Ўзбекистон янгиликлари

Беҳаё лавҳаларни олиб кириш нега зарур бўлди?

Халқаро экспертлар дунё миқёсида глобал тармоққа мурожаат қиладиган ёшларнинг 38 фоизи зўравонлик руҳидаги, 26 фоизи миллатчилик характеридаги сайтларга мунтазам кириб туришини тасдиқламоқда. Бугун ҳаётимизни интернетсиз тасаввур этиш қийин. Ундан ҳар ким ўз билганича фойдаланади: биров билим олиш учун, кимдир янгиликлардан бохабар бўлиб туриш мақсадида, яна кимдир бекорчиликдан, бемақсад нима тўғри келса шуни кўриб, томоша қилиб ўтиради. Энг ёмони ҳам шунда, яъни интернетга бемақсад киришда. Мутахассисларнинг маълумотига кўра, глобал тармоқда ўз жонига қасд қилишни тарғиб қилувчи 9 минг, шаҳвоний мазмундаги 4 мингдан зиёд сайт мавжуд, аксарият компьютер ўйинлари орқали зўравонлик ва ёвузлик тарғиб қилинмоқда. Айни вақтда интернетдан фойдаланадиган болалар ва ўсмирларнинг катта қисми порнографик мазмундаги манбалар таъсирига тушиб қолмоқда.

Ҳуқуқни муҳофаза қилувчи орган ходимлари томонидан мамлакатимиз ҳудудига ушбу мазмундаги видеолавҳаларни олиб кирилиши ҳолатларига чек қўйилмоқда.

Давлат божхона қўмитаси ҳамда унинг худудий органлари томонидан божхонага оид қонунбузарликларни олдини олиш ва унга чек қўйиш мақсадида қатор тадбирлар амалга оширилмоқда. Бироқ, амалдаги тартиб қоидаларга зид ўлароқ, фақат ўз манфаати, бузуқ нафсини ўйлайдиган айрим фуқаролар томонидан юртимиз ҳудудига порнографик мазмундаги маҳсулотларни олиб киришга уриниш ҳолатлари учрамоқда. Ушбу турдаги қонун бузилишларининг аёллар томонидан содир этилиши илмнинг етишмаслигидан эканини кўрсатади.

Маълумот ўрнида айтиш жоизки, жорий йилнинг ўтган даврида Қашқадарё вилояти божхона бошқармаси ходимлари томонидан порнографик мазмундаги материаллар билан боғлиқ аниқланган 76 та (8 минг 623 дона порнографик мазмундаги видеолавҳалар, ўйин карталари ва суратлар) қонунбузарлик ҳолатларидан 8 таси (592 дона порнографик мазмундаги видеолавҳалар, ўйин карталари ва суратлар) айнан аёллар томонидан содир этилган.

Сурхондарё вилояти Термиз туманида истиқомат қилувчи Асила Санаеванинг қўл юклари холислар иштирокида йўловчи божхона декларацияси асосида божхона назоратидан ўтказилганда, декларацияда кўрсатилган “Alcatel 5070D” маркали қўл телефони ва унга ўрнатилган хотира картасида Ўзбекистон Республикаси ҳудудига олиб кирилиши тақиқланган 72 дона порнографик мазмундаги видеолавҳа сақлаб келингани маълум бўлди.

Ушбу фуқаро қонунда белгиланган жазони олган.

Жазолашлар билан кўп ҳолатда натижага эришиб бўлмайди. Бирор ёмонликни олдини олиш учун унга қарши ёшликдан курашиш лозим. Кураш фарзанд тарбиясидан бошланади. Бола тарбиясига масъул инсонлар ўсиб келаётган ёш авлодга ҳаё хулқини сингдиришлари лозим. Ота-оналар фарзандлари нималар билан машғул эканлигини кузатиб боришлари, болалари ахлоқсиз доира таъсирига тушиб қолишдан асрамоғи лозим. Уларда фойдали китобларга нисбатан меҳр уйғотиш лозим. Бузуқ кино-филмлар, бемаъни томошалар ва беҳаё сўзлардан уларни имкон қадар йироқ тутиш мақсадга мувофиқдир.

Ҳаё зийнати ила зийнатланган муслима Ер юзини обод этиш ва ёш авлодга таълим-тарбия беришда соғлом аёллик фитрати билан иштирок этади.

Қуръони Каримдаги ушбу ажойиб мисолга бир эътибор беринг. Шуайб (а.с.) қизларидан бирини Мусо (а.с.) ни чақириб келишга жўнатдилар: “Бас улардан бири ҳаё билан юриб келиб: Отам сени бизларга қўйларимизни суғориб берганинг ҳаққини бериш учун чақирмоқдалар”, деди (Қасос 25 оят).

Улар Аллоҳнинг тоати ва аёллик ибосини маъсият ва фисқу-фужурга айирбошлаганлардир. Шайтон ноғорасига ўйнаган бундай аёллар дунёю охират бахтсизлигидан ўзга нарсага эришмайдилар.

Read 6044 times

Янгиликлар

Top