muslim.uz

muslim.uz

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг таклифига биноан расмий ташриф билан мамлакатимизда бўлиб турган Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош котиби Антониу Гутерриш пойтахтимиздаги Ҳазрати Имом мажмуасида бўлди.
Олий мартабали меҳмонга бу ердаги масжид ва мақбараларнинг бунёд этилиши, мажмуада сақланаётган Усмон Мусҳафи, унинг юртимизга келтирилиш тарихи ҳақида маълумот берилди.
Ўзбекистонда диний-маърифий соҳада олиб борилаётган ишлар, эътиқод эркинлиги, диний амалларни адо этиш учун яратилган шароитлар хусусида сўз борди.
Мамлакатимизда илм аҳлларининг бой меросини чуқур ўрганиш, тарихий обидаларни асраб-авайлашга алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Шу ҳудудда Президентимиз Шавкат Мирзиёев 2018 йил Ислом цивилизацияси маркази пойдеворига тамал тоши қўйган эди. Ушбу маҳобати ва моҳияти жиҳатидан улкан марказнинг қурилиши, пардозлаш ишлари изчил давом этмоқда. Меҳмонларга уч қаватли мажмуа қадимий обидаларимиз шаклида барпо этилганлиги ҳақида маълумот берилди.
Бу каби эзгу ташаббуслар халқимиз ва халқаро жамоатчилик томонидан кенг қўллаб-қувватланаётгани қайд этилди.
БМТ Бош котиби Антониу Гутерриш тарихий обидалардан ҳайратга тушганини таъкидлади. Ислом цивилизацияси маркази ташкил этилаётганини юқори баҳолади.

 

 

 

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати

Ислом ҳамкорлик ташкилоти ахборот агентликлари иттифоқи – UNA-OIC Марокашнинг Фес шаҳрида “Сафир” шиори остида Халқаро араб хаттотлик ва безак санъати фестивалининг тўққизинчи сессияси бошланганини ёзган.

Уч кун давом этадиган ушбу маданий тадбир жамоатчиликни, мухлисларни араб хаттотлиги ва безак санъати билан боғлиқ нафис расмларда қўлланадиган услублар билан яқиндан таништиради.

Шаҳар Минтақавий маданият бошқармаси бўлим бошлиғи Надия Берчид хоним Мағриб Араб матбуот агентлигига таъкидлаганидек, араб давлатлари санъаткорлик тажрибаси ва асарлари намойиш қилинаётган Халқаро араб хаттотлик ва безак санъати фестивали жорий сессияси дастури ранг-баранглиги билан ажралиб туради. “Музей ва санъат галереяси кечаси”нинг миллий миқёсдаги учинчи даврасига тўғри келган анжуман қатнашчилар учун кўплаб музейлар, маданият масканларини томоша қилиш учун қулай имкониятдир.

Тадбир давомида назарий ва амалий семинарлар ҳам ташкил этилади.

Муҳаррама Пирматова, ЎзА

الإثنين, 01 تموز/يوليو 2024 00:00

ЁШЛАР БУЮК КЕЛАЖАК ПОЙДЕВОРИДИР

30 июнь – Ёшлар куни муносабати билан Наманган вилояти диний соҳада фаолият юритиб келаётган ёшлар иштирокида тадбир бўлиб ўтди.

Ёшлик инсонга туҳфа этилган бебаҳо неъматдир. Ёшликда таълим олинган, касб-ҳунар ўрганган, вақтини қадрлаганлар борки Аллоҳ таоло бу кишиларни икки дунёсини саодатга тўлдиради. 

Бугунги кунда ёшларимиз кўплаб соҳалар қатори, диний соҳамиз ривожига ҳам  бел боғлаб хизмат қилиб келишмоқда.

Тадбирда, Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Шайх Нуриддин Холиқназар ҳазратларининг ёшларга Мурожаатномаси Ўзбекистон мусулмонлари идораси Наманган вилояти вакили Мусохон домла Аббосиддинов томонидан ўқиб эшиттирилди.

Шунингдек, тажрибали устозлар томонидан Юртимиз, динимиз равнақи йўлидаги тавсиялари тингланди, хайрли дуоларга қўл очилди ва барча иштирокчи ёшлар эсдалик совғалари билан тақдирландилар.

 

Ўзбекистон мусулмонлари идораси

Наманган вилояти вакиллиги Матбуот хизмати

الإثنين, 01 تموز/يوليو 2024 00:00

Ўзбекистон ёшларига байрам табриги

Қадрли ўғил-қизларим!

Сиз, азизларни мамлакатимиз ҳаётидаги қутлуғ айём – Ёшлар куни билан чин қалбимдан самимий муборакбод этаман.

Биз ўз олдимизга қўйган улкан мақсадларимиз ижобатини, Янги Ўзбекистон келажагини бутун эл-юртимиз қатори сиздек азму шижоатли фарзандларимиз билан боғлиқ ҳолда кўрамиз. Шу боис, ёшларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини таъминлаш, уларни камол топтириш давлатимиз сиёсатининг энг устувор йўналишларидан бири сифатида доимо эътиборимиз марказида бўлиб келмоқда.

Бу ҳақда сўз юритганда, сўнгги йилларда юртимизда ёшлар билан ишлаш бўйича дунёда ўхшаши кам бўлган вертикал бошқарув тизими яратилганини таъкидлаш лозим. Бу эса маҳаллалардаги Президент вакиллари бўлган ёшлар етакчилари орқали қанча-қанча йигит-қизларни касб-ҳунарга ўқитиш, бандлигини таъминлаш, бўш вақтини мазмунли ўтказиш ва ижтимоий қўллаб-қувватлаш билан боғлиқ кўплаб масалаларни қуйи бўғиннинг ўзида  ҳал этиш имконини бермоқда.

Айниқса, “Ёшлар дафтари”, “Ёшлар баланси” платформаси асосида олиб бораётган кенг кўламли ишларимиз натижасини ўғил-қизларимиз ўз ҳаётида аниқ ҳис этмоқда.

Ёшларга ер ажратиш орқали уларнинг даромадларини ошириш бўйича жорий этилган янги тизим туфайли бу йилнинг ўзида “маҳалла еттилиги” тавсияси билан 156 минг ёшга 60 минг гектар ер майдони 30 йил муддатга ижарага берилгани ҳам шу йўлдаги муҳим қадамдир.

Албатта, ёшларнинг мавжуд имкониятлардан унумли фойдаланиб, турли соҳаларда муҳим ютуқларга эришаётгани барчамизни хурсанд қилади. Биргина ўтган ўқув йилида мактаб ўқувчиларимиздан 55 нафари математика, кимё, биология, физика ва информатика фанлари бўйича нуфузли халқаро олимпиадаларда 8 та олтин, 15 та кумуш, 32 та бронза медалини, маданият ва санъат соҳасидаги нуфузли халқаро танловларда эса ёшларимизнинг 383 нафари бош совринни, 1 минг 359 нафари 1-ўринни қўлга киритди.

Яқинда Қатарда бўлиб ўтган футбол бўйича Осиё кубоги ўйинларида Ўзбекистон олимпия терма жамоаси мамлакатимиз тарихида илк бор Олимпиада йўлланмасини қўлга киритгани ҳам барчамизга чексиз ғурур ва ифтихор бағишлайди.

Мана, бизнинг қандай истеъдодли, билимли ва матонатли ёшларимиз бор! “Янги Ўзбекистон ёшлари” деган шарафли номга ҳар томонлама муносиб бўлган бундай йигит-қизлар бизнинг бебаҳо бойлигимиз, олтин фондимиздир.

Қадрли навқирон дўстларим!

Ўзбекистонда ёшлар сиёсати борасида олиб борилаётган кенг кўламли ишлар дунё миқёсида тан олинмоқда. Ўтган йили Ёшлар тараққиёти индексига кўра, Ўзбекистон ёшлар сиёсати соҳасида энг тез ривожланаётган мамлакатлардан бири, деб эътироф этилгани ҳам шундан далолат беради. Шунингдек, БМТ томонидан “Ёшлар стратегияси – 2030”ни намунавий тарзда амалга ошириш бўйича танлаб олинган 10 та мамлакатдан бири айнан Ўзбекистондир. 2022 йилда Бухоро шаҳри – Туркий дунё ёшлари пойтахти, 2024 йилда эса азим Тошкентимиз – Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлиги минтақасида биринчи ёшлар пойтахти деб эълон қилинди.

Шу кунларда мамлакатимизда илк бор ўтказилаётган Бутунжаҳон ёшлар фестивали ҳам Ўзбекистонга бўлган юксак эътибор намунаси, десак, тўғри бўлади. Ушбу анжуманда 92 та мамлакатдан 700 нафардан зиёд чет эллик ёшлар, 20 дан ортиқ нуфузли халқаро ташкилотлар, хорижий давлатларнинг вазирлик ва идораларидан раҳбар ва масъул ходимлар иштирок этмоқда. Энг муҳими, юртимиз ёшларининг бутун дунёда дўстлари, ҳамкорлари кўпаймоқда, билим ва касб ўрганиш, глобал мулоқот ва алмашувларда иштирок этиш имкониятлари кенгаймоқда.

Азиз ўғил-қизларим!

Фарзандлари билимли, истеъдодли, ўзининг кучи ва салоҳиятига ишониб, доимо олдинга интилиб яшайдиган халқ ва давлатнинг истиқболи албатта ёруғ бўлади. Биз Ўзбекистон ёшларини ана шундай эзгу фазилатлар соҳиблари этиб тарбиялаш учун бундан буён ҳам бор куч ва имкониятларимизни сафарбар этамиз.

Ҳеч қачон унутманг, сизлар ёшликнинг ҳар бир дақиқасини ғанимат билиб, доимо бунёдкорлик ва ижодкорлик ҳисси билан, Ватанга чексиз меҳр ва садоқат туйғуси билан яшасангиз албатта кам бўлмайсиз.

Сизларни бугунги байрам билан яна бир бор табриклаб, ўз олдингизга қўйган мақсадларга эришишда барчангизга сиҳат-саломатлик, бахт-саодат, омад ва зафарлар тилайман.

Байрамингиз муборак бўлсин, азиз ўғил-қизларим!

         

Шавкат Мирзиёев,

Ўзбекистон Республикаси Президенти

الإثنين, 01 تموز/يوليو 2024 00:00

HADDAN OSHMOQLIK HOJILIK MAQOMIGA ZID

ILYOSXON SOBITOV,
Uychi tumani "Obid qori" jome
masjidi imom-xatibi

Ушу бўлимдаги асосий материаллар Жалолиддин Нуриддиновнинг "Ҳаж ва умра қўлланмаси"дан олинди

Top