muslim.uz

muslim.uz

Рамазон ойи муносабати билан Эроннинг “Ал-Кавсар” телеканалида 14-халқаро Қуръони карим мусобақаси бўлиб ўтмоқда. Унга “Албатта, тақводорлар учун (жаннатда катта) нажот (ва неъматлар) бордир” ояти каримасини шиор қилишган.

Мазкур мусобақа Рамазон ойи якунига қадар давом этади. Унда дунёнинг турли мамлакатларидан таниқли ва маҳоратли қорилар ўзаро рақобатлашади. Мусобақанинг илк кунларида Миср, Афғонистон, Жазоир, Эрон, Ироқ, Германиянинг қорилари иштирок этди.

Мусобақани Миср, Эрон, Сурия, Ироқ, Иордания, Ливан ва Суданлик 7 давлат ҳакамлар ҳайъати Рамазон ойи давомида баҳолаб боришади. Биринчи бешта ғолибга қимматбаҳо пул мукофотлари тақдим этилади.

 

Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Халқаро алоқалар бўлими

الأربعاء, 21 نيسان/أبريل 2021 00:00

Динбузарлар даъвоси

Бугунги ҳаёт гўзал, тинч, осойишта. Лекин бу ёруғ оламни зулматга, одамлар ҳаётини ҳалокатга айлантирувчилар афсуски, қанча-қанча бегуноҳларни йўлдан адаштирмоқда, хонавайрон этмоқда, қонини тўкмоқда. Барча мутассиб оқимларнинг даъватларига яхшилаб назар ташланса, исломга ёт нарсалар экани маълум бўлади. Улар Қуръон, ҳадисдан «далил» келтирадилар, лекин фақат ўз фойдалари учун яъни, умуман Қуръон ҳадис далолат қилмайдиган маьноларда тушунтирмоқчи бўладилар», Турли хилдаги эътиқодларни ўзларининг ғаразли мақсадларига асос қилиб олган барча оқим ва тоифалар юртимизга ҳар турли йўллар билан суқилиб кириб, кишилар ва ёшларнинг онгини бузғунчи ақидасини синдиришга ҳаракат қилмоқдалар.

Бундай оқимларнинг барчаси ўз йўлларига юрмаганларни кофирга чиқариб ўлдиришга ҳукм қиладилар. Аслида Исломда ким «Лаа илааҳа иллаллоҳ, Муҳаммадур росулуллоҳ», деса, у мусулмондир. Ким Ислом арконларини бажарса, уни кофир деб аташ жоиз эмас. Аллоҳ таоло Тавба сурасида: «Агар тавба қилсалар, намозни тўкис адо этсалар ва закотни берсалар, йўлларини бўшатиб қўйинглар. Албатта, Аллоҳ ўта мағфиратлидир, ўта раҳмлидир», деб марҳамат қилган (5-оят). Уларнинг фаолияти оддий ҳалқнинг қийналиши, қони тўкилиши, муқаддас ислом динига доғ тушишидан бўлак нарсага олиб келмаган. Улар турлича бўлишидан қатъий назар, асл мақсади ҳокимият бойликка эришиш бўлиб, соф ислом таълимотидан йироқ, фақат исёнга ундовчи оқимлар бўлиб келган. Барча мутассиб ақидапараст оқимлар фожеаси шундаки, улар иймон, эътиқод билан маърифат, дин ва фалсафа ўртасидаги фарқ, уларнинг моҳиятини ўзларининг фикр доираларида талқин қиладилар.

Шунингдек, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Сизларга вой бўлсин! Шўрингиз қурсин! Қаранглар, мендан кейин бир-бирининг бўйнига урадиган кофир бўлиб кетманглар», деганлар.

Бошқа бир ҳадисда: «Ким «Лаа илааҳа иллаллоҳ», деса, мендан жонини, молини сақлабди. Фақат ҳаққи билан бўлса, мустасно. Уларнинг ҳисоби Аллоҳнинг зиммасидадир», деганлар.

Шунингдек, Ибн Умар ва Оиша онамиз розияллоҳу анҳум: «Аҳли қиблани кофирга чиқариш йўқ», дейишган. Ушбу масала энг хатарли масалалардандир, чунки бу ерда мўмин-мусулмонларнинг қонини, жонини ҳалол санаш бор, уларнинг ҳурматини, мол-мулкини, ҳуқуқларини оёқости қилиш бор.

Аллоҳ таоло Нисо сурасида айтади: «Ким бир мўминни қасддан ўлдирса, жазоси жаҳаннамдир. Унда мангу қолувчидир. Аллоҳ унга ғазаб қиладир, уни лаънатлайдир ва унга улкан азобни тайёрлаб қўядир» (93-оят).

Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ким ўз биродарига «Эй кофир!» деса, икковидан бири ўша бўлади», деганлар.

Аллоҳ таоло мусулмонлигини эътироф қилиб турган кишини ўлдиришдан ғоятда қаттиқ огоҳлантирган. Бу ҳақда Нисо сурасида: «Агар сиздан четлансалар ва сиз билан урушмасдан, тинчликни таклиф қилсалар, Аллоҳ сизларга уларнинг зиддига йўл бермас» дейилган (90-оят).

Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам  қўшнини ширкда айблашдан ва унга қарши қилич кўтаришдан қаттиқ огоҳлантирганлар. У зот: «Сизларга бўлишидан энг хавсираган нарсам, бир киши Қуръонни ўқиб.... сўнг ундан ажраб ва орқасига отиб юбориб, қўшнисига қилич кўтарган ва уни ширкда айблашидир", деганлар.

Нафақат қуролсиз ва уруш қилмаган мусулмонни, балки ҳар қандай инсонни ўлдириш мумкин эмас. Усома ибн Зайд розияллоҳу анҳунинг «Лаа илааҳа иллаллоҳ» деган бир одамни ўлдириб қўйгани ҳақидаги машҳур қиссада Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам унга «Лаа илааҳа иллаллоҳ», деса ҳам ўлдирдингми?» деб қайта-қайта сўрайверганлар. Усома розияллоҳу анҳу: «Эй Аллоҳнинг Расули! У буни қуролдан қўрққанидан, хавфсираб айтди», деганида, у зот: «Сен унинг қалбини ёриб кўрдингми?» деганлар.

Инсонларга ўлим тилаш, улар жонига қасд қилишни Ислом дини қаттиқ қоралайди. Аллоҳ таоло Қуръони каримда: “Кимки бирон жонзот ўлдирмаган ва у ерда бузғунчилик қилиб юрмаган одамни ўлдирса демак, гуё барча одамларни, ўлдирибди, кимки унга ҳаёт ато этса (яъни ўлдиришдан бош тортса) демак, гуё барча одамларга ҳаёт берибди”, дейди (Моида сураси, 32-оят).  Ушбу оят ва ҳадиси шарифдан кўриниб турибдики, ноҳақ одам ўлдирган инсоннинг жазоси жаҳаннам, Аллоҳнинг лаънати ва азобидир. “Ислом шиорилари”ни даъво қилаётган бузғунчиларнинг инсонлар ҳаётига бу қадар бепарво қараётгани, чумолига ачингандек ачинмаслиги ушбу ояти каримада хабар берилган ваъидларга айни муносибдир.

Динни ниқоб қилиб олган динбузарларнинг энг асосий даъволаридан бири давлат раҳбарига итоат этмай “халифалик” ўрнатишдир. Мусулмон киши  Қуръони Карим Нисо сурасининг 59-ояти ҳукмига кўра ишбоши ва раҳбарларига бўйсуниши зарур. Аҳли сунна вал жамоа ақидасида бу аниқ белгилаб қўйилган.

 Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) хабар бердилар: “Кимки ўз амиридан бирор нохушлик кўрса, бас, сабр қилсин! Чунки, кимки султон буйруғидан бир қарич ташқари чиқса, жоҳилият ўлимида вафот этибди” (Бухорий, 9/7053-7054, 7143; Муслим, 3/1849). Мазкур ҳадиси шарифда давлат раҳбарига итоат этиш шартлиги таъкидланган.

Видолашув ҳажида Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) бундай деганлар: “Раббингизга ибодат қилинглар, беш вақт намозингизни ўқинглар, рамазон ойи рўзасини тутинглар, молларингизнинг закотини адо қилинглар ва ишингиз эгаларига итоат этинглар, (шундай қилиб) Раббингизнинг жаннатига киринглар!” (Ҳоким, 1/19). Ушбу ҳадис Имом Муслим (раҳимаҳуллоҳ) шартига кўра саҳиҳдир.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Кимки умматимга қарши чиқса-ю, уларнинг яхшисини ҳам, ёмонини ҳам уриб ўлдирса, уларнинг мўминлигидан парво қилмаса, (мусулмонлик ва тинчлик-омонлик) аҳдини қилган кимсанинг аҳдига вафо қилмаса, бас, у мендан эмас ва мен ҳам ундан эмасман!”.

Мустаҳкам эътиқод, соф ақида ҳар бир киши ҳаётининг асл моҳияти бўлиши лозим. Юрт тинчлиги, осойишталигига путур етказадиган, ватандошларимизни чалғитадиган ёт ғояларга қарши курашиш барчамизнинг бурчимиздир. Аллоҳ таоло бизга ато этган тинчлик, барқарорлик ва хотиржамлик каби улуғ неъматлар қадрига етишимиз, уларни ҳимоя қилишимиз зарур. Тинчлик осойишта юртда хотиржам яшаш эса катта бахтдир.

 

Ўктам Қурбаниязов,

Амударё тумани

 

ЎМИ матбуот хизмати

Бисмиллаҳир роҳманир роҳийм.

Юртимиз буюк алломалари, мутафаккирлари ҳамда азиз-авлиёлари билан шуҳрат қозонган. Уларнинг бой илмий-маънавий мероси, бетакрор кашфиётлари дунё илм-фани тараққиётига муносиб ҳисса қўшган. Президентимиз ташаббуси билан аждодларимиз меросини чуқур ўрганиш, қадамжоларни янада обод этиш борасида кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда.

Давлатимиз раҳбари Самарқанд вилоятига ташрифи чоғида Имом Бухорий ёдгорлик мажмуасида уламолар, нуронийлар билан бўлиб ўтган учра­шувда мўмин-мусулмонларни ва бутун Ўзбекистон халқини улуғ Рамазон ойи билан муборакбод этди.

Президентимиз буюк бобокалонимизга мос қадамжонинг янги лойиҳаси билан танишиш, мажмуада амалга оширилаётган ишларни кўздан кечириш жараёнида: Рамазон ойи — эзгу ниятлар ижобат бўладиган муқаддас ой. Бу қурилишни шу ойда бошлаётганимиз ҳам хайрли, хосиятли бўлади, қалбимизга таскин беради. Бу соҳада қилаётган ишларимиздан мақсад — исломга эътиқодимизни, аллома боболаримизга ҳурматимизни илм билан билдириш. Аждодларимизга муносиб бўлиш биз учун жуда катта бурч, дея таъкидлади.

Лойиҳага кўра, мажмуа таркибига кирувчи масжид ички саҳнининг ўзи икки минг квадрат метрдан ошади. Атрофидаги саҳнлар билан масжидда бир неча ўн минг мусулмон бир вақтнинг ўзида ибодат қилиши мумкин. Бу ерда симметрик тўртта мино­ра, баланд айвонлар, йўлдан кириб келишда хиёбон бунёд этилади. Кўп сонли зиёратчиларга замонавий қулайликлар яратиш учун 7 та меҳмонхона, 3 та автотураргоҳ ва автобекат, супермаркет, бозорча барпо этилади. Ошхоналар, ҳунармандчилик буюмлари растаси, ҳаммом, таҳоратхона, кушхона қурилиши ҳам белгиланган.

Президентимиз ташаббуси билан 2019 йилда бу ерда Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази ҳамда Ҳадис илми мактаби ташкил этилган эди. Қурилажак янги мажмуа улар билан мутаносибликда улкан маҳобат касб этади. Энди бу ерда зиёратчилар учун ҳамма шароитлар яратилади.

Имом Бухорий мажмуасидаги қурилиш-ободонлаштириш ишлари жараёнида бобомиз мақбарасининг ҳозирги кўринишини сақлаб қолишга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Шу пайтгача мақбара остидаги қабрни зиёрат қилиш имконияти йўқ эди. Янги лойиҳада қабр атрофи кенгайтирилиб, зиёратчилар учун ҳар томонлама қулайлик яратиш кўзда тутилган.

Қайд этилишича, мажмуада қурилиш ишлари жараёнида бу ердаги тарихий ҳовуз ва бир неча юз йиллик чинорларга зиён етказилмайди. Уларни асраб-авайлаш, ўз ҳолида сақлаш учун барча зарур чоралар кўрилади.

Имом Бухорий ҳазратлари муқаддас динимиз равнақига улкан ҳисса қўшган буюк муҳаддис. Ҳаёти давомида пайғамбаримиз Муҳаммад Мустафо соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳадисларини тўплаб, уларнинг саҳиҳларини ажратиб, Қуръони каримдан кейинги иккинчи ишончли манба — “Саҳиҳи Бухорий” номи билан машҳур ҳадислар тўпламини тузган. Бугунги кунда ҳам мазкур асар бутун дунё мусулмон уммати учун ниҳоятда қадрли ва қимматлидир. Шу боис, улуғ аждодимизнинг бемисл хизматлари алоҳида қадрланади ва юксак ҳурмат-эҳтиром кўрсатилади.

Ҳазрати пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам: Менинг гапимни эшитиб, ёдлаб, сўнгра қандай эшитган бўлса, ана шундай етказган одамни Аллоҳ неъматлантирсин, деганлар (Имом Термизий ривояти).

Манбаларда ёзилишича, Имом Бухорий ҳазратлари жуда оз ухлар, уйқудан ташқари пайтларида эса атрофдагилар у кишини ё устозлардан ҳадис эшитаётган ёхуд ёзиб олаётган, ўзлари шогирдларга ҳадис айтаётган ёки ёлғиз ўтириб, қўлда қалам билан жамлаган ҳадисларининг нодир жойларини қайд этиб ўтирган ҳолда кўрар эди.

Бу ҳақда олимнинг шогирди Ибн Абу Ҳотим бундай дейди: Бухорий билан сафарда бирга бўлиб, бир уйда тунашга тўғри келди. Ўшанда шунинг гувоҳи бўлдимки, у киши бир кечанинг ўзида ўн беш мартадан йигирма мартагача уйғониб, ҳар гал чақмоқ тошни ишлатиб чироғини ёқар, тўплаган ҳадисларининг саҳиҳларини ажратиб, белгилаб қўяр эди. Сўнг чироқни ўчириб, бошини ёстиққа қўяр эди.

Имом Бухорий ҳадис ёдлашда ўткир қобилият ҳамда зеҳнга эга бўлган. Ўзининг шоҳ асари бўлган “Жоме ус-саҳиҳ”ни таълиф қилиш олдидан жами олти юз минг, шундан юз минг саҳиҳ ва икки юз минг саҳиҳ бўлмаган ҳадисни ёд олганини зикр этган. Олим ҳадис илми равнақи йўлидаги буюк хизматлари учун “Имом уд-дунё” (“Дунё имоми”) мақомига мушарраф бўлган.

Аллоҳ таоло Қуръони каримнинг “Мужодала” сураси 11-оятида бундай марҳамат қилади: Аллоҳ сизлардан имон келтирган ва илм ато этилган зотларни (баланд) даража (мартаба)ларга кўтарур.

Дарҳақиқат, улуғ аждодимиз Имом Бухорий раҳматуллоҳи алайҳга бутун дунё ислом уммати “Амир ул-мўминин фил ҳадис” — “Ҳадис илмида мўминларнинг амири”, “Шайх ул-ислом” —“Мусулмонларнинг устози”, дея эҳтиром кўрсатадилар. Буюк мужтаҳид олим Имом Аҳмад ибн Ҳанбал “Хуросондан Муҳаммад ибн Исмоилдек киши чиқмаган”, деган.

Мусо ибн Ҳорун Ҳаммол “Менимча, ислом аҳли барчаси жамланиб, Муҳаммад ибн Исмоилга ўхшаш яна бир кишини етиштирмоқчи бўлишса, эплай олишмайди”, дея марҳамат қилган. Салим ибн Мужоҳид “Олтмиш йилдан бери Муҳаммад ибн Исмоилдан кўра фақиҳроқ, парҳезкорроқ ва дунёда зоҳидроқ одамни кўрмадим”, дея эътироф этган.

Демак, Имом Бухорий ҳазратларининг мероси инсониятнинг маънавий бойлигидир. Аллома асарлари эзгуликни, кишилар ўртасидаги меҳр-оқибат, дўстлик ва ҳамжиҳатликни тарғиб этади. Шу боис, бугун дунё миқёсида буюк муҳаддис тўплаган ҳадисларни ўрганишга алоҳида эътибор берилмоқда.

Ўзбекистон, Тожикистон ҳамда Афғонистон ўртасида диний-маърифий ҳамкорликни йўлга қўйиш ва мустаҳкамлаш мақсадида жорий йилнинг 15 мартида Самарқанд шаҳрида Имом Бухорий меросининг ўзига хос хусусиятлари мавзусида халқаро конференция ўтказилди. Унда мазкур давлатлардан етук уламолар, диний соҳа вакиллари иштирок этди. Тадбирда минтақамиз мамлакатларида азалдан ўрганиб келинаётган Имом Бухорий илмий меросининг мазмун-моҳиятини батафсил очиб бериш, ушбу мероснинг ўзига хос хусусиятларини баён этиш, афзалликлари ва тарбиявий аҳамиятини кенг ёритиш ҳамда халқларимиз, айниқса, ёш авлодни ёт ғоялардан ҳимоя қилиш каби масалалар муҳокама этилди.

Халқаро анжуманда сўзга чиққан Афғонистон Ислом Республикаси иршод, ҳаж ва вақф ишлари вазири Муҳаммад Қосим Ҳалимий: “Ўзбекистон шундай диёрки, Ер юзидаги ҳар бир мусулмон бу табаррук юртнинг зиёратига ошиқади. Имом Бухорий раҳматуллоҳи алайҳнинг мақбарасини зиёрат қилдик. Бу табаррук жойда жуда катта ободонлаштириш ишлари олиб борилаётгани, қадамжолар янада обод этилаётгани бизни ғоят хушнуд этди. Буларнинг барчаси Президент жаноб Шавкат Мирзиёевнинг мамлакатни янада обод, халқни янада фаровон қилиш, юксак билим ва салоҳиятли, ватанпарвар, миллий қадрият ҳамда анъаналарга, аждодларнинг бебаҳо меросига садоқатли авлодни камолга етказишдек эзгу орзу-умидлари рўёбига хизмат қилаётир. Ўзбекистон яна илм-фан марказига айланмоқда”, дея таъкидлади.

Мухтасар айтганда, Имом Бухорийнинг илмий мероси ислом маърифатини ўрганиш ва тарғиб этишда муҳим манбадир. Шундай экан, бобомизга эҳтиром сифатида қадамжоларини қайтадан бунёд этиш, ул зотнинг асарлари мазмун-моҳиятини очиб бериш, ўзига хос хусусиятларини баён этиш, айниқса, ёшларни улардан баҳраманд этиш бугунги куннинг энг муҳим вазифаларидан биридир.

Усмонхон АЛИМОВ,
Ўзбекистон мусулмонлари
идораси раиси, муфтий
Манба: “Янги Ўзбекистон” газетаси
2021 йил 21 апрель, №79 (335)
الأربعاء, 21 نيسان/أبريل 2021 00:00

Фидя

“Фидя” сўзи луғатда мол ва шунга ўхшаш нарса эвазига бирор мажбуриятдан халос бўлиш маъносини билдиради. Шариатда маълум бир амални адо этишнинг ўрнига мол сарфлаш фидя бериш дейилади.

Фидя Рамазон рўзасини тута олмайдиган кекса кишилар, сурункали хасталикка чалинган, тузалишдан умиди йўқ кишининг рўза тутиши ўрнига (Бақара сураси, 185-оят) бериладиган маълум миқдордаги молдир.

Имом Бухорийнинг ривоятида: «Ибн Аббос розийаллоҳу анҳумо: “Бу оят мансух эмас, балки қари чол ва кампир учун. Улар рўза тутишга қодир эмас. Ҳар бир кун ўрнига бир мискинни таомлантирадилар”», деган.

Рамазон рўзасини тутишга қодир бўлмаган қариялар ва тузалишига умид йўқ кишилар Рамазон бошида ёки охирида ҳаммасини битта қилиб ё ҳар куни биттадан фидя беришади. Фидянинг миқдори бир кун учун бир мискиннинг бир кунлик таоми қийматичадир.

“Агар бемор тузалганидан кейин касал бўлган кунларича яшаб ўлса, мусофир муқим бўлганидан кейин сафар муддатича яшаб ўлса, меросхўри қазо қилган миқдорича фидя беради. Агар оз яшаб ўлса, касал одам соғ бўлган кунича, мусофир муқим бўлган кунлари миқдорича фидя беради. Бунинг учун васият шарт. Васиятга амал қилиш у қолдирган молнинг учдан биридан бўлади. Ҳар бир қазо қилинган намознинг фидяси бир кунлик рўзанинг фидяси миқдоричадир. Бировнинг ўрнига бошқанинг ибодати ўтмайди”.

Ибн Умар розийаллоҳу анҳумодан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам қазо рўзаси бўлатуриб вафот этган киши ҳақида: “Унинг номидан ҳар бир кун ўрнига бир мискинга таом берилади”, деганлар» (Имом Термизий ривояти).

“Мухтасарул виқоя”да бундай дейилади: «Ўта қари одам рўза тутишдан ожиз бўлса, оғзини очади ва ҳар бир тутмаган куни учун бир мискинга садақаи фитр миқдорида таом беради. Кейин рўза тутишга қодир бўлиб қолса, қазосини тутади. Ҳомиладор ёки ўзи ва боласига зарар етишидан чўчиган эмизикли аёл, бемор хасталиги зиёда бўлишидан қўрққан бемор ва мусофир оғизларини очадилар ва фидясиз қазо қиладилар. Аммо зарар бўлмаса, сафарда рўза тутган афзал».

 

Абдуллоҳ АЛИҚУЛОВ тайёрлади.

"Ҳидоят" журналининг 2021 йил 3-сонидан

Top