МАҚОЛА

Кучсиз қавлга таяниб фатво бериш – жоҳиллик

Муҳаммад Амин ибн Умар ибн Обидин Димашқий (1783-1836) раҳимаҳуллоҳ фатво чиқариш қонун-қоидаларидан иборат ҳанафийларнинг асосий китоби “Уқуду расмил муфтий” асарида қуйидаги умумий қоида ва тамойилларни баён қилади.

  1. Ўзи истаган қавл ва фикрга эргашиш мумкин эмас:

Ибн Обидин раҳимаҳуллоҳ айтади: “Амал қилиш ёки бировга фатво бериш учун фақатгина мазҳаб олимлари қувватли, деб ҳисоблаган қавлга эргашиш вожибдир. Ўзи амал қилиши учун ҳам ва бировга фатво бериши учун ҳам кучсиз қавлга эргашиш мумкин эмас”.

Қосим Қутлубуғонинг “Шифа ал-илал” номли рисолада қуйидаги сўзларни келтиради: “Кучсиз қавлга таяниб ҳукм чиқариш ёки фатво бериш – жоҳиллик ва ижмога зид”.

  1. Мазҳабдаги кучли қавлни фақатгина таржиҳ аҳли белгилаб бериши мумкин:

Биринчи ҳолатимиздан келиб чиқиб, яъни ўзимиз истаган қавлга эргаша олмас эканмиз, у ҳолда мазҳабда амал қилинадиган қавлни ким ажратиб беради, деган савол пайдо бўлади. Албатта, бу вазифа фақатгина ижтиҳоднинг маълум даражасига етган олимлар томонидан амалга оширилиши мумкин, холос.

Ибн Обидин раҳимаҳуллоҳ: “Билгинки, муносиб кишилар томонидан кучли деб ҳисобланган нарсага эргашиш вожибдир”.

  1. Фақиҳларнинг илмий даражаси турлича бўлади:

Ибн Обидин раҳимаҳуллоҳ фақиҳларнинг етти табақаси ҳақида Ибн Камол Пошонинг тақсимотини келтиради. Бундай табақаланиш ҳамда Ибн Камол Пошо қайси олимни қайси табақага киритгани кейинги давр олимлари, жумладан, Лакнавий, Маржоний ва Кавсарий кабилар томонидан танқидга учраган. Танқиднинг асоси баъзи табақани бир-биридан ажратиш мумкин эмаслиги, шунингдек, фақиҳлар ўзлари муносиб бўлган ўриндан қуйироққа қўйилгани билан боғлиқ.

  1. Мазҳабдаги мужтаҳид анчадан бери йўқ, муфтийнинг вазифаси эса – таржиҳ аҳли қувватли деб белгилаган нарсага эргашиш:

Ибн Обидин раҳимаҳуллоҳ айтади: “Бизнинг замонамизда муфтий-мужтаҳидлар йўқ, фақатгина соф муқаллидлар қолган, холос”. У охирги мазҳаб мужтаҳидлари орасида Камол ибн Ҳумом (вафоти ҳижрий 861 йил) ва Қосим Қутлубуғо (вафоти ҳижрий 879 йил)ни ҳам зикр қилади. Ибн Нужаймни эса соф муқаллидлар қаторига қўшади. Агар Ибн Нужаймнинг таржиҳи олдинги таржиҳ соҳибларининг қарашларига мувофиқ келмаса, унинг таржиҳи ҳеч қандай кучга эга эмас.

  1. Фатво аҳллари усул ва фиқҳга эмас, балки мазҳаб китобларидаги очиқ-равшан матнга асосан фатво беришлари лозим:

Ибн Обидин раҳимаҳуллоҳ Ибн Нужайм раҳимаҳуллоҳнинг қуйидаги сўзларини келтиради: “Муфтий мужтаҳидлар очиқ баён қилиб кетган матнни тўғридан-тўғри келтириш орқали жавоб бериши вожибдир”.

 

Мансуржон БОБОЕВ,

Навоий вилояти “Мирхалил Майдон ота” жоме масжиди имом-хатиби.

Read 876 times

Мақолалар

Top