muslimuz

muslimuz

Ислом уламолари ўртасида илк даврдан бошлаб, ҳадисларнинг тўғрилиги, яъни, саҳиҳлиги, манбаларнинг ишончлилигига алоҳида эътибор берилган. Бунга сабаб ўша даврдан бошлаб, мусулмонлар орасида ноаниқ, шубҳали, ҳатто ғаразли мақсадларга қаратилган сохта ҳадислар ҳам тарқала бошлаган.

Маълумки, саҳобалар ўз жонлари-ю молларини дин учун, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам учун фидо қилган зотлар бўлишган. Улар Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ҳадисларига бевосита шоҳид бўлганларки, уларнинг ҳадис тўқиши эҳтимолдан йироқ ишдир. Чунки Ислом тарихидан биламизки, саҳобалар ҳар бир хато, ножўя ишларга, ёлғонга жим қараб турмаганлар, балки бу каби ҳолатларга жуда қаттиқ турганлар.

Аммо, тобеъинлар даврида илк сиёсий ихтилофлар вужудга келиши баъзи мавзуъ ҳадисларнинг пайдо бўлишига сабаб бўла бошлади. Лекин, бу даврда адолатпеша саҳобаларнинг ҳаётликлари бу ҳаракатларнинг кенг тус олишига тўсқинлик қилган.

Тобеъинлардан кейинги даврда Ислом динининг турли халқлар орасида кенг тарқалиши, сиёсий ихтилофларнинг кенг тус олиши, ҳақиқий диний илмлардан узоқлашиш турли соҳаларда мавзуъ ҳадисларнинг кўпайишига олиб келди.

Ҳадис тўқувчиларнинг асосий сабаблари қуйидагича:

Сиёсий ихтилофлар: Баъзи олимлар мавзуъ ҳадислар ҳижрий 41 йилга, яъни Али розияллоҳу анҳунинг халифалик даврига тўғри келади деган фикрни олға сурганлар.

Шиалар ўз даъвосини қўллаб қувватлаш учун қуйидаги мавзуъ ҳадисларни тўқиб чиқардилар: “Менинг ўринбосарим, менинг сирдошим, аҳли байтимдан менинг халифам, мендан кейин халифаликка энг лойиқ одам Алидир”, “Ҳар бир Пайғамбарнинг васиятчиси ва вориси бўлгани каби менинг ҳам васиятчим ва ворисим Али ибн Абу Толибдир”, “Ким Алини инсонларнинг энг яхшиси демаса, кофир бўлади”, “Алига назар ташлаш ибодатдир”.

Бу борадаги тўқилган ҳадисларнинг мазмуни асосан баъзи шахсларни улуғлаш маъносида бўлди. Ҳар бир тоифа ўз етакчиси, бошлиғининг фазилати ҳақида ҳадис тўқишга ҳаракат қилди.

Манбаларда кўрсатилишича, бу ҳаракатни биринчи бўлиб “шиа” тоифаси бошлаган.

Шу ўринда, мазкур мазмундаги мавзуъ ҳадисларни базиларини мисол тариқасида айтиш мумкин:

“Мен илм шаҳри бўлсам, Али унинг эшигидир”,

“Сизларнинг қозингиз Алидир”.

Халифалик Умавийларга ўтгандан кейин уларнинг тарафдорлари араб миллатига мансуб бўлмаган одамларга нисбатан менсимаслик ва камситиш туйғуси билан муомала қилганлар. Натижада, турли тўқима ҳадислар вужудга келди.

Ислом душманлари: Булар мусулмонларни ақидаларидан ва Ислом динидан узоқлаштириш мақсадида ҳадислар тўқиб, уларга асосланган ботил ақидаларни мусулмонлар орасида тарғиб қилганлар. Айтиш мумкинки, Ислом душманлари ўша даврда кенг тарқалган турли диний оқимларнинг ниқоби остида фаолият кўрсатганлар.

Бундай кишилардан бири Муъалло ибн Абдуроҳман вафот етиши олдидан бундай деган: “Мен Алининг фазли тўғрисида 70 ҳадис тўқиганман”. Одамларнинг Ислом динини қабул қилмасликлари, қабул қилганларни эса, ундан совитиш мақсадида зиндиқлар (дин душманлари яъни, динсизлар) мантиқсиз, ақл бовар қилмайдиган ва эртакка ўхшаган ҳадисларни тўқий бошлаганлар.

Жаъфар ибн Сулаймон айтади: “Ислом душманларидан бири одамлар орасида Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтмаган 400 ҳадисни тарқатганига иқрор бўлди”.

Қасддан эмас, балки баъзи ровийларнинг хато гумонлари туфайли вужудга келган мавзуъ ҳадислар: Бунинг кўриниши, саҳиҳ ҳадис матнига баъзи иборалар ёки сўзларнинг қўшилиб қолиши шаклида бўлади.

Шунингдек, Аллоҳнинг сифатларига, тарихий воқеликка ҳамда тиббиёт фанига зид келувчи ҳадислар ҳам мавзуъ ҳисобланади. Бундан ташқари бир ирқни, мазҳабни, мазҳаб имомларини, адашган фирқаларни мадҳ этувчи ва саҳобаларни камситувчи ҳадислар ҳам мавзуъ ҳисобланади.

Ислом душманлари ҳам кўпинча Ислом динини инсон ҳаёти учун салоҳиятсиз эканлигини исботлаш мақсадида мавзуъ ҳадислардан макр, ҳийла йўли билан фойдаландилар.

Кўпчилик олимлар фикрича, қайси соҳага оид бўлсин, яъни, ҳукмга оид, қиссалар тарғиб, таҳдидга оид бўлсин, мавзуъ ҳадисни унинг мавзуълигини билган ҳолда ривоят қилиш ҳаромдир. Аммо, унинг мавзуълигини очиқ айтиб ўтиш билангина жоиздир. Бунга далил ўлароқ Муслим ривоят қилган қуйидаги ҳадисни келтирилади:

“Ким мендан ёлғони кўриниб турган ҳадисни ривоят қилса, икки ёлғончининг биридир”.

Бу ҳадис мавзуъ ривоят қилувчига етарли раддия бўла олади, бироқ мавзуъ эканлигини келтириб ўтса жоиз дейишган.

Юқоридаги маълумотдан кўриниб турибдики, саҳобалар розияллоҳу анҳу ҳадисга нисбатан жуда жиддий муносабатда бўлганлар. Аммо, саҳобалардан кейинги даврларда пайғамбаримиз ҳадисларига бўлган муносабатлар турлича бўлди.

Мусулмонлар кенг оммаси ҳадисларни ёдлаш, уни англаб етишдан ожиз бўлдилар, ҳадисларнинг асл матнлари ва иснодларидан воқиф бўлувчилар камайди, энг ачинарлиси, ҳадислар шаънини топтагувчилар ҳам вужудга кела бошлади. Буларнинг натижаси ўлароқ, турли ботил оқим ва мазҳаблар, нотўғри ақидаларнинг вужудга келганини кўриш мумкин.

Муҳаммад Содиқ АБДУЛЛАЕВ,

Имом Бухорий номидаги Тошкент Ислом институти талабаси.

Шу йил 13 май куни Тошкент шаҳар Шайхонтоҳур тумани “Шайх Зайниддин” жоме масжидида пойтахтимизда фаолият юритаётган отинойилар иштирокида тадбир бўлиб ўтди. 

Унда Тошкент шаҳар бош имом-хатиби Абдуқаҳҳор домла Юнусов, бош имом-хатиб ўринбосари Эргашали домла Рустамов, Диний идора Хотин-қизлар масалалари бўйича бўлим мудираси Моҳира Зуфарова, Тошкент шаҳар бош имом-хатибининг хотин-қизлар масалалари бўйича ёрдамчиси Зулайҳо Соатова иштирок этди. 

Тадбирда сўзга чиққанлар диний соҳа ходимлари, жумладан, отинойиларнинг жамият ривожидаги ўрни беқиёс экани, уларнинг динимиз таълимотини кенг оммага етказиш борасидаги масъулиятли вазифалари, жаҳолатга қарши маърифат курашиш лозимлиги, соҳа вакиллари бирор масалани чуқур ўрганмасдан нотўғри фатво беришдан сақланиш ва бидъат-хурофотларнинг олдини олиш борасида ўз тавсияларини берди. 

Шунингдек, динимизнинг бешинчи устуни бўлган ҳаж арконини адо этиш, унинг асл моҳияти, аёлларга хос бўлган масалалар ва сафар одобларини зиёратчиларга тушунтириш лозимлигига урғу қаратди. 

Тадбир сўнгида отинойилар ўзларини қизиқтирган масалалар юзасидан соҳа мутасадиларидан атрофлича жавоб олди. 

Ўзбекистон мусулмонлари идораси

Матбуот хизмати

 

 

 

  1. Ҳажни ният қилиб эҳромга кирган зиёратчилар талбия айтиб Минога йўл оладилар.
  2. Минога чиқиб кетишдан олдин энг зарурий буюмлар олинади. Мино водийсига кетаётганда оддий уст бош олиб олинади. Ҳайит куни эҳромдан чиққандан кейин яна икки кун Минода тунаш учун керак бўлади;
  3. Аёллар эҳром ҳолатида бошларини ёпадилар, юзлари, бармоқлари эса очиқ бўлади. Кўйлаклар гулсиз, сидирға, ичи кўринмайдиган, тор бўлмаган, ўзига атрофдагиларни жалб қилмайдиган даражада бўлиши талаб этилади.
  4. Сочлар доимо рўмол тагида бўлиши керак. Сочлар ибодат чоғида халақит қилмаслиги учун турмакланади ёки бирор нарса билан боғлаб олинади. Ҳаж ва умра қилувчи аёл-қизлар пардозланмайди.
  5. Аёллар талбияни махфий, яъни паст овозда айтадилар. “Лаббайкаллоҳумма лабайк, лаббайка лаа шарийка лака лаббайк. Иннал ҳамда вал-ниъмата лака вал мулк, лаа шарийка лак”.
  6. Минодан Арофатга борилади, Арофатдан Муздалифага борилади. Муздалифадан Минога қайтиб, катта Ақабага борилади ва шайтонга тош отиш амали бошланади. Биринчи тошни отиш билан «лаббайка» айтиш тўхтатилади.
  7. Ўзи тош ота олмайдиганлар: беморлар, кексалар ўрнига вакиллари тош отса бўлади.
  8. Тош отиб бўлгандан кейин аёлларнинг соч учидан бир бармоқ бўғини (2,5–3 см.) узунлигида соч кесилади. Сочи умуман йўқ ёки бор бўлса ҳам 3 см.га етмайдиган аёллар бошига қайчини юргизиб қўйишлари кифоя қилади.
  9. Ҳайитнинг учинчи куни аср намозига қадар ҳажнинг яна бир улкан рукни, яъни фарзи бўлган тавофи ифозани адо этишга киришилади.
  10. Каъбани айланиш – тавофни 7 марта қилади, 1 ёки 2 марта тавоф қилиб, бутунлай тарк этиш мумкин эмас.
  11. Тавоф вақтида таҳорат кетиб қолса, таҳоратни янгилайди ва тавофни келган жойидан давом эттиради.
  12. Тавоф вақтида зиёратчилар кўп бўлса, аёллар ҳажарул асвадга яқинлашишга ҳаракат қилмасликлари керак.
  13. Саъй бошлашда Сафодан  Марвагача 1 саъй, Марвадан Сафогача 2-саъй ҳисобланади. 1 та ёки 2 та саъй қилиб кетиб қолинмайди. Сафо ва Марвадаги саъй 7 марта бўлади.
  14. Сафо ва Марва саъйи асносида (икки яшил устун орасида) аёллар югурмайди.
  15. Эҳром вақтида ҳеч ким билан талашмайди, ҳеч кимнинг ҳақига хиёнат қилмайди.
  16. Эҳромда ҳидли хушбўйликлардан эҳтиёт бўлиш мақсадида Каъба атрофида айланаётганда қўлларни Каъбага суртмаслик талаб этилади.
  17. Эҳромда атир совун, нам салфетка, мушк анбар, ҳидли тагликлар, косметикалар ишлатиш мумкинмас.
  18. Бирор ўсимликнинг баргини юлиш, ҳидлаш мумкин эмас.
  19. Жониворларга озор берилмайди.
  20. Аёллар эҳромда кийимларини алмаштиришлари мумкин.
  21. Дунё нафсидан узилиб, фақат зикр билан машғул бўлади.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси

Фатво маркази ва Хотин-қизлар масалалари бўйича бўлими.

Cавол: Нажосат теккан гиламларни карчер билан ювиб покласа бўладими?

Жавоб: Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм. Сиқишнинг иложи бўлмаган катта гиламларни сиз айтган услубда ювилганда пок бўлади. Чунки бундай ювиш жараёнида ювиш ускунаси (карчер) сувни гиламга пуркайди ва бу орқали гиламдаги нажосатни чиқариб юборади. Поклашдаги асосий нарса нажосатни йўқотишдир.

Фиқҳ китобларимизда гилам каби сиқишнинг иложи бўлмаган нарсаларни оқар сувга бир кеча оқизиб қўйиш орқали покланади деган гап гиламдаги нажосат чиқиб кетиши ва инсондаги васвасани йўқ қилиш учундир.

Ҳозирги кундаги карчерлар ҳам мана шу ишни, яъни гиламдаги нажосатни чиқариб юбора олади. Чунки у гиламни ювишда юқори босим билан сув пуркаб ювади. Агар мана шу сув пуркашни уч марта такрорласа, гилам пок бўлади. Бу борада “Ҳошиятут таҳтовий ала мароқил фалоҳ” китобида бундай жумлалар келади:

“Яъни нажас бўлган нарсани уч марта ювиш ва сиқиш деган шарт шу нарсани бир идишга ботирилган ҳолатга тегишли. Агар нажосат теккан мазкур нарса оқар сувга солинса ва устидан сув оқиб ўтса ёки сув кириб чиқиб кетадиган даражада уч марта кўп сув қуйса, тўлиқ пок бўлади. Бу ҳолатда сиқиш, қуритиш ва такрор сувга ботириш деган шарт бўлмайди. Ихтиёр қилинган гап мана шу. Бунда гилам ва бошқа нарсаларнинг фарқи йўқ. Уламоларнинг “Гиламнинг оқар сувга бир кеча оқизиб қўйиш” деган гаплари васвасани йўқ қилиш учун айтилган”. Валлоҳу аълам.

 

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Фатво маркази

الإثنين, 13 أيار 2024 00:00

Бир оят тафсири: Куввирот

بسم الله الرحمن الرحيم

 الحمد لله رب العالمين الصلاة و السلام على سيدنا محمد وعلى آله و أصحابه أجمعين لا حول ولا قوة إلا بالله

 “Таквир” сураси. 1 оят тафсирларидан таржималар

Қуръон оятлари оламларнинг тарбиячиси томонидан нозил бўлган экан, унинг ҳайбати ҳам, оятлар замиридаги маънолар ҳам шунга яраша бўлади. Ожиз бандалар ҳаммалари жамланиб тафсир ёзсалар ҳам, ҳамма ёзилган тафсирлар жамланса ҳам бу илоҳий калом маъносини тўлиқ очиб бера олмайди. Шунинг учун ҳар бир тафсир қилиш ҳуқуқи бўлган муфассир ўз имконияти доирасидан келиб чиқиб ижтиҳод қилади. Қуйида ана шундай мўътабар тафсирлардан таржималарни тақдим этмоқдамиз

Таквир” сураси Маккада нозил бўлган.

«Таквир» сўзи луғатда «ўраш» маъносини билдиради.

بسم الله الرحمن الرحيم

إِذَا الشَّمْسُ كُوِّرَتْ

“Қуёш ўралганида”.

Оятдаги «куввирот» сўзи бир нарсани думалоқ қилиб ўраш маъносини билдиради. Қуёшнинг ўралиб қолиши, яъни сўниши қиёматнинг қоим бўлиши аломатларидандир. Яъни, қиёмат куни келганида қуёш ўзига ўзи ўралади ва нури батамом тўсилади. (Ирфон).

Вақтики, қуёшни буклаб, ўралса.

Абдуллоҳ ибн Умар разияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади – Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Ким қиёмат кунини кўзи билан қарагандек кўришни хоҳласа “Изаш-шамсу куввират”, “Ва изас-самоун-фатарат”, “Изас-самоун-шаққат” сураларини ўқисин” дедилар. (Имом Аҳмад ривояти. Имом Термизий ҳам шу каби ривоят қилган).

Али ибн Абу Талҳа ибн Аббос розияллоҳу анҳумодан ривоят қилишича إِذَا الشَّمْسُ كُوِّرَتْ яъни “Қуёш қоронғулашса”.

Авфий эса: “Йўқолса” деган.

Мужоҳид: “Зим бўлиб йўқолса, туганса” деган. Зиҳок ҳам шундай деган.

Қатода: “Нури кетса” деган.

Саъид ибн Жубайр: “Тушиб кетса” деган.

Рабиъ ибн Хусайм: “Отиб юборилса” деган.

Абу Солиҳ: “Ташланса, ташлаб юборилса” ва яна “Ағдарилса, тўнтарилса” деган. Зайд ибн Аслам: “Ерга тушиб кетса” деган.

Ибн Жарир: “Бизнинг наздимизда нарсани бир-бирига жамламоқ (ўрамоқ) деган сўз тўғрироқ. تكوير العمامة  (саллани ўрамоқ) сўзи шундан. Шунга кўра كُوَّرَتْнинг маъноси бир-бирига жамланиб, сўнг ўралиб, ирғитилса шундан кейин нури сўнишини англатади” деган”.

Ибн Абу Ҳотим ибн Аббос розияллоҳу анҳумодан ривоят қилади: “Аллоҳ қиёмат кунида Қуёш, Ой ва юлдузларни денгизга буклаб, ўрайди. Сўнг ғарбдан шамол жўнатади, ўт уларни куйдириб юборади”. Омир Шаъбий ҳам шундай деган.

Ибн Абу Ҳотим яна Абу Марямдан ривоят қилишича Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам мазкур оят ҳақида: “Жаҳаннамда ўралса (букланса)деганлар.

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Қуёш ва Ой қиёмат кунида ўралурлар (букланурлар)дедилар (Имом Бухорий ривояти).

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Албатта, Қуёш ва Ой қиёмат куни дўзахдаги икки нурлардур”.

Қуёшнинг зоти эмас, балки уфқ узра ёйилган нурининг ўралиши маъносида бўлиши ҳам мумкин.

Саҳиҳ хабарларда келишича қиёмат кунида Қуёш машҳаргоҳда бошлар узра бир мил масофагача яқин бўлур. Инсонлар терларига ботиб кетурлар.

Абу Солиҳ “ағдарилса, тўнтарилса” деган. Ибн Аббос разияллоҳу анҳумо: Қуёшнинг ўралиши Аршга кирмоғидур” деган. Мужоҳиддан “Йўқолса, тугалланса” деб ҳам ривоят қилинган.

Замахшарий тафсирида айтади: “التكوير” - كوّرت العمامة (саллани ўраш)дан олиниб, Қуёшнинг нури ўралиши натижасида унинг уфқдаги ёғдусининг таралиб, ёйилиши адо бўлиши маъносида. У Қуёшнинг завол топиб тамом бўлишини ифода қилади. Чунки унинг нури яралганидан буён ўроғлиқ ҳолнинг акси – ёйилган ҳолатда бўлган эди.

Кўтарилиши ва тўсилиши маъносида бўлиши ҳам мумкин. Фалакидан ташланса, отиб юборилса.

Ривоят қилинишича, Қуёш ва юлдузларга ибодат қилганларга кўрасатиб қўйиш учун у иккиси (Қуёш ва юлдузлар) жаҳаннамга отиб ташланади. Қайсики, “Анбиё” сурасида баён қилинганидек: “Албатта, сизлар ва Аллоҳдан ўзга ибодат қилган нарсаларингиз жаҳаннам ёқилғисидирсиз” (98-оят).

 

“Ибн Касир”, “Руҳул маъоний” ва “Кашшоф” тафсирларидан олинди.

 Улуғбек қори ЙЎЛДОШЕВ,

Асака туманидаги “Муҳаммадсолиҳ ҳожи” жоме масжиди ходими.

Top