muslim.uz
Духон сураси фазилати
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ким “Ҳаа Мийм” (Духон сураси)ни кечаси қироат қилса, тонг отгунча унга етмиш минг фаришта истиғфор айтиб чиқади”, дедилар.
Қайси кеча эканини келгуси ҳадиси шарифдан билиб оламиз. Яна ўша кишидан ривоят қилинади: “Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ким “Ҳаа Мийм”ни жума кечаси қироат қилса, мағфират қилинади”, дедилар.
Демак, “Духон” сурасини жума кечаси қироат қилса, у мағфират қилинар экан. Ўша мағфират қилинадиган гуноҳлар сағира – кичик гуноҳлар эканини уламоларимиз алоҳида таъкидлаганалар.
“Ким “Ҳаа Мийм ”ни жума кечаси ёки жума куни қироат қилса, Аллоҳ унга жаннатда бир уй бино қилади”, деганлар (Имом Табароний ривояти).
Абдуллоҳ ПАРПИЕВ,
Халқаро алоқалар бўлими ходими
Намознинг ҳикматлари
Намоз Ислом дини рукни ва устунларидан бири. Ибодат ҳамда тоатларнинг асоси, гуноҳларни ювувчи, ёмонликлардан қайтарувчидир. У калимаи шаходатдан кейинги энг улуғ фарздир. Намоз банданинг Аллоҳ ила мулоқоти, меърожидир. Унда банда Аллоҳ билан ёлғиз қолиб, У зотга муножат қилади.
Абу Хурайра (розияллоҳу анҳу)дан ривоят қилинади: Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Сизлардан бирортангизнинг уйи олдидан анҳор оқиб ўтса, ва у ундан ҳар куни беш марта ювинса, уни танасидан бирор бир кир қоладими?” дедилар. Саҳобалар: “Ундан бирор бир нарса қолмайди”, дейишди. Шунда Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) айтдилар: “Мана шу беш вақт намознинг мисолидир”. Аллоҳ таоло у сабабли унинг гуноҳларини ўчиради” (Имом Бухорий, Имом Муслим ривояти).
Намоз бандани Аллоҳ таолога яқинлаштиради, имонини мустаҳкамлайди. Фақат Аллоҳдангина умидвор бўлишга ўргатади. Намоз ўқийдиган одам ғафлат уйқусидан уйғониб, ҳаётдаги маъсулиятини сидқидилдан адо этадиган бўлади. Намоз гўзал хулқли бўлишга, барча ишларни тартибли бажаришга, вақтни тежашга ўргатади. Аллоҳ таоло бундай марҳамат қилади: «Албатта, намоз фаҳш ва ёмон ишлардан қайтарур. Албатта, Аллоҳнинг зикри (барча нарсадан) улуғдир. Аллоҳ қилаётган ишларингизни билур» (Анкабут сураси, 45-оят).
Расулуллоҳ (алайҳиссалом)нинг аввалги-ю кейинги гуноҳлари мағфират қилинган бўлса ҳам, тунларни намоз билан бедор ўтказар эдилар, ҳатто товонлари шишиб кетарди. Буни кўрган саҳобалар: “Аллоҳ сизнинг ҳамма гуноҳларингизни мағфират қилган бўлса, шунчалик азоб чекиб ўзингизни қийнайсизми?” дейишганда, у зот (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Шукр қилувчи бандалардан бўлмайинми?” дея жавоб берганлар (Имом Насоий, Имом Термизий ривояти).
Набий (алайҳиссалом) кенгчилик вақтидаги каби мусибат, қийинчиликда ҳам кўп намоз ўқирдилар. Хузайфа (розияллоҳу анҳу)дан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва салам)га бирор иш ташвиш келтирса намозга мурожаат қилар эдилар”.
Абу Дардо (розияллоҳу анҳу) айтадилар: “Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) агар қаттиқ шамол бўлса, то шамол тўхтагунча масжидга шошардилар”, (Имом Абу Дунё, Имом Ибн Асокир ривояти).
Ибн Аббос (розияллоҳу анҳу) йўлда кетаётганларида ўғиллари вафот этгани ҳақидаги ҳабар етди. Шунда маркабларидан тушиб, икки ракат намоз ўқидилар-да, сўнгра “Инна лиллаҳи ва инна илайҳи рожиун”, дедилар. Ва Аллоҳ буюрганидек қилдик, деб: «(Аллоҳдан) сабр ва намоз ила ёрдам сўрангиз. Дарҳақиқат, у (намоз) оғир ишдир. Илло, итоатли (хокисор) кишиларга (оғир) эмас» (Бақара сураси, 45-оят) оятини тиловат қилдилар.
Қалбнинг ҳотиржамлиги, дилнинг роҳатланиши намоз берган самараларнинг энг олийсидир. Муҳими банда агар холис бўлса, ана шу самарадан бебаҳра қолмайди.
“Фазоилул аъмол” асари асосида
Абдуллоҳ ПАРПИЕВ
тайёрлади
Болалар ўртасида адолат қилинг
Болалар тарбиясига доир фойдали маслаҳатлар
Нўъмон ибн Башир розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) дедилар: «Фарзандларингиз ўртасида адолат қилинглар». Имом Муслим ривоят қилдилар. Башир розияллоҳу анҳунинг аёллари: «Менинг боламга хизматкор совға қилинг ва бу нарсага Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)ни гувоҳ қилинг», – деди. Башир розияллоҳу анҳу Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)нинг олдиларига келдилар-да: – Фалончининг қизи (аёлларини айтаяптилар – тарж.) ўзининг ўғлига хизматкор туҳфа этишимни сўраяпти… – дедилар. Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): – Унинг ака-укалари борми?, – деб сўрадилар. Башир дедилар: – Ҳа. – Уларнинг ҳаммаларига ҳам бунга қилганингдек туҳфа қилганмисан? – деб сўрадилар Расулуллоҳ. – Йўқ. Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): – Бундай қилиш ярамайди, мен фақатгина ҳақ нарсага гувоҳлик қиламан, – дедилар. Имом Аҳмад ривоятларида Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): «Мени жаврга гувоҳ қилма, албатта, болаларингнинг сендаги ҳаққи улар орасида адолат қилишингдир», – дедилар.
Шунингдек, муқаддас динимизда қиз фарзандларга алоҳида эътибор беришлиги ҳақида Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) шундай марҳамат қилганлар: «Кимнинг бир қиз фарзанди бўлиб, унга яхши таълим, гўзал тарбия ҳамда Аллоҳ таоло унга ато этган неъматларидан қизига ҳам сарфласа, Қиёмат куни шу қизи унинг учун дўзахдан тўсувчи парда бўлади» (Табароний ривояти).
Байҳақий ривоят қилдилар: Анас розияллоҳу анҳу дедилар: Бир киши Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) билан бирга ўтирган эди, унинг ўғилчаси келиб қолди ва у ўғлини ўпди-да, бағрига олиб ўтқазди. Кейин унинг қизчаси келди, у қизчасини олди-да, ёнига ўтқазди. Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): «Сен улар ўртасида адолат қилмадинг», – дедилар. Салафлар болаларини ўпишда ҳам улар ўртасида адолат қилишни яхши кўришарди.
Муслим Атаев,
тарих фанлари номзоди,
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Фатво бўлими ходими
Фотиҳа сурасининг тафсири ва фазилатлари
Фотиҳа сурасининг фазилатлари баён қилинган тафсир манбаларида унинг Қуръони карим маъноларини ўзида мужассам қилган ва улуғ фазилатларга эга сура сифатида ёритилган. Фотиҳа сураси етти оятдан иборат бўлсада, унда Ислом шариати буюрган барча амалларнинг мазмун-моҳияти муфассал равишда баён қилинган. Шу боис, “Уммул Қуръон”, “Уммул Китоб” ва “Асос” каби номлар билан аталган.
Ҳасан Басрий бу сура ҳақида: “Аллоҳ таоло аввалги китоблардаги барча илмларни Қуръонга жамлади. Сўнгра, Қуръонни ҳам муфассал ҳолда жамлаб, уни Фотиҳа сурасига киритди. Ким Фотиҳа сурасининг тафсирини билса, Қуръоннинг нозил қилинган барча маъноларини тушунибди”, деган.
Маҳмуд Замахшарий “Кашшоф” асарида қуйидагиларни келтиради: “Ушбу сурада Аллоҳ таолога ҳамд, Унга ибодат, амри-маъруф ва наҳий-мункар, ваъд ва ваъидлар зикр қилинган бўлиб, улар Қуръондаги барча оятлар маъносини ифодалайди”.
Фахриддин Розий “Мафотиҳ ал-ғайб” асарининг Фотиҳа сураси тафсирида: “Фотиҳа сураси илоҳиёт, охират, нубувват, қазо ва қадар масалаларини ўзида жамлагандир. Хусусан, сурадаги «Ҳамд оламларнинг Рабби – Аллоҳгаким», (Фотиҳа сураси, 1-оят) ояти илоҳиётга далолат қилади. «...ва жазо (ва мукофот) кунининг (қиёмат кунининг) эгасидир», (Фотиҳа сураси, 3-оят) ёмонлик қилишдан қайтарилгани ва барча ишлар Аллоҳнинг қазои ва қадари билан бўлишига, «Бизни шундай тўғри йўлга йўллагинки у Сен инъом этган зотларнинг йўли (ҳидоят йўли) бўлсин, ғазабга учраган ва адашганларнинг эмас!» (Фотиҳа сураси, 5-7-оятлар) оятлари Аллоҳнинг қазоси ва нубувват масалаларига тегишлидир”, дейилади.
Маҳмуд Замахшарийнинг “Кашшоф” асарига ҳошия битган табризлик аллома имом Ҳусайн ибн Абдуллоҳ Тийбий “Шарҳ ал-Кашшоф” асарида олим Фотиҳа сурасини қуйидагича шарҳлаган: “Фотиҳа сураси диннинг устуни бўлган тўрт илмни ўз ичига олган. Биринчиси, шариатнинг асоси бўлган ва Аллоҳ азза ва жалланинг сифатларини ўрганишга бағишланган илм. Ушбу маънолар «Ҳамд оламларнинг Рабби – Аллоҳгаким, (У) Mеҳрибон, Раҳмли ва жазо (ва мукофот) кунининг (қиёмат кунининг) эгасидир» (Фотиҳа сураси, 1-3-оятлар) оятларида жамланган.
Иккинчиси, ибодат масалаларига тааллуқли бўлган илм. Бу илмнинг барчаси «Сенгагина ибодат қиламиз…» (Фотиҳа сураси, 4-оят) оятида жам бўлган.
Учинчиси, камолотга етказувчи одоб-ахлоқ масалалари. Суранинг «…Сендангина ёрдам сўраймиз. Бизни шундай тўғри йўлга йўллагинки…» (Фотиҳа сураси, 4-5-оятлар) оятлари барча ахлоқий масалаларнинг мазмунини қамраб олади.
Тўртинчиси, ўтган солиҳ зотлар ва золим кимсалар тўғрисида хабар қилинган қиссалардир. Уларнинг етказилишидан мурод – яхшиларга берилган неъматлар ва ёмонларга кўрсатилган жазолардан ибратдир. Хусусан, сурадаги «у Сен инъом этган зотларнинг йўли (ҳидоят йўли) бўлсин, ғазабга учраган ва адашганларнинг эмас!» (Фотиҳа сураси, 6-7-оятлар) ояти Қуръонда зикри келган барча қиссаларнинг мазмунини ифодалайди.
Имом Ғаззолийнинг “Ховосс ал-Қуръон ал-карим” асарида Фотиҳа сураси ҳақида бундай дейилган: “Сурада жамики итоат қилувчи солиҳ бандаларнинг сифати аниқ ва равон баён этилган. Шунингдек, Ҳақни инкор этувчи кимсаларнинг аҳволидан огоҳ қилинган. Аллоҳ таоло юборган оят ва мўъжизаларни инкор қилувчи кимсалар «…ғазабга учраган ва адашганларнинг эмас!» (Фотиҳа сураси, 7-оят) сўзлари билан ифодаланган. Бу эса Қуръонда зикри келган кофир ва золим қавм ҳамда шахсларга берилган мукаммал таърифдир. Оятдаги «Сенгагина ибодат қиламиз ва Сендангина ёрдам сўраймиз» (Фотиҳа сураси, 7-оят) жумласи ибодатлар ёлғиз Аллоҳгагина қилиниши, фақат Ундангина ёрдам сўраш лозимлигини англатади.
Шерзод УМАРАЛИЕВ,
Тошкент ислом университети магистранти
Салом – ҳурмат белгиси
Салом бериш азал-азалдан давом этиб келаётган инсоний қадриятларимиздандир. Одатда бешикка гўдакни белаш олдида кўп тилаклар қилинади. Жумладан, “Ассалому алайкум” сўзлари қайта-қайта такрорланади. Айни шу кундан бошлаб фарзандга салом сўзи тез-тез эслатилади. Улар оиладаги кексаларга, ота-оналарига, оила аъзоларининг барчасига салом беришга ундалади. Боғча, мактаб ва олий ўқув юртларида ҳам устоз-мураббийларга салом берилиб, бу муқаддас таълим ҳаётда давом этиб бораверади. Салом – халқимизнинг ҳурмат-эҳтиромини билдирадиган, дилни дилга улайдиган, меҳр-оқибат кўприги бўлиб, одоб-ахлоқнинг асоси ҳисобланади.
Турли вазиятда ҳам юракдан берилган салом киши юзида табассум уйғотади. Салом бериш инсоний бурч – у ёш ва тил танламайди. Саломлашиш жараёнида қўлланиладиган сўзларнинг маъно ва мазмунида нақадар эзгу ниятлар ифодаланади. Бир эътибор беринг-а! Саломлашиш эсон-омон бўлмоқ, сақланмоқ, безарар юрмоқ, тинчлик, ҳавфсизлик, хусусан соғлик-саломатлик тилаш каби одамийликнинг олийжаноб рамзидир. Бу ҳақда Юсуф Хос Хожиб “Салом беришдан асл мақсад салом берувчининг алик олувчига омонлик бераётгани, унга аминлик ато этаётгани, унга нисбатан ёмон нияти йўқ экани, айни пайтда ҳурмат-эҳтиром кўрсатишдан иборатдир”, деган экан.
Ҳақиқатан, салом бериш – қарз. Салом билан киши бой бўлмайди ёки қорни тўймайди. Лекин “Ассалому алайкум” деган сўзингиз, сизнинг одамийлигингиз, инсонийлигингиз эътиқодингизни ҳамда қаршингиздаги кишига нисбатан ҳурматингизни билдиради.
Салом бериш халқимизниг турмуш-тарзига сингиб кетган. Шунинг учун ҳам қаерда ва қандай ҳолатда бўлишдан қатъи назар: отлиқ пиёдага, йўловчи ўтирганга, бир киши кўп кишига, кичик каттага салом беради. Бу эса эзгуликнинг бир рамзи бўлиб ҳисобланади.
Ўзгаларга нисбатан яхши ният ва яхши муомалада бўлиш киши камоли учун аҳамиятлидир.
Бурҳониддин Марғиноний ҳазратлари “Одоб-ахлоқ, тарбия” рисоласида “катталар қўл чўзгандан кейин кичиклар таъзим қилиб, катталарнинг ҳурматини жойига қўйиб қўл бериши керак”, деб ёзган.
Кексаларни эъзоз қилиш учун ҳам ҳурмат воситаси сифатида уларга ёшлар салом беради. Ҳар бир юрт аҳли салом беришни ўзига хос равишда адо этади. Зеро, салом бериш одоби инсон табиатидаги ахлоқий ҳусусиятлардан бири ҳисобланади. Бу маъно Қуръони каримда “Эй, имон келтирганлар! Ўз уйларингиздан ўзга уйларга то изн сўрамагунингизча ва эгаларига салом бермагунингизча кирмангиз! Мана шу сизлар учун яхшидир. Зора, (бу гапдан) эслатма олсангиз” (Нур, 27), дея таъкидланган.
Ҳаётнинг ижтимоий одобларидан саналадиган салом бериш одоби асосий алоқа воситасидир. Шу муносабат билан ўртадаги узоқликни яқинлаштирувчи меъёрлардан бири ҳамда муноабатларнинг дўстона тус олишининг сабабчиси, бир-бирига хайрихоҳ бўлишлари учун таниш ва нотаниш инсонлар ўртасида салом-алик анъанасининг аҳамияти жуда буюк. Саломлашиш ҳикматининг қирралари бошқа ўзаро муносабатларга нисбатан алоҳида эътиборга моликдир. Шу маънода Қуръони карим “... Бас, қачонки, уйларга кирсангиз, бир-бирларингизга Аллоҳ ҳузуридан бўлган муборак, покиза саломни айтингиз....” (Нур, 61) дейилди. Яъни, Аллоҳ таоло “Ассалому алайкум” деб, “покиза саломингизни айтингиз” деган сўзи билан салом беришга амр этмоқда. Демак, салом беришни Қуръони карим оятлари билан таъкидламоқда. Саломнинг жавоби тўғрисида ҳам қуйидаги ояти каримада: “Қачон сизларга бирор саломлашиш (ибораси) билан салом берилса, сизлар ундан чиройлироқ қилиб алик олингиз ёки ўша (ибора) ни қайтарингиз...” (Нисо, 86), деб буюрилган.
Ушбу икки ояти карима жамиятнинг ўзаро муносабатини яхшилик билан тўлдирувчи мақталган ахлоққа чорламоқда. Айни шу маънода Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳам атрофдагиларга салом ҳақида таълим ва тарбия бердилар. Бу давргача жоҳилият асорати сабабли саломга аҳамият берилган эмас эди. Абдуллоҳ ибн Амрдан ривоят қилинади: “Бир киши: Ё Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи васаллам)! Исломнинг қайси хислати яхши?” деб сўради. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам “Таом беринг ва таниган-танимаган кишига салом беринг” (Имом Бухорий ривояти), деб саломни динимизнинг энг гўзал хислатларидан бири сифатида айтдилар.
Саломлашиш нотаниш кишилар билан бўлган мулоқотда ёки танишув жараёнида бўлса қалбдан қалбга ўзаро меҳр риштаси пайдо бўлиб, кўзланган мақсадга ўтиш осон кечади.
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадиси шарифда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Токи имон келтириб мўмин бўлмагунингизча, харгиз жаннатга кирмайсизлар. Бир-бирларингизга нисбатан меҳру-муҳаббат ҳосил қилмагунингизча, мўмин бўла олмайсизлар. Мен сизларга бир амални ўргатаман, агар уни қилсаларингиз бир-бирларингизга нисбатан меҳр-оқибат пайдо бўлади: Ўзаро ўрталарингизда саломни ошкора қилингиз!” деб марҳамат қилдилар. (Имом Суютийнинг “Жомиул Кабир” китобида келтирилган ҳадис). Абу Ҳурайра розияллоҳудан ривоят қилинган ҳадиси шарифда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Бир-бирларингиз билан саломлашиб юринглар. Шунда ўрталарингда меҳру муҳаббат уйғонур”, деб марҳамат қилган (Имом Аҳмад ривояти)
Дарҳақиқат, инсон салом берган кишига бағрикенглик билан муомалада бўлади. Юқоридаги ҳадиси шарифда айтилганидек салом меҳр-мурувват риштаси боғланишига сабаб бўлади.
Муҳаммадали Каттабоев,
“Ҳидоя” ўрта махсус ислом билим юрти АРМ мудири