muslim.uz
Инсоният тарихида таъсири энг кучли шахс ким?
1978 йилда нашр қилинган “Тарихдаги энг таъсирли 100 нафар шахс” китоби жуда катта шов-шувга сабаб бўлган эди. Инсоният бошлангандан токи бугунга қадар 100 та энг таъсирли шахсларнинг рўйхатини тузиб чиққан Майкл Харт Пайғамбаримиз Муҳаммад Мустафо соллалоҳу алайҳи васалламни 1-ўринга жойлаштиргани кўпчилик мусулмон бўлмаган одамларда танқидий норозилик уйғотган эди.
1992 йилда қайта нашр қилиш пайтида Майкл Харт рўйхатдаги баъзи шахсларнинг тартиб рақамини ўзгартирди, баъзиларини олиб ташлаб, ўрнига Горбачёв, Эрнст Рузенфорд ва Генри Фордларни киритди, лекин Пайғамбаримиз Муҳаммад Мустафо соллалоҳу алайҳи васалламнинг ўринлари ўзгармади.
Буни тан олишдан бошқа чора ҳам йўқ, чунки Расулуллоҳ соллалоҳу алайҳи васаллам инсониятнинг энг афзалидирлар. Албатта мусулмон бўлмаган тадқиқотчи Майкл Харт ушбу рўйхатнинг аввалига инсониятнинг энг афзали бўлган Муҳаммад Мустафо соллалоҳу алайҳи васалламни киритгани тадқиқотчи ўзининг олдига қўйган принципларига содиқ қолганидан далолат беради.
Алишер Саттаров
Халқаро алоқалар бўлими ходими
Суиқасднинг олди олинди
Карами кенг Парвардигоримиз марҳамати билан бугун бир инсон муқаррар ўлимдан, бир оила оғир мусибатдан сақлаб қолинди. Яна қанақа ўлим денг – суиқасддан.
Гап шундаки, бугун Сурхондарё вилояти бош имом-хатибининг Хотин-қизлар масалалари бўйича ёрдамчиси Хосият Қосимова ҳузурига 1983 йилда туғилган М.К. исмли йигит мурожаат қилиб келиб, оилавий можаролар оқибатида тушкунликка тушиб қолган М.К. ҳаммаси жонига тегиб кетганини билдириб, ўзини ўлдирмоқчи эканини айтди. Хосият Қосимова унга ўз жонига қасд қилиш оғир гуноҳ эканини, оилада хотиржамлик бўлиши учун соғлом муҳит яратиш зарурлиги ҳақида ибратли воқеаларни айтиб бериб кўп насиҳатлар қилди.
Панду насиҳатлардан тўғри хулоса чиқарган М.К. ўз жонига қасд қилиш фикридан қайтиб, оиласи бағрига қайтди.
Ҳа, бугун унинг хонадонида ҳам, Хосият Қосимованинг ишхонасида ҳам росмана шодиёна бўлди. Ахир бир инсоннинг ҳаётини сақлаб қолиш қанчалик улуғ савоб, қандай ажойиб иш, бундан севинмай бўлар эканми!..
Мисрдаги теракт қурбонлари хотирасига мотам
Мисрнинг Синай ярим оролидаги масжидда теракт оқибатида ҳалок бўлганлар хотирасига мотам сифатида Париждаги Эйфел минорасининг чироқлари ўчириб қўйилди.
Париж ҳокими Анн Идальго ўзининг Twitterдаги блогида қурбонлар оиласига ўз ҳамдардлигини билдирди.
“Терроризм яна бир бор Мисрга зарба берди. Мен қурбонлар оиласига ҳамдардлигимни билдираман ва уларга ёрдам бераман. Бугун ярим тунда Мисрдаги қурбонлар шарафига мотам ва Париж ҳамдардлиги рамзи сифатида Эйфел минорасининг чироқлари ўчирилади”, деди шаҳар ҳокими.
Моҳира Зуфарова тайёрлади.
Беҳаё лавҳаларни олиб кириш нега зарур бўлди?
Халқаро экспертлар дунё миқёсида глобал тармоққа мурожаат қиладиган ёшларнинг 38 фоизи зўравонлик руҳидаги, 26 фоизи миллатчилик характеридаги сайтларга мунтазам кириб туришини тасдиқламоқда. Бугун ҳаётимизни интернетсиз тасаввур этиш қийин. Ундан ҳар ким ўз билганича фойдаланади: биров билим олиш учун, кимдир янгиликлардан бохабар бўлиб туриш мақсадида, яна кимдир бекорчиликдан, бемақсад нима тўғри келса шуни кўриб, томоша қилиб ўтиради. Энг ёмони ҳам шунда, яъни интернетга бемақсад киришда. Мутахассисларнинг маълумотига кўра, глобал тармоқда ўз жонига қасд қилишни тарғиб қилувчи 9 минг, шаҳвоний мазмундаги 4 мингдан зиёд сайт мавжуд, аксарият компьютер ўйинлари орқали зўравонлик ва ёвузлик тарғиб қилинмоқда. Айни вақтда интернетдан фойдаланадиган болалар ва ўсмирларнинг катта қисми порнографик мазмундаги манбалар таъсирига тушиб қолмоқда.
Ҳуқуқни муҳофаза қилувчи орган ходимлари томонидан мамлакатимиз ҳудудига ушбу мазмундаги видеолавҳаларни олиб кирилиши ҳолатларига чек қўйилмоқда.
Давлат божхона қўмитаси ҳамда унинг худудий органлари томонидан божхонага оид қонунбузарликларни олдини олиш ва унга чек қўйиш мақсадида қатор тадбирлар амалга оширилмоқда. Бироқ, амалдаги тартиб қоидаларга зид ўлароқ, фақат ўз манфаати, бузуқ нафсини ўйлайдиган айрим фуқаролар томонидан юртимиз ҳудудига порнографик мазмундаги маҳсулотларни олиб киришга уриниш ҳолатлари учрамоқда. Ушбу турдаги қонун бузилишларининг аёллар томонидан содир этилиши илмнинг етишмаслигидан эканини кўрсатади.
Маълумот ўрнида айтиш жоизки, жорий йилнинг ўтган даврида Қашқадарё вилояти божхона бошқармаси ходимлари томонидан порнографик мазмундаги материаллар билан боғлиқ аниқланган 76 та (8 минг 623 дона порнографик мазмундаги видеолавҳалар, ўйин карталари ва суратлар) қонунбузарлик ҳолатларидан 8 таси (592 дона порнографик мазмундаги видеолавҳалар, ўйин карталари ва суратлар) айнан аёллар томонидан содир этилган.
Сурхондарё вилояти Термиз туманида истиқомат қилувчи Асила Санаеванинг қўл юклари холислар иштирокида йўловчи божхона декларацияси асосида божхона назоратидан ўтказилганда, декларацияда кўрсатилган “Alcatel 5070D” маркали қўл телефони ва унга ўрнатилган хотира картасида Ўзбекистон Республикаси ҳудудига олиб кирилиши тақиқланган 72 дона порнографик мазмундаги видеолавҳа сақлаб келингани маълум бўлди.
Ушбу фуқаро қонунда белгиланган жазони олган.
Жазолашлар билан кўп ҳолатда натижага эришиб бўлмайди. Бирор ёмонликни олдини олиш учун унга қарши ёшликдан курашиш лозим. Кураш фарзанд тарбиясидан бошланади. Бола тарбиясига масъул инсонлар ўсиб келаётган ёш авлодга ҳаё хулқини сингдиришлари лозим. Ота-оналар фарзандлари нималар билан машғул эканлигини кузатиб боришлари, болалари ахлоқсиз доира таъсирига тушиб қолишдан асрамоғи лозим. Уларда фойдали китобларга нисбатан меҳр уйғотиш лозим. Бузуқ кино-филмлар, бемаъни томошалар ва беҳаё сўзлардан уларни имкон қадар йироқ тутиш мақсадга мувофиқдир.
Ҳаё зийнати ила зийнатланган муслима Ер юзини обод этиш ва ёш авлодга таълим-тарбия беришда соғлом аёллик фитрати билан иштирок этади.
Қуръони Каримдаги ушбу ажойиб мисолга бир эътибор беринг. Шуайб (а.с.) қизларидан бирини Мусо (а.с.) ни чақириб келишга жўнатдилар: “Бас улардан бири ҳаё билан юриб келиб: Отам сени бизларга қўйларимизни суғориб берганинг ҳаққини бериш учун чақирмоқдалар”, деди (Қасос 25 оят).
Улар Аллоҳнинг тоати ва аёллик ибосини маъсият ва фисқу-фужурга айирбошлаганлардир. Шайтон ноғорасига ўйнаган бундай аёллар дунёю охират бахтсизлигидан ўзга нарсага эришмайдилар.
Эшакка дарс берган хўжайин
Дўкондорнинг ялқов ва “тадбиркор” эшаги бўлган экан. Гарчи, егани арпа, кўргани беда бўлса ҳам, муғомбир эшак ишдан қочиш учун доимо бирор ишкал ўйлаб топар экан.
Бир куни кажаванинг икки палласига жойланган тузли халталарни сойдан олиб ўтиш чоғида эшакнинг оёғи тойиб кетибди. Амаллаб ўрнидан тургач, халталардаги тузнинг бир қисми сувда эригани боис, у юкнинг анча енгиллашиб қолганини пайқабди.
Ҳийлакор жонзот ҳар куни сойнинг қоқ марказига етиб келганида ўтириб оладиган одат чиқарибди. Аввалига жониворга раҳми келган хўжайин кейинроқ унинг қувлик қилаётганини сезиб қолди, зарар кўраётгани алам қилди ҳамда эшакка сабоқ беришни кўнглига тугиб қўйди.
Кейинги кун дўкондор кажаваларга туздан аввал пахта тойларини юклабди. Юкнинг ҳар кунгидан ҳам оғирлашгани эшакнинг таъбини янаям тирриқлаштирди, қайсарлиги қўзиб, сойнинг ўртасида ҳар кунгидан-да узоғроқ ётиб олибди.
Раҳмдил хўжайин бу гал уни аяб ўтирмади: думғазага тушаётган тинимсиз зарбалардан жони оғриган эшак қўзғалай деса, жойидан тура олмас эмиш. У бор кучини тўплаб, бир иложини қилиб оёққа турди, зўрға мувозанатини сақлаб қадам босар экан, ич-ичидан қилган ишига пушаймон бўлди ва бир умрга етадиган сабоқ олди.
Қиссадан ҳисса шуки, ишга виждонан ёндашиш, ҳалол меҳнат бизни юксакка кўтарса, алдамчилик ва айёрлик охир-оқибат вайрон қилади.
Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади: Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Кимки кун бўйи ишдан, меҳнатдан чарчаб, кечқурун ҳалол меҳнатнинг чарчоғи билан ётса бомдодгача Аллоҳ унинг гуноҳини кечиради”, дедилар.
Ҳалол меҳнатнинг фазилати, ҳалол касбнинг шарофати гуноҳларини кечиришликка сабаб бўлади. Тоатларни қабулига сабаб бўлади. Фарзандларни ҳалол покиза ризқ билан боқишликка сабаб бўлади.
Мана шундай ҳалол касблардан, покиза ишлардан Аллоҳ ва расули рози бўладиган амаллардан бири “ҳалол тижоратдир”.
Бақара сураси, 275-оят: “Холбуки Аллоҳ байъни (савдони) ҳалол ва судхўрлик (рибо)ни эса ҳаром қилган ”.
Нисо сураси, 29-оят: Яъни: “Эй иймон келтирганлар! Мол мулкларингизни ўртада ноҳақ (йўллар) билан емангиз! Ўзаро розилик асосидаги тижорат бўлса, у бундан мустасно”.
Албатта, шариат олимларимиз, муҳаддисларимиз, фуқаҳолар ўзларининг китобларида тижоратнинг умумий қоидалари, исломда тижоратнинг одоби аҳлоқи тўғрисида қатор ривоятларни, чуқур таълимотларни қолдирганларки, уларни ҳар биримиз ўрганиб, ҳаётимизга тадбиқ қилмоқлигимиз айни маъно.