muslim.uz
Энг қиммат хазина
Ёйдек бўлиб қолгунча намоз ўқисангиз ҳам, ипдек бўлиб қолгунча рўза тутсангиз ҳам, гуноҳларга тўсиқ бўладиган бир эҳсонингиз бўлмагунча Аллоҳ таоло ибодатларингизни қабул этмас.
Али ибн Абу Толиб
***
Аллоҳ исломни илм ила зийнатлади, тарбия ила юксалтирди, тақво ила шарафлантирди.
Абдуллоҳ ибн Умар
***
Сабр – мусибатлар ичида экансиз адабга энг гўзал шаклда риоя этмоғингиздир.
Зуннун Мисрий
***
Гўзал ахлоқнинг энг кичик даражаси машаққатларга бардошли бўлмоқ, сизга ёмонлик қилганга марҳамат қилмоқ, унинг гуноҳларини сўрамоқ ва бутун инсонларга нисбатан меҳрли бўлмоқдир.
Ибн Ата
***
Ойнинг кечага сабр этиши унинг юзини ойдин қилади. Гулнинг тиконга сабр этиши унга гўзал ҳид бахш этади.
Шайх ат-Тустарий
***
Болага ёмон сўз айтмоғингиз уни ака-укалари ва сиз билан айни шаклда муомала қилишга ўргатади.
Имом Шофий
***
Ихлоссиз қилинган амал юзида подшоҳнинг муҳри бўлмаган сохта пулга ўхшайди.
Саййид Амир Кулол
***
Имконинг бор экан қоч ёмон улфатдан,
Ёмон аҳбоб ёмондир, энг заҳарли илондан,
Илон заҳрини санчиб, жонингдан жудо этар,
Ёмон дўстларинг эса жон ва иймонинг олар.
Холид Бағдодий
***
Аллоҳга хизмат этмоқдан бахтли бўлган кишига бутун мавжудотлар хизмат этмоқдан бахтиёрлик ҳиссини тўяди. Кимнинг кўнгли Аллоҳ ила бахтли бўлса, уни кўрган ҳар кишининг кўзи қувнайди.
Яҳё ибн Муоз
***
Бир кишининг илми уни Аллоҳ таоло ман этган нарсалардан қайтармаса, у одам катта таҳлика ичидадир.
Имом Абу Ҳанифа
***
Эй нафсим! Агар бир бола кийимингда чаён бор деса, унинг гапини эшитар-эшитмас ҳеч қандай далил ва исбот талаб қилмасдан кийимингни ечиб отасан. Олимларнинг, ҳакимларнинг, валийларнинг ва пайғамбарларнинг гапларининг сенга ўша боланинг гапича ҳам қадри йўқми? Ёки жаҳаннам оташи, кишанлари, заққум ва темир калтаклари, йиринг ва заҳарлари, илон ва чаёнлари қисқа вақт оғриғини тортадиганинг дунё чаёнидек сенга қўрқинчли кўринмайдими?
Бу ҳолатинг асло ақл иши эмас. Агар ҳайвонлар сенинг аҳволингни англаганида устингдан кулар эди. Шоядки, шу айтганларимни англаган ва инонган бўлсанг. У ҳолда нега ибодатларингни эртага қолдиряпсан? Ҳолбуки, ўлим сенга жуда ҳам яқин ва сен ҳеч кутмаган вақтда бўғзингдан олади.
Имом Ғаззолий
***
Илмий мутолаа қалбнинг энг инжа ва энг сирли нуқталарини ҳаракатга келтиради, инсонда буюк туйғулар уйғотади.
Имом Шофий
Робия ЖЎРАҚУЛОВА тайёрлади.
Имом-хатибларимиз фаолиятидан хабарлар
* * *
Бу яхши!
Қадим замонда Африкада бир подшоҳ бўлиб, унинг дўсти бор экан. Дўстининг бир одати бор эканки, у нима иш содир бўлса, яхши бўлса ҳам, ёмон бўлса ҳам, "Бу яхши!" дер экан.
Подшоҳ овга чиққан пайтида дўстини ўзи билан олиб борар, у шоҳга милтиғини ўқлаб бериб турар экан. Бир куни милтиқни нотўғри ўқлагани сабабли подшоҳ ундан отганида бош бармоғи узилиб кетибди. Буни кўриб подшоҳнинг дўсти ҳар доимгидек "Бу яхши!" дебди. Оғриқдан ғазабланган подшоҳ: "Йўқ, бу яхши эмас", деб дўстини қамаб қўйишни буюрибди.
Орадан бир йил ўтиб, подшоҳ яна ов қилиб юрганида одамхўр қабила аъзолари уни ўғирлаб кетибди. Подшоҳни устунга боғлаб, ўтин ҳозирлай бошлашибди. Одамхўрлардан бири тасодифан подшоҳнинг битта бармоғи йўқлигини кўриб қолибди. Улар ирим қилиб ногиронларни ейишмас экан. Шу сабабли подшоҳни қўйиб юборишибди. Подшоҳ одамхўрлардан қутилишига сабаб бўлган воқеани эслаб, қилган ишидан уялиб, тезда зиндонга бориб, дўстини чиқариб олибди ва унга бўлган воқеани айтиб берибди. Дўсти унинг гапларини тинглаб "Бу яхши!" дебди. Подшоҳ ҳайрон бўлиб сўрабди: "Нега яхши бўлади, ахир мен сени бир йил зиндонда сақладим-ку?!" "Яхшилиги шундаки, агар мен зиндонда бўлмаганимда сиз билан овга борар ва одамхўрларга ем бўлар эдим".
Хулоса. Ҳар бир ишда бир яхшилик бўлади. Баъзида биз яхшилик деб ўйлаган нарсанинг кетидан ёмонлик келиши ва баъзан биз ёмонлик деб ўйлаган нарсанинг кетидан яхшилик келиши мумкин.
Акбаршоҳ Расулов тайёрлади
Булбул нега йиғлади?
Тонг ёришиб, зулмат ўз ўрнини қуёшнинг заррин нурларига бўшатиб бергач, дарахт шохидаги булбул завқланиб, ҳаёт гўзаллигини тараннум эта бошлади. Ўрмон жонзотлари роҳатланиб унинг хонишини тинглар эди.
Қарға хушовоз булбулга ҳасад қилиб бор овозда қағиллай бошлади. Қарғанинг бемаза қағиллаши жониворларнинг кайфиятини тушириб, қулоқларини қоматга келтирди.
– Ҳой, қарға! Булбул сайрасин, унинг овози, оҳанглари бирам ёқимлики...
– Йўқ, менинг овозим яхшироқ, ишонмасангиз, ана йўлда келаётган эшакни ҳакам қиламиз, кимнинг овози ёқимлироқ эканини ҳакам айтсин.
Эшак ҳакам бўлди, булбул ва қарға навбати билан сайради. Булбулнинг оҳанрабосини жонзотлар жон қулоғи билан тинглашди.
Қарғанинг овозини эса...
– Қарғанинг овози баландроқ, яна бир оз ҳаракат қилса менга етиб олади,– деди эшак виқор билан.
Шунда булбул йиғлай бошлади.
– Эй булбулжон, йиғлама! Ана шу чексиз ўрмон салтанатида сенинг овозингдек ширали, ёқимли, нафис ва майин овоз йўқ.
– Мен қарға ютгани учун йиғлаётганим йўқ, менинг устимдаги ҳакам эшак бўлгани учун йиғлаяпман,– деб жавоб берибди булбул.
Чиноз туманидаги “Ҳазрат Али” жоме масжиди имом-хатиби
Тойиржон ТУНГАТОВ тайёрлади.
Эл нафрати ҳудкуш ғаламисларга (шеър)
Юрагингга қутқу солди эхтимол бойлик,
Ёт ўлканинг гули балки сенга чиройлик,
Танлаб олган тубан йўлинг балчиғу лойлик,
Миллатига соя солган ифлос газанда.
Икки олам ичра разил, қаттол, шарманда.
Пул берганнинг ноғораси сени ўйнатар,
“Хўжа” ларинг садақаси кўзинг қувнатар,
Турган – битган ишинг зулму фитнаю хатар,
Миллатига соя солган лаънати ганда,
Икки олам аро манфур, қаттол, шарманда.
Миллатининг ғурурини ўйлаган авлод,
Не – не ютуқларга эга, турмуши обод,
Сендайлардан келгай фақат доғ ила иснод,
Миллатига соя солган манқурт газанда,
Сендайларга жой йўқ Ҳаёт деган чаманда.
Бир чақадир сенинг учун Ватан туйғуси,
Билмам, ваҳший юрагингда ненинг қайғуси,
Борлиғингни асир этган террор оғуси,
Миллатига соя солган расво газанда,
Маҳшарда ҳам сен юз қаро, бебурд шарманда.
Чет элларда малай бўлиб қайси бир ёвга,
Ҳаётингни қўйиб арзимаган гаровга,
Учдинг сароб макру хийла, сохта алдовга,
Миллатига соя солган юз қаро банда,
Маҳшарда ҳам бўлажаксан қаттол, шарманда.
Ўзбек эли насли тоза, азалдан улуғ,
Мозийда ҳам, бугунда ҳам юзлари ёруғ,
Қайдан пайдо бўлди сендек заҳар замбуруғ,
Миллатига доғ туширган нобакор банда,
Икки оламда юзқаро манфур, шарманда.
Ўз жонингга қасд қиласан умринг бемаъно,
Тоза, юксак динни ниқоб қиласан гоҳо,
Раҳматига олмас сени Тангри таоло,
Миллатига доғ туширган нобакор банда,
Икки олам ичра манфур, бедин, шарманда.
Қўлда қурол, тўрва соқол эй чиябўри,
Коваклардан чиққан чаён шайтонга чўри,
Кутар машъум жасадингни дўзахнинг тўри,
Миллатига соя солган нобакор банда,
Икки олам саҳнасида, қаттол, шарманда.
Ит ҳуради, карвон ўтар қурийди изинг,
Жаҳаннамга элтажаксан ўзингни ўзинг,
Бундайларга нораводир ҳар айтган сўзинг,
Миллатига соя солган лаънати банда,
Икки олам ичра манфур, қаттол, шарманда.
Етмасмиди Ватанингга қилиб ҳиёнат,
Номингга доғ туширганинг, қилиб жиноят,
Бегонадир сенга ғурур, дину диёнат,
Миллатига соя солган лаънати банда,
Икки олам ичра манфур, баттол, шарманда.
Абдулаҳад қори Шаҳрихоний
Бўз туман бош имом хатиби
2017 йил, апрел