Фотолавҳалар

“Яхшиликка сабабчи бўлган одам,

 ўша яхшиликни қилганчалик савоб олади”.

Абу Исо Термизий ривояти.

Мустақиллигимиз шарофати билан узоқ ўтмишда яшаб, илму фаннинг турли соҳалари бўйича кўплаб асарлар ёзган алломаларимизнинг ҳаёти ва ижодини ўрганиш имкониятига эга бўлдик. Термиз шаҳридан юзлаб буюк алломалар – ат-Термизийлар ўз таълимотларию кашфиётлари билан бутун дунёда шуҳрат қозонганлар. Жумладан, мана шундай буюк ат-Термизийлардан машҳур муҳаддис Абу Исо ат-Термизий ва улуғ мутафаккир ал-Ҳаким ат-Термизийни кўрсатиш мумкин. 

2017 йил 12 май куни Имом Бухорий номидаги Тошкент Ислом институти раҳбарияти ташаббуси ва АРМ ижрочилигида ТИИда Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг 2017 йил 14 февралдаги “Имом Термизий халқаро илмий-тадқиқот марказини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПК-2774-сон Қарори ижросини таъминлаш бўйича ЎзР ФА да ташкил этилган ижодий гуруҳ режаси ҳамда Тошкент ислом институти 2016-2017 ўқув йили давомида ўтказиладиган маънавий-маърифий, бадиий ва оммавий тадбирлар режасига мувофиқ ўқитувчи ва талабалар учун соат 10:00 дан 16:00 гача “Имом Абу Исо Термизий ва термизлик олимлар илмий асарлари” кўргазмаси бўлиб ўтди.

Мазкур кўргазмада Имом Термизий халқаро илмий-тадқиқот маркази директори, тарих фанлари доктори, профессор Убайдулла Уватов, ТИИ ректори Уйғун Ғафуров, Маънавий-маърифий ишлар бўйича проректор Жаҳонгир Мелиқўзиев ҳамда институт устоз ва талабалари иштирок этдилар.  Убайдулла Уватов тадбир иштирокчиларига Ўзбекистон Республикаси Президенти Қарорининг мазмун-моҳияти ва термизлик алломалар илмий мероси ҳақида маъруза қилди. 

ТИИ АРМ томонидан кўргазма иштирокчиларига Ўзбекистон мусулмонлари идораси кутубхонасида сақланаётган нодир қўлёма асарлардан Абу Исо ат-Термизийнинг “Шамоил набавийя”, “Матни шамоил Термизий” ва ал-Ҳаким ат-Термизийнинг “Наводирул усул” китоблари,  Тошкент Ислом университетининг Манбалар хазинасида сақланаётган араб тилидаги замонавий нашрлардан Муҳаммад Абдурраҳмон ал-Муборакфурийнинг “Туҳфатул аҳвазий би шарҳи жомиъ ат-Термизий”, Муҳаммад Анвар шоҳ ал-Кашмирийнинг “Ал-арф аш-шазий шарҳ сунан ат-Термизий” ва ал-Ҳаким ат-Термизийнинг “Ал-Манҳиёт” каби китоблари ҳамда  ЎзР ФА Абу Райҳон Беруний номидаги Шарқшунослик институти ва  “Мовароуннаҳр” нашриёти томонидантақдим қилинган “Термизлик алломалар асарларининг қўлёзмалари каталоги”, “Ҳаким ат-Термизий асарларидан сайланма”, “Имом Абу Исо Муҳаммад Термизий”, “Термизий алломалардан олтин ўгитлар”, “Муҳаммад Ҳаким Термизий рисолалари” каби жами 36 номдаги 65 дона адабиётлар намойиш қилиниб, иштирокчилар ушбу асарлар билан яқиндан танишдилар.

Ахборот-ресурс маркази мудири

Маҳкамов Камолиддин

Read 7044 times
Tagged under
Top