Фотолавҳалар

Муборак Рамазон ойида амалга оширилган “Меҳр-5” операцияси Ўзбекистон раҳбариятининг навбатдаги хайрли иши бўлди.

Самолётда парвоз қилиш олдидан жуда кўпчилик ижтимоий тармоқларда ўз суратлари билан  бўлишади. Бу кўпинча парвоз завқи, саёҳат иштиёқи билан боғлиқ бўлади.  

Лекин узоқ йиллар ватангадоликда юрган одамларнинг парвози самолёт у интиқ бўлган заминга қўнгунча кўзёшларга чулғаниши ҳақида эшитганмисиз?    

“Президентимиз бизни жаҳаннамдан олиб чиқди. Суриядан самолётга ўтирганимдан Ватанимизга келиб қўнгунимизгача кўз ёшларим тинмади. Бизга ўзимиз ҳатто тасаввур қила олмайдиган яхшиликни раво кўрганларни тинмай дуо қиляпман”, деб таъкидлайди Нодира Оловиддинова.  

У ўзи туғилиб ўсган Наманган вилояти Косонсой туманидан чиқиб кетганига 24 йил бўлган экан. Турмуш ўртоғи хорижда ишлашга жазм қилганида у ҳам бирга йўлга чиққан. Бу йўллар турли сарҳадларни босиб ўтиб, охирида уларни Сурия давлатига олиб борди.  

– Аввал Қозоғистон, Эрон, Туркия давлатларида яшаб, ишлаганмиз. Кейин Сурияда яхши маош тўлаши ҳақида эшитиб, у ерга борганмиз. Бироқ боришимиз билан жаҳаннам оловига тушиб қолганимизни тушундик, лекин ортга йўл йўқ эди, – дейди Н.Оловиддинова. –  Атрофимизда ўқ овозлари тинмас, бомбалар ёғилиб турган бир шароитда юрак ҳовучлаб яшардик. Кунлардан бирида қизимни олиб, иш билан уйдан чиқдим. Қайтиб келганимизда яшаётган жойимизга бомба тушиб, уй ҳам, шу вақтда ўша ерда бўлган турмуш ўртоғим, беш ўғлим кунпаякун бўлган экан...  

Ҳаммасидан бир кунда айрилиб, фарёд кўтарганича қолган аёл бир қизи ва ўша вақтда уйдан чиқиб кетгани учун тирик қолган яна бир ўғли билан уч-тўрт йилдан буён оғир шароитда яшаб келган. Қўрқув тўла уйқусиз тунларида юртга қайтишга кўзи етмаса ҳам Яртгандан доим нажот сўраган.  

Ҳаёт сўқмоқларида бу аёл каби адашганларни кўпчилик қоралайди, албатта. Бироқ инсон борки, хато қилади. Айниқса, эри, ака-укасининг қистови билан юртдан чиқиб кетган аёллар, уларнинг болалари аслида айбсиз айбдорлардир.  

Шунинг учун ҳам давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёев топшириғига кўра ва бевосита назорати остида хорижий юртларда қийин шароитга тушиб қолган шундай ватандошларимизга кўмак бериш, уларни мамлакатимизга қайтариш бўйича “Меҳр” инсонпарварлик операцияси амалга ошириб келинмоқда.  

Шу кунгача ўтказилган “Меҳр-1, -2, -3, -4” операциялари доирасида Сурия, Ироқ ва Афғонистондан оғир аҳволга тушиб қолган 438 нафар аёл ва бола мамлакатимизга олиб келинди.  

Зеро, ҳар бир Ўзбекистон фуқароси давлат ҳимоясида экани Бош қомусимизда кафолатланган.  

Куни кеча Муборак Рамазон ойида АҚШ ва бошқа ҳамкор давлатлар кўмаги билан амалга оширилган “Меҳр-5” операцияси натижасида Сурия ҳудудидаги уруш кетаётган “қайноқ нуқталар”га бориб қолиб, “Ал-Хол” лагерида 3 йилдан ортиқ вақт давомида ушлаб турилган 24 нафар аёл ва 69 нафар бола Ўзбекистонга қайтарилди.  

Улар мутаассиблик, террорчилик йўлига кирган турмуш ўртоқларининг ундови билан Сурияга борган ва эрларини жангларда йўқотиб, ўзлари бева, фарзандлари эса етим қолган.  

Ватанга олиб келинган болалар орасида ҳам отасини, ҳам онасини йўқотган 7 нафар чин етим ҳам бор.

Ачинарлиси, тақдирнинг аччиқ қисматига дучор келган бу ватандошларимиз ҳаёт кечириш учун зарур бўладиган оддий шароитлардан маҳрум ҳолатда яшаб келган.  

– Юртимизда кечиримлилик, афв этиш, адашган кишиларнинг тўғри йўлга тушиб кетишига имкон беришдек азгу амаллар мунтазамлик касб этган, – дейди Ўзбекистон Мусулмонлари идораси раисининг биринчи ўринбосари Ҳомиджон Ишматбеков. – Ушбу муборак кунларда шундай яна бир бағрикенгликнинг гувоҳи бўлиб турибмиз. Президентимиз топшириғи билан уруш кетаётган жойдан оғир аҳволда қолган аёллар ва болалар олиб келинди.  Халқимиздан, давлатимиз раҳбаридан кечирим сўраб, ёрдам сўраб ёлворган бу аёллар нотўғри даъватларга учиб, хорижга чиқиб кетган турмуш ўртоқларининг хатоси қурбони бўлган. Бу ҳолатдан бошқалар, айниқса, ёшлар сабоқ олиши керак. Чунки шу кунларда ҳам сохта даъволарга алданиб, гўёки хижрат қилиш учун Сурияга кетмоқчи бўлаётганлар топилади. Айнан шулар бундай қилмишнинг оқибати нима бўлишини мана бу тирик етимлар мисолида англаши зарур.    

Суриядан олиб келинган аёллар ва болалар Тошкент вилоятидаги “Бўстон” санаториясига жойлаштирилди. Уларга тиббий, психологик ва ижтимоий ёрдам кўрсатилади. Шунингдек, уларнинг шахсини тасдиқловчи ҳужжатларни расмийлаштириш бўйича зарур ишлар амалга оширилади.  

Аввал янги тонг отишига ишонмай уйқуга ётган бу 93 нафар инсоннинг бугунги тонгги хотиржамликда, эртанги кунга ишонч билан отди.  

Халқаро экспертлар фикрига кўра, Ўзбекистон ўз фуқароларини ҳарбий можароли зоналардан олиб чиқиш билан фаол шуғулланаётган кам сонли давлатлардан бири саналади.  

Хулоса ўрнида таъкидлаш лозимки, айнан “Меҳр”операцияси орқали аввал олиб келинган шахслар бундай бағрикенгликка жавобан ҳозир тинч ҳаёт кечириб, ҳалол меҳнат билан шуғулланмоқда. Болалар эса таълим олмоқда. Чин етим бўлиб қолган фарзандлар Меҳрибонлик уйларига  жойлаштирилган. Уларнинг янги ҳаёти, дунёқараши яхши томонга ўзгарган.  

Турли сабаблар билан адашган, бугун тўғри йўлга тушаётган бундай шахсларга нафақат давлат, жамоатчилик ғамхўрлик кўрсатиши, балки уларнинг атрофидаги одамлар ҳам бефарқ бўлмаслиги керак. Зеро, бир заминда туғилиб, ёнма-ён яшар эканмиз, ҳар биримиз бир-биримиз учун ҳам масъулмиз.  Зотан, қаерда адашганлар бўлса, бу унинг атрофидагиларнинг лоқайдлиги маҳсулидир.    

Ҳеч қачон бефарқ бўлманг, яқинларингиз, атрофингиздагилар адашишига йўл қўйманг.  

    Норгул Абдураимова,  

ЎзА

Read 2092 times
Top