muslim.uz
Саудия ва Ўзбекистон тадқиқот институтлари ҳамкорлигида давра суҳбати ташкил қилинади
Қирол Файсал номидаги тадқиқот ва Исломий билимлар маркази ва Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Стратегик ва минтақалараро тадқиқотлар институти ҳамкорлигида "Янги Ўзбекистон - янги ташқи сиёсат" мавзусида давра суҳбати бўлиб ўтади. Тадбир 2021 йил 26 май куни Тошкент вақти билан соат 15:30 да бошланади.
Тадбирда асосан қуйидаги мавзулар муҳокама қилинади:
- Ўзбекистоннинг замонавий ташқи сиёсатининг Марказий Осиёда давлатлараро алоқалар ривожланиш динамикасига таъсири, шунингдек, минтақавий ривожланишнинг илғор ва қайтариб бўлмайдиган жараёнларини таъминлаш;
- Саудия Aрабистони Қироллигининг Яқин Шарқ мамлакатлари билан ўзаро манфаатли ҳамкорликнинг янги архитектурасини шакллантиришдаги ўрни ва аҳамияти;
- Тошкентнинг Aфғонистондаги тинчлик жараёнини ривожлантиришга қаратилган саъй-ҳаракатлари, Ўзбекистоннинг янги ташқи сиёсатида афғон векторининг мақсад ва вазифалари
Тадбир ҳақида маълумот бу ерда.
azon.uz
Даврий нашрларда: Уч карра амр ила қайтарилганмиз
Сирдарё вилояти бош имом-хатиби Ҳабибуллоҳ домла ЗОКИРОВ билан суҳбат
– Ассалому алайкум, домла. Яқинда бир эҳсонга борган эдик. Тушгача Қуръон тиловат қилиниб, келиб-кетувчиларга ош тортилди. Биз томонда “Худойи” деб аталадиган бу маросим тушдан кейин ичкиликбозликка айланади. Айтишларича, энди буёғи тўйга дахлдор бўлган эмиш... Афсус, бу манзара бугун ҳар биримизга таниш. Ичкиликбозлик иллати кенг тарқалган. Сиз билан шу мавзуда гаплашсак…
– Ва алайкум ассалом ва раҳматуллоҳ. Дарҳақиқат, Аллоҳ таоло Каломида бундай марҳамат қилган: «Дарҳақиқат, (Биз) Одам фарзандларини (азиз ва) мукаррам қилдик ва уларни қуруқлик ва денгизга (от-улов ва кемаларга) миндириб қўйдик ҳамда уларга пок нарсалардан ризқ бердик ва уларни Ўзимиз яратган кўп жонзотлардан афзал қилиб қўйдик» (Исро сураси, 70-оят).
Эътибор беринг, инсоннинг бошқа махлуқлардан фарқи мукаррам қилинганида, унга энг покиза нарсалар ризқ қилиб берилганида, дунёдаги барча мавжудотлар одамга беминнат хизматчи ўлароқ буйсундириб қўйилганида экан. Албатта, бундаги ҳикмат инсон Раббисини таниши ва унга ибодат қилиши, неъматларига шукр қилиши билан очилади. Ақлли киши ичкилик туфайли хор бўлганларни кўриб, “демак, менинг ҳам ҳолим шу бўларкан” дейиши табиий ҳолдир. Афсус, ичкиликка муккасидан кетиб, уни тарк этолмаганлар ҳануз жуда кўпчиликни ташкил этади.
Қимор балоси ҳам шундай. Бу икки бало инсоният тарихида қанча оилаларни барбод қилган бўлса-да, қизиғи, ҳеч ким “етар, бас” демайди, бу зарарли йўллардан қайтишни ўйламайди. Бу билан инсон ўзига кийдирилган азизлик тожини оёқости қилади. Инсонлик рутбасидан кечиб, ҳайвоний сифатларга ўз истаги билан рози бўлади. Аллоҳнинг пок назари нопок ва ҳаром нарса билан озиқланган танага, қалбга тушмайди. Ўзини билган одамга бундан ортиқ хорлик бормикин?..
– Одамлар бир ёмон ишга қўл урса ё урмоқчи бўлса, қайсидир тоифалар ўзларига “фатво” қидириб қолишади. “Қуръонда ароқ, деб айтилмаган”, “узум ҳалол бўлгач, унинг суви нега ҳаром бўлади?”, “Исломнинг биринчи даврида ҳам ичилган-ку, биз ҳам аста-секин ташлармиз” сингари гапларни эшитамиз...
– Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам марҳамат қиладилар: “Ҳар бир маст қилувчи нарса хамр (ақлни тўсувчи)дир. Ҳар бир хамр ҳаромдир” (Имом Муслим ривояти). Бу ҳадисдан билинадики, танани бўшаштирувчи ҳар бир нарса, маст қилувчи ичимлик ҳаромдир. Бу нарса ҳозир спиртли ичимликларда кўпроқ яққол намоён бўлмоқда. Ароқ, коняк, вино, пиво кабиларнинг барчаси ҳаромдир.
Энди Исломнинг биринчи даврига назар ташлайлик. Ҳазрат Умар Муоз ибн Жабал билан Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ҳузурларига борди. Ичкилик ва қимор борасида нега бирон тақиқ йўқлигини сўраб, “ичкилик ақлни, қимор эса молни йўқотмоқда”, дейишди. Улар қайғураётган нарса ҳақида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам аввалдан ўйлаб юрганларига шубҳа йўқ эди. Аммо у зот бу ҳақда Аллоҳ таоло ҳукм юборишини кутиб индамай юрар эдилар. Зеро, қайси ҳукм қачон келишини Аллоҳнинг Ўзи билгувчидир.
Бир куни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг олдиларига келган ҳазрат Умар саволларига жавобан Аллоҳ таоло туширган ваҳийни эшитди: «Сиздан май (маст қилувчи ичимлик) ва қимор ҳақида сўрамоқдалар. Айтинг: “У иккисида катта гуноҳ ва одамлар учун (айрим) фойдалар ҳам бор. Иккисининг гуноҳи фойдасидан каттароқдир”» (Бақара сураси, 219-оят). Аммо ҳазрат Умар янада кескинроқ ҳукм эшитишни истарди. Бу оят ўқиб берилгач, баъзи мусулмонлар “ана, фойдаси ҳам бор, дейилган экан. Биз шу фойдасини ният қиляпмиз”, деб ичиш ва қимор ўйнашда давом этишди. Бир куни жамоатга имомлик қилган киши ичкилик туфайли Кофирун сурасини ўқий олмади. Ҳолбуки, у бу сурани кўп марта ўқиган эди. Бу ҳолат Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга билдирилди. Ўша пайтда навбатдаги ваҳий тушди: «Эй имон келтирганлар! Токи гапираётган гапингизни (ўзингиз) биладиган бўлгунингизгача, маст ҳолларингизда намозга яқинлашмангиз!» (Нисо сураси, 43-оят).
Аммо бу оят ҳам тугал тақиқни билдирмасди. Чунки хуфтон намози ўқиб бўлингач, тонг отгунча ширакайф бўладиганлар бор эди. Бир кунги зиёфатда шеър ўқилиб, бир томон иккинчи томонни ҳақорат қилди. Муҳожир ва ансорлар биродарлик ришталарини унутиб, уришиб кетишди. Бошлар ёрилиб, қонлар оқди. Бу ҳолни кўрган ҳазрат Умар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ёнларига келиб, ҳодисани сўзлаб берди.
Гапи орасида, “Аллоҳим дардимизга малҳам бўлувчи қатъий ҳукм берсин”, деб дуо қилди. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламни ваҳий келадиган ҳол қамради. Сўнг ўтирганларга мана бу икки оятни айтиб бердилар: «Эй имон келтирганлар! Албатта, май (маст қилувчи ичимликлар), қимор, бутсанамлар ва (фол очадиган) чўплар шайтоннинг ишидан иборат ифлосликдирки, ундан четланингиз! Шояд (шунда) нажот топсангиз. Шайтон май билан қимор (ёрдами)да ўрталарингизга адоват ва нафрат солишни ва сизларни Аллоҳнинг зикри ҳамда намоздан қайтаришни хоҳлайди. Бас, энди сизлар (май ичишдан) тийилувчимисиз?» (Моида сураси, 90–91-оятлар).
Демак, биз бу иллатдан уч таъкид ила қайтарилганмиз. “Бас энди ҳам тийилмайсизми?” деган шиддатли огоҳлантириш бизга кифоя қилмайдими ахир?!
– Мутахассислар агар спиртли ичимликлар истеъмол қилиш 35 фоизга камайса, қотиллик 40 фоизга, безорилик 25 фоизга камайишини эътироф этишади...
– Бўлмасам-чи? Жамиятда содир этилаётган етмиш фоизга яқин қотиллик, саксон фоиз безорилик асосан мастлик оқибатида рўй бераётганини хабарлардан ўқиб, эшитиб, кузатиб келяпмиз-ку. Чунки ичкиликбозлик шахсий ва ижтимоий ҳаётнинг ҳамма шаклларига таъсир қилади. Ичкилик оқибатида одамлар жамият ва давлат олдида масъулият ҳиссини йўқотиб қўяди, безорилик ва қонунни бузишга алоқадор бошқа ҳаракатлар қилади. Ичкиликбозлик ишлаб чиқаришга ҳам зарар етказади, меҳнат интизомининг бузилиши ва унумдорлигининг пасайиши, одамларнинг хасталаниб қолиши ва вафотига олиб келади.
Бежиз Набий алайҳиссалом: “Хамр (яъни, ақлни тўсувчи ичимлик) барча ёмонликларнинг онасидир”, демаганлар (Имом Насоий ривояти). Бошқа ҳадисда: “Сиздан ким бир гуноҳ ишни кўрса, уни қўли билан қайтарсин, агар бунга қодир бўлмаса, тили билан қайтарсин, агар унга ҳам қодир бўлмаса, қалби билан қайтарсин, ана ўша имоннинг заифлигидир” (Имом Муслим ривояти), деганлар.
Шундай экан, ичкиликбозлик иллатига ҳар бир жамият аъзоси, ким бўлишидан қатъи назар, қарши курашмоғи лозим. Жамоатчилик, оммавий ахборот воситалари кўмагида бу иллатнинг нақадар улкан хатар эканини билдириш ҳар биримизнинг бурчимиздир.
– Мазмунли суҳбатингиз учун ташаккур.
Абдулатиф АБДУЛЛАЕВ
суҳбатлашди
Ўзбекистон – БАА компаниялари учун янги имкониятлар эшиги
БААнинг "Khaleej Times" электрон нашрида Ўзбекистоннинг БААдаги элчиси Бахтиёр Ибрагимовнинг «Ўзбекистон: Бирлашган Араб Амирликлари компаниялари учун янги имкониятлар эшиги» сарлавҳали мақоласи чоп этилди, деб хабар бермоқда «Дунё» АА.
Мазкур материалда Ўзбекистон ва БАА ўртасидаги яқин ўзаро алоқалар, хусусан, озиқ-овқат хавфсизлиги, энергетикага йўналтирилган инвестициялар, туризм ва савдо соҳаларидаги ҳамкорликнинг бугунги ҳолати ва истиқболларига эътибор қаратилган.
Материалда таъкидланишича, Ўзбекистон туризм саноатини модернизация қилиш, соҳани барқарор ривожланиши учун меъёрий-ҳуқуқий асосларни ишлаб чиқиш, хорижий меҳмонларга халқаро стандартларга мувофиқ хизмат кўрсатиш бўйича амалга оширилаётган ишларга ҳам алоҳида эътибор қаратмоқда. Ҳалол сертификатлашни жорий этиш, ҳалол туризм бўйича қўлланмалар тайёрлаш ва ҳалол меҳмонхоналар қуриш режалари ишлаб чиқилмоқда. 2019 йил март ойидан БАА фуқаролари ва аҳолиси мазкур рўйхатга киритилди.
Муаллиф икки мамлакат ўртасида ўзаро яқин алоқаларнинг жадалашиб бораётгани Ўзбекистон ва Бирлашган Араб Амирликлари ўртасидаги ҳамкорлик сифат жиҳатидан янги босқичга кўтарилганидан далолат бераётганини қайд этган.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси матбуот хизмати
Сардобадаги масжид обод бўлмоқда
Куни кеча Ўзбекистон мусулмонлари идораси масъул ходими Искандар домла Ҳалилов Сардоба туманидаги “Алишер Навоий” масжидига ташриф буюриб, жоменинг қайта қуриш ишларини кўздан кечирди, масжид ходимлари, қурувчи ва ҳашарчилар ҳолидан хабар олиб, қурилиш бўйича ўз таклиф ва тавсиялар берди.
Шу кунга қадар масжид том қисми ёпилган, бинонинг ички сувоқ ишлари якунланган бўлиб, ҳозирда ташқи сувоқ ва ички пардозлаш ишлари қилинмоқда.
Маълумот учун, ушбу жоме масжид Сардобадаги сув омборида юзага келган фавқулодда ҳолат натижасида катта зарар кўрган эди. Орадан кўп ўтмасдан ҳудуддаги масжидларни Ўзбекистон мусулмонлари идораси ҳомийларни жалб қилган ҳолда, қайта қуриш ва таъмирлаш ишларини бошлаб юборганди.
Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Усмонхон Алимов ҳазратлари Сирдарё вилояти Сардоба туманидаги “Алишер Навоий” жоме масжиди қайтадан қуриш ишларини бошлаш маросимида иштирок этиб, унинг пойдеворига тамал тоши қўйиб берган эдилар.
Масжид қуришнинг савоби улуғ экани Ислом манбаларида баён қилинган. Усмон ибн Аффондан ривоят қилинади: «Набий соллаллоҳу алайҳи вассалам: «Ким Аллоҳ таоло учун бир масжид қурса, Аллоҳ унинг учун жаннатда бир уй қуради», дедилар» (Имом Муслим ривояти).
Анас ибн Молик розияллоҳу анҳудан бундай ривоят қилинган: “Ким масжидда битта чироқ ёқса, ўша чироқнинг нури ўчгунича фаришталар у кишининг ҳаққига истиғфор айтиб турадилар”. Мана шундай савобли ишларга мухлис халқимиз масжидлар биноси қурилишида фаол иштирок этмоқда.
Аллоҳ таоло ушбу жоме масжидларни тез кунларда бунёд этилиб, халқимизга муборак айлашини насиб этсин!
Ўзбекистон мусулмонлари идораси матбуот хизмати
Ёшларни ахборот хуружлари ва мафкуравий таҳдидлардан асраш
Бугунги кунда мафкуравий таҳдидлар аҳолининг маълум бир қатламлари, айниқса, ёшларнинг қарашларини ўзларига маъқул бўлган йўналишда ўзгартириш, экстремизм, ахлоқсизлик каби бузғунчи ғояларни сингдиришга уринишдек кўринишларда содир бўлмоқда
Ҳозирги таҳликали замонда интернет тармоғи орқали тарқатилаётган ғаразли маълумотлар, турли бузғунчи ғоялар, одоб-аҳлоқни емирувчи манфур иллатлар ҳар бир онгли кишини ташвишга солиши аниқ.
Кейинги пайтларда интернет билан боғлик бузғунчиликлар, глобал тармокдан қабиҳ мақсадда фойдаланаётганлар кўпайиб бормоқда. Оқибатда, залолатга бошловчи электрон нашрлар ва видеолавҳалар кенг ёйилмоқда.
Ғаламис кимсалар ёшларни ўз тузоқларига илинтиришда интернетдан усталик билан фойдаланмоқда. Ўзларини «яқин дўст» ёки «ҳидоятга чорловчи» сифатида танитиб, ёшларни тўғри йўлдан чалғитмокда. Аслида, уларнинг дин ва шариат ҳақида умуман илмлари йуқ, фақатгина тўда бошидан ёдлаб олганларини такрорлашдан нарига ўтмайдилар. Бошқа томондан қараганда, улар бу жоҳиллиги билан бошқаларни ҳам жар ёқасига тортаётгани ва кимнингдир ноғорасига уйнаётганини билмайдилар. Бундайлар аввал дину диёнат, ибодат, жаннат ҳақида турли жозибали сўзларни гапириб, ғўр ёшларни йўлдан уриб, охир-оқибатда, разолат қурбонига айлантирмоқда.
Интернетдан олинган нарса тўғри, ишончли ва зарарсиз эканини билиш керак. Яхши-ёмоннинг фарқига бормаган ёшлар интернет орқали тарқатилган ҳар қандай маълумот-хабарларни ҳақиқат деб қабул қилаётгани жиддий хавотирга солади.
Ислом таьлимоти бузғунчиликни, одамлар қалбига ваҳима, душманлик ва фитна уруғларини сочишни қаттиқ қоралайди. Маълумки, сўнгги йилларда динни ўзларига ниқоб қилиб олган оқимлар, тоифалар пайдо бўлди. Улар ғаразли мақсадлари йўлида жамиятда бузғунчилик, бегуноҳ одамлар қонини ноҳақ тўкиш каби жиноятларни авж олдириб, фуқаролар тинчлигини бузиб, халқ орасида низо чиқаришга ҳаракат қилишмоқда.
Сарҳадсиз интернет дунёсига кирган шахс вақт, умр ғанимат эканини доимо ёдда сақламоғи лозим. Зеро, бу глобал тармоқ бепоён ҳудудларга эга бўлиб, унда инсон адашиб соатлаб, кунларини самарасиз ўтказиб юбориши мумкин.
Бугунги шиддатли глобаллашув даврида ёшлар онгу шуурини интернет орқали кириб келаётган зарарли ғоя ва таъсирлардан самарали ва ишончли ҳимоялаш тобора долзарб аҳамият касб этмоқда. Бу эса ўқитувчилар, маънавият тарғиботчилари, ота-оналардан янада ҳушёр ва огоҳ бўлишни, ёш авлоднинг ғоявий-мафкуравий иммунитетини мустаҳкамлаш борасидаги ишлар кўламини янада кенгайтиришни талаб қилади. Бизга маълумки, кўплаб сайт ва тармоқлар катта маблағлар эвазига фильтрлаб қўйилган ва бу ҳолатни кўплаб давлатларда кузатиш мумкин. Албатта, тақиқлар ёки фильтр воситалари орқали одамларни Интернет оламидаги турли кучларнинг хатарли таҳдидларидан, кераксиз ва салбий ахборотлардан сақлаш кийин ва фақатгина вақтинчалик ҳолат бўлиши мумкин. Ёшларимизнинг маънавий оламида бўшлик юзага келмаслиги учун уларнинг қалби ва онгида соғлом ҳаёт тарзи, миллий ва умуммиллий қадриятларга ҳурмат эҳтиром туйғусини болалик пайтидан бошлаб шакллантиришимиз керак
Таассуфки, бугун ёшларимизнинг аксарияти глобаллашув туфайли Европа ва хорижий маънавий-маданий оқимлар таъсирига кўпроқ иштиёқманд бўлиб, миллий маънавиятимизнинг ҳаётбахш, юксак ахлоқийликка асосланган тамойилларга ихлосмандлиги суст кечмокда. Инсон қадри, масъулияти, ахлоқига беписандлик баъзи ёшларнинг кийиниши, феъл-атвори, юриш-туришида яққол кўзга ташланиб қолмоқда. Бизнинг назаримизда инсон қадрияти унинг ахлоқийликка йўналгани билан белгиланиши керак. Дархақиқат, бугун ахборот чунонам кўп ва тез кириб келаяптики уларни «ҳазм» қилиш учун теран тафаккур ва кенг дунёкараш талаб этилади. Айникса интернет олами фарзандларимиз эътибори ва қизиқишини тортиб бораётган бугунги даврда айрим комьпютер ўйинлари ҳақида ҳам шундай мисолларни кетириш мумкин. Мутахассислар маълумотларига кўра, интернет орқали таркатиладиган компьютер ўйинларининг 49 фоизи сезиларли даражада зўравонлик ва ёвузлик кўринишига эга, 41 фоиз жангари (турли отишмалар ва портлашларга асосланган) ўйинларда эса ўйин қаҳрамони ўз максадига етишиш учун шундай зўравонлик ва ёвузлик содир этади. 17 фоиз ўйинларда ана шу зўравонлик ва ёвузликнинг ўзи бош максад ҳисобланади. Турли жанговар, менталитетимизга мос бўлмаган, баъзан қаҳрамонлик ваҳшийликка ўтиб кетадиган бу каби ўйинлар фарзандларимиз ахлоқий-эстетик тарбиясига тўғри таъсир кўрсата олади дея олмаймиз. Бир қарашда улар оддий ўйиндек кўрингани билан зўравонлик ғоялари, ёвузлик кайфиятини уйғотиши жуда кўп салбий окибатларга олиб келгани хусусида ҳаётий мисоллар кўплаб топилади.
Интернет сайтларида ёшларга кучли таъсир этувчи ахборотларни қуйидагича таснифлаш мумкин.
1 – тоифадаги ахборотлар сирасига ёт, бузғунчи ғоялар, экстремизм ва террорчилик ғоялари, миллатчилик, ирқчилик.
2 – тоифадаги ахборотлар эса ғарб ҳаёт тарзига хос, ўзбек менталитетига зид одатлар ва кўникмаларни таргиб этади. Бу айниқса, ғарб ёшларининг кийиниши, одатларини тарғиб қилувчи мақолалар, клиплар, фильмларда яққол намоён бўлади.
3 – тоифага эса порнографик ахборотларни киритиш мумкин.
4 – тоифага эса ҳали текширилмаган, ўз исботига эга бўлмаган турли ҳужумкор ахборотлар.
Интернет сайтларидан тарқатилаётган бу каби ёт ғоялар ва ахборотларни ёшлар томонидан қабул килинаётганлиги ва унинг оқибатлари жаҳондаги барча мамлакатлари халкини ҳам ташвишга солмокда.
Ёшларимиз онгини эгаллашга қаратилган ҳар қандай хатти-ҳаракатларга, миллий манфаатларимизга рахна солишга, маънавиятимизга тажовуз қилишга, умримиз мазмуни бўлган тарихий хотирамизни бузишга уринаётган ғаразли кучларга карши доимо огоҳ туришимиз даркор. Ана шундагина бизни ҳеч ким, ҳеч нарса ўз танлаган йўлимиздан ортга қайтара олмайди ва биз кўзлаган улуғвор максадларимизга албатта етамиз.
Юртимизга оломонча маданият асосан интернет тармоғи орқали кириб келаяпти. Бу ҳол одоб-ахлоқ, миллий ва диний қадриятларга ҳурмат пасайиши каби кўплаб нохушликларни келтириб чиқаряпти. Ёшларнинг ҳаёсизларча кийиниши, таналарига расм чиздириши, қулоқ ва бурунларини тешиб, «зирак» тақиб олишлари, қиз болаларнинг ўғил болаларга ўхшаб кийиниши каби «мода» унсурлари айнан интернет орқали ёйилаётгани аниқ.
Интернетдаги ғоявий тузоқлар гўё маданиятга ўхшаши ва ёшларга мойдек ёқиши билан ҳам хатарлидир. Инсоний ахлоқда терс оломонча маданият айрим ёшлар онгига чанг солиб, маънавият кушандасига айланмокда. Ачинарлиси, мазкур «маданият» таъсирига берилиб қолганини ёки унинг қурбонига айланаётганини кўпинча ёшлар ўзлари сезмайди.
Глобал ахборот тизимидаги хабарларни «фильтрсиз» қабул қилиш оқибатида ёшлар онги заҳарланмоқда. Масалан, бирор керакли маълумотни олиш мақсадида сайтга кирган ёшларнинг «фалончи машҳур шахс ҳалокатга учради» каби шов-шувли эълонга кўзи тушади ва беихтиёр уни очади. У ерда эса яна бир сайт очилади ва унда алдамчи хабарларнинг давомини ўқийди. Шу тариқа ғўр ёшлар ғаламисларнинг тузоғига илинади.
Бундай жирканч «маданият» таъсирига берилган ўсмир лоқайд, ҳаётга енгил-елпи қарайдиган, юрт равнақи ва халқ тинчлигига бефарқ кимса бўлиб улғаяди. Шунингдек, оломонча маданият тузоғига илинган болалар инсон истаган ишини қилавериши мумкин, деб билади, яъни ўтакетган манқуртга айланиб қолади.
Ижтимоий тармоқларнинг оила ва жамият барқарорлигига солаётган энг катта тахдидларидан яна бири – улардаги мулоқотлар сабабли кўплаб тинч-тотув оилалар барбод булиб кетаётганидир.
Фарзандининг истиқболини, ёрқин келажагини истайдиган ҳар бир ота-она тарбия масаласига жиддий эътибор бермоғи зарур. Бола тарбияни турли компьютер уйинлари, интернет ва ижтимоий тармоқлардан эмас, энг аввало ота-оналаридан, бобо-момоларидан, эзгуликка, покликка ва дину диёнатга чақирувчи яхши китоблардан олсин.
Инсонлар қалби ва онги учун катта курашлар кечаётган глобаллашув даврида юксак маънавият, одоб ахлоқ тарбиясига эътиборни кучайтириш долзарб вазифадир Ўсиб келаётган ёш авлодни диний – миллий қадриятлар асосида тарбиялаш, улар қалбида ўз халқи, Ватанига меҳр-садоқат туйғусини кучайтириш, уларни хар-хил бузғунчи кучларнинг ахборот хуружларидан огоҳ этиш, муносиб ҳимоя қилишдан иборатдир.
Одилжон Нарзуллаев
Янгийул тумани "Имом Султон"
жоме масжиди имом-хатиби