muslim.uz
Қуръони карим маъноларини ўзбекчага илк бор таржима қилган профессор
Ҳиндистон Англия истибдодидан озод бўлиб, мустақилликни қўлга киритгач, мамлакат бош вазири Жавоҳарлал Неру 1954 йилда собиқ совет иттифоқига ўзининг илк ташрифини амалга оширади. Ана шу ташриф чоғида у Ўзбекистонда ҳам бўлиб, республика Фанлар академиясига келганда бир киши – Пўлат Солиев исмли шахс билан учрашмоқ истагида эканлигини билдиради. Ўртада ноқулай вазият вужудга келади. Фанлар академияси президенти: «У киши вафот этганига анча вақт бўлган», дейди.
Шунда Ҳиндистон бош вазири бу олимнинг қабрини зиёрат қилмоқчи эканлигини айтади. «У киши йўлда вафот этган, шу сабабли қабри номаълум», деган жавобни эшитади…
«Зарафшон» нашрининг билдиришича, Жавоҳарлал Неру излаган инсон 1930 йилларда Ўзбекистон тарихчиларининг ҳақиқий раҳнамоси, устози бўлган олим, профессор Пўлат (Бекпўлат) Мажидович Солиев эди. Бош вазир унинг Ҳиндистон озодликни қўлга киритишидан 20-25 йил аввал ёзилган мақолалари, рисолалари ҳинд ватанпарварларига жуда кучли таъсир қилганлиги, уларга мустақиллик учун курашнинг асл моҳиятини чуқур англаш, идроқ этишда қўлланма бўлганлигини сўзлаб беради.
Бу ерда гап профессор Пўлат Солиевнинг 1920 йилларда ёзган «Англия империализми Шарқда», «Шарқдаги ҳозирги аҳвол», «Ҳиндистон Англия зулми остида» китоблари устида бормоқда эди. Бу асарлар қай йўллар билан Ҳиндистонга бориб қолганлиги, таржима қилиниб чоп этилганлигини аниқлаш олимнинг илмий мероси билан қизиқувчилар, тадқиқотчилар олдидаги вазифалардандир.
Ана шу учрашув тафсилоти, Жавоҳарлал Нерунинг олим ҳақида чуқур ҳурмат билан билдирган фикрлари хусусида Пўлат Солиевнинг қизи Фарида Пўлатовна Муҳиддинова (Солиева)га ушбу суҳбатда иштирок этган ТашДУ Шарқшунослик факультетининг ўша пайтдаги декани А.Ҳамроев ва мулоқотда бевосита таржимонлик қилган Х.Холмуродова-Барнохўжаева сўзлаб беришган экан.
Ҳиндистон бош вазирининг бундай эҳтиромига сазовор бўлган олим Пўлат (Бекпўлат) Солиев ким эди? У киши 1882 йилда Астрахан губерниясидаги қишлоқлардан бирида туғилади. Бу қишлоқда истиқомат қилувчиларнинг кўпчилиги нуғай миллатига мансуб кишилар ва Туркистондан келиб ўрнашиб қолган одамлардан иборат эди.
Пўлат (Бекпўлат) Солиевнинг отаси Мажид Соли ҳам асли туркистонлик, манғит уруғига мансуб деҳқон бўлган. У фарзандларининг илмли бўлиши учун имкони даражасида кўмаклашган. Булғуси олим ўн беш ёшга тўлганида қишлоқдаги мактабни ва Абдураҳмон Умеров ташкил қилган (йирик исломшунос олим, тарихчи, «Идел» газетасининг муҳаррири) мадрасани ўқиб тугатган эди. Илмга чанқоқлик уни Қозон шаҳридаги «Муҳаммадия» мадрасасига етаклади.
Сўнгра машҳур исломшунос, кўплаб нодир тадқиқотлар муаллифи Зиё Камолий раҳбарлик қилган, янги услубда таълим бериладиган «Ғолия» мадрасасида таҳсил олди. Икки мадрасани ҳам аъло баҳоларга битирган Пўлат Солиев бу пайтда араб, турк, форс, рус ва Марказий Осиё туркий халқларининг тилларини пухта ўрганган эди. Кейинчалик у француз ва немис тилларини ҳам ўзлаштиради.
Унга «Ғолия» мадрасасида қолиб, талабаларга таҳсил бериш таклиф этилган бўлса-да, аммо у асли ота юрти бўлган Туркистонга йўл олади.
Пўлат Солиев Тошкент вилоятининг Оққўрғон волостида ўрнашади. Бу ерда у Сегизбой Отабоев хонадонида яшаб, қишлоқда янги усулдаги мактаб очади (кейинчалик машҳур давлат ва жамоат арбоби бўлиб етишган Султон Сегизбоев айнан Пўлат Солиев қўлида таҳсил олган ва унинг раҳнамолигида ўниб-ўсган эди). Албатта, унинг янги усулдаги жадид мактабларини очиши ва бу йўналишдаги фаолияти кўплаб қаршиликларга ҳам дуч келди.
У Тошкент шаҳри, вилояти, Фарғона водийси, Бухорода кўплаб мактаблар, билим юртлари очилишига кўмаклашади, уларга бош бўлади. 1917 йилда Москва шаҳрида ўтган Бутунроссия мусулмонлари қурултойида иштирок этади. Ўша йили Қўқон шаҳрида ташкил этилган «Туркистон мухторияти»ни шакллантиришда қатнашади. Қўқон шаҳрида маҳаллий миллат вакилларидан ўқитувчилар тайёрлайдиган Халқ университетини очишда ва фаолиятини йўлга қўйишда жонбозлик кўрсатади. Ўша пайтлари ташкил этилган Ўқитувчилар институтларида Туркистон тарихи, араб тили, адабиёти бўйича маърузалар қилади. Бир қанча газета, журналларда муҳаррир вазифасини бажаради.
1924-1927 йилларда оиласи билан Москвада яшайди (у дўсти Ҳоди Файзининг синглиси Фотима Файзираҳмоновага уйланган эди). Бу ерда Свердлов номли университетнинг тарих кафедрасида фаолият юритиш билан бир қаторда, Шарқ халқлари марказий нашриётида ишлайди. Ўнлаб мақолалари турли илмий журналлар, газеталарда чоп этилади. Агар олим битган мақола, рисола, китоблар, у турли вилоятлардан излаб топган қадимий қўлёзмалар, илмий изланишларининг фақат номи санаб чиқилса, шунинг ўзи ката бир рисола бўлиши муқаррар.
Бу мақолада ушбу фидойи инсон фаолиятининг айрим қирраларига тўхталиш мумкин, холос. 1926 йилда Ленинградда ўша пайтлар мавжуд бўлган Шарқшунослик институтида унга профессор илмий унвони берилади. 1927 йилда профессор Пўлат Солиев Ўзбекистоннинг ўша пайтдаги пойтахти Самарқанд шаҳрида ўқитувчилар тайёрлайдиган олий таълим муассасаси очилиши муносабати билан (кейинчалик СамДУ) чақириб олинади. У ушбу олий илм даргоҳини ташкил қилишда фаол қатнашади, унда очилган Шарқ мамлакатлари тарихи кафедрасини бошқаради.
Кейинчалик машҳур академик, профессорлар бўлиб етишган И.Мўминов, Я.Ғуломов, А.Аминов, Р.Набиев, Ҳамид Ғулом, Аюб Ғулом, Т.Зоҳидов, А.Ҳамроев, В.Абдуллаев, Р.Бойжонов, Б.Жўнаев унинг шогирдлари эди.
Собиқ аспирантларидан бўлган А.Алиевнинг хотирлашича, Пўлат Солиев академик В.Бартольд билан тез-тез мулоқотда бўлган. Баъзан у билан баҳсга киришиб, академикнинг айрим илмий қарашлари, шарқ қўлёзмалари таржималарида хатолар, чалкашликлар мавжудлигини рўй-рост айтган.
1920 йилларда олимнинг Қуръони карим матнини илмий шарҳлар билан илк бор ўзбек тилига ўгиргани маълум. Лекин унинг саккизта катта яшикка солинган кўплаб қўлёзмалари, китоблари, шахсий архиви, қадимий ёзма манбалар 1937 йилда олим «халқ душмани» сифатида қамоққа олинганда НКВД органлари томонидан мусодара этилган. Уларнинг бир қисми изсиз йўқолган бўлса, олим тўплаган қадимий ёзма манбалар, шахсий кутубхонаси негизида ЎзР Фанлар академиясининг Шарқшунослик институтига асос солинган эди.
Пўлат Солиевнинг қамоқдаги сўнгги кунлари ҳақида унинг катта қизи Роза Солиевага 1968 йилда Самарқандда Улуғбек расадхонаси музейи директори бўлиб ишлаган Абдусалом Ҳусаинович Акрамов сўзлаб берган экан. 1937 йилда Пўлат Солиевнинг аспиранти бўлган бу инсон ҳам «халқ душмани» тамғаси билан ўша йиллари қатағон домига тортилади. Буни қарангки, тасодифан у Тошкент қамоғида устози билан бир хонага тушиб қолади ва қўлидан келгунича, соч-соқоли оқариб кетган, анча чўккан устозига кўмаклашади.
– Эллик киши сиғиши мумкин бўлган хонада бир юз эллик нафар тутқун сақланарди, - дея хотирлаган эди Абдусалом Акрамов. – Бу ерда сиёсий тутқунлар билан бирга ҳар хил тоифа ўғрилар, совет тузумига қарши қўлда қурол билан курашган кишилар бор эди. Баъзан улар ўртасида турли масалалар бўйича баҳслар бўлиб турарди. Улар «халқ душмани» тамғаси билан қамалган партия, давлат органларида ишлаган одамларга, олимларга «Бизку бу тузумга қарши курашганимиз рост. Лекин уни ёқлаб, хизмат қилган сизлар нега қамалдинглар», дея таъна қилишарди. Шунда мен домладан уларга Туркистон тарихидан сўзлаб беришини илтимос қилардим. Пўлат Мажидович бу ердагиларга Амир Темур салтанати, Алишер Навоий ҳаёти ва ижоди, Ватанимиз тарихининг турли даврлари ҳақида соатлаб ҳикоялар сўзларди.
Ўша пайтлар биз билан қамоқхонада ётган қурбошилардан бири «Ё товба, бу авлиё одамни қамашга кимнинг қўли борди экан», дея алам билан гапиргани ёдимда. Мени 1938 йил ёзида Россиядаги лагерлардан бирига жўнатишди.
Афсуски, Тошкент қамоқхонасидаги ўша учрашув домла билан сўнгги кўришишимиз бўлиб қолди…
Қатағон қурбонига айланган теран фикрли олим, зукко инсон Пўлат Мажидович Солиев хотираси у қолдирган асарлар, авлодлари қалбида яшамоқда.
Музаффар МУҚИМОВ,
Қатағон қурбонлари хотираси вилоят музейи директори
Нега ғийбат қиладилар?
Кўчадан кетар экансиз, агар тўғри йўлингиздан юрсангиз ҳеч ким сизга эътибор бермайди. "Ўз йўлидан кетаётган бир инсонда", деб қўяди. Мабодо кетиш жараёнида йўлдан чиқиб, йўл четидаги ўт-ўланларни босиб ёки гоҳ ўнга, гоҳ чапга чайқалиб ҳаракат қила бошласангиз одамларни назарини торта бошлайсиз. Демак, киши ўзининг баъзи ножўя юриш-туришлари билан кишиларнинг гап-сўзига сабабчи бўлиб қолиши мумкин экан. Бу ҳар ким ўзининг ҳатти-ҳаракатига эътиборли бўлиш кераклига далолат қилади.
Аллоҳ таоло бундай марҳамат қилади: "Баъзиларингиз баъзиларингизни ғийбат қилманглар. Сизлардан бирорталарингиз ўзининг ўлган биродарининг гўштини ейишни яхши кўрадими? Ҳа, ёмон кўрасизлар. Аллоҳдан қўрқинглар! Албатта, Аллоҳ тавбани кўп қабул қилувчи ва раҳмлидир" (Ҳужурот сураси, 12-оят).
Ушбу ояти каримага кўра ғийбат қилиш мутлақо ҳаром амалдир. Уни ҳалол санашга ҳеч қандай баҳона йўқ. Аммо инсонлар нега ғийбат қилаверадилар? Бунга асосий сабаб аввало илм ёки тақвони йўқлиги бўлса, ҳасад, ўзаро гина, кудрат ва бошқа нарсалар ҳам ғийбатга сабаб бўлиши мумкин. Агар ғийбатлар энг кўп учрийдиган жойларга назар солсак, бу маҳалла-гузар, иш жой ва ижтимоий тармоқлар бўлиб чиқади. Чунки ушбу жойлар инсонлар ҳамда манфаатлар кўп тўқнаш келадиган жойлар ҳисобланади. Энди буларни бирма-бир кўриб чиқамиз:
- Маҳалла. Маҳаллада баъзи инсонларнинг анъанавий ва диний қадриятларни ҳурмат қилмасликлари, масалан, аёл-қизларни ҳаддан зиёд беҳаё кийиниб юришлари, "унаштирилган" деган баҳонада баъзи йигит қизларнинг кўчада бирга дайдиб юришлари (ваҳоланки, улар ҳали бир-бирига шаръий никоҳи йўқ номаҳрам ҳисобланадилар) ёки спиртли ичимликларни ичиб олиб кўчада, уйда баланд овоз билан жанжал кўтаришлар ва баъзи тарбиясиз, уятсиз қилиқлар ўз-ўзидан маҳаллада ғийбатларни кўпайишига сабаб бўлади.
- Иш жой ёки корхона. Иш жойда раҳбар кишиларни корхонага тушган даромадни, мукофот пулларини адолат билан тақсим қилмасдан, катта қисмини ўзлаштириб дабдаба маишатга берилиб кетиб, қўл остидагиларига зулм қилишлари. Аллоҳ таоло марҳамат қиладики: "Бир-бирларингизнинг молларингизни ботил йўл билан еманг. Билиб туриб одамларнинг молларидан бир қисмини ейишингиз учун уни ҳокимларга гуноҳкорона ташламанг" (Бақара сураси, 188-оят). Бундай ҳолларда корхонанинг зулм кўрган оддий ходимлар "юракларини бўшатиб олиш" баҳонасида ғийбатга берила бошлайдилар. Раҳбарлари эса буни сезсалар ҳам ўзларини юриш-туришларини ўнглаш ўрнига гап қилувчиларни "ичи қора"ликда "кўра олмовчи"ликда айблаб юраверадилар.
- Ижтимоий тармоқлар. Бугунги кунда ижтимоий тармоқлар ривожланиб инсонларни ахборот алмашинуви осонлашгани кўпгина қийинчиликлари бартараф бўлгани айни ҳақиқат. Аммо масаланинг иккинчи томони шуки, ҳали ижтимоий тармоқлардан фойдаланиш маданиятини кўпчиликни ўзлаштирмаганлиги баъзи ножўя ҳатти-ҳаракатларга сабаб бўлмоқда. Ваҳоланки, ҳақиқий ҳаётимизда ножоиз саналадиган ғийбат, жосуслик, бировни обрўсини тўкиш, уятсизлик, ҳақорат ижтимоий тармоқда ҳам ҳаром, ножоиз саналади. Кўз кузга тушиб турганда айта олмайдиган сўзларини ижтимоий тармоқ орқали бемалол айтиб юбораверадилар.
Мана кўриб турибмизки, орқамиздан ғийбатларни урчишига фақатгина "ичи қора" ва ҳасадгўйлар эмас, балки ўзимизнинг баъзи ножўя ҳатти- ҳаракатларимиз ҳам сабаб бўлади. Унвонул баён китобида "Кимнинг айби кўпайса ғийбати узун бўлади" дейилади. Баъзилар эса ғийбат қилинганда кишини гуноҳи ғийбатчига ўтиши тўғрисидаги ҳадисни нотўғри талқин қилиб "Орқамдан гапирса гапираверсин гуноҳларим тўкилади" деб ўйлайди . Ваҳоланки Исломда гуноҳдан бу йўл билан фориғ бўлинмайди. Мусулмон киши бундай гуноҳга сабаб бўладиган ҳолатларга ўзи тугул бошқаларнинг ҳам тушиб қолишига асло рози бўлмайди. Қуръони карим оятларида:
"Албатта, мўминлар биродардирлар, бас, икки биродарингиз ўртасини ислоҳ қилинг, Аллоҳга тақво қилинг, шоядки, раҳм қилинсангиз" (Ҳужурот сураси, 10-оят) ва бошқа оятда: "Яхшилик ва тақво йўлида ҳамкорлик қилинг. Гуноҳ ва душманлик йўлида ҳамкорлик қилманг. Аллоҳга тақво қилинг. Албатта, Аллоҳ иқоби шиддатли зотдир" (Моида сураси, 2-оят) дейилади.
Аллоҳ таоло барчамизни зоҳир ва ботинимизни ислоҳ қилсин. Фақатгина Ўзи хоҳлаган ва рози бўладиган йўлдан юришни насиб қилсин!
Аъзамжон МУСАЕВ
Ўзбекистон хавфсиз туризми Ҳиндистон ОАВларида
Ҳиндистоннинг «Anunico.in» электрон портали саҳифасида «Ўзбекистон 2021: хавфсиз саёҳат кафолатланади» сарлавҳали мақола эълон қилинди, деб хабар бермоқда «Дунё» АА мухбири. Унда Ўзбекистоннинг радикал диний ғояларга қарши курашиш бўйича тажрибаси атрофлича таҳлил этилган.
Хусусан, мақолада террорчилик хавф-хатарлари ортиб бораётган бир шароитда Ўзбекистон хавфсизлик ва барқарор ривожланишдаги устуворликлар билан ўз стратегиясини ишлаб чиққани қайд этилади. «Чора-тадбирлар ишлаб чиқилишининг биринчи босқичида террорчиликнинг турли кўринишларига нисбатан маъмурий-жиноий чоралар тизимининг шакллантирилишига, жумладан, меъёрий-ҳуқуқий заминни мустаҳкамлаш, ҳуқуқ-тартибот идоралари тизимини такомиллаштириш, террорчилик ва унинг молиялаштирилишига қарши кураш соҳасида самарали одил судловга кўмаклашишга асосий эътибор қаратилди, - деб ёзади ҳинд портали. – Давлат қурилишини конституцияга зид равишда ўзгартиришга даъват этадиган барча ҳаракатлар фаолияти тўхтатилди».
«Anunico.in»нинг ёзишича, Президент Шавкат Мирзиёев Ўзбекистон атрофида барқарорлик ва яхши қўшничилик, инсон ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилиш, диний бағрикенглик ва миллатлараро ҳамжиҳатлик белбоғини яратишни мамлакат хавфсизлигини таъминлашнинг устувор йўналишлари сифатида белгилади. «Бу соҳада амалга оширилиётган ташаббуслар БМТнинг Глобал террорчиликка қарши стратегияси тамойилларига таянади», - деб таъкидлайди ҳинд портали.
Мақолада халқаро ҳамкорлик террорчиликка қарши туриш бўйича Ўзбекистон стратегиясининг ўзаги ҳисобланиши таъкидланади.
Қайд этилганидек, «Ўзбекистон Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг терроризмга қарши кураш бўйича амал қиладиган барча 13 конвенциясининг иштирокчиси ҳисобланади. Шуни ҳам айтиш жоизки, мамлакат халқаро терроризмга қарши курашни биринчилардан бўлиб қўллаб-қувватлаган».
Мақола интиҳосида Ўзбекистон дунёнинг энг хавфсиз мамлакатлари қаторидан жой олгани таъкидланади. 2020 йил ноябрида эълон қилинган “Global Terrorism Index” рейтингида Ўзбекистон 164 мамлакат орасидан 134-ўринни эгаллагани ҳинд ўқувчиларининг эътиборига ҳавола этилган.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси матбуот хизмати
Ҳанафий мазҳаби ва ҳанафийликнинг афзалликлари Абу Ҳанифанинг ҳаётлари
25.06.2021 й. Юсуф алайҳиссалом қиссасидан ибратлар
بسم الله الرحمن الرحيم
اَلْحَمْدُ للهِ وَالصَّلاَةُ وَالسَّلاَمُ عَلَى رَسُولِهِ سَيِّدِنَا مُحَمَّدٍ، نَبِيِّ الرَّحْمَةِ وَرَسُولِ السَّلاَمِ، وَعَلَى آلِهِ وَصَحَابَتِهِ الْكِرَامِ، أَمَّا بَعْدُ
ЮСУФ АЛАЙҲИССАЛОМ ҚИССАСИДАН ИБРАТЛАР
Муҳтарам жамоат! Аллоҳ таоло инсониятни яратгандан бери уларга ўзини танитиш ва ҳидоятга бошлаш учун кетма-кет пайғамбарлар ва илоҳий китоблар жўнатиб турган. У Зот ўзининг комил ҳикмати ила Исломни – охирги дин, Пайғамбаримизни – охирги Расул, Қуръонни – охирги китоб қилди. Қуръони карим Қиёматгача инсониятга тўғри йўлни кўрсатувчи йўлбошчидир. Уламоларимиз Қуръон ўз ичига асосан учта катта мавзуни ўраб олганини айтадилар: эътиқодий масалалар, диний ҳукмлар ва ўтган қавмларнинг қиссалари. Қуръони каримда биздан аввалги ўтган баъзи қавмлар ва шахсларнинг амаллари мақталса, баъзиларининг қилган ишлари ёмонланади. Ҳар иккисида ҳам биз учун кўплаб ибратлар бор. Мақталганларидан ўрнак олишимиз, ёмонланганларнинг амалларидан сақланишимиз даркор!
Маълумки, Қуръони карим қиссалари ичида энг чиройлиси Пайғамбар Юсуф алайҳиссалом қиссасидир. Бу ҳақда Аллоҳ таоло шундай дейди:
نَحْنُ نَقُصُّ عَلَيْكَ أَحْسَنَ الْقَصَصِ بِمَا أَوْحَيْنَا إِلَيْكَ هَذَا الْقُرْآَنَ وَإِنْ كُنْتَ مِنْ قَبْلِهِ لَمِنَ الْغَافِلِينَ
яъни: “Биз Сизга ушбу Қуръон (сураси)ни ваҳий қилишимиз билан бирга гўзал қиссани айтиб берурмиз. Сиз эса, (эй, Муҳаммад!) ундан (ваҳийдан) олдин бехабарлардан (бири) эдингиз” (Юсуф сураси 3-оят).
Бу қиссанинг бошқаларидан фарқи сура тўлиғича Юсуф алайҳиссаломнинг бошидан кечирган воқеаларга бағишланган. Бунинг устига сурада қизиқувчилар учун кўплаб ибратлар бор. Қуръони каримда шундай дейилади:
لَقَدْ كَانَ فِي يُوسُفَ وَإِخْوَتِهِ آَيَاتٌ لِلسَّائِلِينَ
яъни: “Ҳақиқатан, Юсуф ва (унинг) биродарлари (қиссаси)да сўровчилар учун аломатлар бордир” (Юсуф сураси 7-оят).
Мазкур сура Маккада, Пайғамбаримиз алайҳиссалом учун оғир синовлар бўлган паллаларда нозил бўлган. Аллоҳ таоло Юсуф алайҳиссаломнинг машаққатли синовларни босиб ўтишлари ва натижада нажот топишларини эслатиш билан Пайғамбаримиз алайҳиссаломга кучли тасалли берди. Охир-оқибат У Зот алайҳиссаломнинг ҳам ишлари нажот топиши, Ислом ер юзига тарқалиши хушхабарини берди.
Сурани ўқиш асносида қуйидаги ибратларга дуч келамиз:
- Сир сақлаш. Юсуф алайҳиссалом оталари Яқуб алайҳиссаломга ажойиб туш кўрганини айтганларида, У Зот одатда ёш болалар бундай туш кўрмаслиги, бу туш келажакда Юсуф алайҳиссаломнинг пайғамбар бўлишига башорат эканини билдилар. Ўзи бусиз ҳам Юсуф алайҳиссаломга ҳасад қилиб юрадиган акаларидан, душманлиги ортиб кетмаслиги учун, бу тушни сир сақлашни буюрдилар:
إِذْ قَالَ يُوسُفُ لِأَبِيهِ يَا أَبَتِ إِنِّي رَأَيْتُ أَحَدَ عَشَرَ كَوْكَبًا وَالشَّمْسَ وَالْقَمَرَ رَأَيْتُهُمْ لِي سَاجِدِينَ
яъни: “Эсланг, Юсуф (ўз) отасига (Яъқубга) деди: “Эй, отажон! Мен (тушимда) ўн битта юлдуз, Қуёш ва Ойнинг менга сажда қилаётган ҳолларида кўрдим”” (Юсуф сураси 4-оят).
قَالَ يَا بُنَيَّ لَا تَقْصُصْ رُؤْيَاكَ عَلَى إِخْوَتِكَ فَيَكِيدُوا لَكَ كَيْدًا إِنَّ الشَّيْطَانَ لِلْإِنْسَانِ عَدُوٌّ مُبِينٌ
яъни: “(Отаси) айтди: “Эй, ўғилчам! Тушингни биродарларингга сўзлаб бермагин! Акс ҳолда сенга қаттиқ макр қилишади. Зеро, шайтон инсонга аниқ душмандир”” (Юсуф сураси 5-оят).
Демак, бундан келиб чиқадики, инсон ўрни келганда сир сақлашни ҳам билиши зарур. Хусусан, оилавий сирлар ёки ўзга мўмин-мусулмонларнинг бизга ишониб айтган сирларига омонатдор бўлишимиз керак бўлади.
- Ҳасаддан сақланиш. Ҳасад шундай ёмон иллатки, ҳатто у Яъқуб алайҳиссалом оиласида тарбия кўрган кишилар – Юсуф алайҳиссаломнинг ўгай акаларини ҳам четлаб ўтмади. Ҳасад сабабли улар Аллоҳ таолонинг Пайғамбари Яъқуб алайҳиссаломни айблашди. Юсуф алайҳиссаломни жонига қасд қилишди. Қуръони каримда улар ҳақида шундай дейилган:
إِذْ قَالُوا لَيُوسُفُ وَأَخُوهُ أَحَبُّ إِلَى أَبِينَا مِنَّا وَنَحْنُ عُصْبَةٌ إِنَّ أَبَانَا لَفِي ضَلَالٍ مُبِينٍ
яъни: “Ўшанда (акалари) айтдилар: “Юсуф ва унинг укаси (Бинямин) отамизга биздан кўра суюклироқдир. Ваҳоланки, биз бир тўп (кўпчилик)миз. Ҳақиқатан, отамиз аниқ гумроҳлик узрадир”” (Юсуф сураси 8-оят).
Лекин Юсуф алайҳиссаломдаги фазилатлар Аллоҳ таоло томонидан ато қилинган фазилат эканини кўра олмадилар. Нима бўлганда ҳам, Аллоҳ таолонинг хоҳиш-иродаси устун келувчидир. Ҳасадгўй ҳеч қачон муродига етмайди, у ўзини-ўзи еб битиради. Ниҳояда барибир Юсуф алайҳиссалом пайғамбарлик мартабаси ва одамлар орасида шараф ва иззатга эга бўлдилар. Акалари эса қилмишларига пушаймон ва айбларига иқрор бўлиб, тавба тазарру қилдилар.
- Тўғри йўлдан адаштирувчи амаллардан четланиш. Инсонни ҳақдан тойдирувчи амаллардан узоқ бўлиш, уларга киришмаслик вожибдир. Юсуф алайҳиссаломни Миср азизининг хотини зинога чорлаганда ундан четландилар, гуноҳга қўл урмадилар. Юсуф алайҳиссалом қийин имтиҳондан ўтдилар: чиройли, мансабдор ва хўжайин хотин зинога чорласада, кучли имонлари сабабли, гуноҳдан воз кечдилар, шариатда собит турдилар. Аллоҳ таолодан бу фитнани кетказишни сўраб дуо қилдилар. Қуръони каримда бу ҳақда шундай дейилади:
وَرَاوَدَتْهُ الَّتِي هُوَ فِي بَيْتِهَا عَنْ نَفْسِهِ وَغَلَّقَتِ الْأَبْوَابَ وَقَالَتْ هَيْتَ لَكَ قَالَ مَعَاذَ اللَّهِ
إِنَّهُ رَبِّي أَحْسَنَ مَثْوَايَ إِنَّهُ لَا يُفْلِحُ الظَّالِمُونَ
яъни: “У (Юсуф) уйида бўлган аёл (Зулайхо) ундан нафсини (қондиришини) талаб қилди ва эшикларни қулфлаб: “Қани кел!” – деди. (Юсуф) деди: “Аллоҳ сақласин! Ахир, у (эринг) хожам-ку?! Менга яхши жой берган бўлса?! Золимлар, зотан, нажот топмаслар”” (Юсуф сураси 23-оят). Оятдаги "золимлар"дан мурод хоинлар ёки зинокорлардир.
- Тўғри йўлга эргашиш. Аллоҳ таолонинг розилиги ва унинг жаннатига етакловчи ҳақ йўлга эргашиш, У Зотнинг ғазаби ва азобига дучор қиладиган ишлардан сақланиш вожибдир. Бу нарса Юсуф алайҳиссаломнинг зино қилишдан ва саройдаги аёлларнинг чақириғига юргандан кўра машаққатли бўлсада зиндонни танлаганларида кўринади. Қуръони каримда Юсуф алайҳиссаломнинг сўзлари шундай келтирилади:
قَالَ رَبِّ السِّجْنُ أَحَبُّ إِلَيَّ مِمَّا يَدْعُونَنِي إِلَيْهِ وَإِلَّا تَصْرِفْ عَنِّي كَيْدَهُنَّ أَصْبُ إِلَيْهِنَّ وَأَكُنْ مِنَ الْجَاهِلِينَ
яъни: “(Юсуф) деди: “Эй, Раббим! Менга таклиф этишаётган нарсадан кўра зиндон маъқулроқдир. Агар уларнинг макрларини мендан дариғ тутмасанг, уларга мойил бўлиб, жоҳиллардан бўлиб қолурман” (Юсуф сураси 33-оят).
- Ҳақ йўлда сабр ва сабот кўрсатиш. Юсуф алайҳиссалом катта қийинчиликларни бошидан кечирдилар: акалари қудуққа ташлаб кетишди, У Зотни карвон аҳли қудуқдан чиқариб олиб, Мисрда қул қилиб сотишди, Миср азизининг хонадонида аёллар макрига ва туҳматига учраб, бир неча йил зиндонда ётдилар. Бу қийинчиликларни Аллоҳ таолонинг синови деб билганлари сабабли, бир неча йиллардпн кейин ҳасадгўй акаларига дуч келганларида ҳам, уларга яхши муомала қилдилар. Уларнинг қилмишларини кечирдилар. Мана шу бағрикенглик барчамизга катта ибратдир.
Яна бу қийинчиликлар У Зотни ҳақ йўлдан, пайғамбарлик вазифасини бажаришдан тўса олмади. Ҳатто зиндонда икки ҳамроҳлари туш таъбирини сўрашганда, уларга аввал Аллоҳ таолони танитишдан гап бошлаб, диннинг моҳиятини баён қилдилар:
يَا صَاحِبَيِ السِّجْنِ أَأَرْبَابٌ مُتَفَرِّقُونَ خَيْرٌ أَمِ اللَّهُ الْوَاحِدُ الْقَهَّارُ
яъни: “Эй, икки ҳамзиндонларим! Турли-туман “илоҳлар” яхшими ёки ягона ва ғолиб Аллоҳми?” (Юсуф сураси 39-оят).
- Одамлардан ёрдам сўраш. Ўзидан зарар ва зулмни кўтариш учун одамлардан ёрдам сўраш жоиздир. Юсуф алайҳиссалом имонлари комил зот эдилар, шу билан бирга зиндондаги ҳамроҳларидан зулм ва туҳматдан қутилиш учун ёрдам сўрадилар:
وَقَالَ لِلَّذِي ظَنَّ أَنَّهُ نَاجٍ مِنْهُمَا اذْكُرْنِي عِنْدَ رَبِّكَ
яъни: “Икковидан халос топувчи деб ҳисоблаган (соқийга Юсуф): «Хожанг (Миср шоҳи) ҳузурида менинг тўғримда гапир!» – деди...” (Юсуф сураси 42-оят).
Натижада бир неча йиллардан кейин, подшоҳнинг тушини таъбир қилиш керак бўлганда, ўша киши Юсуф алайҳиссаломни эслайди ва У Зотни зиндондан чиқишига сабаб бўлади. Лекин ёрдам сўраш савоб-эзгу ишларда бўлиши керак, гуноҳ ишларда эмас!
- Ўзини туҳматдан поклаш. Инсон ҳаёти давомида учраган туҳматлардан ўзини поклаши керак бўлади. Юсуф алайҳиссалом сарой аёлларининг макри ва бўҳтон билан зиндонга тушиб қолдилар. Вақти келиб подшо У Зотни ҳузурига чақиртирди. Зиндондан чиқиш пайтида, У Зотни халқнинг олдида зино туҳматидан пок эканини эълон қилишларини талаб қилдилар. Натижада ҳақиқат юзага чиқди, Подшоҳнинг суриштируви сабабли Юсуф алайҳиссаломни зинога чорлаган Миср азизининг хотини айбига иқрор бўлди ва Юсуф алайҳиссалом туҳматлардан пок бўлиб зиндондан чиқдилар.
ذَلِكَ لِيَعْلَمَ أَنِّي لَمْ أَخُنْهُ بِالْغَيْبِ وَأَنَّ اللَّهَ لَا يَهْدِي كَيْدَ الْخَائِنِينَ
яъни: “(Шундан кейингина Юсуф деди): “Буни мен (Миср азизи) ғойиблигида унга хиёнат қилмаганимни ва Аллоҳ (Зулайхо ва аёллардек) хиёнатчилар макрини раво қилмаслигини (Азиз ёки шоҳ) билиши учун (қилдим)” (Юсуф сураси 52-оят).
- Хотиржамлик, кенгчилик – синов имтиҳонлардан кейиндир. Юсуф алайҳиссалом кўп аламли синовларни имон қуввати ва сабр билан енгиб ўтдилар. Синовлар изидан кенглик келди. Мисрда азиз инсонга айландилар, подшоҳнинг яқин одамларидан бўлиб, унинг хазинасини бошқарувчи бўлдилар. Ояти каримада шундай дейилади:
وَقَالَ الْمَلِكُ ائْتُونِي بِهِ أَسْتَخْلِصْهُ لِنَفْسِي فَلَمَّا كَلَّمَهُ قَالَ إِنَّكَ الْيَوْمَ لَدَيْنَا مَكِينٌ أَمِينٌ
яъни: “Шоҳ: «Уни ҳузуримга келтирингиз, уни ўзимга хос кишилардан қилиб олай!» – деди. У билан сўзлашгач (шоҳ): «Сен бугун(дан бошлаб) бизнинг ҳузуримизда мартабали ва ишончли (шахс)дирсан», – деди” (Юсуф сураси 54-оят).
- Эҳтиёж туғилганда инсон ўз қобилиятини маълум қилиши. Шариатимиз мусулмонларни ҳеч бир эҳтиёжсиз ва сабабсиз ўзини мақташдан қайтаради. Лекин бирор масъулиятли вазифага номзод танланаётган вақтда ўша ўринга лойиқ киши ўзининг илмий ва амалий салоҳиятини баён қилиши жоиздир. Ҳатто баъзи ўринларда ундан кўра лойиқ киши топилмаса, шу вазифани зиммасига олиш шарт бўлиб қолади. Юсуф алайҳиссалом Миср хазинасини бошқаришга ўзлари лойиқ эканлари, бунга иқтидорлари етишини подшоҳга айтдилар. Натижада У Зот Мисрни етти йиллик қурғоқчилик даврида очарчиликдан сақлаб қолдилар. Нафақат Миср, балки ён атрофдаги одамларга ҳам ёрдам кўрсатдилар. У Зотни қудуққа ташлаган акалари ҳам буғдой сўраб Мисрга келишади ва Юсуф алайҳиссаломга йўлиқишади. Қуръони каримда шундай дейилади:
قَالَ اجْعَلْنِي عَلَى خَزَائِنِ الْأَرْضِ إِنِّي حَفِيظٌ عَلِيمٌ
яъни: “(Юсуф) деди: “Мени шу ернинг хазинабони қилиб қўй! Зеро, мен (омонатни) сақловчи ва (ўз ишини пухта) билувчидирман” (Юсуф сураси 55-оят).
- Кўз тегиши ҳақдир. Пайғамбарлар – одамлар орасида энг кўп Аллоҳ таолога таваккул қилувчи зотлардир. Шу сабабли бу қиссадан биламизки, кўз тегишига қарши чораларни кўриш таваккулга зид бўлмаган, жоиз ишдир. Қуръони каримда Яъқуб алайҳиссаломнинг фарзандларига кўздан сақланиш учун қилган тавсияси шундай ифодаланади:
وَقَالَ يَا بَنِيَّ لَا تَدْخُلُوا مِنْ بَابٍ وَاحِدٍ وَادْخُلُوا مِنْ أَبْوَابٍ مُتَفَرِّقَةٍ وَمَا أُغْنِي عَنْكُمْ مِنَ اللَّهِ مِنْ شَيْءٍ إِنِ الْحُكْمُ إِلَّا لِلَّهِ عَلَيْهِ تَوَكَّلْتُ وَعَلَيْهِ فَلْيَتَوَكَّلِ الْمُتَوَكِّلُونَ
яъни: “(Сўнгра уларни сафарга кузатаётиб) айтди: “Эй, ўғилларим! (Мисрга) бир дарвозадан кирмангиз, балки турли хил дарвозалардан кирингиз! Мен сизлардан Аллоҳнинг бирор ҳукмини қайтара олмайман. Ҳукм фақат Аллоҳнинг измидадир. Унгагина таваккул қилдим. Барча таваккул қилувчилар (ҳам) Унинг Ўзигагина таваккул қилсинлар!”” (Юсуф сураси 67-оят).
- Мусулмоннинг ҳаётида дуонинг муҳимлиги. Дуо – ибодатнинг асосидир! У банданинг Роббига қанчалик боғлиқлигини кўрсатиб туради. Юсуф алайҳиссалом Аллоҳ таолога кўп дуо қилдилар, бошларига тушган ҳар бир машаққатда Аллоҳ таолога дуо билан боғландилар. Аёлларнинг макрига учраганда, бу балони даф қилишни сўраб дуо қилдилар. Аллоҳ У Зотга кенгчилик берганида, илм ва имон билан сийлаганида шундай дуо қилдилар:
رَبِّ قَدْ آَتَيْتَنِي مِنَ الْمُلْكِ وَعَلَّمْتَنِي مِنْ تَأْوِيلِ الْأَحَادِيثِ فَاطِرَ السَّمَاوَاتِ وَالْأَرْضِ
أَنْتَ وَلِيِّي فِي الدُّنْيَا وَالْآَخِرَةِ تَوَفَّنِي مُسْلِمًا وَأَلْحِقْنِي بِالصَّالِحِينَ
яъни: “Эй, Раббим! Менга подшоҳлик ато этдинг, яна барча гап (туш)ларнинг таъвил (таъбир)ларидан менга таълим бердинг. Эй, осмонлар ва Ерни ижод этган зот! Дунёю охиратда Ўзинг эгамдирсан. (Ажалим етганида) мусулмон ҳолимда вафот эттир ва мени солиҳлар (қатори)га қўшгин!” (Юсуф сураси 101-оят).
Аллоҳ таоло барчамизни Қуръони каримни ўқийдиган, уни тадаббур қиладиган, ибрат ва насиҳат оладиганлардан қилсин! Омин!
Муҳтарам имом-домла! Маъруза таъсирли чиқиши учун Юсуф алайҳиссалом қиссасини ўрганиб чиқиш тавсия қилинади.
Муҳтарам имом-домла! Келгуси жума маърузаси “Эзгу амал – қалб лаззати” мавзусида бўлади, иншааллоҳ.