muslim.uz

muslim.uz

Ўзбекистоннинг Теҳрондаги элчихонасида Эрон Форс тили ва адабиёти академияси раисининг ўринбосари Муҳаммад Нассири, Ислом ҳамкорлик ташкилоти Илмий-техник ҳамкорлик қўмитаси (COMSTECH) ҳузуридаги Ислом университетлари аро виртуал тармоқ (CINVU) Бош котиби Карим Барзегар Нажафий билан учрашув ўтказилди, дея хабар бермоқда «Дунё» АА.

Тадбирда Муҳаммад Нассири Теҳрон шаҳридаги “Гулистон саройи” музейида сақланаётган «Бобурнома» қўлёзмасининг ксеронусхасини Ўзбекистоннинг Эрондаги дипломатик ваколатхонаси раҳбари Баҳодир Абдуллаевга топширди.

Суҳбатдош ушбу қўлёзма ноёб ва дунёда ўхшаши йўқлигини таъкидлади. У насталиқ услубида ёзилган ва кўплаб таниқли бобуршунослар унинг ўзига хослиги ва аҳамиятини тасдиқлайди.

Баъзи маълумотларга кўра, қўлёзма Бобур тириклиги даврида кўчирилган бўлиши мумкин. Китоб қўлдан қўлга ўтиб, Эронга кажарлар сулоласи вакилларидан Насриддин Шох Кажар (1848-1896) даврида келиб қолган. Асар сўнгги 150 йил давомида “Гулистон саройи” музейида сақланиб келинмоқда.

Учрашувда Муҳаммад Нассири май ойининг ўрталарида ўзбек бобуршунослари билан тажриба алмашиш, «Бобурнома» ҳақида тайёрланаётган китобини янги материаллар билан тўлдириш учун Ўзбекистон фондларида сақланаётган қўлёзмалар билан танишиш мақсадида мамлакатимизга келишни режалаштираётганини маълум қилди.

 

Ўзбекистон мусулмонлари идораси матбуот хизмати

الثلاثاء, 20 نيسان/أبريل 2021 00:00

Экстремизм ва терроризм миллат учун хатар

Дунёда глобаллашув жараёнлари жадаллик билан ривожланаётган ҳозирги даврда манфаатлар тўқншуви минтақа, миллат ва дин танламас  иллатларни юзага чиқармоқда.

 

Ана шундай иллат ва инсоният оёғига болта бўлиб урилаётган разолат экстремизм ва терроризм деб аталмоқда. Бу иллатларни нима деб аташимиздан қатъий назар,қайсидир ташкилот ёки тузулмаларнинг манфаати учун хизмат қилишини яхши билишимиз даркор.

 

Экстремизм “кескин ҳаракат қилиш” деган луғавий маънони берса, истилоҳий маъноси “аҳоли орсида ўз ақийдавий фикрларини муросасизларча сингдиришга уриниш”дир. Унинг хавфли томони минг йиллардан бери халқимиз орасида амал қилиб келинаётган ақидавий аҳкомлар ва урф одат ва анъаналарни рад этиб, ўзларининг манфаатларига мос келувчи ақидаларини сингдиришларидир. Бундай бузуқ ақида эса мусулмонни “кофир”, давлатни “куфр давлати” ва бундай жамият “куфр жамияти” деган қарашларни сингдиришга қаратилгандир. Ақиданинг бундай тарзда бузилиши эса ҳақиқий мўминни кофирликда айблаб қонини тўкишга фатво беришга қаратилганлиги билан хавфлидир. Бундай қарашлар эса ўз навбатида терроризм каби ўта хавфли иллатга замин пайдо бўлишига сабаб бўлади.

 

Терроризм қўрқитиш, ваҳима солиш ва жамиятда беқарорлик келтириб чиқаришга қаратилган хатти-ҳаракатлардир. Бугун дунёда бу балодан азият чекмаган бирорта давлат йўқ десак муболаға бўлмайди. Ўз манфаати йўлида ҳеч нарсадан тап тормайдиган тузилмалар ўз ғаразли мақсадларига эришиш йўлида ёшлардан фойдалинишни кўзда тутганлар.

 

Сўнгги йилларда ақидапараст оқимлар ёшлар ичидаги фаолиятини меҳнат мигрантларини таъсир доирасига олиш, “ҳужралар” ташкил этиш, диний экстремистик мазмундаги материалларни электрон кўринишда тарқатиш, интернет орқали тарғибот ўтказиш каби усулларда амалга оширмоқда. Айниқса, интернет тармоғида ўзини жарангдор  номлар билан атаб олган террористик ташкилотлар гўёки ислом равнақи йўлида курашаётган “мужоҳид биродарлар гуруҳи” экани ҳақидаги тарғибот-ташвиқот кенг кўламда олиб борилаётгани, бунинг оқибатида дунёнинг кўплаб мамлакатларидан мусулмон ёшлар “ҳижрат” қилиш ва “жиҳод”да иштирок этиш даъвосида уруш бўлаётган ҳудудларга бориб, ушбу гуруҳ сафига бориб қўшилаётганининг гувоҳи бўлмоқдамиз. Афсуски, ёшлар муайян қисми бундай бузғунчи оқимларни ҳақиқатда ҳам Ислом динини бутун дунёга тарқатиш, исломий давлат барпо этган ҳолда дунёда адолат ўрнатишни мақсад қилган ташкилот деб ҳисоблайди. Бундай фикрловчилар Марказий Осиёда, хусусан, Ўзбекистонда ҳам бор экани ҳеч кимга сир эмас. Бундай ёшлар юқорида қайд этилган ҳудудларда инсонларга қарши содир этилаётган жиноятларни гўёки халифалик қуриш учун жоиз амал ҳисоблаб қаттиқ адашмоқдалар. Аслида, мутаассиб оқим аъзоларининг мақсадлари — “жиҳод”, “ҳижрат”, “шаҳидлик” каби диний тушунчаларни сохта талқин қилиш орқали ёшларимизни оиласи ва яқинларининг таъсиридан чиқариш, ўқиш ёки ишидан ажратиб олиш ҳамда уларни қуролли тўқнашувлар кетаётган Сурия, Ироқ, Афғонистон ёки Покистон каби мамлакатларга жўнатиб, манқурт-жангари ёки “тирик бомба”га айлантиришдан иборат.

 

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилган ҳадисда айтилади: “Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар: “Аллоҳ деди: “Уч (киши) борки, Қиёмат куни мен уларга хусуматчиман: Менинг номим билан (аҳд) бериб, кейин хиёнат қилган киши; ҳур одамни сотиб, пулини еган киши; ишчи ёллаб, ундан (ишни) тўла талаб қилиб олиб, ҳаққини бермаган киши”.

Гўёки “ҳижрат” савобини оламиз деб даъво қилаётганлар баъзи адашган юртдош ёшларимиз юқоридаги каби онакуш ва одамфурушлардан ўрнак олмоқчими?

 

Қуръони Каримда айнан шундай ҳолатлар ҳақида “Зулм қилганларга мойил бўлманглар. Яна сизни дўзах олови тутмасин...” (“Ҳуд” сураси, 113-оят), дейилган. Ҳозир бутун дунё уламолари террорчи гуруҳларнинг Исломга умуман алоқаси йўқ экани ҳақида фатво бермоқдалар. Жумладан, Бутун дунё Ислом уламолари кенгаши раиси Юсуф Қаразовий: “Биз уламолар бузғунчиларга қарши курашмоғимиз зарур. Ҳозир экстремистик ташкилоталр таркибида алданган ёшлар жуда кўп. Улар “кофирларга қарши жиҳод қиляпмиз, орзуимиз жаннат”, дейишяпти-ку, аммо мусулмонларни қатл этиб, оғир гуноҳга ботмоқда. Биз бундай нобакорликнинг олдини олишимиз даркор”, деб таъкидлаган. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳадиси шарифда: “Ҳақиқий муҳожир Аллоҳ ва Расули қайтарган нарсадан ҳижрат қилган (қайтган) мусулмондир” деб марҳамат қилганлар. Ислом дини Ватанга хиёнат, қотиллик, бузғунчилик, ўзини ўзи ўлдириш, ўзгаларга зум қилиш, ота-онага оқ бўлиш кабилардан қайтаради.

 

“Жиҳод” сўзи луғатда кишининг ўз мақсадига эришиш йўлида бор имкониятларини ишга солиб, қаттиқ ҳаракат килиши маъносини англатади. Дарсини ўзлаштириш учун барча имкониятларини ишга солиб ҳаракат килаётган ўсмир мужтаҳид талаба деб аталади. Бинобарин, уни илмий жиҳод қилмоқда деса бўлади.

 

Истилоҳда дини, ватани, оиласи, обрўси ва моли ҳимоясини шариат рухсат берган йўллар билан амалга оширишни англатади. Кишининг ўз ватанини босқинчилардан, исёнкорлардан ҳимоя қилиши ҳам айни жиҳоддир. Ҳадисда инсоннинг ўз нафси ёмонликларига қарши туриши, яхшиликларга интилиши катта жиҳод эканлиги таъкидланади. Имом Бухорий раҳимаҳуллоҳ ривоят килган ҳадисда айтилади: “Бир киши Расулуллоҳ соллаллоҳу алайхи васалламнинг ҳузурларига у зотдан жиҳодга изн сўраб келди. Шунда у зот унга: “Сенинг ота-онанг борми?” дедилар. “Ҳа”, деди. “Бас, икковлари (хизмати)да жиҳод қил!” дедилар”.

 

Адашган ва бузғунчи оқимларга аъзо бўлган киши қонуний жазога тортилиши ёки “ҳижрат” даъвосида хорижий юртларга чиқиб кетиши оқибатида жамиятнинг бирламчи бўғини бўлган оилаларда парокандалик юзага келади, фарзандлар тарбиясиз, оилалар эса боқувчисиз қолади;

 

жамиятда анъанавий қадриятларни авлоддан авлодга узатиш тизими ва тадрижий ривожланиш жараёни бузилади, мазкур жамиятда асрлар оша муҳим ўрин тутган миллий, маданий, тарихий қадриятлар аҳамиятини йўқотиши оқибатида маънавият пасаяди;

 

экстремистик ва террористик ҳаракатлар содир этилиши орқали жамиятда “ёвузлик чегараси” пасайиб, одамлар қотиллик, қийноқ, босқинчилик, гаровга олиш, қулчилик каби жиноятларга кўникиб қолади. Айни чоғда, ушбу ёвузликлар жамиятнинг муайян қисмида ваҳима уйғотади, қочоқлар оқими пайдо бўлади;

 

 терроризм ва экстремизм, улар оқибатида келиб чиқадиган ижтимоий беқарорлик жамиятда криминал жиноятларнинг авж олишига хизмат қилади;

 

давлат томонидан хавфсизлик чораларини кўриш учун бюджет маблағларини сарфлаши, шунингдек, террористик ҳаракат оқибатида кўрилаётган моддий зарар жамиятга иқтисодий жиҳатдан катта зарар етказади. Натижада ишсизлик ошади, ижтимоий муҳофазага йўналтирилган лойиҳалар бажарилмай қолади, аҳолининг турмуш даражаси пасаяди;

 

мамлакатнинг тақдири иқтисодий донор ва қурол-аслаҳа сотувчи давлатларга боғлиқ бўлиб қолади.

 

Жамиятимиз келажаги бўлган ёшлар орасидан қўлларини қонга белаб, ўз она-юртига қурол ўқталиш даражасидаги манқуртга айланиб қолаётган кишиларнинг чиқиши бу масалага жиддий эътибор қаратиш лозимлигини тақозо қилмоқда. У ерларда дийдаси қотган жаллодларга айланган бу жоҳиллар юртига қурол ўқталиб ўз халқи, ота-онаси ва диндошларига таҳдид билан дағдаға қилишдек тубанликка юз тутяптилар.

 

Аллоҳ таоло Қуръони каримда инсонларни бошқаларга озор ва азият беришдан қайтариб,  “Мўмин ва мўминаларга, улар бирор нарса қилмасалар ҳам, озор берадиганлар, батаҳқиқ, ўз устларига очиқ бўҳтон ва гуноҳни олибдилардеб марҳамат қилади. (Аҳзоб сураси, 58-оят).

 

“Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бир ғазотга чиққанларида у зотнинг саҳобаларидан бири ҳазиллашиб, бир кишининг ўқдонини беркитиб қўйди. Эгаси уни излаб, топа олмай, хавфга тушди. Унинг устидан кула бошлашган эди, Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам чиқиб: Нимага куляпсизлар? дедилар. “Ҳазиллашиб, фалончининг ўқдонини беркитиб қўйган эдик, қўрқиб кетди. Шунга куляпмиз”, дейишди. У зот: “Мусулмонни қўрқитиш мусулмонга ҳалол эмас”, дедилар.

 

Яна Пайғамбаримиз соллалоҳу алайҳи васаллам “Мусулмон мусулмонлар унинг тилидан ва қўлидан саломат бўлган кишидир”, деб марҳамат қиладилар.

 

Имом Термизий Абу Сирмадан ривоят қилган ҳадисда Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ким зарар етказса, Аллоҳ унга зарар етказади. Ким машаққат туғдирса, Аллоҳ уни машаққатга қўяди”, деганлар.

 

“Мўмин эркаклар ва мўмина аёллар бир-бирларига дўстдирлар. Улар яхшиликка буюрарлар, ёмонликдан қайтарарлар, намозни тўкис адо этарлар, закотни берарлар ҳамда Аллоҳга ва Унинг Расулига итоат қиларлар. Ана ўшаларга Аллоҳ тезда раҳм қилур. Албатта, Аллоҳ ғолиб ва ҳикматли зотдир” (Тавба сураси, 71-оят).

 

“Барчангиз Аллоҳнинг ипини маҳкам тутинг ва бўлиниб кетманг. Ва Аллоҳнинг сизга берган неъматини эсланг: бир вақтлар душман эдингиз, бас, қалбларингизни улфат қилди. Унинг неъмати ила биродар бўлдингиз. Оловли жар ёқасида эдингиз, ундан сизни қутқарди. Шундай қилиб, Аллоҳ сизга Ўз оятларини баён қилади. Шоядки ҳидоят топсангиз” (Оли Имрон сураси, 103-оят).

 

Хулоса қиладиган бўлсак, мўминлар бир бирлари билан ака укадирлар. Қандай қилиб ака ўз укасига ёмонлик қилади ёки кофирликда айблаб, унинг жони ва молига тажовуз қилади. Қуйидаги ҳадиси шарифда мўминлар гўёки бир жонли жасаднинг аъзолари каби экани айтилади.

 

Саҳоба Нўъмон ибн Башир розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадиси шарифда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай марҳамат қиладилар: “Мўминларни ўзаро бир-бирларига дўстликда, меҳрибонликда ва яхшилик кўрсатишдаги мисоллари, гўёки бир жасад кабидирки, унинг битта аъзоси бетобликдан оғриса, қолган аъзолари бедор ва нотинч бўлади” (Имом Бухорий ва муслим ривояти).

 

 

Қ.Искандаров

Боғот тумани “Абдол бобо” масжиди имом хатиби

 

Мир Араб ўрта махсус ислом билим юрти мударриси

Тожиддинов Абдусамад

Ўзбекистон мусулмонлари идораси тизимидаги имом-хатиблар муборак рамазон ойида катта хайрли ишларни амалга оширмоқда. Рамазон ойининг илк хафтасида имом-хатиблар саховатпеша инсонлар ва ҳомийларни жалб қилган ҳолда, аҳолимизнинг боқувчисини йўқотган, имконияти чекланган ва кам таъминланган оилаларга жами 1 989 120 504 (бир миллиард тўққиз юз саксон тўққиз миллион беш юз тўрт) сўмлик озиқ-овқат маҳсулотлари, кийим кечак ва зарур рўзғор анжомларини эҳтиёжманд оилаларга тарқатишди.

Телевидение ва радиода 80 га яқин кўрсатув ва эшиттиришларда Рамазони шариф фазилати ва бошқа долзарб мавзуларда чиқишлар қилишди. Интернет сайти ва ижтимоий тармоқларда турли мавзуларда 400 га яқин видео роликлари қўйилди. Ёшлар таълим тарбияси ва турли ёт ғоялар таъсирига тушиб қолишнинг олдини олиш мақсадида 100 дан зиёд маърузали чиқишлар амалга оширилди.

Аллоҳ таоло имомларимизнинг қилаётган хайрли амалларига кўмакчи бўлсин, эҳтиёжманд инсонларга қилинаётган хайрли ишларнинг файзини бунданда зиёда айласин!

Ўзбекистон мусулмонлари идораси масжидлар бўлими

الثلاثاء, 20 نيسان/أبريل 2021 00:00

Рамазон нажот ойидир

Рамазони шариф ойлар ичида энг муборак ойдир. Рамазон – мўмин бандаларга яратганнинг улуғ ажрларига етишиш учун имкон эшиклари очиб бериладиган нажот ойидир.

Пайғамбаримиз Муҳаммад (с.а.в.) рамазон ойини мадҳ этиб: "Бу шундай ойки, унинг аввали раҳматдир", дейди. Яъни, бу ойда тутилган рўза ва қилинган эзгу амаллар билан Аллоҳнинг раҳматига дохил бўлинади. "... ўртасида эса банданинг гуноҳлари мағфират этилади", дейилади. Демак, гуноҳларимиз, хато ва қусурларимиз кўп бўлса-да, тутган рўзамиз эвазига Аллоҳ гуноҳларимизни кечиради. Яна пайғамбаримиз Муҳаммад (с.а.в.) бу ойни рўза тутиб, ибодат билан ўтказган бандалар жаҳаннамдан озод бўлишини марҳамат қилганлар. Шунинг учун ҳам ҳар бир мўмин банда ушбу муборак ойнинг одоб ва тартибларига риоя қилмоқликлари муҳимдир.

Рамазон ойи одоб ва тартиблари деганда нималар тушунилади? Бу хусусда Қуръони Карим ва ҳадисларда жуда кўп кўрсатмалар берилган. Жумладан, рамазон кириши билан ҳар бир мўмин энг аввало, тилини ёмон сўзлардан, яъни ғийбатдан, ёлғондан сақламоқлиги керак. Чунки уламолар "Аллоҳ учун рўза тутиб, ўзингизни Аллоҳ ҳалол қилган нарсаларни ейишликдан тийиласизлару сизларга Аллоҳ ҳаром қилган нарсани ейсизларми? Яъни (инсонларни ғийбат қилиб, гуноҳларни ейсизларми) деб марҳамат қилганлар.

Пайғамбаримиз Муҳаммад (с.а.в.) "Кишики ёлғон сўзламоқни тарк этмаса ва Аллоҳ қайтарган нарсадан қайтмаса, рўза тутиб, емай-ичмай қўйгани билан рўзаси қабул бўлмайди. Аллоҳ унга раҳмат назарини ташламайди".

Яна динимиз кўрсатмаларида рамазон ойида мўминлар атрофидаги инсонларга тили ва қўли билан озор бермаслиги айтилган. Чунки пайғамбаримиз Муҳаммад (с.а.в.) "Киши Аллоҳга ва охират кунига иймон келтирган бўлса, бас у инсон гапирса, яхши ишни гапирсин ёки жим турсин", деб марҳамат қилганлар. Шу боис ҳам ушбу муборак ойда ҳар бир инсон Аллоҳга тавба қилмоқлиги, шу билан бирга, инсонларга озор етказишдан сақланмоқлиги керак. Зеро, пайғамбаримиз (с.а.в.) "Тавбага шошилинглар ўлим келмасдан олдин" деганлар ва яна бу ойда мўмин фақирларнинг холидан хабар олиб, уларга ёрдам қўлини чўзмоқлари, ҳеч бўлмаса ифторликларига бир қултум сув билан бўлса ҳам уларга меҳру муҳаббатларини кўрсатмоқликлари лозимдир. Бу ҳақида пайғамбаримиз Муҳаммад (с.а.в.) "Киши бу ойда бир рўзадорни (бир қултум сув билан бўлса ҳам) сўраб қўйса, Аллоҳ унга кавсаридан бир шарбат инъом этади, уни ичган киши асло ташна бўлмайди", деганлар.

Ушбу муборак ойда мўмин банда етимлар холидан хабар олиб, уларнинг ўксик қалбларини шод қилмоқлари лозимдир. Яна пайғамбаримиз Муҳаммад (с.а.в.) "Ким бир етимни кафолатини олса, бас у мен билан жаннатда бирга бўлади", деганлар. Ушбу муборак ойда инсон имкони борича атрофдагиларга ёрдам қўлини чўзмоғи лозим. Зеро, пайғамбаримиз (с.а.в.) "Ким бир мусулмоннинг қийинчилигини енгиллаштирса, Аллоҳ таоло у бандасини қиёмат куни қийинчиликларини енгиллатади", дея марҳамат қилганлар.

Муборак рамазон ойида Аллоҳ барчаларимизни юқорида айтиб ўтилган амалларни адо этишликка, рамазонни чиройли ўтказиб, Яратганнинг марҳаматига етишишликни насиб этсин.

Шарофиддин МУСАБОЕВ,

Андижон шаҳридаги "Абу Хурайра" жомеъ масжиди имом-хатиби

Top