Мақолалар

Навоийни билмаган ўзбек ўзбекми?

Буюк олим, мутафаккир, шоир, давлат арбоби Алишер Навоий таваллудига  қарийб VI аср бўлган эса-да, тараққиётнинг илгарилаб кетиши, илм-фан соҳаларининг ривожланиши, кишилар дунёқаришининг ўзгариши шоир илмий меросларини ўрганишга бўлган талабни асло камайтирмади. Алишер Навоий ижодини тўлиқ англаш, тушуниш учун араб, форс, қадимий туркий тилларни ўрганиш билан бирга, Қуръони карим, ҳадис, тасаввуф илмларини ҳам чуқур билиш талаб этилади. Чунки Навоий асарларида ифода этилган май, соқий, ишқ, қадах, хум, майхона каби атамалар рамзий истелоҳни ифода  этишга йўналтирилган. Ишқ бу дунё муҳаббатидан йироқ асл маҳбубга – Холиққа бўлган муҳаббатдир. Маърузаларнинг бирида юртимиз уламоси Анвар қори Турсунов ҳазратларига жамоатдан бир киши: “Устоз, Алишер Навоий ҳазратлари диний руҳдаги асарлар ёки шеърлар ҳам ёзганмилар?” деб савол берганларида, устоз Анвар қори Турсунов саволни “Ҳазрат Алишер Навоий диний бўлмаган асалар ҳам ёзганмилар?” деб ўзгартирсангиз тўғри бўлар эди”, деб жавоб берган эканлар. Бу билан устоз ҳазрат Алишер Навоийнинг барча асарлари остида тасаввуфий теран Ҳаққа бўлган чин муҳаббат ғояси илгари сурилганига ишора қилганлар. Ўзбекистон Қаҳрамони, халқ шоири Эркин Воҳидов оммавий ахборот воситаларидан бирига берган интерьвюларида “Навоийни билмаган ўзбек ўзбекми?” дея, Навоийни билиш бу – у зотнинг ижодларини ўрганиш ва тушунишга бўлган интилишдир”, дегандилар. Чунки бутун умрини Навоий ижодини ўрганишга бағишлаган адабийтшунос олимлар ҳам: “Навоий ижодини бир умр ўргандим-у, бу уммон тагига ета олмадим”, деган.  Бунга буюк адиб Миртемирнинг сўзлари ҳам яққол далил бўла олади. Уларнинг иш хоналаридаги китоб жавонига катта қилиб рус шоири Пушкиннинг сурати, бир чеккага эса Алишер Навоий ҳазратларининг суратлари қўйилган экан. Шунда уларга ҳазиломуз: “Қани сиздаги ватанпарварлик? Буюк бобомиз суратларини чеккага қўйиб, рус шоири Пушкиннинг суратини ўртага қўйибсиз”, деганларга, “Мен Пушкиндан уялмайман. Унинг барча асарларини ўқиб ўргандим. Лекин Ҳазратга қарашга уяламан. Уларнинг асарларини ақл билан ҳам, қалб билан ҳам англаб етолмадим”, деган эканлар. Буюк бобокалонимиз асарларидаги замона тараққиётидан илгарилаб кетган ғоялар ҳар замон ўрганувчисини ўйга солиши, чуқур тафаккур сари чорлаши шубҳасиз. Мазмундаги теранлик, чуқур маънодан ташқари, асарларда қўлланган адабий санъат турлари, кенг сўз бойлиги ҳам аввалида ўқувчини бироз қийнагандек туйилади. Аввалига ўқувчи шеър ёки ғазалларни ташқи маъносинигина фаҳмлай олади. Аммо изланишда, ўрганишда давом этар экан, унга асарда яширин ички маъно, тасаввуфона ғоялар ҳам очила боради. Бугунги глобаллашув, турли маънавий таҳдидлар замонида ёшларда миллий маънавий иммунитетни шакллантиришда Алишер Навоий асарларининг, ундаги ватанпарварлик, фидойилик, эл-юртга садоқат ғояларининг ўрни беқиёс.

Одами эрсанг демагил одами

Ониким йўқ халқ ғамидин ғами,

дея ёзган ҳазрат Навоий шоир, мутафаккир бўлиш билан бирга, кучли давлат арбоби ҳам эдилар. У 1469-1472 йилларда муҳрдор, 1472-1476 йилларда вазир, 1487-1488 йилларда Астрободга ҳокимлик қилдилар. Ушбу йиллар давомида шаҳзодалар ўртасидаги турли низоларни чиройли, одилона ҳал этиб кўплаб қонли тўқнашувларнинг олдини олдилар. Ҳокимлик даврида эса доимо халқ билан мулоқотда бўлиб, уларнинг талаб ва эҳтиёжларини ўргандилар. Эл-юрт манфаати йўлида кўплаб мадрасалар, ҳаммомлар, йўллар, кутубхоналар қурдирдилар. Сув етмаган ҳудудларга сув олиб бориб, янги каналлар қурдирдилар, эскиларини таъмирлатдилар.  Илмга ташна ёшларни қўллаб қувватладилар.

Сўзимизга ҳазратнинг ушбу сўзлари ҳам далилдир:

Нафинг агар халққа бешакдурур,

Билки, бу наф ўзингга кўпракдурур.

Бадиий тафаккурнинг серқирралиги нуқтаи назаридан олганда, жаҳон адабиётида Алишер Навоийга тенг келадиган сиймо йўқ. Турли халқ ва миллатларнинг таниқли адабиётшунослари, шоиру ёзувчиларининг эътирофи фикримиз далилидир.

Француз шоири Луи Орагон: “Навоий жаҳон шоирлари орасида туриб, баралла овоз билан ўз ғазалларини ўқимоқда. Замонанинг энг буюк шоирлари – чилилик Неруда, кубалик Гилен, испаниялик Алберти, филаделфиялик Лонгфелло ва бошқалар бу зот қаршисида тиз букадилар. Навоийнинг адабий мероси дунё халқлари қалбида асрлар давомида яшаб келди ва бундан кейин ҳам яшайверади”.  Бу каби эътирофлардан кейин бутун жаҳон халқлари тан олиб турган ва ўзларига намуна деб билаётган ватандошимиз ижодини, ундаги юксак инсоний ғояларни, соф тасаввуфий фикрларни нега энди ўз халқимиз ўрганмаслиги, қон-қонига сингдирмаслиги керак экан?! Аждодлари буюк юртнинг фарзандларимиз. Ўз йўлимиз, ўз динимиз, эътиқодимиз, бебаҳо миллий қадриятларимиз бор. Шундай экан, аждодларимиз йўлидан юрайлик. Яхшилик йўлида ҳамкорлик қилайлик, аждодларимиз каби ортимиздан асрлар ўтса ҳам боқий қолувчи, инсониятни илму маърифат сари чорловчи бебаҳо илмий мерос қолдирайлик. Бу борада ҳам энг муҳтасар ҳикматни ҳазрат Алишер Навоий айтганлар:

Бу гулшан ичраки, йўқдур бақо гулига сабот,

Ажаб саодат эрур, чиқса   яхшилик била от.

 

Комила АБДУВАЛИЕВА,

“Хадичаи Кубро” аёл қизлар

 ўрта махсус ислом билим юрти

 ўқитувчиси

Read 5613 times

Мақолалар

Top