Мақолалар

Халққа хизмат – олий ҳиммат

Мустақилликка эришганимиздан  сўнг юртимизда ҳар йилни номлаш яхши бир анъанага  айланди. Бу номланган йилларда улкан ишлар амалга оширилиб келинмоқда. 2017 йилни  ҳам Юртбошимиз Шавкат Миромонович Мирзиёев “Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йили” деб номлади. Албатта,  бу номларнинг замирида ўзига хос маънолар ва бу йилда амалга ошириладиган жуда катта мақсад, вазифалар бор. Жамиятда яшовчи ҳар бир инсон бу номни эшитганда, албатта, қалбида хурсандчилик пайдо бўлади. 

Аллоҳ таоло бундай марҳамат қилади: “Эзгулик ва тақво (йўли)да ҳамкорлик қилингиз, гуноҳ ва адоват (йўли)да ҳамкорлик қилмангиз!”(Моида,  2).

Юқоридаги оятда инсон бир-бири билан ўзаро ҳамкор ва мулоқотда бўлиб, бир-бирига манфаати тегиб яшаши таъкидланмоқда.

Албатта, Аллоҳ таоло  гуноҳ, адоват, нифоқ,  инсонлар ўртасида бузғунчилик ва ихтилоф чиқариш борасида ҳамкорлик қилишдан қайтармоқда. Бундай ишларда бирорта инсонга манфаат йўқ, лекин гуноҳ борлиги ҳаммага аён. Буни Қуръони карим бундан ўн тўрт ярим аср олдин таълим бериб қўйган.

Демак, инсон жамият аъзолари билан ҳамкорликда ўзаро бамаслаҳат иш қилиши лозим. Ҳадиси шарифларда ҳам киши одамлар билан аралашиб, ижтимоий ҳаёт кечириши ва бошқаларга манфаати тегиб яшашга тарғиб қилинади.

Жобир (розияллоҳу анҳу)дан ривоят қилинган ҳадисда Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Одамларнинг энг яхшиси уларга кўпроқ манфаати тегадиганидир”, деб айтдилар. Пайғамбаримиз (соллоллоҳу алайҳи ва саллам) бу ҳадисларида инсон сўзини келтириши бежиз эмас. Инсон сўзи умумий маънони ифода этади. Жамиятда яшайдиган барча эр ва аёл, ёш ва қарияларга  халқ деб мурожаат қилинади. Демак, ҳадисдаги инсон сўзи халқлар ичида бўлган энг яхши инсонга нисбатан айтилган. Ҳадисда уларга кўпроқ манфаати тегадигани дейилмоқда. Инсонлар бир-бири билан ҳамжиҳат, ҳамкор бўлсалар, уларнинг  манфаати  бўлади. Инсонлар одамларга аралашиб зиёли киши ўзининг илми билан, бошқа касб эгалари эса ўзларининг иқтидорлари билан бошқаларга кўмакдош бўлса яхшилик устига яхшилик бўлади.

Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) айтдилар: “Ким бир қийналиб қолган кишига осон қилса, Аллоҳ унга дунё-ю охиратда осон қилади. Модомики, банда ўз оға-инисига кўмак бериш пайида бўлар экан, Аллоҳ унга  кўмак бериш пайида бўлади. Суюкли Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)нинг бу сўзларидан аниқ бўладики, инсонларга манфаат етказиш энг катта савоб экан.

Хулоса қилиб айтадиган бўлсак, 2017 йилимиз “Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йили” деб номланиши бежиз эмас. Жамиятда яшайдиган барча инсонлар бир-бири билан  ҳамжиҳат, ҳамкор бўлсалар,  жамиятнинг тараққиёти ва равнақи ошиб, халқимиз моддий ва маънавий жиҳатдан камол топиб, давлатимиз бундан-да тараққий этади. Ватан тараққиёти йўлида барчамиз  ҳар бир соҳада бир тану бир жон бўлиб ўз ҳиссамизни қўшайлик. Ватанни севиш имондан эканлигини ҳис қилиб, бу йилда барчамиз бир-биримизга кўмак  ва манфаат етказиб яшайлик.

 

Хайрулло МАРДОНОВ,

“Хожа Бухорий” ўрта махсус ислом

билим юрти ўқитувчиси

Read 4697 times

Мақолалар

Top