоятда муҳимдир.
Масаланинг ана шу жиҳатлари эътиборга олиниб, muslim.uz Интернет порталида “Муҳожир ватандошлар” лойиҳаси иш бошлади. Ушбу лойиҳа доирасида янги рукн очилиб “Хориждаги юртдошим” номланди.
Ушбу рукнда:
- хорижда таълим олаётган, меҳнат қилаётган, узоқ муддатга даволанишга кетган ватандошларимиз тўғрисида ҳаётий мақолалар;
- йўлга чиқувчиларга тавсиялар, маслаҳатлар;
- узоқ муддатли сафарларнинг ижтимоий ҳаётга, оилавий масалаларга таъсири ва бошқа долзарб муаммоларга доир савол-жавоблар дастурий равишда ёритилади;
- Интернет сайтда эълон қилинган мақоланинг аудио формати ҳам тавсия қилинади.
Ушбу материаллар оят, ҳадис ва уламоларимизнинг илмий меросларига асосланган ҳолда ёритилади.