Рамазон-2019

Кўз қандай рўза тутади?

Танловга! 

Кўз ҳам рўза тутадими дейсизми? Ҳа, албатта. Кўз ҳам рўза тутади. Қандай қилиб дейсизми?

Кўзнинг рўзаси: ҳаромдан уни сақлаш, фаҳш нарсалардан узоқлаштириш ва қайтарилган нарсалардан йироқ тутиш.

Аллоҳ таоло шундай марҳамат қилади:

قُلْ لِلْمُؤْمِنِينَ يَغُضُّوا مِنْ أَبْصَارِهِمْ وَيَحْفَظُوا فُرُوجَهُمْ ذَلِكَ أَزْكَى لَهُمْ إِنَّ اللَّهَ خَبِيرٌ بِمَا يَصْنَعُونَ * وَقُلْ لِلْمُؤْمِنَاتِ يَغْضُضْنَ مِنْ أَبْصَارِهِنَّ وَيَحْفَظْنَ فُرُوجَهُنَّ

   (سورة النور 30-31)

Сен мўминларга айт, кўзларини тийсинлар ва фаржларини сақласинлар. Ана шу улар учун покдир. Албатта, Аллоҳ нима ҳунар қилаётганларидан хабардордир. Сен мўминаларга айт, кўзларини тийсинлар ва фаржларини сақласинлар (Нур сураси 30-31-оятлар).

Кўз қалбнинг юргазувчиси ва руҳнинг эшигидир. У сабабли яхшиликлар ва покиза нарсаларга эришиш ёки мункар ишлар сабабли азобга дучор бўлиши мумкин.

Абу Саид ал-Худрий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Кўзни тийгин” дедилар (Имом Бухорий ва Имом Муслим ривояти).

Назарини сақлай олмаган киши тўртта мусибатга дучор бўлади:

Биринчиси: Қалб ҳар жойда, ҳар ўринда хавотирда ва синиқ ҳолатда бўлади. Кўнгил хотиржамлигини йўқотади. Бир жойга ўрнаша олмайди. Доим нималардандир шикоят қилади. Бу кўзнинг у ёқ бу ёққа аланглашишидан бўлади.

Иккинчиси: Кўзи олдида гавдаланиб турган нарсанинг йўқотишлиги билан жону танни толиқтириб, унга қийинчиликлар келтириб чиқаради.

Учинчиси: Ибодатни ва унинг ҳаловатини кетишлиги.

Иймон ва яқиний илм ҳаловатини кўзини тия олган ва қовоқларини беркитган кишигина тотади.

Тўртинчиси: Ён-атрофдаги нарсаларга қарайверганлигига яраша катта гуноҳ ва жазога лойиқ бўлиш.

Аллоҳ таоло бизни булардан асрасин!

Киши кўзини харом нарсалардан тийиши эвазига Аллоҳ таоло унга ҳақиқий иймон ҳаловатини тотишликни неъмат қилиб беради.

Уламолар кўз ҳақида шундай дейишган: “Кўз йўлбошловчидир. Қўйиб юборилса овлайди, бўйсундирилса бош эгади ва ўз ҳолига ташлаб қўйилса қалбга фасодни олиб келади”.

Кўзни бўш қўйсанг, сени уқубатга ташлайди. Тизгинини бўш қўйсанг сени азобга дучор қилади. Кўзини харомдан тийиб, ботинини тақво ва зоҳирини эса суннат билан безаган кишига бирор нарса хавф туғдира олмайди.

Кўзни муҳофаза қилишда 5 та каромат ва фойдалар бор:

  1. Аллоҳ таолонинг кўзни тийиш борасидаги буйруғига бўйсуниш;
  2. Қалбнинг саломатлиги, роҳати, хотиржамлиги ва хурсандчилиги;
  3. Фитналардан узоқ бўлиш, балолардан омонда бўлиш ва хатолардан сақланиш;
  4. Бандага Аллоҳ таоло томонидан илм-маърифат, тавфиқ ва тўғри йўлнинг очилиши;
  5. Бандага Аллоҳ таоло томонидан яхшилик ва ёмонлик ўртасини ажратиш сифатининг берилиши. Аллоҳ таоло кўзини тийганларгагина берадиган қалбдаги нур.

Рамазон ойида ошқозонларимиз рўза тутганидек, кўзларимиз ҳам Аллоҳ таоло ҳаром қилган нарсалардан рўза тутсин!

Ушбу муборак ойда қилаётган ибодатларимизни Аллоҳ Ўз даргоҳида мақбул айласин!

Кўкалдош ўрта махсус ислом билим юрти

Мударриси Файзуллаев Дониёр

Манбалар асосида тайёрлади

Read 37490 times
Top