muslim.uz

muslim.uz

السبت, 30 نيسان/أبريل 2022 00:00

Рамазон ҳайитининг одоблари!

Ислом динидаги катта байрамлардан бири – Ийдул-фитр куни яқинлашиб келмоқда. Бу вақт – бениҳоя хурсандчилик, Аллоҳ таолонинг фазли-марҳамати билан гуноҳлар кечириладиган фурсатдир.

Бу йил Рамазон кечаларида ўқилган таровеҳлар, хатми Қуръонлар жуда файзли ўтди. Мўмин-мусулмонлар Қуръони каримни бошидан-охиригача тўлиқ тинглаш бахтига муяссар бўлдилар.

Мана, муборак Рамазон ойи ҳам ниҳояланиб, кўнгиллар интиқ кутган ҳайит байрами арафасидамиз. Рамазон ҳайитида бир неча одоб ва суннатлар бор бўлиб, қуйида уларни эслаб ўтамиз:

  • Агар Рамазоннинг ҳайити бўлса, унда намозга чиқишдан аввал бирор нарса, ширинликлар еб олинади. Чунки, Имом Бухорий ҳазратлари Анас разияллоҳу анҳудан қилган ривоятларида зикр қилинишича, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам Рамазон ҳайитига хурмо еб чиқар эканлар. Уларни тоқ ҳолда ер эканлар. Аммо Қурбон ҳайити бўлса, ҳеч нима емасдан чиқилади.
  • Ҳайит намозларига боришда мисвок қилиб ва алоҳида ғусл қилиб олиш. Мисвокнинг барча намозлар олдидан қилиниши суннат эканлиги машҳурдир. Ғусл қилиш борасида эса Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳайит намозларига алоҳида ғусл қилишлари ривоят қилинган.
  • Чиройли, янги, ювилган кийимларини кийиш. Ибн Можжа ривоят қилган ҳадисда, Ибн Аббос разияллоҳу анҳу эслашича, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам икки ҳайитда ҳам йўл-йўл чопон (бурда)ларини кийиб чиққанлар.
  • Рамазон ҳайитида намоздан олдин «садақаи фитр»ни адо этиш вожибдир. Ушбу фитр садақасини намоздан олдин адо қилса ҳам жоиздир.
  • Ҳайит намозига эрта бориш. Яъни масжидга эрта бориб, ҳайит намозига шай туриш, хутба ва маърузаларга қулоқ тутиш савобли амал ҳисобланади.
  • Ҳайитга боришда бошқа йўлдан, қайтишда эса бошқа йўлдан келишга ҳаракат қилиш. Чунки, Имом Бухорий ривоятларига кўра, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг одатлари шундай бўлган. Буни Абу Довуд ва Ибн Можжалар Ибн Умар разияллоҳу анҳудан ривоят қилганлар. Зотан, бошқа-бошқа йўллардан юришда, савобнинг қадамлар ҳисобига кўпайиши, мусулмонларни кўриб-сўрашиш, ҳайитга чиққанига гувоҳларнинг кўпайиши ҳоллари юз беради.
  • Масжидга пиёда бориш. Имом Аҳмад ва Имом Бухорийлар Ҳазрати Али каррамаллоҳу важҳаҳудан ривоят қиладилар: “Ҳайитга пиёда чиқишлик суннатдандир”, деганлар.
  • Намоз ўқиладиган жойда нафл ўқимаслик керак. Чунки, Бухорий ва Муслимлар Ибн Аббос разияллоҳу анҳудан ривоят қилишларича, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳайит намозларига чиққанларида намоздан аввал ҳам, кейин ҳам намоз ўқимасдилар. 
  • Ёр-дўстларни ҳайит билан муборакбод этиш. Инсонларнинг бир-бирлари билан кўришишлари ва ҳайит байрами билан қутлашлари ҳам барчанинг кўнглига хурсандчилик улашадиган бу куннинг одобларидан ҳисобланади. Ҳайит кунида бир-бирларини табриклаш маъносида ўқиладиган муайян дуо бўлмаса ҳам, «Аллоҳ биздан ҳам сизлардан ҳам қабул қилсин» маъносидаги тилаклар билдириш яхши саналади.
  • Қавму қариндошларни зиёрат қилиш. Аслида қавму-қариндошларнинг ҳолидан хабар олиш барча вақтда ҳам мусулмон кишининг зиммасидаги вазифалардан ҳисобланади. Ҳайит кунларидек хурсандчилик кунларида эса бу вазифа яна таъкидлаб эслатиб қўйилган. Бу ҳам динимизнинг гўзаллигидан ҳисобланади. Қавму-қариндошлар зиёрат қилинганда ҳайитдаги умумий хурсандчиликлар доираси кенгаяди, уларга совғалар ҳам улашиладиган бўлса ўзаро меҳр-муҳаббат ришталари мустаҳкамланиб шоду-хуррамликлар янада зиёда бўлади.
  • Болаларни хурсанд қилиш. Ҳайит байрамида ёш болаларни хурсанд қилишга, бу куннинг бошқа кунлардан фарқли мусулмонларнинг байрами эканини англатишга ҳам алоҳида эътибор қаратиш лозим. Бунда уларга ҳайитлик совғалар улашиш, ҳайвонот боғларига ёки ўйингоҳларга олиб бориб ўйнатиб келиш мақсадга мувофиқ бўлади. Ҳайит байрамининг шодликларидан эҳтиёжманд оилаларнинг фарзандларини ҳам баҳраманд қилишга уриниш комил мусулмоннинг белгиларидан ҳисобланади.

Аллоҳ таоло юртимизни тинч, осмонимизни мусаффо қилсин. Барчамизга Рамазон ҳайити муборак бўлсин!

Абдулазиз БОБАМИРЗАЕВ

“Ҳидоя” ўрта махсус ислом
билим юрти мудири

Шу йил Рамазон ҳайити намози ўқилиши муносабати билан махсус автобус йўналиши ташкил этилади. Бу ҳақда "Тошшаҳартрансхизмат" AЖ Матбуот хизмати хабар берди.

Қайд этилишича, пойтахтнинг 11 та туманида жойлашган 98 та масжидда Рамазон ҳайити намози ўқилиши белгиланган.

“Ушбу масжидларга ташриф буюрувчи фуқароларга қулайлик яратиш, йўлларда пайдо бўладиган тирбандликларни олдини олиш ҳамда Рамазон ҳайити байрамида сифатли ва хавфсиз жамоат транспорти хизматини кўрсатиш мақсадида махсус автобус йўналишлари ташкил этилади”, дейилади хабарда.
Мазкур автобус йўналишлари соат 03:00 дан 06:00 га қадар қуйидаги кўчалар орқали ҳаракатланган ҳолда фуқароларнинг масжидларга келиб кетишлари учун хизмат кўрсатади:







Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати
Muslim.uz
@muslimuzportal | @mp3muslim | @diniysavollar

السبت, 30 نيسان/أبريل 2022 00:00

Самарадорликка йўл очган ҳужжат

Пойтахтимиздаги Миллий матбуот марказида Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Дин ишлари бўйича қўмита ҳамда Ўзбекистон халқаро ислом академияси томонидан “2022-2026-йилларга мўлжалланган Янги Ўзбекистоннинг тараққиёт стратегияси” мавзусида матбуот анжумани бўлиб ўтди. Унда стратегияни “Инсон қадрини улуғлаш ва фаол маҳалла йили”да амалга оширишга доир давлат дастурининг жорий йил И чорагидаги ижроси юзасидан бажарилган ишлар сарҳисоб қилинди.

Дастурнинг “Маънавий тараққиётни таъминлаш ва соҳани янги босқичга олиб чиқиш” деб номланган бешинчи йўналишида Дин ишлари бўйича қўмита, Ўзбекистон халқаро ислом академиясига бир қатор вазифалар юклатилган.

Тадбир иштирокчилари дастлаб Дин ишлари бўйича қўмита раисининг биринчи ўринбосари Давронбек Махсудовнинг айни пайтда амалга ошириб келинаётган ишлар ҳақидаги маълумотини тинглади.

— Бугун юртимизда аҳиллик, эзгулик, бирдамлик ва маънавий поклик фазилатлари улуғланадиган қутлуғ рамазон ойи ва мусулмонларнинг мўтабар байрами Ийд ал Фитр шукуҳи кезмоқда, — деди Д.Махсудов. — Рамазон ойининг ўтган даври мобайнида диний-маърифий соҳа ходимлари томонидан кам таъминланган 23 мингдан ортиқ оила, 8,5 минг нафар етим бола ҳолидан хабар олинди. Ушбу мақсадларга “Вақф” хайрия жамоат фонди томонидан жами 1 миллиард 896 миллион сўмдан зиёд маблағ сарфланди. Шунингдек, моддий ёрдамга муҳтож фуқароларга ҳомийларни жалб этган ҳолда 725 миллион сўмдан зиёд моддий ёрдам кўрсатилди.

Бугунги кунда юртимизнинг турли ҳудудларида жами 2331 та диний ташкилот давлат рўйхатидан ўтказилган. 2017-йилдан 2 та олий ва 1 та ўрта махсус ислом билим юрти, 72 та масжид ҳамда турли конфессияга тааллуқли 17 та ноисломий диний ташкилот фаолияти йўлга қўйилди. Диний конфессияларнинг барчаси ўз ибодатларини эмин-эркин адо этадилар, диний маросимларини бажарадилар.

Дунёда кузатилган CОВИД-19 пандемияси туфайли тўхтаб қолган Умра зиёрати январ ойида қайта тикланиб, бугунги кунга қадар 33 мингдан зиёд юртдошимиз Саудия Арабистони Подшоҳлигида зиёратда бўлиб қайтди. Ҳозирга келиб, Умра учун квоталар олиб ташланди, бу йилги Ҳаж амалларини ташкил этиш бўйича келишувлар амалга оширилмоқда.

Шунингдек, Имом Бухорий, Имом Термизий, Имом Мотуридий каби халқаро илмий-тадқиқот марказлари ҳам белгиланган вазифалардан келиб чиқиб самарали фаолият юритмоқда. Бугунги кунда марказлар томонидан буюк аждодларимиз илмий меросига оид 100 дан зиёд асар таржима қилиниб, нашр этилди. Бундан ташқари, диний таълим муассасалари ҳузурида ташкил этилган Қуръони карим ва тажвид курслари фаолияти мунтазамлик касб этган.

Тадбирда Ўзбекистон халқаро ислом академияси фаолияти ҳақида ҳам мутасаддиларнинг ҳисоботи тингланди.

— Ўзбекистон халқаро ислом академияси дунёдаги етакчи олий таълим ва илмий-тадқиқот марказлари орасида ўз нуфузига эга, — деди академиянинг биринчи проректори Шавкат Мавлонов. — Сўнгги йилларда фаолиятимизда кўплаб янгиликлар татбиқ этилмоқда. Нуфузли хорижий олий таълим муассасалари, илмий-тадқиқот марказлари ва халқаро ташкилотлар билан ҳамкорлик алоқалари кенгайди. Академия профессор-ўқитувчилари, ёш илмий тадқиқотчиларнинг халқаро конференция, илмий семинарлар ҳамда халқаро грантлардаги иштироки фаоллашди.

2021-йилда Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Таълим сифатини назорат қилиш давлат инспекцияси томонидан олий таълим муассасалари Миллий рейтинги эълон қилинди. Унга кўра, Ўзбекистон халқаро ислом академияси олий таълим муассасалари илмий салоҳият рейтингида 4-ўринни, ижтимоий-гуманитар соҳа бўйича ОТМлар рейтингида 5-ўринни, олий таълим муассасаларининг умумий рейтингида 7-ўринни эгаллади. Таълим муассасаси халқаро Тимес Нигҳер Эдуcатион (ТҲE) агентлигининг 2021-йилги “Импаcт Ранкингс” рейтингида дунёдаги етакчи 1000 та олий таълим муассасаси рўйхатидан ўрин олди.

Бугунги кунда академияда таҳсил олаётган 1670 талабанинг 39 нафари Россия, Тожикистон, Қозоғистон, Қирғизистон, Озарбайжон ва Афғонистон фуқароларидир. Таълим муассасаси Европа, Африка ва Осиёдаги 14 мамлакатнинг 37 та нуфузли олий таълим, илмий-тадқиқот муассасаси ва халқаро ташкилоти билан ҳамкорлик алоқаларини изчил амалга оширяпти.

Хусусан, ўтган қисқа вақтда Мисрнинг Ал-Азҳар университети, Россия Фанлар академияси Шарқ қўлёзмалари илмий-тадқиқот институти, Болгар ислом академияси, Буюк Британиянинг Кембриж Марказий Осиё форуми, Саудия Арабистонидаги Ислом тадқиқот ва таълим институти (ИРТИ), Япониянинг Аичи санъат университети ва бошқа қатор олий таълим ва илмий-тадқиқот марказлари билан мустаҳкам илмий-педагогик ҳамкорлик ўрнатилди.

Матбуот анжуманида, шунингдек, диний-маърифий соҳада келгусидаги режалар ҳақида сўз юритилди.

Нодир Маҳмудов,

“Янги Ўзбекистон” мухбири

Манба: “Янги Ўзбекистон” газетаси 2022-йил 30-апрел, 86-сон.

Имом Бурҳониддин Марғиноний роҳимаҳуллоҳ «Баёни эътиқоди аҳли суннат вал жамоат» китобининг форсча нусхасининг муқаддимасида айтадилар:

«Имом Нажмиддин Насафий роҳимаҳуллоҳ ушбу ақийда китобини Султон Аҳмад Санжар ибн Маликшоҳ Самарқандга зиёрат ташрифини қилганида ёзганлар. Султон Аҳмад Санжар Систон шаҳри амиридан Самарқанд имомларининг расмий ақийдаси ҳақида сўрайди. (Шоядки, султон Систон шаҳрида Карромия тоифаси пайдо бўлгани учун сўраган бўлса керак). Сўнг Нажмиддин Насафий роҳимаҳуллоҳдан китоб ёзишларини сўрашади. Сўнг ушбу китобга Саййид Носириддин Самарқандий ал-Ҳасаний, Имом Алоуддин Асмандий ва бошқа уламолар тасдиқлаб, имзо қўйишади».

«Баёни эътиқоди аҳли суннат вал жамоат» (форс тилидаги) асаридан 6-бет

Жорий йилнинг 28 апрель куни Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг Наманган вилояти вакиллиги томонидан вилоятда фаолият кўрсатаётган масжидлар имом-хатиб ва мутаваллилари учун ифторлик дастурхони ташкил этилди.


Унда муборак Рамазон ойида амалга оширилган ишлар сарҳисоб қилиниб, муборак Рамазон ойини муносиб тарзда кутиб олиш, уни юқори савияда ўтказиш ва мўмин-мусулмонларга қулай шароит яратиш ишларида фаоллик кўрсатиб, бошқаларга намуна бўлган йигирмадан ортиқ масжидлар жамоаси вилоят вакиллиги томонидан ташаккурнома ва қимматбаҳо совғалар билан тақдирланди.


Шунингдек, тадбирда яқинлашиб келаётган Рамазон ҳайитига тайёргарлик кўриш, масжидларда намозхонлар учун янада қулай шароитлар яратиш, масжидларнинг молиявий ҳолатини яхшилаш юзасидан тавсия ва кўрсатмалар берилди.

 

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати

Top