Фотолавҳалар

Расулуллоҳ (саллоллоҳу алайҳи ва саллам)нинг муборак ҳаётлари, суннатлари ва юксак одобларидан намуна олиш, Ул зотга муносиб уммат бўлиш истагида 19 декабрь куни “Хадичаи Кубро” аёл-қизлар билим юртида “Оламларга раҳмат Пайғамбар” шиори остида мавлид тадбири бўлиб ўтди. Тадбир Қуръон тиловати ва салавот билан бошланди.

Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)нинг хулқлари, сийратлари талаба қизлар томонидан ёритиб борилди. Оламларга раҳмат Пайғамбаримизнинг хулқлари, гўзал суннатларига эргашган инсонларнинг ҳаётларини тарихий воқеалар асосида ижро қилиб беришди. Хусусан, Салмон Форсий (разияллоҳу анҳу)нинг Ислом динига кириши, ҳақ дин йўлида машаққат чекканлари, Аҳли Китоблардан бўлмиш яҳудийларнинг Тавротда келган Расулуллоҳнинг ҳабарларини беркитишлари, аммо Абдуллоҳ ибн Салом бор ҳақиқатни айтиб мусулмон бўлиши, Охири замон пайғамбарининг чиқиш вақти яқинлашганда хазражликлар ва яҳудийлар Пайғамбар биздан чиқади дея қаттиқ низолашиши, ва ниҳоят рисолат нури порлаб, бутун оламни мунаввар айлагани, Макка мушриклари, айниқса, Абу Жаҳл бошчилигидаги Макка зодагонларининг Муҳаммад (саллоллоҳу алайҳи ва саллам)га душманчилик қилиши, Аллоҳ Ўз пайғамбари ва унинг саҳобалари ҳамда дўстларини ҳимоя қилиб туриши талаба қизлар томонидан катта маҳорат билан ижро қилинди.

Талаба қизлар ҳар бир саҳна кўринишидан сўнг, Расулуллоҳни мадҳ этувчи салавотлар куйлашиб, кечага янада тароват бағиш этишди.

Тадбир ниҳоясида иштирокчилар эсдалик совғалар билан тақдирланди.

Нилуфар САИДАКБАРОВА,

билим юрти ўқитувчиси

 

Read 3922 times
Top