www.muslimuz
Ўзбекистонда исломшуносликка бағишланган йирик анжуман ташкил этилди
Жорий йилнинг 24 июнь куни Ўзбекистон халқаро ислом академиясида “Ўзбекистонда Исломшунослик: ютуқ ва истиқболлари" мавзусида халқаро семинар ташкил этилди. Бу ҳақда Ўзбекистон халқаро ислом академияси Матбуот хизмати хабар берди.
Халқаро анжуманда хориждан келган ва мамлакатимизнинг етакчи профессорлари, олимлари Мовароуннаҳрда ислом динининг тарқалиши, диний таълим ривожланиши ва истиқболлари, исломшунослик йўналишлари, ислом дини тараққиётига улкан ҳисса қўшган буюк уламоларимиз илмий мероси, мотуридия таълимотига оид манбаларни тадқиқ қилиш каби долзарб мавзуларда илмий маърузалари билан иштирок этдилар.
Ушбу семинар доирасида Ўзбекистон халқаро ислом академияси ва Ислом тарихи, санъати ва маданияти тадқиқот маркази – IRCICA ҳамкорлигида нашрдан чиқарилган “Самарқанд мусулмон олимлари эпитафилари (X-XIV асрлар)” номли китобнинг тақдимоти бўлиб ўтди.
Таъкидлаш жоизки, Ислом Ҳамкорлик Ташкилотининг (ИҲТ) муҳим органи ҳисобланган Ислом тарихи, санъати ва маданияти тадқиқот маркази академиянинг энг яқин ҳамкорларидан биридир. Ислом оламида ўз ўрнига эга бўлган ушбу марказ ва академия ўртасида имзоланган меморандумга асосан, икки муассаса қадимий қўлёзмаларни тадқиқ қилиш, илмий-тадқиқотлар олиб бориш, конференция ва семинарлар ташкил этиш каби масалаларда ўзаро ҳамжиҳатлик билан иш олиб бормоқда.
Халқаро семинарга нуфузли халқаро ташкилот – IRCICA бош директори, профессор Халит Эреннинг халқаро семинарда қатнашиш учун юртимизга ташриф буюриши ва ушбу тадбир доирасида академияда “Ислом тарихи ва манбашунослиги IRCICA кафедраси”нинг очилишида қатнашиши ҳамкорлик алоқалари амалий босқичга кўтарилганидан далолат беради.
Ўзбекистон халқаро ислом академияси IRCICA бош директори Халит Эреннинг илм-фан равнақига қўшаётган улкан ҳиссасини юқори баҳолаб, уни Ўзбекистон халқаро ислом академиясининг “Фахрий доктори” унвони билан мукофотлади.
Шу куни профессор Халит Эрен академияда ушбу олий таълим муассасаси профессор-ўқитувчилари ва талабалари учун маъруза ўқиди. IRCICA бош директори ташрифи давомида Ўзбекистон халқаро ислом академияси ҳудудидаги зиёратгоҳлар, Ҳазрати Имом мажмуаси ва у ердаги «Қуръон нусхалари музейи»ни зиёрат қилади.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати
Бангладешдаги ноёб масжид дунё мусулмонларини ўзига жалб қилмоқда
201 та гумбази ва баланд миноралари бўлган Бангладешдаги масжид бутун дунёдан мусулмонларни ўзига жалб қилмоқда. Уни кўриш учун ўн минглаб сайёҳлар ташриф буюрмоқда.
Бангладешдаги ушбу масжид Тангайл округидаги Жхинай дарёси бўйида қад ростлаган. Дакка шаҳридан 140 км узоқликда экани айтилган.
Islam-today нашрининг ёзишича, масжид минорасининг баландлиги 137 метр бўлиб, ушбу масжид бетондан ишланган энг баланд минораси билан Гиннеснинг рекордлар китобига киритилди.
Масжидда бир вақтнинг ўзида 15 минг намозхон ибодат қилиши мумкин. Қурилиш ишлари 2013 йил бошланган ва қурилиш ишлари учун 13 миллион АҚШ доллари сарфланган.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати
Бурсадаги масжид кунига беш вақт жаранглайдиган азон билан сайёҳатчиларни ўзига жалб қилмоқда
Бурсадаги Кўк масжид минораларадан таралаётган азон шаҳар аҳолисини беэътибор қолдираётгани йўқ. Бунинг устига олти юз йилликдан ортиқ тарихга эга масжид нафақат ўзининг ташқи кўриниши, балки кунига беш вақт жаранглайдиган азони билан ҳам хорижий сайёҳатчиларни ўзига жалб қилмоқда.
Муаззин Ражаб Уяр мусулмонларни намозга ўзгача тарзда чақиради. Унинг азон ўқиш услуби ўз гўзаллиги ва хушовозлиги билан ўзига мафтун қилади. Бунинг устига намознинг ҳар хил вақтлари учун турли хил усулларни қўллайди.
islamisemya.com хабарига кўра, Ражаб Уяр имом-хатиблар лицейини тугатганидан кейин 20 йил давомида Измир шаҳри масжидида ишлаган, кейин эса ушбу тарихий масжидга тайинланган. Кўпчилик унинг азон ўқиш услубини бетакрор деб айтишади.
“Бизнинг мақсадимиз – нафақат Туркия аҳолиси, балки бутун дунёдан келаётган меҳмонларга ҳам Исломнинг гўзаллигини кўрсатиш, уларга масжидларга ташриф буюриш муҳаббатини сингдириш, бағрикенглик ва уйғун қўшничилик муносабатларига чақиришдир”, - дейди муаззин.
Намознинг ҳар 5 вақти турли мақомларга жўр бўлади – сабо, рост, ҳижоз, сегоҳи ва ушшоқ. Кўпчиликка унинг ижросидаги азон овози кўзларига ёш қалқиш даражасигача таъсир қилади.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати
“Саҳиҳ ал-Бухорий” асарининг XI асрга оид қўлёзмаси нусхаси Ўзбекистонга тақдим этилди
Жорий йилнинг 21-22 июнь кунлари Самарқанддаги Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот марказида «Ўзбекистондаги қўлёзма фондлари: муҳофаза қилиш, каталоглаштириш ва мутахассислар малакасини ошириш» мавзусида илмий-амалий ўқув семинари ўтказилди. Бу ҳақда Kun.uz интернет нашри хабар бермоқда.
Ислом ҳамкорлик ташкилоти (OIS)нинг Ислом тарихи, санъати ва маданиятини тадқиқ қилиш Маркази (IRCICA) билан ҳамкорликда ташкил қилинган кўргазма тадбирларида Самарқанддаги марказ кутубхонасида сақланаётган нодир асарлар мазмун-моҳиятини халқимизга етказиш мақсадида уларни саралаш ва босқичма-босқич таржима қилиш муҳокама этилди.
Кўргазма давомида IRCICA директори Холит Эрен “Саҳиҳ ал-Бухорий” асарининг XI асрга оид қўлёзмаси фото нусхаси ҳамда Султон Абдулҳамид томонидан XIX асрда тайёрланган Муқаддас Каъба ва унинг ҳудуди акс этган китоб альбомини Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот марказига туҳфа қилди.
Тадбир доирасида Халқаро ислом хаттотлиги кўргазмаси ҳам ташкил қилинди. Унда кўргазма қатнашчилари марказ музейи ва тарихий қўлёзмалар фондида ҳамда хаттотлар томонидан сақланаётган ноёб тарихий асарлар билан танишди.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати
Ўзбекистонда БАА компанияси билан ҳамкорликда шамол электр станциялари қурилади
Ўзбекистонда шамол электр станциялари қурилади. Бу борада лойиҳани Бирлашган Араб Амирлиги компанияси билан ҳамкорликда амалга ошириш тўғрисида Президент қарори лойиҳаси тайёрланди, деб ёзади Sputnik нашри.
Қарор лойиҳасида айтилишича, Abu Dhabi Future Energy Company PJSC – Masdar компанияси билан шамол электр станцияларини қуриш бўйича инвестиция лойиҳаси амалга ошириш режалаштирилган.
Ҳужжатга кўра, Ўзбекистон Президентининг 2019 йил 24—26 март кунлари Бирлашган Араб Амирлигига расмий ташрифи доирасида Инвестиция ва ташқи савдо вазирлиги ва Abu Dhabi Future Energy Company PJSC – Masdar ўртасида умумий қуввати 500 МВт шамол электр станцияларни қуриш бўйича инвестиция шартномаси имзоланганлиги белгиланган.
Шартномада шамол электр станцияларини қуриш, фойдаланиш, молиялаштириш бўйича лойиҳани босқичма-босқич амалга ошириш кўзда тутилган.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати