muslim.uz
Урушнинг номи ўчсин
Бир пайтлар Қарши шаҳар телевидениесида “Афғон юртда қолган армонлар” рукни остида теленовеллалар ёзганман. Бесамар, мақсадсиз урушда қурбон бўлган навниҳол йигитлар оиласида бўлганман. Ўшанда бир онаизор ҳақида қизи айтиб берган воқеани ҳеч унутолмайман. 19 ёшли боласининг жасади темир тобутда келганида волида зор йиғлаб, ўша соатдан бошлаб тўшакда михланиб қолган. Падари бузруквори эса ўғлининг вафотидан сўнг ҳеч қанча яшамай оламдан ўтган. Фарзанд доғи оғир, унга ҳатто тоғ ҳам бардош беролмай емирилади. Онаизор ҳеч нарса емай, ичмай турмуш ўртоғидан сўнг кўп ўтмай қазо қилади. Гапирмай тилдан қолган она жон чиқар онида: “Ўғлим, жоним болам, Рамазоним, қаердасан? Нега ёнимга бир бор келмадинг? Дийдорингни кўрмай қандай жон берай, болажоним!” – дея йиғлаган экан. Тилдан қолган онамиз бу гапларни қандай айтганига ҳайрон қолгандик, – дея эслайди Рамазоннинг опаси Ҳикоят опа.
Урушнинг номи ўчсин. Тинчликнинг қадрига етиш керак. У – улуғ неъмат. Бу неъматни улуғлаб, шукрини қилишимиз лозим, – дейди байналмилал жангчи Қоржов Жўраев. – Қандаҳор тоғларида жанг қиляпмиз. Ҳар лаҳзада кутилмаганда жон олувчи снаряд парчаларидан бири учиб келиб сафдошимнинг оёғини юлиб кетди. Оғриқнинг зўридан аскар додлаб йиғлаяпти. Санитарлар йўқ, ўзимиз унга оғриқ қолдириш учун промидол қилдик. Яраланган дўстимиз: “Отам Иккинчи жаҳон урушидан оёқсиз қайтган эдилар, энди мен ҳам оёқсиз қайтаманми? Севган қизимнинг, ота-онамнинг ёнига оёқсиз қайтганимдан ўлганим яхши эди”, дея ўксиниб йиғлагани ҳали-ҳануз қулоқларим остида жаранглайди...
Ҳа, уруш ваҳшийлик. Уни келтириб чиқараётганлар ваҳшийлардир. Қуръони каримда: “Ким қасддан бир мўминни ўлдирса, унинг жазоси жаҳаннамда абадий қолишдир. Яна унга Аллоҳ ғазаб қилгай, лаънатлагай ва унга улкан азобни тайёрлаб қўйгай” (Нисо, 93), дея марҳамат қилинган. Ўзларини Ислом дини вакиллари қилиб кўрсатишга уринаётган, қанчадан-қанча бегуноҳ ёшу қарининг қонини тўкаётган террорчи гуруҳларни қандай қилиб Ислом дини дўсти, дейиш мумкин? Мусулмон мусулмоннинг қонини тўкмайди. ИШИДчилар мусулмон аҳлининг душманлари, Аллоҳ таолонинг лаънатига учраган кимсалардир. Улар тинч аҳолининг ғоявий, мафкуравий душманлари. Йўқса, тинч яшаётган халқлар ҳаётига таҳдид солиб, фаровон турмушига рахна солмасдилар. Бутун дунё ғазабига учраган террорчи гуруҳлар ҳар хил фитна йўллар билан ёшлар онгини заҳарлашга уринаётганлари бор гап. Биз лоқайд, бепарво бўлмаслигимиз, фарзандларимизни маънавий манқуртлик таҳдидларидан ҳимоя қилишимиз лозим. Доруломон кунларимиз учун ота-боболаримиз жон олиб жон беришгани, ҳар хил қурол-яроғларга кўксиларини тутиб бизга шу кунларни инъом этганларини бир лаҳза бўлса-да унутишга ҳақимиз йўқ.
ИШИД террорчилари гўёки осий Од қавмига ўхшайди. Улар Аллоҳ таолонинг марҳаматларини кўриб-билиб туриб Олам Сарварига ширк келтирадилар ва натижада уларга қирон келади. «Бас, қачонки, улар ўша (азоб)ни ўз водийларига қараб келаётган бир қора булут ҳолида кўришгач: “Бу бизларга ёмғир келтирувчи булутдир”, дедилар. Йўқ, у ўзларингиз қистаган нарса бўрондирки, унда (сизларга аталган) аламли азоб бордир. У Парвардигорининг амри билан барча нарсани вайрон қилур. Бас, (у бўрон келиб) тонг отганида фақат уларнинг (қолдиқ) масканларигина кўзга ташланар эди. Биз жиноятчи кишиларни мана шундай жазолаймиз» (Аҳқоф, 24-25). Халқ душмани бўлган террорчилар албатта Яратган Эгамнинг жазосига мустаҳиқдирлар. Биз эса улардан огоҳ бўлиб, тинчлигимиз, осуда ҳаётимизни бир тутам ёлғонларга, фитналарга бой бериб қўймайлик. Мустақил Ватанимизни, мусаффо осмонимизни шу ҳолича келгуси авлодларга етказиш бизнинг бурчимиздир.
Зебо ОМОНОВА
Халққа хизмат – олий ҳиммат
Мустақилликка эришганимиздан сўнг юртимизда ҳар йилни номлаш яхши бир анъанага айланди. Бу номланган йилларда улкан ишлар амалга оширилиб келинмоқда. 2017 йилни ҳам Юртбошимиз Шавкат Миромонович Мирзиёев “Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йили” деб номлади. Албатта, бу номларнинг замирида ўзига хос маънолар ва бу йилда амалга ошириладиган жуда катта мақсад, вазифалар бор. Жамиятда яшовчи ҳар бир инсон бу номни эшитганда, албатта, қалбида хурсандчилик пайдо бўлади.
Аллоҳ таоло бундай марҳамат қилади: “Эзгулик ва тақво (йўли)да ҳамкорлик қилингиз, гуноҳ ва адоват (йўли)да ҳамкорлик қилмангиз!”(Моида, 2).
Юқоридаги оятда инсон бир-бири билан ўзаро ҳамкор ва мулоқотда бўлиб, бир-бирига манфаати тегиб яшаши таъкидланмоқда.
Албатта, Аллоҳ таоло гуноҳ, адоват, нифоқ, инсонлар ўртасида бузғунчилик ва ихтилоф чиқариш борасида ҳамкорлик қилишдан қайтармоқда. Бундай ишларда бирорта инсонга манфаат йўқ, лекин гуноҳ борлиги ҳаммага аён. Буни Қуръони карим бундан ўн тўрт ярим аср олдин таълим бериб қўйган.
Демак, инсон жамият аъзолари билан ҳамкорликда ўзаро бамаслаҳат иш қилиши лозим. Ҳадиси шарифларда ҳам киши одамлар билан аралашиб, ижтимоий ҳаёт кечириши ва бошқаларга манфаати тегиб яшашга тарғиб қилинади.
Жобир (розияллоҳу анҳу)дан ривоят қилинган ҳадисда Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Одамларнинг энг яхшиси уларга кўпроқ манфаати тегадиганидир”, деб айтдилар. Пайғамбаримиз (соллоллоҳу алайҳи ва саллам) бу ҳадисларида инсон сўзини келтириши бежиз эмас. Инсон сўзи умумий маънони ифода этади. Жамиятда яшайдиган барча эр ва аёл, ёш ва қарияларга халқ деб мурожаат қилинади. Демак, ҳадисдаги инсон сўзи халқлар ичида бўлган энг яхши инсонга нисбатан айтилган. Ҳадисда уларга кўпроқ манфаати тегадигани дейилмоқда. Инсонлар бир-бири билан ҳамжиҳат, ҳамкор бўлсалар, уларнинг манфаати бўлади. Инсонлар одамларга аралашиб зиёли киши ўзининг илми билан, бошқа касб эгалари эса ўзларининг иқтидорлари билан бошқаларга кўмакдош бўлса яхшилик устига яхшилик бўлади.
Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) айтдилар: “Ким бир қийналиб қолган кишига осон қилса, Аллоҳ унга дунё-ю охиратда осон қилади. Модомики, банда ўз оға-инисига кўмак бериш пайида бўлар экан, Аллоҳ унга кўмак бериш пайида бўлади. Суюкли Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)нинг бу сўзларидан аниқ бўладики, инсонларга манфаат етказиш энг катта савоб экан.
Хулоса қилиб айтадиган бўлсак, 2017 йилимиз “Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йили” деб номланиши бежиз эмас. Жамиятда яшайдиган барча инсонлар бир-бири билан ҳамжиҳат, ҳамкор бўлсалар, жамиятнинг тараққиёти ва равнақи ошиб, халқимиз моддий ва маънавий жиҳатдан камол топиб, давлатимиз бундан-да тараққий этади. Ватан тараққиёти йўлида барчамиз ҳар бир соҳада бир тану бир жон бўлиб ўз ҳиссамизни қўшайлик. Ватанни севиш имондан эканлигини ҳис қилиб, бу йилда барчамиз бир-биримизга кўмак ва манфаат етказиб яшайлик.
Хайрулло МАРДОНОВ,
“Хожа Бухорий” ўрта махсус ислом
билим юрти ўқитувчиси
Ибратли дунё
Юз берган кучли тўфондан бир бой кишининг барча мол-дунёси сувга ғарқ бўлибди. Бутун бойлиги бирпасда йўқ бўлганига чидамаган бой кўчаларда фарёду-фиғон чекиб йиғлаб кетаётса, қаршисидан бир одам чиқиб қолибди:
- Кап-катта одамга йиғлаш нимаси? - дея савол берибди ажабланиб.
- Мен йиғламай ким йиғласин? - дебди у. - Бир зумда ҳамма мол-мулкимдан айрилиб, фақир-қашшоқ бўлиб қолдим-ку!..
- Кўп ғам чекма, - дея овутишга тушибди йўловчи киши. - Умр йўлдошинг борми?
- Бор, - дебди бой бироз ҳайрон бўлиб.
- Унинг ақлу-ҳуши, фаросати борми? Бой бир зум ўйланиб қолибди ва:
- Ҳа, бу жиҳатдан бахтиёрман! Фаросатли, солиҳа, ҳар доим кайфиятимга қараб яшайдиган жуфти ҳалолим бор, - дебди бой.
- У ҳолда нега йиғлайсан, эй ғофил банда?! Бу дунёда мато учун ҳам кўз-ёш тўкадими, одам? Сабоқ учун бир гап айтай сенга, мен шундай бир хотинга уйланганманки, эрнинг қадр-қимматига етмайди. Сен фалокатнинг нималигини билмас экансан. Агар сен ҳам ақли калта, тили узун, жағи тинмас бир хотинга уйланган бўлганингда, ўшанда билардинг ҳақиқий фалокат нималигини! Дўконларинг сувга ғарқ бўлган бўлса, сен соғ экансан-ку, ҳаммасини топасан. Фақат ёнингда кўнглингдагидек аёлинг сенга мададкор бўлса, маънавий қувват бериб турса тезда ўзингни ўнглаб оласан, - дебди, йўловчи.
Халқимизда "Яхши хотин ярим давлат" деган гап бежиз айтилмаган. Дарҳақиқат, солиҳа, оқила аёл фақат жуфти ҳалолининг эмас, бутун жамиятнинг гултожи ҳисобланади. Чунки, тарбияси гўзал аёл аввало, ота-оналарини эъзозлайди, турмуш ўртоғини ардоқлайди, асосийси, фарзандларига чиройли тарбия бериб, жамиятга комил инсонларни вояга етказиб беради.
ТИИ талабаси
Тожиддинов Абдуссомад
Азудуддин Ийжий
Азудуддин Ийжий раҳматуллоҳи алайҳ машҳур қози, мутакаллим, фақиҳ ва луғатшунос , ашаърийя олимолардандир. Насаблари Абу Бакр Сиддиқ розияллоҳу анҳуга бориб тақалади. Шерознинг Ийж шаҳрида ҳижрий 680-йилда (мелодий 1281-йил) туғулган.
Азудуддин Ийжий раҳматуллоҳи алайҳнинг устозлари жуда кўп бўлиб бизга маълум бўлганлари:
- Имом Байзовийнинг шогиди Шайх Зайнуддин Ҳинкий раҳматуллоҳи алайҳ. Маълумотларга қараганда Азудуддин Ийжий раҳматуллоҳи алайҳга бу устозларининг таъсирлари кўп бўлган.
- Шайх Имом Фахруддин Абулмакорим Аҳмад ибн Ҳасан Жорбурдий раҳматуллоҳи алайҳ. Фахруддин Абулмакорим раҳматуллоҳи алайҳ Имом Байзовийнинг “Усулул фиқҳ” китобларига шарҳ битган. Имом Замахшарийнинг “Кашшоф” тафсирларига бир неча ҳошиялар битган ва 746-йилда вафот этган.
Азудуддин Ийжий раҳматуллоҳи алайҳдан илм таҳсил олган шогирдлари ҳам кўп бўлган, улардан баъзилари ҳақида қуйда танишамиз:
- Имом Шамсуддин Муҳаммад Кирмоний раҳматуллоҳи алайҳ. 717-786-ҳижрий йилда яшаб ўтган. Ўн икки йил Азудуддин Ийжий раҳматуллоҳи алайҳга шогирд тушган. Шамсуддин Муҳаммад Кирмоний раҳматуллоҳи алайҳ “Саҳиҳ Бухорий”га битган шарҳлари машҳурдир.
- Имом Зиёуддин Абдуллоҳ ибн Саъдуллоҳ Қазвиний раҳматуллоҳи алайҳ.
- Имом Аллома Саъдуддин Масъуд ибн Умар Тафтазоний раҳматуллоҳи алайҳ. 722-792-ҳижрий йилларда яшаб ўтган.
Азудуддин Ийжий раҳматуллоҳи алайҳ кўпинча Султонийя шаҳрида истиқомат қилган эди. Форс давлатида ҳукмронлик қилган Илхонийлар сулосига мансуб подшох Абу Саъийд у зотни Шероз шаҳрига қози этиб тайинлаган эди ва бироз муддатдан сўнг Қозул қузот даржасига кўтарилди. Форс ўлкасидаги Кирмоннинг амири билан ўзаро низога келиб қолишди ва мансабидан олиб ташланиб ҳибсда олинди. У кишининг мол-давлати кўп бўлиб кўп қисмини илм ва унинг аҳли йўлида сарф қилар эди. У зот мелод ҳисобда 1355-йили, ҳижрий ҳисоб бўйича 756-йилда Ийж шаҳридаги Дураймиён қаласида вафот этдилар.
Азудуддин Ийжий раҳматуллоҳи алайҳ бир неча юксак унвонлар соҳибидир. Қуйида улардан бир нечасини келтириб ўтамиз:
- Шарқнинг қозилар қозиси.
- Шайхул уламо.
- Шайхуш шофиийя ва бошқалар.
Азудуддин Ийжий раҳматуллоҳи алайҳнинг мусаннафотлари мусулмонлар оламига етарликча қўлланма бўлди улардан машҳурлари қуйдагилардир:
- Ал-Мавақиф фи илмил калом.
- Жавоҳирул калом.
- Ал-Кавошиф фи шарҳил мавоқиф.
- Ал-Ақоид ал-иддия.
- Уюнул жавоҳир.
- Ал-Фавоидул ғиёсийя фил маъний вал баян.
- Буҳжатут тавҳид.
- Ар-Рисалатул аъдудийя ва бошқалар.
Имом Бухорий номидаги Тошкент Ислом Институти
4-курс талабаси Комилов Илҳомжон Икромжон ўғли
Биз умматлар...(шеърлар)
Биз умматлар...
Бугун сизга атаб мавлуд ўқилмоқда,
Мадҳингизга минг салавот тўқилмоқда,
Лек юрагим чок-чокидан сўкилмоқда,
Суннатингиз қилолмаган ғўр умматмиз,
Қадрингизга етолмаган шўр умматмиз.
Таҳажжудга белларимиз букилмаса,
Саҳар туриб Каломуллоҳ ўқилмаса,
Кўзимиздан бир қатра ёш тўкилмаса,
Уммат деган даъвоимиз ёлғонмикин,
Ёки нифоқ қалбимизда қолғонмикин?
Салавотни ўз ўрнига қўёлмасак,
Соғинганда меҳрингизга тўёлмасак,
Риё ила қилган ишдан уялмасак,
Суннат ўрнин бидъат қоплаб олғонмикин,
Ёки шайтон ўз йўлига солғонмикин?
Насиҳатдан қотиб кетган юзларимиз,
Оҳ, бунчалар ёлғон бўлди сўзларимиз,
Ҳабибини кўрмоқ истар кўзларимиз,
Илмсизлик адаштирди йўлимиздан,
Тутинг энди биз нодоннинг қўлимиздан.
Фарзандингиз ўлганда ҳам чидадингиз,
Гулларингиз сўлганда ҳам чидадингиз,
Душманингиз кулганда ҳам чидадингиз,
Оҳ, не қилай нуқсонларим ёполмадим,
Устозликда сиздан зўрин тополмадим?
Инсон бугун ихтилофда, ҳар хил фикр,
Васвасадан қутқарувчи фақат зикр,
Сизга уммат қилганига минг бор шукр,
Кунда, тунда тилимизда сизни дермиз,
Расулимсиз, дилимизда сизни дермиз.
Тўлин ойим, ҳам офтобим, гулрухсорим,
Меҳрингизга зор-интизор, садқа жоним,
Суннатингиз маҳкам тутай бор имконим,
Абу Бакру, Умар, Усмон, Шери Худо
Каби бу жон мудом сизга бўлсин фидо.
Ё Ҳабибим, Ё Муҳаммад, Ё Мустафо,
Даврамизга хуш келибсиз Ё Аҳмадо,
Сизни кўриб қалб тўридан чиқди садо:
Суюклигим ёнимизда юринг ҳар дам,
Умматим, деб бизни қўллаб туринг ҳар дам!
Навоийдан олдим сабоқ
Ишқ сирини баён этган Навоийдан олдим сабоқ,
Шеър мағзини чақолмасдан гоҳ тушимда қилдим сўроқ.
Навоийда мастур эмиш: ҳаё, иффат, одоб- ахлоқ,
Билмоқ бўлсанг нафсни тийгин, Хақ сўзига солгин қулоқ.
Қуръон, ҳадис маъносига ҳамоҳангдир ғазаллари,
Ҳам насиҳат, ҳам маърифат, ҳам оҳангдир ғазаллари.
Дилимизда ҳирсу ҳавас ҳам қабоҳат уя қурмиш,
Нафс домиға банди бўлган ҳақиқатдан четда юрмиш.
Чунки у зот ишқ дарсини оятлардан олган экан,
Шу сабабли ёзганлари то бизгача келган экан.
Адоватнинг, разолатнинг таг-томирин қўпоргандир,
Ҳазрат битган шеърларини ишқ сувидин суғоргандир.
Ҳақиқатни била туриб нечук унга қўшилмаймиз,
Навоийнинг шеърларини у кутгандек тушунмаймиз.
Интернетни “устоз” билганлар
(“Интернетдаги таҳдидлардан ҳимоя” китобини ўқиб)
Саволлари чалкашиб қолар,
Жавобларни далилсиз олар,
Қалбингизга ғулғула солар
Интернетни “устоз” билганлар.
Токчаларда чанг босди китоб,
Фойда бермас минг қилсанг хитоб,
Хатолари айлади шитоб
Интернетни “устоз” билганлар.
Фатволарнинг исботи йўқдир,
Юрагингга қадалган ўқдир,
Ҳақ ўрнига саробга тўқдир
Интернетни “устоз” билганлар.
Бир саволга минг битта жавоб,
Хатолардан тўғриси камёб,
Англаб бўлмас гуноҳми, савоб,
Интернетни “устоз” билганлар.
Устозини билмайди улар,
Ҳурматини қилмайди улар,
Жойларидан жилмайди улар
Интернетни “устоз” билганлар.
Олимларнинг бошлари сарак,
Бу нимадан бермоқда дарак:
Манбаларга қайтмоқлик керак,
Интернетни “устоз” билганлар.
Ўзбекистон тинчлик диёри,
Баркамоллик – халқим шиори,
Ҳар нарсанинг бордир меъёри,
Интернетни “устоз” билганлар.
Қўрқмайсанми қодир Худодан
(“ИШИД фитнаси” китобини ўқиб)
ИШИД деган давлатни туздинг,
Бегуноҳлар бошини уздинг,
Ҳамжиҳатлик риштасин буздинг,
Қўрқмайсанми оғир жазодан,
Қўрқмайсанми қодир Худодан?
Аждодлардан қолган кошона,
Бир кечада бўлди вайрона,
Мусулмонлар қолди ҳайрона,
Қўрқмайсанми оғир жазодан,
Қўрқмайсанми қодир Худодан?
Етимларнинг сарғайди юзи,
Беваларнинг ўйилди кўзи,
Тарк этилди олимлар сўзи,
Қўрқмайсанми оғир жазодан,
Қўрқмайсанми қодир Худодан?
Ҳаётимиз вақти тўлганда,
Битта қолмай ҳамма ўлганда,
Маҳшар куни сўроқ бўлганда,
Қўрқмайсанми оғир жазодан,
Қўрқмайсанми қодир Худодан?
Бандачилик зиммангни ёқла,
Бекаму кўст бурчингни оқла,
Бир гапимни ёдингда сақла:
Қўрқмайсанми оғир жазодан,
Қўрқмайсанми қодир Худодан?
Эркин ҚУДРАТОВ