muslim.uz
Илмий мактаблар иш бошлади
Бугун, 8 ноябрь куни Самарқанд вилоятидаги “Ҳадис” ва “Калом” илмий мактабларининг очилиш маросимида Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Дин ишлари бўйича қўмита раиси Ортиқбек Юсупов ва Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Усмонхон Алимов ҳазратлари иштирок этишди.
Тадбирда муфтий ҳазратлари сўзга чиқиб, шундай дедилар:
– Муҳтарам Юртбошимиз томонларидан ўтган муборак Рамазон ойида диний соҳа ходимлари анжуманида юртимизда калом, ҳадис, фиқҳ, ақида ва тасаввуф илмий мактабларини ташкил этиш ҳамда ушбу мактабларда имом-хатибларнинг махсус фанлар бўйича билимларини мунтазам ошириш масаласи қўйилган эди. Мана бугун Аллоҳ таолонинг инояти билан биринчи бўлиб, Самарқанд вилоятида Калом ва Ҳадис илмий мактаблари очилди. Мана шу икки мактабдан келажакда исломий илмлар бўйича фан докторлари етишиб чиқиб, буюк аждодларимизнинг калом ва ҳадис фанида ёзилган бебаҳо илмий меросларини ўрганиб бутун халқимиз, хусусан, ёшларимизга етказади. Ушбу мактабларга имом-хатибларни тингловчи сифатида қабул қилиб, кучли билим ва тафаккурга эга бўлган уламоларни етиштириб чиқаришимиз лозим.
Муфтий ҳазратлари ўз сўзларида давом этиб, ушбу янги мактабга буюк ватандошимиз Имом Бухорийнинг “Ал-Адаб ал-Муфрад” асарини тақдим этиб, ушбу китобдаги 1322 та ҳадисни тингловчилар ёд олишларини асосий вазифа қилиб қўйдилар.
Йиғилишда Дин ишлари бўйича қўмита раиси Ортиқбек Юсупов сўзга чиқиб, муҳтарам Президентимиз бугунги кун имом-хатибларини янада кучли билим ва салоҳиятли инсонлар бўлишини бу борада диний таълим тизимида барча керакли ишларни амалга оширишга давлатимиз тайёр эканини айтиб ўтди.
О.Юсупов ўз сўзида давом этиб, муҳтарам Юртбошимиз БМТ бош ассамблеясининг 72-сессиясида сўзлаган нутқида ҳам бугун дунёда ислом номи остида турли ёвуз кучлар ўз мақсадларига эришмоқчи бўлишаётгани, бундай гуруҳ ва оқимларнинг ботил ғояларига қарши туриш, муқаддас ислом динимизни доимо ҳимоя қилиш тўғрисидаги алоҳида тўхталганларини билдирди.
Сўзга чиққан нотиқлар мазкур илмий мактаблар илмий-тадқиқот маркази шаклида ташкил этилиши, уларда юртимизда шаклланган устоз-шогирд анъаналарига асосланган Бухоро, Самарқанд мактаблари услубида фаолият олиб боришини алоҳида қайд этишди. Шунингдек, илмий мактаб ходимлари ихтисослиги бўйича мўътабар асарлар асосида давра дарсларини олиб бориши, соҳага оид асарлар устида илмий-тадқиқот ишларини олиб бориши, тингловчилар (илмий изланувчи) учун тегишли асарларни давра дарслари шаклида ташкил этилиши, жамиятдаги турли диний масалаларни чуқур ўрганган ҳолда матбуотда материаллар эълон қилиниши тўғрисида сўз борди.
Шу ўринда маълумот ўрнида айтиш керакки, ушбу илмий мактабларга диний маълумоти тўғрисида ҳужжатга эга бўлган Ўзбекистон Республикаси фуқаролари суҳбат асосида тингловчи сифатида қабул қилинади. Тингловчиларга илмий-тадқиқот ишларини олиб бориш ва давра дарсларида иштирок этиш муддати белгиланмайди, яъни таълим замонавий модуль шаклида олиб борилади. Мактаб тингловчиларига маълум бир асарни тамомлаганлиги тўғрисида махсус сертификат (ижоза) берилади.
Тадбир сўнгида муфтий ҳазратлари икки мактабнинг устоз ва тингловчилари ҳақига ҳамда юртимизда олиб борилаётган диний соҳадаги барча ишларга ривож сўраб дуойи хайрлар қилдилар.
Аввалроқ, 8 ноябрь куни Тошкент шаҳрида “Йил имоми-2017” кўрик танлови ташкил этилгани ҳақида хабар берган эдик. Унда Тошкент шаҳар Шайхонтоҳур тумани “Оқилон” жоме масжиди имом-хатиби Исомиддин Аҳроров биринчи, Тошкент вилояти Қибрай тумани “Саъдулла ота” жоме масжиди имом-хатиби Обиджон Мирҳамидов иккинчи, Навоий вилояти Нурота тумани “Чил Устун” жоме масжиди имом-хатиби Жамолиддин Мубинов учинчи ўринларни қўлга киритгани айтиб ўтилган эди.
Зайниддин ЭШОНҚУЛОВ,
Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг
Самарқанд вилояти вакили, бош имом-хатиб
БААнинг “энг, энг, энг”лари. Энди байроқ!
Рекордларни ўрнатишда ўз ўрнига эга бўлган Бирлашган Араб Амирликлари ҳукумати ноодатий янгиликлар орқали мамлакатнинг сайёҳлик имкониятини оширишга интилади.
Шундай ҳайратланарли ишлардан бири бу Бирлашган Араб Амирликларининг Шаржа шаҳрида дунёдаги энг катта байроқ ўрнатилгани бўлди. Бу байроқ Гиннеснинг рекордлар китобига пайшанба куни киритилиши кутилмоқда.
Ушбу байроқнинг узунлиги 70 метр ва эни эса 35 метр эканлиги хабар қилинди.
Байроқ ороли бошқарувчиси Холид ал Жунайбининг айтишича ушбу янгилик билан лойиҳа тугаб қолмайди.
Ушбу байроқ Миллий байроқ куни муносабати билан ўрнатилгани айтилди.
Аввалроқ, Дубайдаги “Kite Beach” соҳилида БАА асосчиси ҳисобланган Шайх Зайд ибн Султон ан-Наҳаённинг сурати пайдо бўлгани ва ушбу сурат Амирлик рамзи бўлган 4 мингта байроқ ёрдамида тасвирлангани ҳақида хабар берган эдик.
150 та нодир асар ва тарихий хариталар сотилмоқда
Аввал хабар берганимиздек, БААнинг Шаржа шаҳрида китоблар намойишига бағишланган халқаро кўргазма бўлиб ўтмоқда. Бу йилги кўргазмада дунёнинг 60 мамлакатидан 1650 та нашриёт ва матбаа корхоналари ўзларининг 1,5 миллиондан ортиқ китоб ва рисолаларини намойиш этишмоқда.
Кўргазма доирасида хусусий коллекционерлар томонидан 150 та ноёб асар ва тарихий хариталар сотувга қўйилган. Уларнинг ичида энг қимматбаҳолари қуйидагилар:
- “Минг бир кеча” китоби чорак миллион (250,000) АҚШ долларга баҳоланмоқда.
- 1803 йилда Истанбулда нашр этилган, Усмонийлар империясига тегишли ислом дунёсидаги биринчи харита ҳам намойиш этилмоқда. Маълумот учун, ушбу хаританинг 20 (айрим манбаларда 10та дейилади)та нусхаси турли давлатлардаги кутубхона фонди ва коллекционерда сақланмоқда. Кўргазмада намойиш этилаётган нусха 150 минг АҚШ долларига баҳоланмоқда.
- Шунингдек, ушбу кўргазмада географияга оид нодир қўлёзмалар ҳам сотувга қўйилган. Хусусан, 1477 йилда география фани бўйича Римда босилган биринчи босма ноёб китоб шулар жумласидандир. Асарнинг нодирлиги шундаки, унда 27 та тарихий харита келтирилган. Ушбу асар нархи 95 минг АҚШ долларига баҳоланмоқда.
- География бўйича Усмонлилар тарихчиси Ҳожи Халифа томонидан ёзилган “Жаҳан Намҳа” китоби меҳмонларнинг эътиборини тортмоқда. Чунки у ислом дунёсида чоп этилган энг қадимги хариталарни ўз ичига олган. Ушбу асар 75 минг АҚШ долларига баҳоланмоқда.
Эслатиб ўтамиз, ушбу нодир асарларнинг мижозлари оддий одамлар эмас, балки ноёб қўлёзмаларнинг аҳамияти ва тарихий қийматини биладиган инсонлардир.
Илҳом МАЪРУПОВ
тайёрлади.
Аҳмад ибн Муҳаммад ал-Ғомидий: “Узоқ-яқиндан келган намозхонлар масжидни тўлдириб ибодат қилаётганларидан беҳад мамнунман”
Бугун, 7 ноябрь куни Саудия Арабистони Подшоҳлиги парламентининг Аҳмад ибн Муҳаммад ал-Ғомидий бошчилигидаги делегацияси Тошкент шаҳридаги “Ҳазрати Имом” мажмуасига ташриф буюрди. Мартабали меҳмонлар билан Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Усмонхон Алимов ҳазратлари ва Ислом цивилизацияси маркази директори Шоазим Минаваров мулоқот қилишди.
Учрашув аввалида, томонлар икки мамлакат ўртасидаги алоқаларнинг тарихида янги саҳифа бошлангани, ўзаро дўстона ва ишончли муносабатлар, иттифоқчилик ва ҳамкорликни ривожлантириш борасида дадил қадамлар ташланаётганини мамнуният билан таъкидладилар. Шунингдек, суҳбат чоғида Ўзбекистон билан Саудия Арабистони ўртасидаги дўстона алоқалар кўп жабҳаларда, жумладан, парламентаризм соҳасида ҳам изчил ривожланиб бораётгани, бундай ҳамкорликни янада кенгайтириш ва мустаҳкамлаш учун икки томонда ҳам қизиқиш катта экани алоҳида таъкидланди.
Мулоқотда муфтий ҳазратлари меҳмонларга сўнгги вақтларда диёримизда дин соҳасидаги улкан ўзгаришлар бўлаётгани, илмий-тадқиқот марказлари ташкил этилгани ва ихтисослашган илмий мактаблар иш бошлагани тўғрисида гапириб бердилар.
Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази директори Ш.Минаваров суҳбат чоғида юртимизда ислом маданиятига оид осори атиқалар ва маънавий меросни асраб-авайлашга катта эътибор қаратилаётгани таъкидлаб, мана шу йўналишдаги ишларни кенг кўламда олиб бориш мақсадида, Президентимиз ташаббуслари билан пойтахтимизда Ислом цивилизацияси маркази ташкил этилганини маълум қилди. Шунингдек, Ш.Минаваров диёримиз аҳолисининг Саудия Арабистони мамлакатига бўлган муҳаббати ўзгача экани, айниқса, Маккаи Мукаррама ва Мадинаи Мунавварага доимо талпиниб яшашларини алоҳида қайд этди.
Ш.Минаваров сўзида давом этиб, мамлакатимиз ҳудудида жуда кўп саҳобаларнинг ҳоки поклари қўним топганини, халқимизнинг уларга бўлган ҳурмат ва эҳтироми чексиз эканини гапириб берди. Ислом тамаддунига муносиб ҳисса қўшган алломаларга бешик бўлган бу заминнинг ўзига хослиги, мўътадил иқлими бугунги кунда хорижий сайёҳларнинг эътирофига сазовор бўлаётгани, хусусан, Саудия Арабистони мамлакатидан диёримизга сайёҳларни жалб этиб, мана шундай гўзал масканлар, табиатимиз ва миллий урф-одатларимиз билан уларни танишитириш мақсадида, зиёрат туризми ташкил этилаётганини батафсил изоҳлади.
Учрашувда Тошкент давлат Шарқшунослик институти ректори Абдураҳим Маннонов иштирок этиб, ушбу институт таркиби, фаолияти ва араб тилини ўқитиш бўйича қилинаётган ишлар тўғрисида гапириб берди.
Учрашувда Саудия Арабистони делегацияси раҳбари Аҳмад ибн Муҳаммал ал-Ғомидий сўз олиб, Ўзбекистон замини қадим-қадимдан ўзининг етук алломалари, кўплаб ноёб асарлари ва илмий кашфиётлари билан маълуму машҳур эканини алоҳида қайд этди. Айниқса, Имом Бухорий, Имом Термизий ва Ибн Сино каби олимларнинг мусулмон дунёси ривожидаги хизматлари беқиёс эканини эътироф қилди. Аҳмад ибн Муҳаммал ал-Ғомидий сўзида давом этиб, Саудия Арабистони ва Ўзбекистон парламентларо дўстлик алоқаларини янада ривожлантиришдан икки мамлакат манфаатдор эканини изҳор қилди.
Саудия Арабистони делегацияси аъзоси Абдулла ибн Руфуд ас-Суфёний мулоқотда сўз олиб, Ўзбекистонда охирги йилларда қилинаётган ишларни кузатиб бораётганини билдириб, Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази ташкил этилганини қўллаб-қувватлаб, Саудия Арабистонида ҳам “2030 йилга нигоҳ” дастури асосида жуда катта ишлар бошлаб юборилагини ва бу дастур доирасида Саудияда улкан музей ташкил этилаётгани ва албатта ушбу музейда Ўзбекистоннинг алоҳида ўрни борлигини баён қилди. Имом Бухорийнинг заминида қилинаётган кенг кўламли эзгу ишларни, албатта, Саудия Арабистони Подшоҳлиги раҳбариятига етказишини, - Абдулла ибн Руфуд ас-Суфёний билдирди.
Мулоқот якунида Аҳмад ибн Муҳаммал ал-Ғомидий сўз олиб, ўтган куни диёримиздаги масжидларнинг бирида аср намозини адо этгани ва у ердаги узоқ-яқиндан келган намозхонлар масжидларни тўлдириб ибодат қилаётганини кўриб беҳад мамнун бўлганини айтди.
Делегация аъзоларининг “Ҳазрати Имом” мажмуасига ташрифи давомида Қаффол Шоший мақбараси, Бароқхон ва Мўйи Муборак мадрасалари, “Тилла Шайх” ва “Намозгоҳ” масжиди каби обидаларни ҳам зиёрат қилишди. Меҳмонлар Мўйи муборак мадрасасида сақланаётган қадимий “Усмон Мусҳафи”ни кўриб, ўзларининг ҳайратларини беркита олишмади.
http://old.muslim.uz/index.php/ar/media-17/fotolavhalar-2/itemlist/user/280-muslimuz?start=7760#sigFreeIdf7d97b4c54
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
матбуот хизмати
Яна бир ҳовлимиз бор...
Абу Дардо розияллоҳу анҳунинг уйига бир совуқ кечада меҳмон келди. Уларга оддийгина таом ҳозирланди.
Таомдан сўнг меҳмонлар ухламоқчи бўлди, бироқ ёпинчиқ йўқ эди. Улардан бири мезбондан ёпинчиқ сўраш мақсадида хона олдига борди. Қараса, Абу Дардо розияллоҳу анҳу ёнбошлаб ётибди. Аёли эса унга яқин жойда ўтирибди. Аёлининг ҳам, ўзининг ҳам устида юпунгина. На тагларига тўшаладиган кўрпа, на устиларига ёпадиган бирор нарса бор эди. Меҳмон уларга: “Нега совқотиб ётибсиз, кўрпа-тўшагингиз қани?” деди.
Абу Дардо розияллоҳу анҳу: “Бизнинг яна бир ҳовлимиз бор. Топганларимизни ўша ёққа жўнатамиз. Агар бу ҳовлида нимадир олиб қолганимизда, сизга албатта берардик... Борар йўлимизда кўтарилиш қийин бир довон бор. Ундан ўтишга фақат юки енгил инсонлар мувофиқ бўлурлар. Бизнинг ҳам умидимиз ўша довондан осон ўтиш” деди.
Унинг сўзлари меҳмоннинг кўзларини ёшлади: “Аллоҳ сизни яхшилик билан мукофотласин!” дея дуо қилди.
Абдулаҳад СОБИРОВ,
Чилонзор тумани “Новза” жоме масжиди имоми ноиби