muslim.uz
Ҳаётнинг ҳар дами ҳикмат
Ҳаётимиз ҳикматга, атрофимиз донишмандга, миямизга ақлга тўла. Фақат ана шу ҳикматларни, донишларнинг ўгитларини англаб олиш учун закомизни ишга солишимиз даркор. Аммо шунга қолганда эринчоқ томирларимизга ўрнашиб олган дангасалигимиз панд берадими, билмадим, кўз олдимизда рўй берган оддийгина ҳикматнинг маъносини тушуниб олгунимизча жуда кўп йиллар ўтиб кетган бўлади.
Яқинда ҳурматли дўстлардан бирининг уйига меҳмонга борган эдик. Дастурхонга тортилган ноз-неъматлар қаторида ғилбиндига кўзимиз тушди. Меҳмонлар бундай сермеҳнат таомни эринмасдан тайёрлагани учун мезбоннинг аҳли-аёлига миннатдорчилик билдирди. Шунда эсимга ургутлик Фахриддин қори келиб қолди. У киши менинг онам пиширган ғилбиндини яхши кўрардилар. Қишлоғимизга келганларида тўғри бизнинг уйимизга келиб тушар ёки бўлмаса бошқа уйга тушсалар ҳам ўша ерда кўп қолмасликка ҳаракат қилиб: “Фозила келинга айтинглар, ғилбинди пишириб турсин бир оздан сўнг бориб қоламиз”, деб хабарлатиб қўяр эдилар.
Бу хабарни эшитгани заҳоти хамир ёйишга тушиб кетган онажоним ғилбиндини завқу шавқ билан пиширар ва бу ишидан роҳатланаётгани юз-кўзидан сезилиб турар эди. Беш-ўн чоғли ҳамқишлоқларимиз қуршовида уйимизга келган Фахриддинхон ғилбиндини еб бўлганларидан сўнг узоқ ўтирмасдилар – бир-икки пиёла чой ичиб озроқ суҳбатлашардилар-да, дастурхонга дуо қилиб қайтишга изн сўрардилар. Қиблагоҳимиз ва бошқа азизлар “яна бир оз ўтиринг”, деб қанча илтимос қилсалар ҳам тўхтамасдилар.
Ана шу воқеани дўстларга шунчаки ўтмишдан ширин хотира сифатида гапириб бераётганда тасодифан ҳикматини англаб қолдим. Ўша кезларда биз бола эдик. Ота-онам ёш оила бўлган. Фахриддинхон ҳали ўнгланиб олмаган ёш оила катта харажатлар қилиб қийналиб қолмасин деган ниятда ўзлари хуш кўрадиган таомни айтиб, “Шундан бошқасини емайман!” деб қатъиян таъкидлаган эканлар.
Узоқ вақт ўтирмасликларининг сабаби ҳам суннатга мувофиқ экан. Абу Мижлаз Анас ибн Моликдан нақл қиладилар: “Набий саллаллоҳу алайҳи васаллам Зайнабга уйланганларида қавм кириб таом тановул қилди, сўнгра суҳбатлашиб ўлтираверди. Бир қараганда, қавм туриб кетмоқчидек кўринса-да, ўрнидан қўзғолмас эрди. Жаноб Расулуллоҳ буни кўриб ўринларидан турдилар, шунда қавмнинг бир қисми ҳам ўрнидан туриб чиқиб кетди, қолганлари эса яна ўлтираверди. Жаноб Расулуллоҳ уйга қайтиб кирмоқчи бўлганларида боягилар ҳануз суҳбатлашиб ўлтирар эрди. Кейин, улар туриб чиқиб кетгач, мен ул зотга бу ҳақда хабар бериб эрдим, ичкарига кирдилар...” (Бухорий).
Ушбу ҳадиси шарифдан меҳмондорчиликда кўп ўтириб қолиш мезбонларга бир оз азият етказиши мумкинлиги аён бўлади. У киши азбаройи мезбонларга ҳурмати боис шундай қилган эканлар.
Ҳосили калом, ана шу оддийгина ҳикматни англаб олишимга қирқ йилдан кўпроқ вақт ўтибди. Шунда ҳам олдинроқ айтганимдек, ўзим ҳам билмаган тарзда тасодифан англаб қолдим. Баъзида ҳар нарсага ақли етадиган ниҳоятда донишманд одам ҳақида гапирганда “У ҳаёт китобини ўқиган” дейдилар. Бинобарин, ҳаёт китобини ўқиш, ҳар дамда учрайдиган ҳикматларни уқиб олиб, улардан ибрат олиб яшаш учун одам ниҳоятда закий бўлмоғи керак экан. Шу хотирани қоралар эканман, Аллоҳдан сиз, азизларнинг ва ўзимнинг ҳам закомизни юксалтиришини сўраб дуога қўл очдим.
Дамин ЖУМАҚУЛ,
журналист
“Йилнинг энг яхши мураббийси” Республика кўрик-танлови
Жорий йилнинг 20 апрель куни Имом Бухорий номидаги Тошкент ислом институтида Ўзбекистон мусулмонлари идораси ва Дин ишлари бўйича қўмита ҳамкорлигида Ўзбекистон мусулмонлари идораси тасарруфидаги таълим муассасаларининг маънавий-маърифий ва тарбиявий йўналишда фаолият олиб бораётган педагог ходимлар ўртасида “Йилнинг энг яхши мураббийси” кўрик-танловининг Республика босқичи ўтказилди. Танлов ошкоралик, холислик ҳамда тенглик тамойилларига асосланган ҳолда бўлиб ўтди.
Мазкур танловни ўтказишда илғор тажрибаларни оммалаштириш, намунали иш олиб бораётган мутахассислар фаолиятини қўллаб-қувватлаш ва рағбатлантириш ҳамда ЎМИ тизимидаги таълим муассасаларда маънавий-маърифий ҳамда таълим-тарбия борасидаги ишлар сифати ва самарадорлигини юксалтириш, соҳа ходимларининг касб маҳоратини ошириш кўзда тутилган.
Шунингдек, мураббийнинг етакчилиги, фаоллиги, ижодий қобилияти ва ташаббускорлигини ривожлантириш, касбий маҳоратининг рўёбга чиқиш, уларни қўллаб-қувватлаш ва рағбатлантириш, юртимизда амалга оширилаётган таълим тизимидаги ислоҳотлардан хабардорлиги, дунёда кечаётган глобаллашув жараёнида миллий ғоя тарғиботи ва маънавий-маърифий ишлар самарадорлигини оширишга қаратилган билимларини мустаҳкамлаш, талаба ва ўқувчи-ёшлар онгига ватанпарварлик, миллатпарварлик, бағрикенглик, ҳушёрлик ва огоҳлик каби туйғуларни сингдириш, уларни миллий урф-одатлар руҳида ҳар томонлама баркамол қилиб тарбиялаш мақсадида амалга оширилди.
Мазкур танлов ЎМИ раиси ўринбосари Шайх Абдулазиз Мансур, ЎМИ Матбуот котиби Жалолиддин Нуриддинов, ЎМИ Фатво бўлими мудири Абдулҳамид Турсунов, Дин ишлари бўйича қўмита Таълим бўлими Салоҳиддин Шерхонов ҳамда ЎМИ ходимлари Умид Ходжаев ва Зарифа Қосимовалардан иборат ҳакамлар ҳайъати томонидан қуйидаги 5 та шарт асосида ўтказилди:
1-шарт. Таништирув – иштирокчилар ижодий ёндашган ҳолда “Менинг ғоям” мавзуида тақдимот намойиш этиш;
2-шарт. Тарбиявий жараён – таълим-тарбия жараёнида учрайдиган айрим муаммоли вазият ва унинг тўлиқ ечимини очиб бериш;
3-шарт. Интеллектуал салоҳият – иштирокчиларга 5 та савол бериш;
4-шарт. Оммавий ахборот воситаларидаги фаоллик даражаси, чиқишларининг умумий савияси, долзарблиги, таъсирчанлиги;
5-шарт. Эркин мавзу – иштирокчилар ўзларининг қизиқиши ва қобилиятини намойиш этиши.
Тадбир ниҳоясида ҳакамлар томонидан натижалар эълон қилинди. Унга кўра, фахрли биринчи ўринни Адилова Наргиза (“Хадичаи Кубро” ўрта махсус ислом билим юрти), иккинчи ўринни Ахунжонов Рустам (“Кўкалдош” ўрта махсус ислом билим юрти), учинчи ўринни эса Каттаев Пўлатхон (Тошкент ислом институти) эгалладилар.
Кўрик-танловда фахрли ўринларни эгаллаган қатнашчилар дипломлар ва китоблар тўплами билан тақдирландилар. Қолган иштирокчиларга эса Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг Мақтов ёрлиқлари ҳамда эсдалик совғалари топширилди.
Таълим ва кадрлар тайёрлаш бўлими
Муҳим асар тақдимоти
Бугунги кунда ёшлар орасида интернетнинг “жозибадор” ва кўзга кўринмас қармоқларига илиниб қолишини олдини олиш, уларни интернетдаги тахдидларидан ҳимоялаш, келажак авлодни ватанпарварлик руҳида тарбиялаш ва бу борада маънавий-маърифий ишларни фаол олиб бориш борасида кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда. Бу борада ёзилган муҳим асарлардан бири, Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси ўринбосари Айдарбек Тулепов қаламига мансуб “Интернетдаги таҳдидлардан ҳимоя” китобидир.
Жорий йилнинг 19 апрель куни Тошкент ислом институти ташаббуси билан Ўзбекистон мусулмонлари идораси мажлислар залида ушбу китобнинг янги нашри тақдимоти бўлиб ўтди. Тақдимотда Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг Тошкент вилояти бош имом-хатиби Хайрулла Турматов, Тошкент шаҳар Чилонзор тумани бош имом-хатиби Ҳусниддин Абдукаримов, Тошкент ислом институти ректори Уйғун Ғафуров ҳамда республикамиздаги барча диний таълим муассасаларидан келган устоз ва талабалар иштирок этдилар.
Дастлаб, Тошкент вилояти вакили Хайрулла Турматов сўзга чиқиб, ушбу китобда, ҳозирги замоннинг энг долзарб муаммоларига муносиб ечимлар борлигини таъкидлаб ўтди. Шундан сўнг, Чилонзор тумани бош имом-хатиби Ҳусниддин Абдукаримов сўзга чиқиб, китобнинг бугунги кундаги аҳамияти, ундаги ҳаётий воқеъалардан жонли мисоллар келтирди.
Тақдимот давомида талабалар томонидан тайёрланган саҳна кўриниши тақдим этилди.
Тақдимот сўнгида, Тошкент ислом институти талабалари орасида “Интернетдаги таҳдидлардан ҳимоя” китобининг янги нашри бўйича ўтказилган танлов натижалари эълон қилинди. Унга кўра, 1-“б” курс талабаси Мансуров Мусахон, 2-“д” курс талабаси Нажмиддинов Бахтиёржон ва 3-“б” курс талабаси Низаматдинов Есенгелдилар ғолиб деб топилиб, фахрий ёрлиқ ва эсдалик совғалари билан тақдирланишди.
Тақдимот маросими Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси ўринбосари Шайх Абдулазиз Мансур ҳазратларининг юртимиз тинчлиги ва фаровонлигини сўраб қилган эзгу дуолари билан якунланди.
Камолиддин МАҲКАМОВ,
Тошкент ислом институти
Ахборот ресурс маркази мудири.
Оилабузарнинг мусулмонлиги гумон
Эри бор аёлга совчи бўлиш мутлақо ҳаром, оғир гуноҳдир. Баъзилар «Бу шундоқ ҳам тушунарли-ку, ким ҳам эри бор аёлга совчи бўларди?» дейиши мумкин. Лекин шундай кимсалар борки, туппа-тузук яшаб турган эр-хотинни бир-бирига қайраб, эрини хотинига, хотинни эрига ёмон кўрсатиб, уларнинг гулдек оиласини бузиш пайида юради. Бировнинг аёлига эришиш учун унга яхши гапиравериб, совға-саломлар беравериб, охири эридан айнитиши, эрингдан ажрасанг, сенга уйланаман деб, уйланиб олаётган номардлар ҳам озмунча эмас экан.
Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Бир аёлни эрига қарши қайраб, эрига муносабатини бузган ёки қулни ўз хожасига қарши қайраган одам биздан эмас», деганлар. Бир ривоятда «Хотинни эрига қайраган одам» дейилган (Имом Абу Довуд ривояти).
Айтайлик, бир одам туппа-тузук яшаб турган оиланинг ўртасига тушиб, эр-хотиннинг орасини бузади, охири иш талоққа бориб етади, кейин у ўша аёлга уйланади. Яна ўзича: «Мен зино қилмадим. Талоғини олди, иддасини ўтирди. Шундан кейин мен уни никоҳимга олдим» дейди. Тўғри, зино қилмагандир, лекин зинодан баттар ишни қилди, оилани бузди. Пайғамбар алайҳиссалом ундай одамни «Биздан эмас» деганлар. Демак, икки кишини, айниқса, эр-хотинни бир-бирига гижгижлаган одам мусулмонлардан эмас экан. Бунинг маъноси иймондан чиқишдир. Бу зинодан ҳам оғирроқ гуноҳ бўлади. Шунинг учун биринчи навбатда эри бор аёлга совчи қўйиш мутлақо ҳаром дейилган.
Раҳматуллоҳ САЙФУДДИНОВ.
Юнусобод тумани бош имом-хатиби