muslim.uz

muslim.uz

Қуръони каримда пайғамбарлар алайҳимуссаломга итоат этишга оид келган иккинчи ибора бу иттибо (эргашиш)дир.

﴿قُلْ إِنْ كُنْتُمْ تُحِبُّونَ اللَّهَ فَاتَّبِعُونِي يُحْبِبْكُمُ اللَّهُ وَيَغْفِرْ لَكُمْ ذُنُوبَكُمْ﴾

“Айтинг (эй, Муҳаммад!): Агар Аллоҳни севсангиз, менга эргашингиз. Шунда Аллоҳ сизларни севади ва гуноҳларингизни мағфират этади” (Оли Имрон сураси, 31-оят).

 

 

﴿الَّذِينَ يَتَّبِعُونَ الرَّسُولَ النَّبِيَّ الْأُمِّيَّ الَّذِي يَجِدُونَهُ مَكْتُوبًا عِنْدَهُمْ فِي التَّوْرَاةِ وَالْإِنْجِيلِ﴾

“Улар саводсиз элчига – исми ўзларидаги Таврот ва Инжилда ёзилган пайғамбарга (Муҳаммадга) эргашадилар” (Аъроф сураси, 157-оят).

 

﴿فَآَمِنُوا بِاللَّهِ وَرَسُولِهِ النَّبِيِّ الْأُمِّيِّ الَّذِي يُؤْمِنُ بِاللَّهِ وَكَلِمَاتِهِ وَاتَّبِعُوهُ لَعَلَّكُمْ تَهْتَدُونَ﴾

Бас, Аллоҳга ва Унинг расулига иймон келтирингиз! У (расули) Аллоҳга ва Унинг калималари (илоҳий китоблари)га ишонадиган саводсиз пайғамбардир. Унга эргашингиз, токи ҳидоят топгайсиз!(Аъроф сураси, 158-оят).

 

﴿لَقَدْ تَابَ اللَّهُ عَلَى النَّبِيِّ وَالْمُهَاجِرِينَ وَالْأَنْصَارِ الَّذِينَ اتَّبَعُوهُ فِي سَاعَةِ الْعُسْرَةِ﴾

Аллоҳ Пайғамбарнинг, муҳожирлар ва ансорларнинг тавбаларини қабул этди. Улардан бир гуруҳининг диллари чалғиёзгандан кейин оғир (бир) соатда унга эргашган эдилар(Тавба сураси, 117-оят).

 

يَٰٓأَيُّهَا ٱلنَّبِيُّ حَسۡبُكَ ٱللَّهُ وَمَنِ ٱتَّبَعَكَ مِنَ ٱلۡمُؤۡمِنِينَ ٦٤

“Эй, Пайғамбар! Сизга ва Сизга эргашган мўминларга Аллоҳ кифоядир” (Анфол сураси, 64-оят).

 

﴿رَبَّنَا آَمَنَّا بِمَا أَنْزَلْتَ وَاتَّبَعْنَا الرَّسُولَ فَاكْتُبْنَا مَعَ الشَّاهِدِينَ

Эй, Роббимиз, нозил қилган нарсангга иймон келтирдик ва Пайғамбарга эргашдик. Шундай экан, бизни гувоҳлик берувчилар билан бирга (қўшиб) ёзгин!(Оли Имрон сураси, 53-оят).

 

﴿قُلْ هَذِهِ سَبِيلِي أَدْعُو إِلَى اللَّهِ عَلَى بَصِيرَةٍ أَنَا وَمَنِ اتَّبَعَنِي

Айтинг: Менинг йўлим – шу! Мен ва менга эргашганлар аниқ ҳужжат билан Аллоҳга даъват этамиз(Юсуф сураси, 108-оят).

 

﴿إِنَّ أَوْلَى النَّاسِ بِإِبْرَاهِيمَ لَلَّذِينَ اتَّبَعُوهُ

Одамлар ичида Иброҳимга дўстроғи – унга эргашганлар(Оли Имрон сураси, 68-оят).

 

﴿وَجَعَلْنَا فِي قُلُوبِ الَّذِينَ اتَّبَعُوهُ رَأْفَةً وَرَحْمَةً

“...унга эргашган кишиларнинг дилларида меҳрибонлик ва шафқат (пайдо) қилдик” (Ҳадид сураси, 27-оят).

 

﴿وَأَنْذِرِ النَّاسَ يَوْمَ يَأْتِيهِمُ الْعَذَابُ فَيَقُولُ الَّذِينَ ظَلَمُوا رَبَّنَا أَخِّرْنَا إِلَى أَجَلٍ قَرِيبٍ نُجِبْ دَعْوَتَكَ وَنَتَّبِعِ الرُّسُلَ

“(Эй, Муҳаммад!) Одамларни огоҳлантириб қўйингки, уларга азоб келадиган куни (қиёматда) зулм қилганлар: «Эй, Раббимиз! Бизларга озгина муҳлат бергин, Сенинг даъватингга ижобат қилурмиз ва пайғамбарларга эргашурмиз», – дейдилар(Иброҳим сураси, 44-оят).

 

﴿وَمَا جَعَلْنَا الْقِبْلَةَ الَّتِي كُنْتَ عَلَيْهَا إِلَّا لِنَعْلَمَ مَنْ يَتَّبِعُ الرَّسُولَ مِمَّنْ يَنْقَلِبُ عَلَى عَقِبَيْهِ

“Пайғамбарнинг сизларга гувоҳ бўлиши учун “ўрта уммат” қилиб қўйдик. Сиз юзланган олдинги қиблани Биз фақат орқага қайтиб кетаётганлар ичида ким пайғамбарга эргашар экан, деб қилдик (қайта тикладик)(Бақара сураси, 143-оят).

 

﴿قَالَ يَا قَوْمِ اتَّبِعُوا الْمُرْسَلِينَ

“...деди: Эй, қавмим! (Бу) элчиларга эргашингиз!(Ёсин сураси, 20-оят).

 

﴿وَإِنَّ رَبَّكُمُ الرَّحْمَنُ فَاتَّبِعُونِي وَأَطِيعُوا أَمْرِي

“Шубҳа йўқки, сизларнинг Раббингиз Раҳмондир. Бас, менга эргашингиз ва амримга итоат қилингиз!...» (Тоҳо сураси, 90-оят).

 

﴿فَقَالُوا أَبَشَرًا مِنَّا وَاحِدًا نَتَّبِعُهُ إِنَّا إِذًا لَفِي ضَلَالٍ وَسُعُرٍ

“Бас, айтдилар: «Бизлар ўзимизнинг орамиздаги бир одамга эргашамизми?! У ҳолда бизлар ҳақиқатан ҳам гумроҳлик ва нодонликда бўлурмиз-ку!” (Қамар сураси, 24-оят).

Юқоридаги барча оятлар пайғамбар алайҳиссаломга итоат этиш лозимлигини кўрсатади. Зеро, пайғамбарлар башариятга гўзал намуна ўлароқ юборилгандирлар. Уларнинг вазифалари фақатгина сўз орқали даъват қилиш билан чекланмайди. Пайғамбарларнинг ҳатти-ҳаракатлари инсонларга ҳаёт йўлини кўрсатишда муҳим аҳамият касб этади. Бу ҳақда Қуръони каримда бундай дейилади:

﴿لَقَدْ كَانَ لَكُمْ فِي رَسُولِ اللَّهِ أُسْوَةٌ حَسَنَةٌ لِمَنْ كَانَ يَرْجُو اللَّهَ وَالْيَوْمَ الْآَخِرَ وَذَكَرَ اللَّهَ كَثِيرًا

(Эй, иймон келтирганлар!) Сизлар учун – Аллоҳ ва охират кунидан умидвор бўлган ҳамда Аллоҳни кўп ёд қилган кишилар учун Аллоҳнинг пайғамбарида гўзал намуна бордир” (Аҳзоб сураси, 21-оят).

Маълумки, фақатгина назарий таълим билан инсонларни ислоҳ қилиб бўлмайди. Бу борада одамларга эргашишлари (тақлид қилишлари) учун амалий намуна лозим. Зеро, инсон соҳа мутахассисидан амалий кўникмаларни ўрганмай туриб, фақатгина китобдан назарий билимларни ўрганиш билан муваффақиятга эриша олмайди. Масалан, тиббиёт соҳасида амалиётни кўрмай, ўрганмаган, фақат назарий билим олган шахсга инсон ҳаётини топшириб бўлмайди. Бу мисол ҳар бир билим соҳасига тегишли.

Ҳатто таом пиширишда ҳам фақатгина таомни қандай тайёрлаш йўриқномасини ўқиш билан бирор натижага эришиб бўлмайди, балки бунда ҳам амалиёт муҳим саналади. Бир сўз билан айтганда, инсонлар бирор нарсани ўрганишда ҳамиша амалий намунага муҳтождирлар. Айниқса, диний таълимда жуда муҳим.

Шу сабабли, Аллоҳ таоло бутун башариятга юборган пайғамбарларига муқаддас каломини ҳам қўшиб жўнатди. Тўғри, Аллоҳ таоло кўплаб пайғамбарларини юборди, лекин уларнинг барчасига ҳам илоҳий китоб нозил қилмади. Аммо ҳеч бир китоб пайғамбарсиз нозил бўлгани йўқ. Макка мушриклари бир неча бор пайғамбарсиз китоб нозил қилинишини сўрадилар, аммо уларнинг бу сўровлари рад этилди. Сабаби эса – оддий. Чуни инсонлар фақатгина китобга эмас, балки муаллимга ҳам муҳтождирлар. Шу сабабли, одамлар Аллоҳ таоло юборган пайғамбарга итоат этишлари ва эргашишлари шарт.

Юқорида таъкидланганидек, пайғамбарга итоат Аллоҳ таолога итоат этишдир. Бири иккинчисиз бўлмас. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳар бир айтган сўзлари ва қилган амаллари шак-шубҳасиз Аллоҳ таолонинг ваҳийига асосланган. Ҳатто Қуръони каримда у ҳақда бирор оят келмаган бўлса ҳам.

 

Муфтий Муҳаммад Тақий Усмоний ҳафизаҳуллоҳнинг

"Ислом шариатида суннатнинг ўрни" китобидан

Таржимон: Даврон НУРМУҲАММАД

1-қисм2-қисм, 3-қисм, Давоми бор...

“Масжид ал-Ҳаром”даги махсус “Кисва” фабрикасида энг моҳир тикувчи, хаттот ва рассомлар иштирокида Каъба кисваси “Каъбапўш”ни тикиш иши 6 ойда якунланди.
Кисва соф ипакдан қилинган бўлиб, уни тайёрлаш жараёнида 150 кг олтин ва кумуш иплар ишлатилади.

ЎМИ Халқаро алоқалар бўлими

الجمعة, 22 تموز/يوليو 2022 00:00

Юзларида сажда излари бор

­Тафсир

 

بِسْمِ اللَّهِ الرَّحْمَنِ الرَّحِيمِ

مُحَمَّدٌ رَسُولُ اللَّهِ وَالَّذِينَ مَعَهُ أَشِدَّاءُ عَلَى الْكُفَّارِ رُحَمَاءُ بَيْنَهُمْ تَرَاهُمْ رُكَّعًا سُجَّدًا يَبْتَغُونَ فَضْلًا مِنَ اللَّهِ وَرِضْوَانًا سِيمَاهُمْ فِي وُجُوهِهِمْ مِنْ أَثَرِ السُّجُودِ ذَلِكَ مَثَلُهُمْ فِي التَّوْرَاةِ وَمَثَلُهُمْ فِي الْإِنْجِيلِ كَزَرْعٍ أَخْرَجَ شَطْأَهُ فَآزَرَهُ فَاسْتَغْلَظَ فَاسْتَوَى عَلَى سُوقِهِ يُعْجِبُ الزُّرَّاعَ لِيَغِيظَ بِهِمُ الْكُفَّارَ وَعَدَ اللَّهُ الَّذِينَ آمَنُوا وَعَمِلُوا الصَّالِحَاتِ مِنْهُمْ مَغْفِرَةً وَأَجْرًا عَظِيمًا

«Муҳаммад Аллоҳнинг расулидир. У билан бирга бўлган (мўмин)лар кофирларга қаҳрли, ўз ораларида (мўминларга нисбатан) эса раҳм-шафқатлидирлар. Уларни (мудом) Аллоҳдан фазл ва розилик тилаб руку ва сажда қилаётган ҳолларида кўрарсиз. Уларнинг юзларида сажда асоратидан (қолган) белгилари бордир. Мана шу (сифатлар) уларнинг Тавротдаги мисолларидир. Уларнинг Инжилдаги мисоллари эса, худди шохлар чиқариб, қувватга киргач, йўғонлашиб ўз новдасида тик турган, деҳқонларни ажаблантирадиган ўсимликка ўхшайди. (Бу) улар сабабли кофирлар жаҳлини чиқариш учундир. Аллоҳ улардан имон келтириб, солиҳ амалларни қилган зотларга мағфират ва улкан мукофот ваъда қилгандир» (Фатҳ сураси, 29-оят).

Айрим кишилар: “Муҳамад соллаллоҳу алайҳи ва саллам барча инсонлардан, ҳатто пайғамбарлардан ҳам афзал эканига шубҳа йўқ. Лекин нима учун у зотнинг муборак исмлари Қуръони каримда бор-йўғи 4 ўринда зикр этилган? Ваҳоланки, олдинги пайғамбарларнинг кўпчилиги, мисол учун, Нуҳ алайҳиссалом 40 марта, Лут алайҳиссалом 27 марта, Солиҳ алайҳиссалом 9 марта, Иброҳим алайҳиссалом 69 марта, Мусо алайҳиссалом 136 марта, Исо алайҳиссалом 35 марта эсланган. Шу билан бирга, Каломуллоҳда “Эй Нуҳ; эй Лут; эй Иброҳим; эй Мусо; эй Ҳорун; эй Ҳуд; эй Солиҳ” дея пайғамбарларга мурожаат қилинган. Лекин сўнгги Пайғамбаримизга “Эй Муҳаммад!” дея хитоб қилинмаган. Бунинг боиси нима?» дейишади.

Муфассирларимиз айтишади: «Аллоҳ таоло Ҳабибимизнинг муборак исмларини Оли Имрон сураси 144; Аҳзоб сураси 40; Муҳаммад сураси 2 ва Фатҳ сураси 29-оятларда зикр қилиши баробарида у зотга Каломуллоҳнинг 13 ўрнида “Эй Набий”, 2 ўринда “Эй Расул!” деб мурожаат қилган. Аслида, юксак эҳтиромга сазовор кишига исми билан эмас, балки унинг унвони, даражаси ва мавқеи тилга олинади. Сарвари коинотга ҳам шундай бўлган.

Бундан ташқари, Қуръони каримда буйруқ майлида келган барча ҳукм оятлари бевосита Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга мурожаатдир. Шу орқали у зотнинг умматларига таълим берилган. Охирги замон умматини эса Аллоҳ таоло бошқа умматлардан улуғлаб, мақтаган: “Одамларга чиқарилган (маълум бўлган) умматнинг энг яхшиси бўлдингиз, (эй мусулмонлар!) зеро, сиз амри маъруф, наҳйи мункар қиласиз ва Аллоҳга имон келтирасиз» (Оли Имрон сураси, 110-оят). Бу ҳам, аслида, Пайғамбаримиз алайҳиссаломга берилган таърифдир: у зотнинг умматлари энг яхши уммат экан, ўзлари энг улуғ набийдир.

Шунингдек, Аллоҳ таоло Қуръони каримда сўнгги умматга 90 ўринда “Эй имон келтирганлар!” деб мурожаат қилган. Демак, инсонларнинг “Эй имон келтирганлар!” деган шарафли номга  сазовор бўлишларида Набий алайҳиссаломнинг рисолатлари асос бўлган. Қолган умматларга эса “Эй Одам фарзандлари!” деб 5 ўринда мурожаат қилинган. Шунинг ўзи ҳам Расули акрам соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг умматлари учун катта бахтдир».

Оятдаги “У билан бирга бўлган (мўмин)лар кофирларга қаҳрли, ўз ораларида (мўминларга нисбатан) эса раҳм-шафқатлидирлар” сўздан мурод Расулуллоҳнинг тўрт рошид халифаси – Абу Бакр, Умар, Усмон ва Али розийаллоҳу анҳумдир. Ҳақиқатан, ҳазрати Абу Бакр роийаллоҳу анҳу Маккадан Мадинага кўчиш асносида “Савр” ғорида Набий алайҳиссалом билан бирга бўлиш баробарида кўп вақтларни коинот султони билан бирга ўтказган. Ҳазрати Умар розийаллоҳу анҳу кофиларга жуда қаҳрли, ҳазрати Усмон розийаллоҳу анҳу мўмин-мусулмонларга раҳм-шафқатли эди. Ҳазрати Али розийаллоҳу анҳу эса кўп руку-сажда қиладиган, яъни ибодатга берилган зот бўлган (Аллоҳ барчаларидан рози бўлсин).

Шунингдек, оятнинг мазкур сўзи барча саҳобаларга оиддир. Чунки Набий алайҳиссаломнинг сафдошлари кофир ва мушрифларга қаҳри қаттиқ, мўмин-мусулмонларга нисбатан эса раҳмдил бўлишган.

Ҳадиси шарифда: “Бир-бирларингизга меҳрибон бўлмагунингизча жаннатга кира олмайсиз”, дейилди (Имом Ҳоким ривояти). Шунда саҳобалар: “Бизларнинг ҳар биримиз фарзандларимизга меҳрибонмиз”, дейишди. Шунда Набий алайҳиссалом: “Бу раҳмат эмас. Ҳақиқий раҳмат киши ўзига раво кўрган нарсасини биродарига ва фарзандларига илинишидир”, дедилар.

Нўъмон ибн Башир розийаллоҳу анҳу ривоят қилган ҳадисда эса: “Мўминларнинг барчаси бир киши кабидир. Унинг бир аъзоси оғриса, танасининг барча аъзоси иситмалайди ва бедор бўлади”, дейилган (Имом Муслим ривояти).

“Уларни (мудом) Аллоҳдан фазл ва розилик тилаб руку ва сажда қилаётган ҳолларида кўрарсиз”. Яъни, жаннатни сўраб, раҳматидан умидвор бўлишидир. “Руку ва сажда қилаётган ҳоллари...”нинг эса икки хил маъноси бор. Биринчиси, уларнинг намозни доимий тарзда жамоат билан ўқиши мунтазам равишда руку ва сажда қилишга киноя этилмоқда. Иккинчиси, Раббисидан қўрқиши ҳамда мўминларга тавозели бўлишидир.

Баъзи муфассирлар “Аллоҳдан фазл ва розилик тилаб...”дан мурод яшаш учун зарур нарсаларни сўраш эканини айтишади.

“Уларнинг юзларида сажда асоратидан (қолган) белгилари бордир”. Ҳасан Басрий раҳимаҳуллоҳ ва бошқалар оятдан мурод юзларида қўрқув ва намознинг белгилари бор, дейдилар.

Бошқалар эса: “Киши тунда уйғониб, узоқ вақт намоз ўқиса, тонг отганда унинг юзида бедорлик аломати сезилади, ранги ўзгариб, сарғаяди”, дейишади. Ҳасан Басрий ривоят қилган ҳадисда Набий алайҳиссалом: “Инсонларни бетоб деб ҳисоблайдиган кишиларга Аллоҳ раҳм қилсин. Лекин улар бетоб эмаслар (балки кўп намоз ўқиганлари учун ҳорғиндирлар)”, деганлар.

Имом Қатода раҳимаҳуллоҳ эса, юзида тупроқ изи борлиги учун шундай дейилган, дейди.

“Уларнинг юзларида...” оятидан мурод қиёмат куни таҳорат ва сажда белгилари борлиги учун шундай дейилган. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «“Мен қиёмат куни умматимни бошқа умматлар орасида танийман”, дедилар. Шунда саҳобалар: “Қандай қилиб танийсиз?” дейишди. Набий алайҳиссалом: “Сажда белгилари туфайли қиёмат куни умматимнинг (пешонаси) порлаб туради. Лекин бу ҳолат ҳеч бир умматда учрамайди”, дедилар» (Имом Ибн Можа ривояти).

“Мана шу (сифатлар) уларнинг Тавротдаги мисолларидир. Уларнинг Инжилдаги мисоллари эса, худди шохлар чиқариб, қувватга киргач, йўғонлашиб ўз новдасида тик турган, деҳқонларни ажаблантирадиган ўсимликка ўхшайди”. Яъни Расули акрам алайҳиссаломнинг умматлари васфи Тавротда ҳам, Инжилда ҳам баён этилган. Бу хабар Қуръони каримда келтирилмоқда. Буни аҳли китобларнинг ҳеч бири инкор этмайди, лекин яширади.

Саҳобалар Таврот ва Инжилда деҳқонларни ажаблантирадиган ўсимликка ўхшатилмоқда. Чунки саҳобалар Набий алайҳиссаломдан Ислом таълимотини олгач, бошқаларга ҳам уни етказиб, диннинг қувватланишига ҳисса қўшиши шундай таърифланмоқда. Дарвоқе, оламлар саййиди, Ҳабибимиз қисқа фурсат – 23 йил мобайнида башариятни жаҳолат ва зулмат ботқоғидан имон ва ҳидоят нурга олиб чиққани ҳаммани ажаблантириши табиий.

Эътибор берилса, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга ваҳий келганида у зот ёлғиз эдилар. Аллоҳнинг инояти билан у зот рисолатни одамларга етказиши натижасида мусулмонлар сафи секин-аста кенгайиб борди. Худди ниҳол дастлаб нозик бўлиб, сўнгра забардаст дарахтга айлангани каби Ислом ҳам дастлаб секин-аста, кейинчалик гуркираб бутун оламга ёйилди.

Аллоҳ таоло Исломнинг қандай ривожланганини, мусулмонлар сафи қандай кенгайганини ўсимликка қиёсламоқда. Бу бежиз эмас. Чунки деҳқонлар эккан ўсимлиги, ерга қадаган дон-дунлари, экин-тикинлари қанчалик гуркираса, шунчалик хурсанд бўлади. Бунинг ортидан қанчалаб одамлар мева-чевалардан, дон-дунлардан баҳраманд бўлади. Худди шундай Ислом ҳам жаҳолат ботқоғига ботган инсонларни ҳидоят билан неъматлантирди, уларга руҳий, маънавий озуқа берди.

Лекин бу ҳолат кофирларга ёқмайди. Шу боис Аллоҳ таоло: (Бу) улар сабабли кофирлар жаҳлини чиқариш учундир”, деб марҳамат қилди. Кофирлар мусулмонлар сони ошганидан асло хурсанд бўлмаган, аксинча, ич-этини еб, ҳақ диннинг пайини қирқиш илинжида бўлган. Ботиний ва рофизийлар Расулуллоҳ алайҳиссаломнинг вафотларидан сўнг кофир бўлиб, диндан қайтдилар. Лекин, шундай бўлса-да, Аллоҳ таолонинг нусрати ғолиб келди: «Ҳақиқат (яъни Ислом) келди ва ботил (куфр) йўқолди. Чунки ботил нарса йўқолувчидир» (Исро сураси, 81-оят).

“Аллоҳ улардан имон келтириб, солиҳ амалларни қилган зотларга мағфират ва улкан мукофот ваъда қилгандир”. Яъни, ҳамиша Ҳаққа итоат этиб, солиҳ амаллар қилган кишиларга Аллоҳ таолонинг улкан мукофоти бордир.

Аллоҳ таолонинг улкан мукофотларини олиш барчамизга насиб қилсин!

 

Абу Мансур Мотуридийнинг “Таъвилоту аҳлис сунна”

асари асосида Толибжон НИЗОМ тайёрлади.

Бугун, 22 июль куни Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Нуриддин домла ҳазратлари жума намозини мўмин-мусулмонлар билан бирга адо этиш ва мавъиза қилиш учун Тошкент шаҳридаги Ҳастимом даҳасида жойлашган "Ҳазрати Имом" жомесига ташриф буюрадилар.

Жума намозидан аввал гўзал қироат ва Муфтий ҳазратларининг файзли суҳбатларидан баҳраманд бўламиз, инша Аллоҳ.

Мўмин-мусулмонларни мазкур маърифий суҳбатга таклиф этамиз.

Муфтий ҳазратларининг жума намозларига ташрифлари ва суҳбатларини сайт ва ижтимоий тармоқларимиз орқали кузатиб боришингиз мумкин:

Youtube орқали томоша қилиш

Facebook орқали томоша қилиш

Instagram орқали эшитиш

Telegram voice орқали эшитиш

ITV орқали томоша қилиш (tas-ix)

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати

الجمعة, 22 تموز/يوليو 2022 00:00

Бараканинг сири

Бир киши солиҳ кишилардан бири билан гаплашиб туриб: барака деган нарса аслида йўқ нарса, деди.


Шунда солиҳ киши ундан: итлар билан қўйларни кўрганмисан?-деб сўради.


У: ҳа, кўрганман деди.


Солиҳ киши: қай бири кўпроқ болалайди?-деб сўради.


У: итлар еттитагача, қўйлар эса учтагача болалайди, деб жавоб берди.


Солиҳ киши: атрофингга қарасанг қайсинисини кўпроқ кўрасан?-деб сўради.


У: қўйлар кўпроқ, деди.


Солиҳ киши: аслида кўпроқ сўйилгани учун камайиб кетиши керак эмасмиди?-деб сўради.


У: ҳа, шундай бўлиши керак эди, деди.


Солиҳ киши: мана шу барака бўлади, деди.


У: нима учун қўйда барака бор, итда йўқ?-деб сўради.


Солиҳ киши: чунки, қўйлар эрта уйқуга кетади ва тонг саҳарда уйғонади. Натижада, барака нозил бўладиган вақтни топади. Итлар эса, туни билан ҳуриб чиқади ва саҳарга яқин уйқуга кетади. Шунинг учун барака нозил бўладиган вақтдан бебаҳра қолади, деб жавоб берди.

 

Ушбу ҳикоядан ибрат олайлик:
Тунларни турли хил ўйин кулгулар билан бедор ўтказиб, бомдод вақтида ухлаганларнинг умридан, ризқидан, авлодидан ва умуман ҳаётидан барака кўтарилади.

https://t.me/tuhur 

Top