Фотолавҳалар

Шу йил 22-23 февраль кунлари Бухоро шаҳрида ўтказилган биринчи халқаро зиёрат туризми доирасида Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Усмонхон Алимов ҳазратлари хорижий давлатлардан ташриф буюрган давлат ва дин арбоблари билан мулоқот ўтказдилар.
Муфтий ҳазратлари дастлаб Туркия диёнат ишлари раиси ўринбосари профессор, доктор Усмон Тирасчи билан учрашиб, Ўзбекистон ва Туркия давлатлари ўртасидаги ҳамкорликни янада ривожлантириш, “Вақф” хайрия жамоат фонди, зиёрат туризмини ривожлантириш масалалари муҳокама қилинди. Профессор, доктор Усмон Тирасчи Туркия давлатининг Ўзбекистонга бўлган эътибори юқори экани ҳақида гапириб, Ўзбекистоннинг тарихий обидалари ва тариқат намоёндаларининг мақбаралари акс этган “Олтин силсила” тақвими нашр этилгани тўғрисида сўзлаб берди.
Шунингдек, муфтий ҳазратлари Россия муфтийлар кенгаши ва диний идораси раиси ўринбосари Рушан Аббасов, Татаристон мусулмонлари диний бошқармаси раиси ўринбосари Рустам Валиулин, Миср Араб Республикаси Парламенти аъзоси, Миср сўфий тариқатлари кенгаши раиси Абдулҳодий ал-Қасабий, Доғистон Республикаси мусулмонлари идораси халқаро алоқалар бўлими бошлиғи Шихабуддин Гусейнов ва Индонезиянинг “Истиқлол”, “Дорал-Қуръон” музейлари директори Мухлис Муҳаммад Ҳанафий билан учрашувлар ўтказдилар.
Мулоқотда Ўзбекистоннинг сайёҳлик имкониятларини дунёга кенг тарғиб этиш, Ўзбекистонни ислом дунёсида зиёрат-туризми бўйича йирик марказлардан бирига айлантириш ва жаҳоннинг турли минтақаларидан, хусусан, мусулмон дунёсидан диёримизга сайёҳларни жалб этиш масалалари атрофлича муҳокама қилинди ҳамда ҳамкорлик қилиш бўйича келишувларга эришилди.

 

 

ЎМИ Матбуот хизмати

Расмлар муаллифи Шаҳзод Шомансур

Read 2896 times
Tagged under
Top