muslim.uz
“Салафийлар” кимлар?
Ҳозирги кунга келиб турли диний оқим ва фирқалар “Аҳли сунна вал жамоа” мусулмонларини адашган, куфр ва ширкда айблаб, ўзлари ҳақлигини иддао қилиб, уларга қўшилишни ва ҳақиқий Исломда бўлишни иддао қилмоқдалар. Шулардан бири сохта “Салафийлик” оқими аъзоларидир.
Бундай оқим ва фирқалар қандай номланмасин, уларнинг фикри ва эътиқодлари деярли бир хил. Ўзларига эргашмаганларни залолатда, куфр диёрида истиқомат қилади, ҳижрат қилиш фарз каби ботил даъволар билан баъзи бир саводи йўқ ёки динга қизиққан инсонларни миясини заҳарлаб ўз сафларига қўшишга ҳаракат қилмоқдалар. Улар бу йўлда ҳар қандай йўл билан, ҳатто ҳозирги кунда жуда фаоллик билан ривожланаётган алоқа воситалари, жумладан интернет орқали ҳам кенг тарғибот ишларини олиб боришмоқда.
Аввало, салафийлар ким ва нима учун улар ўзларини “Салафийлар” деб номлашмоқда? Шу ҳақида маълумотга эга бўлсак.
«Салаф» сўзи араб тилида «аввалда ўтганлар, ўтмишда яшаганлар», «Салафий» – «ўтмишда ўтган аждодлар йўлидан борувчи» маъноларини беради.
Истилоҳда эса «Салаф» Пайғамбаримиз Муҳаммад алайҳиссалом тарафларидан мақталган, илк ҳижрий уч аср авлодлари ҳисобланади. Шу даврда яшаб ўтган саҳобалар, тобеъинлар ва табаъа тобеъинлардан иборат олимлару фозиллар, мужтаҳид уламоларини “салафи солиҳлар” деб аталади. Абу Ҳанифа ва бошқа ўрта асрларда ўтган муаллифлар асарларида бу сўз айнан мана шу маънода, яъни «ас-салаф», «ас-салаф ас-солиҳ» (ўтган солиҳ аждодлар) шаклларида келади.
Пайғамбаримиз алайҳиссалом ўзларининг муборак ҳадисларида: “Инсонларнинг энг яхшиси менинг асрдошларим. Сўнгра уларга яқин бўлганлар (тобеъин)дир. Сўнгра, улардан яқин бўлганлар (табаъа тобеъин)дир. Улардан кейин ёлғончилик тарқаб кетади. Ҳатто бирор кишики, ундан гувоҳлик сўралмасада (ёлғондан) гувоҳлик бераверади, ундан қасам ичишлик сўралмасада (ноўрин) қасам ичаверади” деганлар.
Шу ҳадисга биноан Ислом оламида дастлабки уч асрда яшаб ўтган мусулмон авлодларини энг яхши солиҳ инсонлар деб эътироф этилади. Бугунги кунда машҳур тўртала мазҳаб- Ҳанафий, Моликий, Шофиъий ва Ҳанбалий мазҳаби асосчилари ва уларнинг асҳоблари айни юқоридаги ҳадисда айтиб ўтилган авлод вакиллари ҳисобланадилар. Улардан кейинги давр вакилларини. Олимлари, фозилу авлиёларига ҳам “салафи солиҳ”, “салафий” деган атама ишлатилмайди.
Сўнгги йилларда “салаф солиҳларга эргашиш” шиорини ниқоб қилиб олган, мусулмон жамиятларини илк ислом даври ҳолатига қайтаришни тарғиб қилувчи мутаассиб, сохта салафийлар пайдо бўлганини алоҳида қайд этиш лозим.
Улар исломий аҳком ва фатволарни ҳар бир замон тақозосига қараб эмас, балки ҳижрий сананинг дастлабки уч асрига мувофиқ равишда ҳаётга татбиқ этишни иддао қилган оқимдир. Бу оқим араб ва ислом мамлакатларида тарқалган бўлиб, Маказий Осиёга ҳам кириб келмоқда.
Бу оқим тарафдорлари ислом динининг ҳар бир замон ва ҳар бир маконга мослаша олишини тан олмайдилар. Ўн тўрт асрдан бери исломнинг забардаст олимлари, фақиҳу мужтаҳидлари, мўътбар тўртта мазҳаб соҳиблари қабул қилган фатволарни тан олмайдилар ва уларга қарши чиқадилар.
Сохта салафийликнинг асосчиси сифатида ҳижрий еттинчи асрнинг охирларида Суриялик Аҳмад ибн Таймия бошчилигида, асосан аҳли сунна имоми- Абу Мусо ал Ашъарий (р.а) томонидан талқин қилинган ақоидий ислоҳотларни рад қилишлик билан ўртага чиқганини кўришимиз мумкин. Ибн Таймия умри давомида ўзининг агрессив қарашлари туфайли тўрт марта қамоқ жазосига тортилган ва 1328 йилда қамоқхонада вафот этган.
Сохта “салафийлар”нинг фикрича, Расулуллоҳнинг муборак қабрларини зиёрат қилиш бидъат ва залолатдир (ваҳоланки ибн Таймиягача бўлган давр, яъни қариб саккиз асрдан бери бутун Ислом оламида жорий бўлган энг улуғ зиёратлардандир). Шунингдек Расулуллоҳнинг туғилган кунлари, яъни мавлиди шарифни нишонлаш ҳам бидъат ва фойдасиздир, яна Расулуллоҳдан қолган асори атиқаларни сақлаш, асраб авайлаш эса гўёки ширкдир. “Салафийлар”нинг тасаввурида юқоридаги каби азиз ва мўътабар нарсалар жоҳилият давридаги буд-санамларга сиғинишдек тенглаштирилади.
“Салафийлар”нинг бу каби қарашлари ўз даврида катта фитна ва янгилик бўлишига қарамасдан, уларнинг тарафдорлари жуда кўп эди. Сабаби, ибн Таймиянинг кучли тақво ва илм соҳиби бўлган ва ҳанбалийлик мазҳабига мансуб оилада вояга етгани бўлди. Шу сабаб ҳам унга эргашганлар кўп бўлди. Натижада унинг адашувини кўпчилик пайқамай қолди. Унинг фатволари кўпчилик мухлислари томонидан қабул қилинарди. Охири эса уни “мужаддид”(динни янгиловчи), “шайхул ислом” деган лақаблар билан атай бошладилар. Аслида эса, Ибн Таймия мужаддид ҳам, асл салафий ҳам бўлмаган. Унинг кейинги пайдо қилган “салафийлик” мазҳаби ҳам ҳеч қандай салафи солиҳларнинг йўлларига тўғри келмайди. Балки, мусулмонлар жамоасидан ажраб чиқган адашган бир кичик мутаассиб оқим бўлган холос.
Муроджон МИРСОАТОВ
Сирдарё туман “А. Яссавий”
жоме масжиди имом-хатиби
Ҳалима Яқуб Ислом оламининг қутлуғ зиёратгоҳида
Сингапур Президенти Ҳалима Яқуб Самарқандга ташрифини Имом Бухорий мажмуасини зиёрат қилиш билан бошлади.
Буюк муҳаддис ҳақига Қуръон тиловат қилинди.
Ўзбекистон Республикаси Президенти маслаҳатчиси М. Комилов олий мартабали меҳмонга Президент Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан янгидан бунёд этилаётган мазкур мажмуадаги қурилиш-бунёдкорлик ишлари, мазкур объектнинг аввалги ҳолати ҳақида маълумот берди. Зиёратчилар учун мажмуа ва унинг атрофида яратилаётган имконият ва қулайликлар зиёрат туризмини ривожлантиришга хизмат қилиши қайд этилди.
Ҳалима Яқуб хоним Ислом оламида муҳаддислар султони деб эътироф этиладиган Имом Бухорий мажмуасини обод қилиш билан боғлиқ ишларга юксак баҳо берди.
Ғ. Хонназаров,
Ғ. Ҳасанов, Н. Ҳайдаров (сурат), ЎзА
Кучсиз қавлга таяниб фатво бериш – жоҳиллик
Муҳаммад Амин ибн Умар ибн Обидин Димашқий (1783-1836) раҳимаҳуллоҳ фатво чиқариш қонун-қоидаларидан иборат ҳанафийларнинг асосий китоби “Уқуду расмил муфтий” асарида қуйидаги умумий қоида ва тамойилларни баён қилади.
- Ўзи истаган қавл ва фикрга эргашиш мумкин эмас:
Ибн Обидин раҳимаҳуллоҳ айтади: “Амал қилиш ёки бировга фатво бериш учун фақатгина мазҳаб олимлари қувватли, деб ҳисоблаган қавлга эргашиш вожибдир. Ўзи амал қилиши учун ҳам ва бировга фатво бериши учун ҳам кучсиз қавлга эргашиш мумкин эмас”.
Қосим Қутлубуғонинг “Шифа ал-илал” номли рисолада қуйидаги сўзларни келтиради: “Кучсиз қавлга таяниб ҳукм чиқариш ёки фатво бериш – жоҳиллик ва ижмога зид”.
- Мазҳабдаги кучли қавлни фақатгина таржиҳ аҳли белгилаб бериши мумкин:
Биринчи ҳолатимиздан келиб чиқиб, яъни ўзимиз истаган қавлга эргаша олмас эканмиз, у ҳолда мазҳабда амал қилинадиган қавлни ким ажратиб беради, деган савол пайдо бўлади. Албатта, бу вазифа фақатгина ижтиҳоднинг маълум даражасига етган олимлар томонидан амалга оширилиши мумкин, холос.
Ибн Обидин раҳимаҳуллоҳ: “Билгинки, муносиб кишилар томонидан кучли деб ҳисобланган нарсага эргашиш вожибдир”.
- Фақиҳларнинг илмий даражаси турлича бўлади:
Ибн Обидин раҳимаҳуллоҳ фақиҳларнинг етти табақаси ҳақида Ибн Камол Пошонинг тақсимотини келтиради. Бундай табақаланиш ҳамда Ибн Камол Пошо қайси олимни қайси табақага киритгани кейинги давр олимлари, жумладан, Лакнавий, Маржоний ва Кавсарий кабилар томонидан танқидга учраган. Танқиднинг асоси баъзи табақани бир-биридан ажратиш мумкин эмаслиги, шунингдек, фақиҳлар ўзлари муносиб бўлган ўриндан қуйироққа қўйилгани билан боғлиқ.
- Мазҳабдаги мужтаҳид анчадан бери йўқ, муфтийнинг вазифаси эса – таржиҳ аҳли қувватли деб белгилаган нарсага эргашиш:
Ибн Обидин раҳимаҳуллоҳ айтади: “Бизнинг замонамизда муфтий-мужтаҳидлар йўқ, фақатгина соф муқаллидлар қолган, холос”. У охирги мазҳаб мужтаҳидлари орасида Камол ибн Ҳумом (вафоти ҳижрий 861 йил) ва Қосим Қутлубуғо (вафоти ҳижрий 879 йил)ни ҳам зикр қилади. Ибн Нужаймни эса соф муқаллидлар қаторига қўшади. Агар Ибн Нужаймнинг таржиҳи олдинги таржиҳ соҳибларининг қарашларига мувофиқ келмаса, унинг таржиҳи ҳеч қандай кучга эга эмас.
- Фатво аҳллари усул ва фиқҳга эмас, балки мазҳаб китобларидаги очиқ-равшан матнга асосан фатво беришлари лозим:
Ибн Обидин раҳимаҳуллоҳ Ибн Нужайм раҳимаҳуллоҳнинг қуйидаги сўзларини келтиради: “Муфтий мужтаҳидлар очиқ баён қилиб кетган матнни тўғридан-тўғри келтириш орқали жавоб бериши вожибдир”.
Мансуржон БОБОЕВ,
Навоий вилояти “Мирхалил Майдон ота” жоме масжиди имом-хатиби.
Масжидун Набавийда Каъбанинг қопланиши тарихига оид кўргазма
Икки муқаддас ҳарами шариф ишлари бўйича Бош бошқарма Кўргазмалар ва музейлар ишлари бўйича Бош раислик агентлиги билан ҳамкорликда Пайғамбаримиз алайҳиссалом масжидида Каъба ва Каъбапўшга оид кўргазмасини ташкилаштирди. Мазкур кўргазма фаолияти 27 май кунига қадар давом этади.
Саудия Aрабистони матбуот агентлигининг таъкидлашича, кўргазма Икки муқаддас ҳарами шариф ишлари бўйича Бош бошқармаси раҳбари шайх, доктор Абдурроҳман ас-Судайс раҳбарлигида ўтказилмоқда.
Aгентликнинг таъкидлашича, кўргазмани ўтказишдан зиёратчиларни Саудия Aрабистони ҳукуматининг муқаддас Каъбага эътибор қаратиши, уни қайта қуриш, таъмирлаш, деворларини мустаҳкамлаш, эшикларини янгилаш ва унинг атрофидаги шозуронни ҳозирги ҳолатга келтиришдаги хизматларини таништириш мақсад қилинган.
Кўргазма Каъба билан боғлиқ баъзи технологик воситалар, яъни Каъбатуллоҳни хушбўй ҳидли парфюмерия маҳсулотлари билан ювиш, мушку анбар сепиш ва тозалаш воситалари билан таъминлаш, шунингдек, Каъба эшиги учун парда, баъзи лампалар, Каъба учун тўқилган матодан иборат бўлган шарафли Каъбанинг қопламаси (Каъбапўш) ва унинг тўқилиш жараёни ташриф буюрувчиларга намоён қилишни ўз ичига олади.
Кўргазмада, шунингдек, Каба эшиги, Каъбанинг калити, Қора тош (Ҳажарул асвад), Яман бурчаги (Рукнул Яманий) каби муқаддас Каъбанинг хусусиятлари ҳақида ҳикоя қилувчи эстетик тасвирлар ҳамда Каъба билан боғлиқ бўлган ҳужжатли фильмлар, Икки Муқаддас масжиднинг диққатга сазовор жойлари расмлари ҳам намойиш этилади.
Кўргазма ташриф буюрувчиларга 12 кун давом этадиган даврида Каъбапўшнинг Каъбага қопланиши жараёни тафсилотларини кўриш имконини беради. Кўргазма соат 10:00 дан 22:00 гача давом этади.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Матбуот хизмати
افتتاح جناح أوزبكستان في بينالي البندقية الدولي الثامن عشر للهندسة المعمارية
أقيم حفل افتتاح جناح أوزبكستان في بينالي البندقية الدولي الثامن عشر للهندسة المعمارية.
ويتيح بينالي البندقية الدولي الثامن عشر للهندسة المعمارية فرصة لترويج تاريخ أوزبكستان الثري على الساحة الدولية.
ويطلع زوار جناح أوزبكستان على ثقافة بلادنا وآثارها المعمارية لا مثيل لها وأعمال أجدادنا العظماء.
وتستمر فعاليات بينالي البندقية الدولي الثامن عشر للهندسة المعمارية حتى 26 نوفمبر عام 2023م.
وكالة أنباء أوزبكستان،